Мустаҳкам оила - жамият пойдевори

Оила-жамият асоси, улкан ижтимоий куч ҳисобланади. Унда аждодларимиз мероси, бугунимизнинг ойдин саҳифалари, эртанги кунимиз умиди бор. Биз шу оилада келажагимиз эгалари, миллатимиз ворисларини тарбия қиламиз. Бу маддас даргоҳда кечагина бешикни тебратиб, бағримизга босиб, овутганларимиз – фарзандларимиз ўсмоқда. Она Ўзбекистонимизда ҳам оила ҳамиша муқаддас саналган. Оилани қўллаб қуватлаш ва бола манфаатларини муҳофаза қилишга қаратилган конституциявий нормалар қатор қонун ва қонун ости ҳужжатларида ўз аксини топган. Оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилган қонунлар билан бир қатор қонун ости ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар жумласига, Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 21сентябрдаги ”Вояга етмаганлар ишлар бўйича комиссиялар фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги, 2002 йил 25 январдаги “Аёллар ва ўсиб келаётган авлоднинг саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2004 йил 7 сентябрдаги “Болаларни ижтимоий кўникма марказини ташкил қилиш тўғрисида”ги қарорларни мисол қилиш мумкин.

Фаровон турмуш ва аҳил оиладан эса бевосита, соғлом фарзанд дунёга келади. Давлатимиз томонидан, жорий йилга “Соғлом бола йили” деб ном берилганлиги фарзандларимизнинг соғлиғи, уларнинг келажаги ҳақида кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодасидир.

Фарзандлари соғлом юртнинг эртаси улуғ, мақсади равон бўлади. Давлатимиз раҳбари ўз нутқларида фарзанднинг соғлом ва баркамол бўлишида оиланинг ўрни нақадар беқиёс эканлигини кўрсатиб, “Соғлом боланинг дунёга келиши, бақувват бўлиб ўсиб-улғайиши кўпгина талаб ва омилларга боғлиқ эканини ҳаммамиз яхши тушунамиз. Лекин улар орасида шундай ўта муҳим, ҳал қилувчи мезонлар борки, бу ҳақда алоҳида тўхталишни ўринли, деб биламан. Биз оилани ҳаёт давомийлигини таъминлайдиган, келажак насллар тақдирига кучли таъсир кўрсатадиган тарбия маскани сифатида қабул қиламиз. Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, одамийлик, меҳр-оқибат, ўз Ватанига, халқига садоқатли бўлиш каби олижаноб фазилатлар айнан оила муҳитида шаклланади. Шунинг учун хам оилани баркамол, соғлом авлодни вояга етказишдаги аҳамияти беқиёсдир”, деб таькидлаб ўтадилар.

Оиланинг асосий вазифаси хам жамиятга фидойи комил инсонларни етиштириб беришдан иборат. Зеро, соғлом бола бу соғлом оиланинг мевасидир. Соғлом инсон деганда, фақат жисмоний сиҳат-саломатликни эмас, балки ўзбек халқига хос шарқона одоб-ахлоқ, миллий ғоя ва бағрикенглик, инсонпарварлик каби эзгу ҳис-туйғулар руҳида камол топган маьнан етук инсонни тушунишимиз мумкин. Зеро, маьнавий соғлом инсонлар аввало юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва халқнинг эртанги куни учун қайғура оладилар. Бевосита оиладаги соғлом муҳит, соғлом мафкура, маьнавий соғлом инсоннинг таянч манбаидир дея оламиз. Жамиятимиз мустаҳкам таянчи бўлмиш оила нафақат эртанги кун шахсларини тарбиялайди, балки ватан ва эртанги кун учун қайғура олиш қобилиятини хам шакллантира олиши шубҳасиздир.

Э.Буранова, Тайлоқ туман ФҲДЁ бўлими мудираси 


Рўйҳатга қайтиш