Фермерларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланмоқда

Дата: 14.12.2012    

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, хусусан, ерларнинг чинакам эгалари – омилкор, уста деҳқонларга узоқ муддатли ижара мулки қилиб берилиши фермер хўжаликларини шакллантириш ва ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.

Юртимизда қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг асосий қисми фермер хўжаликлари томонидан етиштирилмоқда. Шунингдек, қишлоқ жойларда саноат, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги ишларга ҳам фермерлар салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида фермер хўжаликлари фаолиятига оид мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилгани, уларга кўплаб имтиёз ва имкониятлар берилаётгани уларнинг эркин ва самарали ишлашида муҳим аҳамият касб этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 22 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Мазкур фармон ижроси ҳамда деҳқон ва фермерларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида Самарқанд вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Худоёр Маматов Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:

Мамлакатимизда барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалигида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, фермерлик ҳаракатининг йўлга қўйилиши натижасида одамларнинг ерга муносабати ўзгарди, уларда эгалик ҳисси пайдо бўлди. Бу нафақат етиштирилаётган маҳсулот сифати ва ҳажмини ошириш, балки одамларнинг ўз меҳнатидан манфаатдорлиги ҳамда турмуш фаровонлигини юксалтириш имконини бераётир. Айни пайтда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билган фермерлар қишлоқда ислоҳотларни амалга оширувчи етакчи кучга айланди.

Аммо айрим мансабдор шахслар ва мутасадди идоралар томонидан фермерлар манфаатларига зид ҳаракат қилиш, уларнинг ҳуқуқларини чеклашга уриниш ҳолатлари ҳам учраб туради. Бундай вазиятларда тегишли давлат органлари қатори адлия идоралари ҳам фермерларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга ҳисса қўшиб келмоқда.

Бошқармамизга жорий йилнинг тўққиз ойи давомида фермерлардан юздан ортиқ шикоят тушди. Бу мурожаатларнинг асосий қисми қаноатлантирилиб, элликка яқин шикоят юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, шикоятларнинг аксарияти фермер хўжаликлари билан тайёрлов, таъминот, қайта ишлаш ва хизмат кўрсатиш корхоналари ўртасида тузилган шартнома муносабатларига оид. Шу боис олиб борилган мониторинглар натижасида тегишли ҳокимликларга, “Ўзпахтасаноат” уюшмаси, “Ўзагромашлизинг” компанияси, “Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик компанияси тизимига кирувчи корхоналар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари номига қонун ҳужжатлари ижросининг бузилиши, унинг сабаблари ва бунга сабаб бўлаётган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича чоралар кўриш тўғрисида 66 тақдимнома киритилди. 367 нафар мансабдор шахс расман огоҳлантирилди.

Ўтказилган ўрганишлар натижасида шартнома интизомини бузганлик ҳолатлари юзасидан айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш учун судларга 16 таклиф киритилиб, 6 нафар ҳуқуқбузар шахс маъмурий жазога тортилди.

Шартномаларнинг ҳар томонлама пухта ва мукаммал тузилиши ҳамда бажарилишига эришиш мақсадида ҳар бир туманга ходимларимиз масъул этиб бириктирилиб, вилоят миқёсида 2012 йил ҳосили учун фермер хўжаликлари билан тайёрлов, хизмат кўрсатувчи ва таъминот корхоналари ўртасида 54 мингдан ортиқ 22 турдаги шартномалар тузилишида амалий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Тузилган шартномаларнинг бажарилиши устидан доимий назорат ўрнатилди.

Айни кунларда келгуси йил ҳосили учун шартнома тузишда ҳам ана шу тартиб асосида иш олиб борилмоқда. Жойларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари, тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар вакиллари ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида семинар ва йиғилишлар ташкил этмоқдамиз. Мазкур тадбирларда Президентимизнинг шу йил 22 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ҳамда унинг аҳамияти ҳақида фермерларга батафсил тушунча берилмоқда.

Бу ишларнинг барчаси фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш, ер эгаларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.