Тинч-тотув ҳаёт — обод турмуш кафолати.

Дата: 21.01.2013    

14 январь — Ватан ҳимоячилари куни”

Она-ватанни ҳимоя қилиш ҳар бир фарзанд учун муқаддас йигитлик бурчи ҳисобланади. Шу боисдан ҳам бу шарафли ишга бутун вужуд, қалб, имон-эътиқод билан тайёр туриш, ҳамиша сергак ва огоҳ бўлиш, замонавий ҳарбий ва техник билимларни пухта эгаллаш талаб этилади. Шу боисдан ҳам, фарзандларимизни халқимизнинг ўтмиш аждодлардан бизга мерос бўлиб келаётган эзгу фазилатлари — мардлик, матонат ва жасорат руҳида тарбиялаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

Пойтахтимиз Тошкентда бунёд этилган “Ватанга қасамёд” мажмуасида акс эттирилган фарзандига оқ фотиҳа бераётган мўътабар она тимсолида киндик қони тўкилган муқаддас заминни қўриқлаш, уни ҳимоя қилиш нақадар улуғ жасорат эканини тасаввур этиш мумкин. Чунки, Ватанни ҳимоя қилиш — бу эл-юрт тинчлигини асраш, бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари ривожини таъминлаш, халқимизнинг буюк келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлаш, мустақил Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият сафларидаги ўрни ва нуфузини ошириш деганидир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ҳар қайси давлатнинг чегараларини даҳлсиз сақлашда ҳарбий куч-қудрат, қуролли кучлар сув билан ҳаводек зарур. Аммо халқимиз, авваламбор, ёш авлодимиз маънавий оламининг даҳлсизлигини асраш учун биз нималарга таяниб-суяниб иш олиб боришимиз керак, деган савол бугун барчамизи ўйлантириши табиий. Мен, ҳаётда кўп бор ўз тасдиғини топган ҳақиқатдан келиб чиққан ҳолда, бу масалада шундай деган бўлардим: тобора кучайиб бораётган бундай хатарларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашимиз зарур. Бундай таҳдидларга қарши ҳар томонлама чуқур ўйланган, пухта илмий асосда ташкил этилган, мунтазам ва узлуксиз равишда олиб борилаётган маънавий тарбия билан жавоб бериш мумкин”.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ мамлакатимизнинг ҳеч кимга даҳл қилмайдиган, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмайдиган, уларнинг суверенитети ва мустақиллигини ҳурмат қиладиган тинчликсевар давлат эканлиги, давлатлараро чегараларнинг ўзгармаслиги принципини тан олиши расман эълон қилинди, бу мақсад Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида, ҳарбий қонунчилигимизда, миллий армиямиз олдига қўйилаётган вазифаларда, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга доир таълим-тарбия ишида ўз ифодасини топди. Ўзбекистон очиқ, эркин демократик жамият барпо этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган мамлакат сифатида дунё давлатлари, нуфузли ҳалқаро ташкилотлар билан икки томонлама манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди, дунёда, минтақада ялпи тинчликни сақлаш, қуролли можароларнинг олдини олиш, уруш ҳаракатларини келтириб чиқарадиган мураккаб ҳолатларни манфаатдор томонлар иштирокида тинч йўл, яъни музокаралар олиб бориш,
бир-бирларини тинглаш йўли билан ҳал этиш ишига ўзининг муносиб, амалий ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бу борада мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов томонидан нуфузли халқаро минбарларда билдирилаётган амалий таклифлар жаҳон ҳамжамиятига яхши маълум.

Ҳар бир давлат ўз мустақиллигини сақлаб қолиш учун, энг аввало, миллий хавфсизлигини таъминлаши, ҳарбий хавфсизликнинг ҳуқуқий асосларини яратиши, яъни мудофаа қудратини мустаҳкамлаши, бунинг учун эса тегишли ислоҳотларни амалга ошириши зарур. Чунончи, ҳарбий ислоҳотларнинг асосий мақсади ва йўналиши давлатимиз раҳбарининг нутқ ва маърузаларида чуқур кўрсатиб берилган. “Армиянинг қудрати фақат унинг жанговар тайёргарлиги, ҳаракатчанлиги, энг янги қурол-яроғлар билан таъмилангани билан эмас, балки Қуролли кучларимиз сафлари профессионал тайёргарликка эга бўлган шахсий таркиб билан қай даражада тўлдирилгани, офицер, сержант ва аскарларнинг маънавий, ахлоқий-руҳий фазилатлари, уларнинг фаол ҳаётий позицияси ва қатъий эътиқоди, она-Ватан тақдири учун масъулият ҳиссининг нақадар юксак экани билан белгиланади”, деб уқдиради Юртбошимиз.

Бугун “оммавий маданият” ниқоби остида маънавиятга, миллий қадриятларимизга қарши қаратилган ҳар қандай ҳаракат ёки таҳдид, энг аввало,
у ёки бу мамлакатнинг хавфсизлиги ва яхлитлигига, шу заминда яшаётган турли миллат ва элатларнинг аҳил-иноқлигига раҳна солувчи, ёшларни тўғри йўлдан адаштирувчи ҳаракат, таҳдид эканлиги ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Маънавий жиҳатдан заифлашган, ҳушёрлик ва огоҳликка бепарво халқ эса бундай
хавф-хатар олдида ожиз бўлиб қолади. Нияти бузуқ кучлар ўз манфаатларига эришиш учун одамларнинг тинч-тотув ҳаётига раҳна солишдан, кутилмаган жойда фитна, можаро чиқаришдан ҳам қайтмайдилар. Янада ачинарлиси, миллат ва элатларнинг ўз келажагини ўзи белгилаш, миллий тараққиётга эришиш учун ўзига, халқига, узоқ йиллар, асрлар давомида шаклланган турмуш тарзига мос йўл танлаш ҳуқуқини унутиб қўядилар.

Истиқлол йилларида бундай хуружларга кўп бор дуч келдик ва бундай уринишлар ҳозир ҳам йўқ эмас. Давлатимиз раҳбари такрор-такрор огоҳ этаётганидек, келгусида ҳам бўлади. Ачинарлиси шундаки, бепарволик, атрофимизда, узоқ-яқин ҳудудларда кечаётган воқеа-ҳодисалар, мураккаб ижтимоий-сиёсий, иқтисодий жараёнлар моҳиятини, “оммавий маданият” аслида нима эканлигини чуқур англамаслик натижасида халқнинг миллий илдизларини заифлаштиришга қаратилган уринишларнинг ҳаттоки иштирокчиси бўлиб қолиш ҳам ҳеч гап эмас. Ватанни ҳимоя қилиш мана шундай ҳолатларнинг асл
маъно-моҳиятини тўғри тушуниш, бепарволикка, ўзибўларчиликка йўл қўймаслик, ёшларни она-Ватанга чексиз муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, улар учун зарур шароитларни яратиб бериш дегани ҳамдир.

Шу боисдан ҳам, мустақилликнинг дастлабки қадамларидан бошлаб, мамлакатимизда қабул қилинган Мудофаа доктринаси ва армияни ислоҳ қилиш бўйича чуқур ўйланган, узоқ муддатга мўлжалланган комплекс дастурни босқичма-босқич амалга ошириш баробарида ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари эҳтиёжларига жавоб берадиган замонавий ҳарбий шаҳарчалар бунёд этиш, уларда ижтимоий, маиший ҳамда тиббий таъминот тизимларини яратиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан ҳарбий хизмат муддатининг бир йил қилиб белгиланиши, ёшлар ҳарбий хизматга йилда бир марта чақирилишни, ҳарбий хизматни шартнома асосида ўтаётганларнинг сони тобора ошиб бораётгани ва бошқа шу каби тадбир-чоралар натижасида жамиятимизда ҳарбий хизматга ишонч, ёшлар орасида эса ҳарбий касбларга қизиқиш анча ортди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, кейинги беш-олти йил ичида ҳарбий унвонлар бўйича бериладиган ойлик маошлар, ҳарбий хизматдан бўшаганда тўланадиган ёрдам пули саккиз мартадан кўпроқ ошди. Ҳарбий хизмат давомида жанговар тайёргарлик борасида алоҳида натижаларга эришган, замонавий ҳарбий-техник воситаларни чуқур ўзлаштирган йигитларга олий ўқув юртларига киришда маълум имтиёзлар жорий этилди. Ҳар йилнинг 14 январи мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида нишонланадиган бўлди.
Ота-оналар, опа-сингиллар мамлакатимиз қуролли кучларида хизмат қилаётган, эл-юрт тинчлигини сақлаётган ўғлонлари билан ҳақли равишда фахрланмоқдалар.

Кузатувлар шундан далолат берадики, бир йиллик ҳарбий хизмат давомида йигитларимизнинг дунёқараши, турмуш тарзи жиддий ўзгаради, улар характерида эл-юрт ишига садоқат, топширилган вазифага нисбатан масъуллик ҳисси кучаяди, соғлом, бақувват, бир неча замонавий касбларни яхши эгаллаган ҳолда оилага, маҳаллага қайтадилар. Ҳарбий хизмат муддати улар учун катта ҳаёт мактаби бўлиб қолаётгани жуда ҳам муҳим. Яна шу нарса маълумки, бундай ёшлар нияти холис бўлмаган турли кучларнинг ғаразли мақсадларига берилишмайди, уларни тўғри йўлдан чалғитиш қийин.

Бу йилги байрам якунланган “Мустаҳкам оила йили”га мантиқан уланиб кетган “Обод турмуш йили”да ўтмоқда. Халқимиз янги йилга ўзининг буюк келажагига ишончи янада ортган, орзу-умидлари рўёбга чиқаётган, Ўзбекистоннинг эркин, демократик давлат сифатида ҳалқаро ҳамжамиятдаги ўрни ва нуфузи мустаҳкамланиб, онг-тафаккуримиз, турмуш тарзимизда муҳим ўзгаришлар юз бераётган, иқтисодий, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятимиз ошаётган бир шароитда қадам қўйди. Ўтган йилнинг сентябрь ойида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун вазиятнинг бугунги ҳолатидан келиб чиққан ҳолда давлатимиз халқаро сиёсатининг асосий прициплари ҳамда стратегик устувор йўналишларини белгилаб берди. Яъни, Ўзбекистон мамлакатимиз ташқи сиёсатида ўзининг миллий манфаатларидан келиб чиқиб, турли ҳарбий-сиёсий блок ва альянсларга қўшилмаган ҳолда ўзининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш бўйича қатъий позицияга эга бўлади, ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари жойлаштирилишига йўл қўймайди, очиқ, изчил ва фаол ташқи сиёсат олиб боради. Давлатимиз раҳбари таъкидлаб ўтганидек, “Ўзбекистон мафкурафий тамойиллар сабабли рўй бераётган турли тўқнашувларга ўзининг жалб этилишига ҳамда қўшни давлатлар ва ҳудудлар билан чегаралардаги қуролли можаролар ва кескинлик ўчоқларида мамлакатимизнинг иштирок этишига йўл қўймайди, яхши қўшничиликнинг, юзага келадиган низоларни фақатгина тинч йўл билан бартараф этишнинг қатъий тарафдоридир”.

Мамлакат сарҳадлари мустаҳкам, одамларнинг кўнгли хотиржам, яратувчанлик ва бунёдкорлик ишлари авж олган, ҳамма нарса инсон манфаатларига йўғрилган жойда, шубҳасиз, миллий тараққиёт ривожланади. Шундай экан, ушбу йил ҳам, аввалги йиллар каби, истиқлолимиз тарихида ўзига хос саҳифа бўлиб қолиши шубҳасиз.

Худоёр МАМАТОВ Самарқанд вилоят

адлия бошқармасининг бошлиғи,

юридик фанлар доктори.