Тадбиркорлар манфаатлари – қонун ҳимоясида

Дата: 17.01.2013    

Бугунги кунда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли ҳуқуқий маданиятини ошириш, тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда адлия идораларининг ўрни ва роли ошиб бормоқда.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2011 йил 23 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада олиб борилаётган ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Мазкур қарор ва соҳага оид бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда белгиланган вазифалар, тасдиқланган чора-тадбирлар ижроси юзасидан Самарқанд вилояти адлия бошқармаси томонидан ҳам муайян ишлар амалга оширилаётир.

– Вилоятимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилмоқда, – дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилмурод Саъдуллаев. – Хусусан, “Текширишларни рўйхатга олиш китоби” юритилиши устидан 2011-2012 йилларда текшириш ўтказилган тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи вилоят ҳудудий комиссияси билан ҳамкорликда мониторинг ўтказилди. Мазкур тадбир давомида вилоят бўйича 800 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларининг “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”ни мониторинг тарзида ўрганиш натижалари бўйича назорат қилувчи идоралар раҳбарлари номига 14 тақдимнома киритилди, назорат қилувчи идора раҳбарларидан бири қонун талабларини бузмаслик тўғрисида расман огоҳлантирилди. Шунингдек, ўтган йили туман, шаҳар ҳокимликлари ҳамда улар ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекциялари билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар самарасида юздан зиёд тадбиркорлик субъектининг фаолияти тикланди, уларда 250 янги иш ўринлари яратилди.

Оилавий тадбиркорлик, касаначилик ҳамда сервис соҳасини ривожлантириш мақсадида жойларда ўтказилган учрашувлар ҳам ўз самарасини бераётир. Ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар натижасида 200 тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, уларда 300 дан ортиқ иш ўринлари очилди.

Тадбиркорларнинг муаммоларидан ўз вақтида хабардор бўлиш ва уларни тезда ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида туман, шаҳар ҳокимликлари, назорат қилувчи ва бошқа давлат органлари билан ҳамкорликда йил давомида жойларда 13 марта “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди. Бу тадбирларда 2500 нафардан ортиқ тадбиркорлар иштирок этиб, фаолиятларида юзага келаётган айрим муаммолар юзасидан мурожаат қилди. Шунингдек, ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича мутахассислардан ҳуқуқий маслаҳат олди.

Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи вилоят ҳудудий комиссияси билан ҳамкорликда олиб борилган ўрганишлар жараёнида назорат қилувчи идоралар томонидан саккиз ҳолатда ноқонуний текшириш ўтказиш ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашишга йўл қўйилгани аниқланди. Мазкур ҳолатлар юзасидан назорат қилувчи идоралар раҳбарлари номига учта тақдимнома ва беш нафар айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан тегишли судларга таклиф киритилди. Кўрилган таъсир чоралари натижасида уч нафар айбдор шахс интизомий, уч нафар назорат қилувчи идоралар ходими маъмурий жавобгарликка тортилди, чиқарилган битта ноқонуний қарор бекор қилинди.

Умуман, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида вилоят адлия бошқармаси томонидан тегишли идораларга йил давомида 128 тақдимнома, 29 огоҳлантириш ва иккита кўрсатма киритилди. Кўрилган чоралар натижасида тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини чеклаб қўйган давлат бошқарув идораларининг учта ноқонуний қарори ва 11 ноқонуний шартнома бекор қилинди. Ўн тўққизта қарор ижроси тўхтатилиб, 75 миллион 363 минг сўм миқдоридаги маблағ тадбиркорлик субъектларига қайтарилди ёки тўланиши таъминланди. Тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан судларга 114 даъво аризаси киритилиб, уларнинг асосий қисми қаноатлантирилди.

Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, улар фаолиятига ноқонуний аралашишларнинг олдини олишга қаратилган қарор ва фармонлари ижроси бўйича вилоят адлия бошқармаси томонидан олиб борилаётган ишлар изчил давом эттирилмоқда

ЎзА