Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳатлар халқаро стандартлар ва ривожланган демократик давлатларнинг илғор тажрибасига тўлиқ мос келади

Дата: 21.12.2016    

Истиқлол йилларида суд-ҳуқуқ тизими қурилишининг мутлақо янги концепцияси амалиётга жорий этилди. Судлар фаолияти такомиллашиб, жиноят процессида шахс ҳуқуқларини кафолатлашнинг мустаҳкам асослари яратилди. Шахсни жамиятдан ажратиб қўйиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турларини тайинлаш имкониятлари кенгайтирилди. Жиноий жазолар тизимини либераллаштиришга доир чора-тадбирлар натижасида жиноятлар таркибининг 75 фоизга яқини ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказилгани катта ижтимоий-сиёсий аҳамиятга касб этмоқда. Ярашув институти жорий этилгани ишларни тезкор ва самарали ҳал қилишга йўл очиб, жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишига замин яратди.

Шу билан бирга, мамлакатни ривожлантиришнинг замонавий талаблари ва стратегик устувор вазифалари суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштирилишини талаб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазкур соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтариб, қуйидаги учта асосий устувор йўналишларни белгилаб берди:

1. суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш;

2. фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш;

3. одил судловга эришиш даражасини ошириш.

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, касбий нуфузини ошириш, юқори малакали ва самарали фаолият юритувчи суд корпусини шакллантириш мақсадида илк бор судьяларнинг ваколат муддатлари қайта кўриб чиқилди. Натижада судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи тартиб жорий этилди. Киритилаётган бу ўзгартишлар халқаро стандартлар ва ривожланган демократик давлатларнинг илғор тажрибасига тўлиқ мос келади.

“Хабеас корпус” институти қўлланишини янада кенгайтириш доирасида прокурорларнинг почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилиш каби тергов ҳаракатларини ўтказишга санкция бериш бўйича ваколатлари судларга ўтказилиши инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига тўла мос келишини яна бир бор тасдиқламоқда.

Бундан ташқари, судга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилган тақдирда муқобил эҳтиёт чорасини қўллаш имконияти берилмоқда.

Судда иш юритиш тезкорлиги ва сифатини ошириш, иш бўйича якуний қарорлар қабул қилиш муддатларини асоссиз кечиктиришни бартараф этиш, судларнинг жиноят процессидаги ролини оширишга қаратилган янгилик сифатида суд томонидан жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институтининг бекор қилинаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш имкониятини берувчи муддатнинг 3 йилдан 1 йилга қисқартирилиши эса, фуқаролик ҳуқуқий муносабатларнинг барқарорлиги, фуқаролик процесси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездидаги чиқишида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда одил судлов фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш асосий масала эканлигини қайд этди.

Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тизимини такомиллаштириш, шунингдек суд процесси муддатлари ва сифатига салбий таъсир кўрсатувчи ортиқча оралиқ инстанцияларни бартараф этиш мақсадида вилоят даражасидаги судлар томонидан фуқаролик ва жиноят ишларини назорат тартибида қайта кўриш бўйича бир-бирини такрорловчи инстанциялари тугатилиб, ўз навбатида, тегишли суд раислари ва прокурорларнинг назорат тартибида протест келтириш ваколати бекор қилиниши назарда тутилди.

Шунингдек, Фармонда вилоят хўжалик судларининг қарорларини ўзлари томонидан қайта кўриш ваколатини чеклаш мақсадида ушбу судлар тизимида минтақавий апелляция судларини ташкил этиш назарда тутилмоқда.

Фармонда қайд этилган асосий вазифалар ва янги нормаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантиришга қаратилган 8 та энг устувор соҳалар бўйича 45 та аниқ тадбирларни амалга оширишни назарда тутувчи Комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Ушбу фармон ва дастурий ҳужжатнинг амалга оширилиши мамлакатнинг суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек аҳолининг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш имконини беради.

Ш.Азимов, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси масъул ходими