Инсон ҳуқуқи бола ҳуқуқидан бошланади

Мамлакатимизда жорий йилнинг “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши, энг аввало оилаларимизнинг соғломлаштирилиши, мустахкамлиги ва ўзимиздан баркамол ва ҳар томонлама ривожланган авлод қолдиришга қаратилгандир.

Дарҳақиқат, оиламизнинг тинч бўлиши биринчи навбатда фарзандларимизнинг соғлом ва ҳар томонлама етук бўлишига боғлиқдир. Биринчи навбатда болаларимиз ҳуқуқлари билан боғлиқ қонун-қоидаларга амал қилишимиз ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Бир кун кўчада 12-13 ёшлар чамасидаги 2-3 та қизларнинг жамоат жойида очиқчасига сигарет тутатиб, ҳар хил ножуя сўзларни ишлатиб, бир-бири билан гаплашиб турганларини кўрдим. Уларнинг ота-онаси бор ёки йўқлиги, келгусида она бўлиб, қандай фарзандлар тарбиялаши ҳақида ўй суриб, даҳшатга тушиб кетдим. Мен бу ҳолатда ҳеч қачон ушбу қизларни айбламайман, Улар мисоли ниҳол қаерга букласанг шу ерга қараб ўсиб кетади. Балки, ўзимиз катталарни айблайман, бизнинг лоқайдлигимиз, шу болаларни боқаман деб елиб югуриб, уларнинг тарбиясидан йироқдалигимиз, кечқурун чарчаб келганликни баҳона қилиб, ҳалоллик ва виждонлилик, ор-номусли бўлиш юзасидан улар билан суҳбатлар олиб бормаганимиздандир. Ваҳоланки, ота-она болани нафақат моддий таъминлаши балки, Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 73-моддасида кўрсатилганидек, ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгардир. Улар ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва аҳлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик ҳам қилишлари шарт.

Ушбу йўналишнинг хуқуқий томонига эътибор қаратадиган бўлсак, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари мамлакатимиз томонидан ратификация қилинган “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияда, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида, Оила Кодекси ва бошқа кўплаб ҳуқуқий ҳужжатларда баён этилган. Уларга мувофиқ, ота-оналик хуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас. Болалар манфаатларини таъминлаш ота-она – ғамхўрлигининг асосини ташкил қилиш лозим.

Ота-оналик ҳуқуқини амалга оширишда ота-она болаларининг жисмоний ва руҳий соғлиғига, аҳлоқий камолотига зарар етказишга ҳақли эмас. Болаларни тарбиялаш менсимаслик, шафқатсизлик, қўполликдан, инсоний қадр қимматни камситувчи муомиладан, болаларни ҳақоратлаш ва эксплуатация қилишдан ҳоли бўлиши керак.

Ўз ота-оналик ҳуқуқини болаларининг ҳуқуқ ва манфаатларига зид тарзда амалга ошираётган ота-она қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади. Болаларнинг таълим-тарбиясига таалуқли барча масалалар болалар манфаатидан келиб чиққан ва уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-она томонидан келишув асосида ҳал қилинади. Агар улар ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлса, улар бу келишмовчиликларни ҳал қилиш учун васийлик ва ҳомийлик органига ёки судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Бола ўз ота-онаси томонидан тарбияланиши, ўз манфаатлари таъминланиши ҳар тарафлама камол топиши инсоний қадр-қимматлари ҳурмат қилиниши, бола ўз ҳуқуқи ва қонуний манфааталарини ҳимоя қилиш, ота-она (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) томонидан қилинадиган суистеъмолликлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Боланинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилганда, шу жумладан, ота-она (улардан бири) болани тарбиялаш ва таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаганда ёхуд ота-оналик ҳуқуқларини суистеъмол қилганда бола ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини сўраб, васийлик ва ҳомийлик органига, 14 ёшга тўлгандан кейин эса, мустақил равишда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Боланинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилганлигидан, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилганлигидан хабардор бўлган шахслар бу ҳақда бола айни пайтда яшаб турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органига маълум қилиши шарт. Шундай маълумотларни олгач, васийлик ва ҳомийлик органи боланинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан зарур чоралар кўриши шарт.

Оила Кодекснинг 68-моддасида ва “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги БМТ Конвенциясининг 12-моддасига кўра, оилада боланинг манфаатларига таалуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда бола ўз фикрини ифода қилишга, шунингдек, ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида сўзлашга ҳақлидир.

Хулоса қиладиган бўлсак, инсон хуқуқи бола хуқуқидан бошланади. Соғлом бола эса маънавий ва жимонан соғлом оилада етишади. Биринчи навбатда хар бир ота-она фарзанд кўришни ният қилаётган экан, уни моддий таъминоти, уни маънавий камолотга етказиш учун тайёр эканлигини ҳис қилгандан кейин, ўзлари ҳам жисмонан етилгандан кейингина фарзанд кўриши, уни ҳуқуқларига эътибор қаратиши ва жамият учун хизмат қиладиган, жисмонан ва маънавий етук инсонни тарбиялашлари лозим, деб ўйлаймиз.

З.Ахмедова, Самарқанд шаҳар 2-сон ФҲДЁ бўлими мудираси


Рўйҳатга қайтиш