Ватан келажаги учун ғамхўрлик

Дунёда давлат ва жамият салоҳиятини, мамлакат қудратини белгиловчи омиллар бисёр. Бироқ уларнинг ҳеч бири шу юртда камол топаётган, юксак маънавиятли, жисмонан соғлом, ҳар томонлама баркамол авлод билан тенглаша олмайди. Шу боис мустақиллик йилларида Юртбошимиз томонидан ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ватанимиз келажаги, халқимизнинг эртанги куни, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб обрў-эътиборга эга бўлиши фарзандларнинг таълим-тарбиясига, қандай инсон бўлиб ҳаётга кириб боришига боғлиқ экани инобатга олиниб, ушбу эзгу мақсадлар давлат сиёсатининг энг устувор йўналишлари этиб белгиланди.

Бундай саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, айни пайтда мамлакатимизда кучли ёшлар сиёсати юритилаётир ва у ўзининг мустаҳкам ҳуқуқий асосларига эга. Мазкур сиёсат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда соҳага тегишли 22 та қонунда ўз ифодасини топган. Яна бир жиҳат — мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг қабул қилинган дастлабки қонун ҳужжатларидан бири 1991 йил 20 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонун экани катта рамзий маънога эга. Қолаверса, Президентимизнинг қатор фармон ва қарорлари ҳам ўсиб келаётган ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар, миллий истиқлол ғояси, ўз Ватани ва халқига меҳр-муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга, уни ҳар томонлама – жисмонан, маънан ва руҳан баркамол этиб вояга етказиш учун зарур шарт-шароитларни яратишга йўналтирилган. Айни пайтда мазкур соҳага оид кўплаб мақсадли давлат дастурларининг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани ҳам муваффақиятларга калит бўлмоқда.

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳуқуқий ислоҳотлар ҳамон давом этаётир. Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича қўйилган долзарб вазифаларни тўлиқ амалга ошириш учун ҳали кўп ишлар қилиниши керак. Бу, биринчи навбатда, йигит-қизларимизнинг олижаноб интилишларини рўёбга чиқариш, жамиятимизнинг ижтимоий, иқтисодий ва маънавий ривожланишида иштирок этишида барча ёрдамни кўрсатиш билан боғлиқдир. Шундай экан, ёшлар ва дав­лат ўртасидаги муносабатларни мувофиқлаштиришга хизмат қиладиган ёшларга­ оид давлат сиёсати ҳеч қачон якунланган тизимни англатмайди. У давр тала­би ва мавжуд шарт-шароитлардан келиб чиқиб, такомиллаштириб ва тўлдириб бориладиган узлуксиз жараёндир.

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг жорий йилнинг 6 февралида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам айнан шиддат билан ўзгариб бораётган замон талабларидан келиб чиқилган ҳуқуқий эҳтиёждир. Ушбу қарорда белгиланган устувор вазифалар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган давлат сиёсатини изчил ва янада тўлақонли давом эттиришни назарда тутади.

Мазкур қарор асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасида 2014 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури”да мустаҳкамланган вазифаларнинг юқори савияда ва белгиланган муддатларда амалга оширилишида бевосита Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларининг ҳам алоҳида масъулияти бор. Дастурнинг илк бандларидан ўрин олган долзарб масала — “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш шулар жумласидан. Ушбу қонун лойиҳасининг пухта ва демократик тамойиллар асосида тайёрланиши учун аниқ механизмларда иш юритиш даркор. Бунда аввало масъул ташкилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, мазкур йўналишдаги халқаро тажрибаларни пухта ўрганишнинг аҳамияти катта. Қолаверса, қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқишда жамоатчилик фикрини инобатга олиш, буни жойларда муҳокама этиш ҳам қонунннинг демократик андозалар асосида бунёдга келишини таъминлайди.

Мамлакатимизнинг жаҳон майдонидаги нуфузини ошириш, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги мақсад-муддаоларимизнинг тўлақонли амалга ошиши кўп жиҳатдан ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини, сиёсий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга боғлиқ. Шу сабабли ёш авлоднинг замонавий дунёқарашини, ижодий ва шахсий хусусиятларини миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида шакллантириш, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини англаб етишлари учуш замин ҳозирлаш, ҳуқуқий онгини ривожлантириш энг устувор вазифалар сирасидандир. Юқоридаги Дастурда “Ватан келажаги сенинг қўлингда!” тарғибот лойиҳасини жорий этишдан кўзланган мақсад ҳам шу аслида. Барча олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда ташкиллаштирилиши мўлжалланаётган тарғибот тадбирларининг ҳар бир йўналиш бўйича тайёрланиши, таъсирчанлиги ва самарадорлигининг ошиши адлия органларининг ташаббускорлигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Зотан, анъанавий ўтказиб келинаётган, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган “Сиз қонунни биласизми?” республика танловининг кенг қанот ёйиб, миллий ва халқаро қонунчилигимиз меъёрларининг ёш авлодга тушунарли ва содда этиб етказилиши ва бу қувноқ беллашувларда янада мустаҳкамланиб боришида айнан адлия органларининг кўмаги асқотаётгани сир эмас. Шу боис ушбу танлов йилдан йилга кенг тус олиб, ёшлар камолотига ҳисса қўшмоқда.

Бундан ташқари, юқоридаги Дастур доирасида Соғлом бола йилида “Ҳуқуқ билимдонлари” республика кўрик-танлови, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси — мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати”, “Ёшлар ва қонун” тарғибот лойиҳаларини ташкил этиш ҳам мўлжалланган. “Одам савдоси — давр муаммоси” тарғибот лойиҳасининг йил давомида амалга оширилиши режалаштирилганида ҳам эзгу мақсад мужассам. Асосан ҳуқуқ-тартибот идоралари, шунингдек, давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳаллалардан алоҳида масъулликни талаб этадиган мазкур тадбирлар ёшларнинг нафақат ҳуқуқий юксалишига, балки бугунги кунда фарзандларда халқимизга мутлақо ёт бўлган турли оқимлар ва таъсирларга қарши мустаҳкам мафкуравий иммунитетни шакллантиришга ҳам хизмат қилади.

Президентимизнинг мазкур қарори доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар ёшларимизнинг улкан салоҳиятини ҳар томонлама рўёбга чиқариш учун уларнинг илм-фан, техника, ахборот технологиялари, маданият, санъат, спорт, тадбиркорлик каби соҳалардаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ишларини янада кучайтиради. Юртимизда кучли ёшлар сиёсатини тўлақонли юритиш давлат ва жамоат тузилмаларининг ижтимоий шериклигини ҳам мустаҳкамлайди, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасидаги ислоҳотларни жадаллаштириб, юксак ёш авлод тўғрисида ғамхўрлик қилишдек устувор мақсадларга етказади.

Худоёр МАМАТОВ, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи.


Рўйҳатга қайтиш