Соғлом авлод - юрт истиқболи

Ўзбекистонда қурилаётган фуқаролик жамияти, ҳаётимизга кириб келаётган модернизация жараёнлари ва ислоҳотлар энг аввало ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, моддий ва маънавий рағбатлантиришга қаратилмоқда. Глобаллашув жараёнида демократик нуқтаи-назардан янгиланаётган, ўзгараётган ҳаёт ёшларимизни ўзига хос синовдан ўтказмоқда. Юртимиз келажаги ёшлар билан боғлиқ ва улар тараққиётнинг асосий кучи ҳисобланади. Ўз навбатида ёшларимиз ҳам илм-фан ва бошқа соҳаларда эришаётган ютуқлари билан давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликка муносиб жавоб бермоқдалар. Шу боис мамлакатимизда жамиятни демократлаштириш, модернизациялаш, фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантириш жараёнида ёшларнинг ўрни кучайиб бормоқда. Ёшларга доир олиб борилаётган давлат сиёсати: бу борада мавжуд қонунчилик, янги қарорларнинг қабул қилиниши ва ислоҳотларнинг амалга оширилиши мустаҳкам кучли таянч бўлмоқда. Ўзбекистонда ёшларга мамлакатнинг келажаги сифатида эътибор берилиб, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун қулай шароитлар яратиб келинмоқда.

Янги 2016 йилнинг “Соғлом она ва бола йили” деб аталиши эса соғлом она – соғлом бола умуммиллий дастурларимиз доирасида амалга оширилиши лозим бўладиган яна бир қадам дейиш мумкин. Бу дастур доирасида оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни сақлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ҳам жисмонан, ҳам маънан баркамол авлодни вояга етказиш масаласига жиддий эътибор қаратилади. Бу олижаноб мақсад йўлида қилинаётган улкан ишлар болаларимизнинг соғлом туғилиши ва улғайиши, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, таълим тизимини такомиллаштириш, қолаверса, болалар спортини ривожлантиришга хизмат қилади.

Дастурдан келиб чиққан ҳолатда 2016 йилда чекка қишлоқ туманларида яшаётган аҳоли, биринчи навбатда, хотин-қизлар учун зарур ижтимоий, маиший ва тиббий шароитлар яратиш, қишлоқ жойларда ижтимоий инфратузилма объектлари барпо этиш орқали соғлом муҳитни яратиш асосий вазифа сифатида қўйилди. “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида турмуш қураётган ёшларнинг никоҳдан олдин тўлиқ тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаш учун тиббиёт ходимлари масъулиятини янада кучайтириш, шу асосда туғма ва ирсий касалликлар сонини камайтириш, поликлиникаларни замонавий ташхис қўйиш ускуналари билан жиҳозлаш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини юксалтириш, аҳоли ўртасида мустаҳкам оила қуриш ва соғлом фарзанд туғилиши учун никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг муҳимлигини тушунтириш мақсадида кенг кўламли тарғибот ишларини кучайтириш белгиланди. Шунингдек, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, санитария ва гигиена, ҳомиладор аёллар соғлиғини сақлаш ва психофизиологик аҳволини яхшилаш, ёш оналар ва болаларни тегишли тарзда парваришлашни кучайтириш, уларнинг овқатланиш рациони сифати ва калориясини бойитиш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Мухтасар айтганда, бу борадаги ишлар ва янги ташаббусларни амалга оширишни изчил давом эттириш, шубҳасиз, мамлакатимизда шаклланган оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш, баркамол авлодни тарбиялаш учун ҳукуматимиз томонидан катта маблағ йўналтирилмоқда.

Ш.Каримова, Самарқанд шаҳар 1-сон ФҲДЁ бўлими мудираси в.б 


Рўйҳатга қайтиш