Оналар саломатлиги – соғлом авлод бардавомлигининг асоси

Презединтимиз ташаббуси билан соғлом авлодни тарбиялашга, маънавий бой, ахлоқан етук, интеллектуал ривожланган, юқори билимли шахсни шакллантиришга қаратилган кенг қўламли чора-тадбирларни изчил давом эттириш мақсадида мамлакатимизда 2016 йил “Соғлом она ва бола йили”, деб эълон қилинди. Президентимиз И.Каримов таъкидлаганларидек, “Соғлом авлод деганда, шахсан мен, энг аввало, соғлом наслини, нафақат жисмонан бақувват, шу билан бирга, руҳи, фикри соғлом, иймон-эътиқоди бутун, билимли, маънавияти юксак, мард ва жасур, ватанпарвар авлодни тушунаман. Буюк давлатни фақат соғлом миллат, соғлом авлодгина қура олади”. Шарқда қадим-қадимдан оила муқаддас Ватан саналган. Агар оила соғлом ва мустаҳкам бўлса, маҳалла тинчлик ва ҳамжиҳатликка эришади. Оиланинг асоси онадир, шахснинг шаклланиши унинг алласи-ю тарбиясидан, болани ўраб турган нарса ва ҳодисаларга берган бахоси-ю, онанинг дунёқарашидан бошланади. Бола ҳаётининг биринчи кунлариданоқ унинг соғлом ўсиши ва ривожланиши ҳамда хулқининг шаклланишига ёрдам берувчи шароитни яратиш, одатларни тарбиялаш, унда катталар ҳамда тенгдошлар билан бўладиган муомала маданиятини тарбиялаш, нутқ маданиятини, кўникмаларини шакллантириш зарур. Бугуннинг аёли, унинг саломатлиги, унинг саводхонлиги, тадбиркорлиги, фарзандлар тарбиясидаги жонсараклиги фарзандларимиз онгига фуқаролик бурчи, масъулият хисларини сингдиради.

Соғлом маънавиятли, теран идроқли онагина ўз фарзандига ватарпарварликни, келажакка ошончли тарбиялай олади. Ўзбекистон аҳолисининг деярли ярми-мактабгача ва мактаб ёшидаги болалардир, иккинчи томондан, соғлом авлод-келажагимиз гарови ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Давлатимиз раҳбари И.Каримов 1994 йил 2 май куни Ўзбекистоннинг биринчи давлат мукофоти – “Соғлом авлод учун” орденини топшириш маросимида “Соғлом авлодни тарбиялаш – буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш деганидир” деб таъкидлаган эди. Ушбу теран маъноли сўзлари оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни маънавий ва жисмоний тарбиялаш, уларда Ватанга муҳаббат туйғусини шакллантиришда асосий йўналишни белгилаб берди. Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда 1998 йил Оила йили, 2000 йил Соғлом авлод йили, 2001 йил Она ва бола йили, 2008 йил Ёшлар йили, 2012 йил Мустаҳкам оила йили, 2014 йил Соғлом бола йили, деб эълон қилингани ҳамда шу муносабат билан тегишли давлат дастурларининг бажарилгани бу борадаги эзгу ишларга мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. Бунинг самарасида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Соғлом она – соғлом бола” концепцияси халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилмоқда. Ушбу концепциянинг изчил амалга оширилаётгани туфайли кейинги беш йилда мамлакатимизда ҳар 100 минг чақалоққа нисбатан оналар ўлими 23,1 дан 19 тага, 5 ёшгача бўлган болалар ўлими 14,8 тадан 13,9 тага, чақалоқлар ўлими 11 тадан 10,7 тага камайди. Ушбу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришди. “Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади” деган ҳаётбахш қадрият ва олижаноб ғояни жамиятимизда теран англаш ва қарор топтириш, оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, жамиятда оналарга алоҳида ҳурмат-эҳтиром муҳитини мустаҳкамлаш, баркамол авлодни тарбиялаш, оила институтини мустаҳкамлашда давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида 2016 йил 9 февралда Президентимиз Ислом Каримов томонидан “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури тасдиқланди. Ушбу дастурда оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш, кучли, барқарор ва фаровон давлат негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш каби муҳим йўналишларни белгилаб олишни кун тартибига қўйилди. Хусусан, жорий йилда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини тайёрлаш ишлари бошлаб юборилди.

Мухтасар айтганда, бу борадаги ишлар ва янги ташаббусларни амалга оширишни изчил давом эттириш, шубҳасиз, мамлакатимизда шаклланган оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш, баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилади.

Р.Раимжонов, Булунғур туман 2-сон ДНИ нотариуси 


Рўйҳатга қайтиш