Соғлом авлоднинг маънавий баркамоллиги

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари доимий комиссияси, вилоят адлия, халқ таълими бошқармалари ва “Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши ҳамкорлигида “Соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашнинг қонунчилик асослари”мавзусида семинар ўтказилди. DSC02083.JPG

Вилоятда фаолият олиб бораётган Олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари талабалари, “Камолот” ёшлар ижтимоий харакати фаоллари, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, халқ таълими соҳасининг мутасадди вакиллари иштирокида ташкил этилган мазкур семинар Юртбошимиз раҳнамолигида ўтказилаётган ёшларга оид фаол давлат сиёсатини кенг оммага тарғиб қилувчи навбатдаги тадбирлардан бири бўлди.

Ёш авлодга замонавий таълим бериш, уларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, юксак иқтисодий фазилатлар руҳида тарбиялаш, онги ва қалбини мафкуравий ва маънавий таҳдидлардан ишончли ҳимоя қилиш, уларда ғоявий иммунитет ва фаол фуқаролик позициясини шакллантириш масалалари давлатимизнинг доимий диққат марказида бўлиб келмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш ҳамда юксак маънавиятли, бой интеллектуал салоҳиятга эга бўлган, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш мақсадида бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

DSC02083.JPGЎзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори шулар жумласидандир.

Шунингдек, ёшларга оид ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида Юртбошимиз томонидан жорий йилнинг 19 февралида қабул қилинган “Соғлом бола йили Давлат дастури тўғрисида”ги қарори иловасининг 5-бандига мувофиқ янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати асослари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш қайд қилинди.

Ташкил қилинган семинарда ёшлар томонидан юқоридаги қонун лойиҳасига билдирилган таклифлар атрофлича ўрганилиб, муҳокама қилинди. Тайёрланаётган қонун лойиҳасига таклифлар ишлаб чиқилди.

Фаол тарзда ўтган семинар якунида, соғлом ва баркамол авлод юрт фаровонлигининг таянчи эканлиги алоҳида таъкидланди. “Соғлом бола йили Давлат дастури тўғрисида”ги қарори иловасида келтирилган қонун лойиҳаларига таклифлар тайёрлаш ва навбатдаги тадбирларда уларни атрофлича муҳокама қилиб, якуний, асослантирилган таклифларни масъул ишчи гуруҳларига тақдим этиш хусусида келишиб олинди.

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси Тарғибот ва ҳуқуқий маърифат бўлими



Рўйҳатга қайтиш