Фарзандлар камоли - юрт истиқболи!

Маълумки, истиқлол йилларида давлатимиз томонидан жуда кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди. Иқтисодий-ижтимоий соҳаларда кўплаб ўзгаришлар, минглаб бунёдкорлик ишлари, сиёсий муҳитнинг шакллантирилиши ва бу борада оламшумул янгиликлар рўй берди. Буларнинг барини сўз билан таърифлаб, саноғини ҳисоблашга фурсат озлик қилади. Бир сўз билан айтганда, юртимизнинг тинчлигини, халқимизнинг чинакамига бахтли ва фаровон турмуш кечираётганлигини далаларда ўйноқлаб юрган болакайларнинг кулиб турган юзига, чақнаб турган кўзига қараб билиб олишимиз мумкин.

Ҳар кайси давлат, ҳар қайси миллат, аввало ўз фарзандлари тимсолида шу халққа хос хусусият ва фазилатларни намоён этадиган унинг азалий орзу-интилишларини руёбга чиқарадиган буюк кучни кўради.

Сир эмаски, ҳар бир ота-она фарзанди соғлом бўлишини, яхши таълим-тарбия олишини, баркамол инсон сифатида вояга етишини ва албатта, бахтли бўлишини истайди. Гап шундаки, мамлакатимизда фарзандларимиз ана шундай униб-ўсишлари учун барча имконият яратиб берилган. Агар ўтган йилларга назар ташлайдиган бўлсак, эртанги кунимиз, ишончимиз саналган ёш авлод тақдири учун муҳим ҳисобланган ислоҳотлар амалга оширилганлигининг гувоҳига айланамиз. Биринчи президентимиз ташаббуси билан эълон қилинган Оила йили, Аёллар йили, Соғлом авлод йили, Она ва бола йили, Сиҳат-саломатлик йили, Ёшлар йили, Баркамол авлод йили, Соғлом она ва соғлом бола йили муносабати билан қабул қилинган давлат дастурлари ўзаро узвийлик касб этиб, уларнинг амалга оширилиши самарасида оилаларнинг иқтисодий ва маънавий асослари янада мустаҳкамланди. Бинобарин, мамлакатимизда илк давлат мукофотларидан бири — “Соғлом авлод учун” орденининг таъсис этилиши ҳам рамзий маънога эга.

Мустақиллика эришганимиздан сўнг, келажагимизнинг ҳақиқий пойдевори бўлмиш ёш авлодга бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказиш, уларга таълим-тарбия бериш, ҳамда соғлиғини ҳимоялашга қаратилган бир қатор муҳим ижтимоий дастурлар ва қатор норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ҳамда фарзандларимиз ҳеч кимдан кам бўлмаслиги учун ҳар соҳада улкан ислоҳотлар амалга оширилди. 2014 йилнинг 19 февралида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом бола йили давлат Дастури тўғрисида” ги Қарори қабул қилиниб, давлат ва жамиятнинг барча куч ва имкониятларини ёш авлодни тарбиялашга сафарбар этишнинг ҳуқуқий асослари белгилаб берилди.

Жамиятнинг маънавий юксалишида таълим-тарбия, спорт, медицина соҳасидаги ислоҳотлар ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Маълумки кишиларни маънавиятли ва маърифатли, қилиб тарбиялаш ишлари барча замонларда таълим ва тарбия ва орқали амалга ошириб келинган. Бу ҳақда биринчи президентимиз Ислом Каримов шундай ёзади: “… таълим-тарбия – онг маҳсули, лекин айни вақтда онг даражаси ва унинг ривожини ҳам белгилайдиган, яъни, халқ маънавиятини шакллантирадиган ва бойитадиган энг муҳим омилдир. Бинобарин, таълим-тарбия тизимини ва шу асосда онгни ўзгартирмасдан туриб, маънавиятни ривожлантириб бўлмайди”. Бу борада Конституциямизнинг 41-моддасига биноан бепул умумий таълим давлат томонидан кафолатланиши, “Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳамда “Кадрлар тайёрлаш миллий Дастури” ва унинг тўрт босқичда амалга оширилаётгани муҳим аҳамиятга эга.

Болалар спортига, умуман спортга қаратилган юксак эътибор натижасида фарзандларимиз турли мусобақаларда халқаро фан ва спорт олимпиядаларида, жаҳон чемпионатларида муносиб иштирок этиб, юртимиз байроғини кўкларга кўтармоқдалар. Бу натижалар биргина қувонарли ҳол бўлибгина қолмай, давлатимиз томонидан яратилаётган кенг имкониятларнинг натижаси, қолаверса мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги куч-қудратининг нишонасидир.

Болалар келажаги, бахту иқболи тўғрисида сўз борар экан, янги авлод, янги тафаккур соҳибларини мукаммал тарбиялашимиз, эртага ўрнимизга келадиган ёшларнинг маънавий дунёсини шакллантиришимиз ва бойитиб боришимиз лозим. Бежизга, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти ҳар доим “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт!” деган пур ҳикмат сўзларни бот-бот такрорламасдилар. Чунки эртанги келажак мана шу баркамол авлод қўлидадир. Фарзандларимизнинг маънан баркамол, рухан соғлом ва ҳар томонлама етук шахс сифатида вояга етишлари учун аввало оила, маҳалла, мактабгача таълим муассасалари, мактаб, қолверса ҳар биримиз жавобгармиз. Кимнинг фарзанди бўлишидан қатъи назар уни тўғри йўлга бошлаш, эгриликдан сақлаш ва керакли маслаҳатларни бериш бизнинг бурчимиздир. Биз фарзандларимизни она Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, ота-боболаримизнинг муқаддас динига садоқат руҳида тарбиялашимиз учун аввало уларнинг қалби ва онгида меҳр-оқибатни, ахлоқ-одобни, ҳурмат-иззатни, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини сингдиришимиз лозим. Бу тушунчаларни эса, фарзандларимизга мурғак ёшидан бошлаб сингдиришимиз, болаларнинг жисмоний ва маънавий ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан, хавфли ахборотлардан ҳимоя қилиб, турли зараркунанда одатларни олдини олиш ва уларнинг мудҳиш оқибатлари тўғрисида такрор ва такрор тайинлишимиз, болаларни бўш вақтларида бадиий китоблар ўқишга, турли фойдали амалларни бажаришга ҳамда меҳнатсеварликка ўргатишимиз керак. Алишер Навоийнинг “Насойимул муҳаббат” асарида комил инсонга хос хусусиятлар, унинг шарқона фазилатлари санаб ўтилган. Булар қаторига улуғ мутафаккир қуйидагиларни киритади: тавба, ҳалол луқма билан қаноатланиш, ўз касбидан топиб кун ўтказиш, шариатга риоя этиш, барчадан ўзини кам деб билиш, чучук тилли бўлиш – яхши, мулойим сўзлашиш, раҳмдил бўлиш, сахий бўлиш, мард бўлиш, хушхулқ бўлиш, рози-ризолик билан кун ўтказиш, сабрли бўлиш, садоқатли, вафоли бўлиш ва риёзат чекишдан қўрқмаслик инсон камолотининг аслини ташкил этади. Шубҳасиз, баркамол авлодни тарбиялаш инсониятнинг энг ёрқин орзуси ҳисобланиб, комиллик азал-азалдан халқимиз томонидан маънавий ва руҳий етуклик тимсоли сифатида эъзозланиб келинган. Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри” асаридаги “Фозил инсон”, “Фозиллар шаҳри” ҳақидаги ғояларга кўра, жамиятнинг ҳар бир фуқароси мансаби, тутган ўрнидан қатъи назар фозил киши ҳисобланиб, у давлат қонун-қоидаларини яхши билиши ва унга амал қилмоғи даркорлиги таъкидланган. Мамлакатимиз раҳбарияти Форобий фикрини қўллаб-қувватлар экан, авваламбор ёшларимизнинг иймон-эътиқодини мустаҳкамлаш, иродасини бақувват қилиш, уларни ўз мустақил фикрига эга бўлган ҳамда фикрга қарши фикр - ғояга қарши ғоя билан жавоб бероладиган баркамол инсонлар этиб тарбиялаш орқалигина пировард мақсадимиз бўлган озод ва обод ватан, эркин ва фаровон ҳаёт қуришга қаратилган кўплаб эзгу амалларни рўёбга чиқаришимиз мумкинлигини таъкидлаб келмоқда.

Зеро, маънавияти ва маданияти юксак бўлган, чуқур билим ва тафаккурга эга халқни ҳеч ким ҳеч қачон енга олмаган.

Л.Сафарова, Нарпай тумани ФҲДЁ бўлими мудираси


Рўйҳатга қайтиш