Баркамол авлод келажак пойдевори

“Билимга чанқоқ, истеъдодли ёшларни топиб, уларни ватанга
фидойи инсонлар қилиб тарбиялаш муқаддас вазифамиздир”
Ислом Каримов
.

Ватан, халқ шуҳратини дунёга тараннум этишда жисмоний тарбия ва спортнинг ўрни беқиёсдир. Жаҳон миқёсидаги турли нуфузли мусобақаларда ўзбек ёшлари эришаётган ғалабалари бу ҳақиқатни тасдиқлаб турибди. Чунки баркамол авлод-Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори ва келажак асоси ҳисобланади. Она Ватан буюк бўлмоғи учун шу заминда яшовчилар ақлан ва жисмонан соғлом бўлишлари шарт. Маънавий ва жимоний баркамол авлодни тарбиялаш - фақат миллий эҳтиёжгина эмас, балки умумдавлат аҳамиятига молик масала ҳисобланиб, у - кўпмиллатли Ватанимизда туғилиб ўсган, томир ёйган барча қардош халқлар учун бирдай эзгу мақсаддир.

Юртимиз келажаги учун соғлом авлодни тарбиялаш ҳамда вояга етказишда жисмоний тарбиянинг аҳамияти катта. Сўнгги йилларда жисмоний тарбия ва спорт ўқувчи-ёшлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 24 октябрдаги “Ўзбекистонда болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги Фармонига кўра, спорт соҳасида иқтидорли болаларни ихтисослаштирилган спорт мактабларига танлаб олиш ва ўсиб келаётган ёш авлоднинг жисмоний ҳамда маънавий соғлом бўлиб вояга етиши, уларни соғлом турмуш тарзига интилишлари ва спортга меҳр-муҳаббатни сингдириш ва қизиқишлари борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Мамлакатимиз ўтган қисқа даврда болалар спортини ривожлантириш соҳасида муайян ютуқларга эришди ва бугунги кунда жойларда спортга қизиқиш изчил кучайиб бориб, спортчи, эпчил ва чаққон, мард ва жасур йигит-қизларимизни машҳурликда дунё тан олмоқда. Спорт нафақат жисмоний, балки маънавий камолотга етишишда ҳам муҳим омилдир. У иродани тоблайди, аниқ мақсад сари интилиш, қийинчиликларни бардош ва чидам билан енгишга ўргатади. Инсон қалбида ғалабага ишонч, ғурур ва ифтихор туйғуларини тарбиялайди. Юртбошимиз таъкидлаганларидек, соғлом, билимли ва фидойи фарзандлари бўлган халқ, албатта ўзининг буюк келажагини барпо этади. Ҳақиқатдан ҳам “Ҳеч бир нарса мамлакатни спорт каби тезда дунёга машҳур қила олмайди”. “Спорт одамни мард, матонатли, бардошли қилиб тарбиялайди”. Тарих ва аждодлар қолдирган буюк маънавий мерос ва миллий қадриятларимиздан маълумки, қадимда ота-боболаримиз ўз наслларини умумбашарий туйғулар, ўлмас Шарқ фалсафаси, миллий қадриятларимиз руҳида тарбия қилиб келганлар ва улар асрлар давомида тилимизни, дилимиз ва динимизни, ўзбекнинг ўзлигини ҳар томонлама асраб-авайлаб, баркамол авлодларни вояга етказишни асосий мақсад қилиб қўйганлар. Дарҳақиқат, бундай фазилатлар асл эътиборига кўра бизнинг захматкаш халқимизга муносиб иш бўлиб, биз авлодлар бу билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Мамлакатимизда жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш масаласи биз учун умуммиллий, умумдавлат миқёсидаги вазифа бўлиб, бу эзгу мақсад йўлида амалга ошираётган ишларимизни изчил ва қатъиятлик билан давом эттириш бугунги сиёсатимизнинг диққат марказида турибди.

М.Норматов, Самарқанд туман 2-сон  ДНИ нотариуси


Рўйҳатга қайтиш