Боланинг жисмонан соғлом бўлиши нималарга боғлиқ? Қандай омиллар боланинг шаклланишига таъсир кўрсатади? Маълумки, соғлиқни сақлаш, тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар негизида инсон саломатлиги, унинг соғлом турмуш кечириши ва бунинг учун, соғлом турмуш тарзини яратиш масаласи долзарб масалалардан ҳисобланади ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий марказида туради. Давлатимиз томонидан тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш ва замонавий ускуналар билан таъминлаш юзасидан қилинаётган амалий ишлар муҳим қадам сифатида бугунги кунга келиб, ўзининг юқори сифат босқичига етди. Айниқса, ёш авлод саломатлиги, жамият ҳаёти учун ҳар жиҳатдан аҳамиятлидир. Бинобарин, бугунги ёшлар, эртанги буюк келажакни барпо этувчи авлод ҳисобланади. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек: “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт”. Дастурнинг мақсади ҳам аслида, ҳам жисмонан, ҳам руҳан камолга етган авлодни тарбиялашдан иборатдир.
Биламизки, боланинг саломатлиги кўп жиҳатдан ташқи ва ички омилларга боғлиқ. Ташқи омилларга ота‑она, маҳалла, атроф-муҳит ва ўзаро муносабатлар киради ва бу боланинг шаклланишига таъсир кўрсатади. Насл, ирсият, руҳий ҳолатни эса, боланинг туғилиш ва яшаш жараёнига таъсир кўрсатувчи ички омиллар сифатида баҳолаш мумкин. Аслида, ҳар икки жиҳат ҳам, боланинг етук шахс сифатида шаклланишига таъсир кўрсатувчи муҳим омиллар бўлиб хизмат қилади. Аксарият ҳолларда, боланинг соғлом бўлиши, онанинг ҳам жисман, ҳам руҳан соғлом бўлишига боғлиқ. Бироқ, она негадир жисмоний жиҳатдан соғлом бўлиш учун ҳаракат қиляпти‑ю, аммо маънавий-руҳий жиҳатдан соғлом бўлишга интилмаяпти. Аслида ҳамма нарсанинг асоси қалб, руҳ саломатлигига бориб тақалади. Шу жиҳатдан олганда, маънан соғлом муҳитда вояга етаётган бола билан нотинч оилада катта бўлаётган боланинг орасида анчагина тафовут кўзга ташланади.
Она қачон болага меҳр кўрсата олади, қачонки, оиласи ўзаро ишонч ва муҳаббат асосига қурилган бўлсагина. Ўзаро ишонч ва муҳаббатни эса, маънавий етук инсонларгина ярата олади. Шундай экан, ҳар бир бўлажак она фарзанд тарбиялашдек масъулиятни зиммасига олаётган экан, аввало руҳан соғломми, болага нимадир бера оладими, шуни ўйлаши ва ўз‑ўзини таҳлил қила олиши керак. Аниқроқ қилиб айтганда, ҳар бир она ўз фарзандининг келажагини кўра олиш даражасида бўлиши лозим. Лекин минг афсуски, кундалик ҳаётимизда ёшлар ўртасида учраб турадиган кўнгилсиз ҳолатлар ота‑онанинг нўноқ тарбиясидан дарак беради. Бундай тарбия натижасида бола ахлоқсиз, бетгачопар, билимсиз ва ҳаттоки, жиноят кўчасига кирмоқда.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, соғлом авлод – бу миллат, юрт келажаги, буюк истиқболни эса баркамол, етук, маънан соғлом фарзандларгина қура олади. Зеро, жаннатмакон юртга баркамол, етук инсонларгина ярашади. Фарзандлари соғлом юрт эса, тараққий этади, юксалади ва ҳеч қачон, ҳеч кимдан кам бўлмайди.
М.Норматов,
Самарқанд туман 2-сон ДНИ
нотариуси