Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур

Маълумки, мамлакатимизда аҳолининг 64 фоизни ёшлар ташкил этади. Фарзандларимизнинг баркамол инсонлар бўлиб улғайиши ва давр билан ҳамнафас бўлиб яшаши учун юртимизда зарур барча имкониятлар муҳайё этилган. Бу борадаги босқичма-босқич ислоҳотларнинг самараси ўлароқ, бугунги кунда мамлакатимиз болаларининг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, “Save the Children” халқаро ташкилоти рейтингига кўра, Ўзбекистон дунёдаги болалар саломатлиги тўғрисида энг кўп ғамхўрлик кўрсатадиган ўнта мамлакат қаторидан жой олган. Яна бир муҳим эътироф: Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги хисоботида қайд этилишича, Ўзбекистон ҳудудида 1990 йилдан 2015 йилгача бўлган давр мобайнида оналар ва болалар ўлими 33,3 қисқарган.

Албатта, бундай натижаларга эришишда юртимизда айни йўналишда юқорида тилга олинган кенг қамровли ва аниқ манзилли чора-тадбирларнинг изчил амалга оширилаётгани муҳим омил бўлмоқда. Шу билан бирга, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш, айниқса, қишлоқ жойларда оналар ва болалар саломатлиги бўйича патронаж тизими ривожлантирилиб, педиатрия ва туғруққа тиббий ёрдам кўрсатувчи муассасаларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланмоқда. Давлатимиз томонидан оналар ва бодлалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган бундай таъсирчан ва самарали чора-тадбирлар ЮНМСЕФ, ЮНФПА, ЖССТ каби нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда ҳамкор давлатлар томонидан 
қўллаб-қувватланмоқда.

Ана шу мавзуда сўз борганда, биргина амалий мисолга тўхталиб ўтмоқчимиз. Яъни бугунги кунда Тошкент шаҳрида Ўзбекистоннинг энг яқин ҳамкор давлатларидан бири бўлмиш Жанубий Кореянинг беғараз ёрдами билан қиймати 130 миллион 600минг доллар бўлган кўп тармоқли замонавий болалар шифохонаси бунёд этилмоқда.

Ушбу мажмуа – мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ҳудудида ягона бўлган, тўртинчи, яъни энг юқори даражага эга ноёб тиббиёт маскани сифатида яқин келгусида фойдаланишга топширилади. Табиийки, бу ҳам соғлом авлод тарбияси йўлида улкан бир қадам бўлиши тайин.

Бир сўз билан айтганда, соғлом бола, соғлом авлод орзуси аждодларимиздан бизга ўтиб келаётган, қон-қонимизга сингиб кетган азалий интилишдир. Зотан, инсон бугун кечагидан, эртага эса бугунгидан-да фаровон турмуш кечиришни хоҳлайди. Ўғил-қизларим соғлом ва баркамол, бекаму кўст ва бахтли яшасин, деб тиним билмай меҳнат қилади.

Шу нуқтаи назардан, 2016 йил – “Соғлом она ва бола” йилига мана шундай эзгу ва олижаноб ниятлар билан қадам қўяётганимиз бежиз эмас. Бинобарин, Президентимиз таъбири билан айтганда, давлатимиз ва жамиятимизнинг қудрати ва салоҳиятини, бутун борлиғимиз ва куч-ғайратимизни шу йўлда сафарбар этиш учун барча шароит ва имкониятларга эгамиз.

Дилшод Ашуров, Самарқанд шаҳар 8-сон ДНИ нотариуси


Рўйҳатга қайтиш