Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан 2016 йил “Соғлом она ва бола йили” деб номланди. Албатта, барча қатори биз ФХДЁ соҳа ходимлари ҳам бундан мамнун бўлдик.
Мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган маросимда Юртбошимиз оналар ҳақида сўз юритиб, жумладан, бундай дедилар: “Барчамизга яхши аёнки, ҳар бир инсон, аввало, Аллоҳнинг марҳамати билан, она зотининг ўз боласини юраги остида асраб, тўққиз ой давомида тортган машаққатлари туфайли дунёга келади. Шу боис Яратганнинг буюк мўъжизаси бўлган азиз аёлларимиз тимсолида ҳаёт абадийлигини таъминлаб келаётган табаррук зотларни кўрамиз. Ер юзида ҳаёт пайдо бўлибдики, одамзод мўътабар она сиймоси олдида ҳамиша таъзим қилади. Муборак ҳадислардаги “Жаннат оналар оёғи остидадир” деган сўзлар ҳам ана шу юксак меҳр ва эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.
Мустақилликка эришганимиздан сўнг, юртимизда тарих зарварақларига мустаҳкам муҳрланишга лойиқ буюк келажак барпо этиш бош мақсадимизга айланди. Бу эса ўз навбатида Истиқлолнинг илк кунларидан қўлга киритилган ўзгаришларни қадрлайдиган, нафақат дунёга донғи кетган аждодларининг, балки биз бугун амалга ошираётган ишларнинг муносиб давомчилари бўла оладиган эртанги кун эгалари — фарзандларимиз келажагини таъминлаш хусусида ўйлашни тақозо этади.
Бугун узоқ истиқболни кўзлаган ҳолда келажагимиз ворислари — вояга етмаганларнинг бахту иқболи давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, уларнинг биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари йўлида барча имкониятлар ишга солинмоқда. Юртимизнинг турли гўшаларида қад ростлаётган, жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган замонавий ўқув даргоҳлари, спорт-соғломлаштириш иншоотлари, барча-барчаси фикримизнинг яққол мисоли бўла олади. Буларнинг барчаси мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда ёшларнинг, шу жумладан, вояга етмаганларнинг фаол иштирокини таъминлашга, уларнинг таълим-тарбияси, билим-малакаси ва турмуш даражасини янада оширишга, ижтимоий ҳимоя қилишга, умуман, баркамол авлодни вояга етказишга хизмат қилади.
Тан олиш керак, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, чунончи, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш борасидаги ишлар улкан тарихий аҳамиятга эга. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу хайрли ишлар миллатни соғломлаштириш ғоясининг асосини ташкил қилади. Бинобарин, бугунги кунда ҳар қайси халқ, давлат ва жамиятнинг ривожланиш омили инсон, унинг соғлиғи ва турмуш даражасига берилаётган эътибори, шу йўлдаги саъй-ҳаракати билан ўлчаниши барчамизга кундек равшан. Эл соғлиғи йўлида қилинадиган ишларнинг нечоғлик муҳим ва долзарб эканлиги Юртбошимизнинг «Соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир бўлади», деган сўзларида ҳам яққол ифодаланган.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, келажак авлод пойдевори, аниқроғи, инсон шахсини шакллантириш аввало оиладан бошланади. Шу боис, оилада бола тарбиясига эътиборни кучайтириш ҳамда оилани мустаҳкамлаш масаласи ўта муҳим ҳисобланади. Дарҳақиқат, оила қанчалик аҳил, мустаҳкам бўлса, жамият шунчалик ривожланади. Жамият ривожи эса давлатнинг буюк бўлишига олиб келади. Оилада тинчлик, тотувлик, файзу барака бўлса, жамият тинч, осойишта, юртда маъмурчилик, барқарорлик ҳукм суради. Оила маънавият қўрғони, тарбия маскани бўлиб, айнан оилада Ватан келажаги камол топади.
Ш.Садуллаева, Самарқанд тумани ФХДЁ бўлимимудираси