Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан эълон қилинган “Оила йили”, “Аёллар йили”, “Соғлом авлод йили”, “Она ва бола йили”, “Сиҳат-саломатлик йили”, “Ёшлар йили”, “Баркамол авлод йили”, “Мустаҳкам оила йили” муносабати билан қабул қилинган давлат Дастурлари ўзаро узвийлик касб этади. Бу олижаноб мақсад йўлида қилинган улкан ишлар фарзандларимизнинг соғлом туғилиши ва улғайиши, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, таълим тизимини такомиллаштириш, қолаверса, болалар спортини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлардир.
Янги 2014 йилнинг "Соғлом бола йили" деб аталиши эса соғлом она – соғлом бола умуммиллий дастурларимиз доирасида амалга оширилиши лозим бўладиган яна бир қадам дейиш мумкин.
Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимида сўзлаган маърузасида бу ҳақда тўхталар экан, жумладан шундай деди:– Азал-азалдан ҳар қайси ота-она ўз боласининг соғлом ва баркамол, ақл-заковатли, бахтли бўлишини истайди. Шундай фарзандни вояга етказиш, унинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига эришиш – ота-онанинг энг улуғ, энг муқаддас орзуси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Биз соғлом авлод деганда, нафақат жисмоний, балки маънавий жиҳатдан ҳам соғлом болани ўзимизга тасаввур этамиз.
Ўтган йиллар давомида бу олижаноб мақсад йўлида улкан ишлар амалга оширилди. Болаларнинг соғлом туғилиши ва соғлом улғайиши учун шароит яратиш йўлида катта куч ва маблағлар йўналтирилди. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, таълим тизимини такомиллаштириш, болалар спортини ривожлантириш каби соҳалардаги изчил ислоҳотлар бир-бирини тўлдириб, узвий тизим шаклини олди. Бугун замонавий тиббий марказлар, таълим муассасалари, спорт иншоотлари ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда.
С.Турсунова, Ургут тумани 1-сон ФҲДЁ бўлими мудираси