Соғлом она ва бола — келажак таянчи

Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасида кўтариб келинмоқда. Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни сақлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ҳам жисмонан, ҳам маънан баркамол авлодни вояга етказиш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 1998 йилни “Оила йили”, 2000 йилни “Соғлом авлод йили”, 2001 йилни “Оналар ва болалар йили”, 2014 йилни “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши ҳам мамлакатимизда соғлом авлодни вояга етказиш йўлида олиб борилаётган чуқур ислоҳотлардан дарак беради.

Янги 2016 йилнинг “Соғлом она ва бола йили” деб аталиши эса соғлом она – соғлом бола умуммиллий дастурларимиз доирасида амалга оширилиши лозим бўладиган яна бир қадам дейиш мумкин. Бу олижаноб мақсад йўлида қилинаётган улкан ишлар болаларимизнинг соғлом туғилиши ва улғайиши, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, таълим тизимини такомиллаштириш, қолаверса, болалар спортини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлардир.

Ана шу ислоҳотларнинг самараси ўлароқ, бугунги кунда мамлакатимиз болаларининг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади. “Save the Сhildren” халқаро ташкилоти рейтингига кўра, Ўзбекистон дунёдаги болалар саломатлиги тўғрисида энг кўп ғамхўрлик кўрсатадиган ўнта мамлакат қаторидан жой олди.

Мамлакатимиз аҳолисининг 64%ни ёшлар ташкил этади. Уларнинг мукаммал инсон сифатида униб улғайиши ва замона билан ҳамнафас бўлишлари учун барча зарур моддий ва маънавий имкониятлар муҳайё этилган. Буларнинг барчаси соғлом она, соғлом бола ва соғлом ҳалқ учундир. Негаки, соғлом онадангина соғлом бола туғилади. Бунинг мисоли худди, соғ танда - соғлом ақл, деганларидек.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги ҳисоботида қайд қилинишича, Ўзбекистон ҳудудида 1990 йилдан 2015 йилгача бўлган давр мобайнида оналар ва болалар ўлими 33.3 % қисқарган. Шу билан бирга, туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш, айниқса қишлоқ жойларда оналар ва болалар саломатлиги патронаж тизимини ривожлантириш, педиатрия ва туғруққа тиббий ёрдам кўрсатувчи муассасаларнинг моддий ва техник базалари мустаҳкамланмоқда. Давлатимиз томонидан оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича қилинаётган чора ва тадбирлар ҳалқаро ташкилотлар ЮНИСЕФ, ЮНФПА, ЖССТ ва бошқа ташкилотлар томонидан кенг қувватланмоқда.

Юқорида айтиб ўтилган мисоллар, рақамлар ўз-ўзидан бўлиб қолмаган. Истиқлолимизнинг 24 йиллик умри ётади бунинг замирида.

Инсон бугун кечагидан, эртага эса бугунгидан-да фаровон турмуш кечиришни хоҳлайди. Ўғил-қизларим соғлом ва баркамол, бекаму кўст ва бахтли яшасин, деб тиним билмай меҳнат қилади. Дарҳақиқат, биз таянчимиз ва суянчимиз, ғуруримиз ва ифтихоримиз бўлган болаларимизга, фарзандларимизга ишонч билан қарашимиз, уларнинг комил инсон бўлиб тарбияланишига жиддий эътибор беришимиз лозим. Бу миллатимизга, халқимизга бўлган ҳурмат-эҳтиром ифодасидир. Зеро, Президентимиз раҳнамолигида “Соғлом она ва соғлом бола” йилида мамлакатимизда қилиниши лозим бўлган ишлар эзгу мақсадларга хизмат қилиши, шубҳасиздир.

Дилшод Ашуров, Самарқанд шаҳар 8-сон ДНИ нотариуси 


Рўйҳатга қайтиш