Соғлом бола аҳил оиланинг меваси

Инсониятнинг маънавий камол топишида оиланинг ўрни муҳим. Оила жамиятимизнинг ажралмас қисми, унда инсон дунёга келади ва вояга етади. Охирги йилларда мустақил Ўзбекистонимизда оила ва никоҳ муқаддас қадрият сифатида эътироф этилгани боис оила илми, аниқроғи, никоҳга кириб оила қуриш, фазилатли, юртпарвар, ақлли ва солиҳ фарзандлар ўстириб, камолга етказиш илми ҳақида тез-тез гапириладиган бўлдик.

Бугуннинг аёли, унинг саломатлиги, унинг саводхонлиги, тадбиркорлиги, фарзандлар тарбиясидаги жонсараклиги фарзандларимиз онгига фуқаролик бурчи, масъулият ҳисларини сингдиради.

Ўзбекистон аҳолисининг деярли ярми мактабгача ва мактаб ёшидаги болалардир, иккинчи томондан, соғлом авлод-келажагимиз гарови ҳисобланади.

Оила иккита улкан вазифани, яъни соғлом фарзандларни дунёга келтириш ҳамда уларга муносиб тарбия беришни йўлга қўяди. Буюк мақсадни ўз зиммасига олган ота-она олдида шундай вазифалар турадики, уларни унутиш мумкин эмас. Бола ҳаётининг биринчи кунлариданоқ унинг соғлом ўсиши ва ривожланиши ҳамда хулқининг шаклланишига ёрдам берувчи шароитни яратиш, одатларни тарбиялаш, унда катталар ҳамда тенгдошлар билан бўладиган муомала маданиятини тарбиялаш, нутқ маданиятини шакллантириш зарур.

Оиланинг асоси онадир, шахснинг шаклланиши унинг алласи-ю тарбиясидан, болани ўраб турган нарса ва ҳодисаларга берган баҳоси-ю, онанинг дунёқарашидан бошланади.

Шарқда қадим-қадимдан оила муқаддас Ватан саналган. Агар оила соғлом ва мустаҳкам бўлса, маҳалла тинчлик ва ҳамжиҳатликка эришади.

Презединтимиз ташаббуси билан соғлом авлодни тарбиялашга, маънавий бой, ахлоқан етук, интеллектуал ривожланган, юқори билимли шахсни шакллантиришга қаратилган кенг қўламли чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида, мамлакатимизда 2016 йил “Соғлом она ва бола йили”, деб эълон қилинди. Президентимиз И.Каримов таъкидлаганларидек, “Соғлом авлод деганда, шахсан мен, энг аввало, соғлом наслини, нафақат жисмонан бақувват, шу билан бирга, руҳи, фикри соғлом, иймон-эътиқоди бутун, билимли, маънавияти юксак, мард ва жасур, ватанпарвар авлодни тушунаман. Буюк давлатни фақат соғлом миллат, соғлом авлодгина қура олади”.

Оиланинг асосий вазифаси-наслни, аждодларнинг энг яхши анъаналари ва урф-одатларини давом эттириш, ота-боболарнинг таълимотларига риоя этиш, соғлом ёш авлодни тарбиялашдан иборатдир.

Соғлом болаларни тарбиялаб етиштиришда биринчидан, соғлом оила ва шу асосда ақлий жиҳатдан қобилиятли болаларни дунёга келтириш ҳамда шакллантириш учун шарт-шароитларни такомиллаштириш ва оилада юксак маънавий-ахлоқий муҳитни ривожлантириш лозим. Иккинчидан, давлат, жамият ва оиланинг соғлом болаларнинг туғилишига эътибор ва ғамхўрлигини кучайтириш зарур.

Демак, ёш оиланинг мустақил ҳаёт йўлидан тетик одим ташлаши учун унда соғлом ва ақлли фарзандлар дунёга келиши керак ва ота-она унинг муносиб тарбияланишини ўзлари учун энг муқаддас ва шарафли вазифа, деб билишлари лозим.



Рўйҳатга қайтиш