“Ягона оилада – В семье единой” шиорининг ҳаётий аҳамияти

Маълумки, Ўзбекистон кўп миллатли, турли динлар вакиллари яшайдиган бағрикенг юрт. Мамлакатимизда диний ва миллий бағрикенглик тамойилларига амал қилиниб келинаётгани боис, турли миллий маданий марказлар, диний конфессиялар, ташкилотлар кенг ва эркин фаолият юритмоқда. Миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларимизни ватанпарварлик, инсонпарварлик ва байналмилаллик руҳида тарбиялаш борасида самарали фаолият олиб борилмоқда.

Мамлакатимиз ҳудудида азал-азалдан турли ҳил миллат вакиллари ҳамжиҳатликда ҳаёт кечириб келишган. Уларнинг муносабатлари доимо ўзаро ҳурмат, бағрикенглик руҳида шаклланган. Қадимдан ўзбеклар билан бир қаторда худудимизда тожиклар, қозоқлар, туркманлар, қирғизлар, уйғурлар, ва бошқа халқлар, миллатлар вакиллари истиқомат қилганлар. Йиллар давомида юртимиз ҳудудига эронийлар, афғонлар, ҳиндлар, хитойлар, араблар, руслар, украинлар, беларуслар, азарбайжонлар, татарлар, мордвалар, марилар, удмуртлар, бошқирдлар, немислар, болгарлар, венгирлар, арманлар, азарбайжонлар 
ва бошқа миллат вакиллари кўчиб келиб шу ерда жойлашганлар.

Мустақиллик йилларида юртимиз сиёсатининг муҳим жиҳатларидан бири сифатида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш намоён бўлиб келмоқда. Мамлакатимизда ҳар бир миллат ва элат вакилига ўз ҳуқуқларини эркин ифода этиш, миллий қадриятлари, анъаналари ва урф-одатларини тарғиб қилишига барча шароитлар яратиб берилган.

Биринчи Президентимиз ташаббуси билан миллий маданий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида 1992 йил январда Республика байналмилал маданият маркази ташкил этилди. Ушбу даврдан бошлаб юртимизда турли миллат вакилларининг тили, маданияти ва урф-одатларини авайлаб асрашга ҳамда ривожлантиришга хизмат қиладиган миллий-маданий марказлар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда, шу жумладан, 1995 йилда уларнинг сони 70 тага, 2000 йилда эса 100 тага етди. Бугунги кунда мамлакатимизда 140 дан зиёд миллий-маданий марказлар фаолият кўрсатмоқда.

Самарқанд вилоятида рўйхатдан ўтган марказлар сони 10 тани ташкил қилади. Улар миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ғояларини тарғиб қилиш борасида сўнги йилларда самарали фаолият олиб бормоқдалар. Булардан 7 таси (корейс, арман, татар-бошқирд, немис, еврей, поляк, тожик ва тожикзабон) бевосита Самарқанд вилоят адлия бошқармасида давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса, 3 таси (рус, турк, озарбайжон миллий маданий марказлари) республика ташкилотининг ҳудудий бўлинмаси сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Бугунги кунда мазкур маданий марказлар ўз фаолиятларини фаол олиб бориб, турли ҳил тадбирларни ўтказиб келмоқдалар.

Миллий маданий марказларимиз ҳар йили «Ўзбекистон – умумий уйимиз», «Ватан битта, Ватан ягона», «Бизнинг кучимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда» каби фестивалларда, октябрь ойида ўтказиладиган “Самарқанд шаҳри”га бағишланган байрамларда фаол иштирок этиб келмоқда. Улар томонидан ўтказиладиган Навруз, Пасха, Сабантуй, Масленица, Янги йил байрамлари, Рождество каби байрамлар миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга ҳизмат қилади. Миллий маданий марказлар қошида ташкил этилган рақс, ашула ва чолғу ансамбллари эса турли миллат маданиятини янада ривожлантириш ва келгуси авлод вакилларига етказишда жуда муҳим ўринни эгаллайди.

“Хар қандай миллат у нақадар кичик бўлмасин инсонийликнинг бўлагидир ва ҳар қандай миллий бирликнинг унинг тил, маданий ва бошка хусусиятларининг йўқ бўлиб кетиши ер юзидаги маданий ва фаннинг, шахс имкониятларининг қашшоқлашувига олиб келади. Шу боис хар бир этник бирликни сақлаб қолиш ва унга мансуб одамларнинг энг мухим мақсади бўлиши керак ва бу мақсад, биринчи навбатда, ушбу этник гурухларни ўз ичига олувчи хар бир аҳолида давлатнинг вазифасидир” деган эди И.Каримов.

Республикамиз миллат ва элатлар хуқуқ ва эркинликларни мухофаза қилишга доир халқаро битимларни амалга ошириш халқаро майдонда этник бирликларнинг хуқуқларини таъминлаш масаласига доир тамойиллар ишлаб чиқиш жараёнида ҳам фаол қатнашмоқда. Хусусан, Ўзбекистон фуқаролик ва сиёсий хуқуқлар тўғрисидаги халқаро факт, ирқий камситишларнинг барча турларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенция, геноцид жиноятларининг олдини олиш ва унга нисбатан жазолар тўғрисидаги конвенция, миллати, элати, дини ёки тили нуқтаи назаридан кам сонли бўлган гуруҳга мансуб шахсларнинг хуқуқлари тўғрисидаги декларация каби қатор хужжатларни имзолагани ҳам мазкур йўналишдаги ҳаракатлар кўламини белгилаб беради.

Конституциямизнинг 4-моддасида давлат сиёсатининг асосий принципи сифатида Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиши белгиланган.

Бундан ташқари, асосий қонуннинг 18-моддасида инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқи сифатида Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг эканлиги қайд этилган.

Мазкур норма қонунчиликнинг ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжати замирида ётади десак, муболаға бўлмайди.

Юқорида қайд қилинган тамойилларга асосланган ва оқилона ташкил этилган сиёсат туфайли миллатлардан қатьий назар, барча фуқаролар жамиятимиз ижтимоий-сиёсий, маьнавий ҳаётида фаол иштирок этиб, “Ягона оилада – В семье единой” шиорининг нечоғлик аҳамиятли эканлигини ҳис этган ҳолда, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш йўлида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Улар Ўзбекистонни ўз Ватан , тақдири Ўзбекистон тақдирига туташ, ўз миллий маданиятлари ривожини Ўзбекистон тараққиётининг узвий қисми деб билмоқда. Фидокорона меҳнати ва ижтимоий ҳаётидиги фаол иштироки учун Ватанимизнинг олий мукофоти “Ўзбекистон қахрамони” унвони билан бир қаторда, рус, тожик, украин, қозоқ, корейс, араб мамлакатларига мансуб юртдошларимизнинг борлиги унинг ёрқин мисолидир.

Мамлакат ва ўлкалар кўп. Аммо инсоннинг ота-онаси каби Ватани ҳам битта бўлади. “Ўзбекистон – Ватаним маним” деган мағрур жарангловчи шиор бугунги кунда мамлакатимизда истиқомат қилувчи русу тожик, қозоғу қирғиз, туркману корейс, арману грузин каби миллат вакиллари тилида жаранглаб, миллий бирлигимиз тимсолига айланаётгани, катта-кичик тадбирларда ранго-ранг либос кийган турли миллат болаларининг Ўзбекистонни чин дилдан мадҳ этаётгани Ватан барча ўзбекистонликлар учун том маънода ягона эканидан далолат беради. Жаҳон миқёсидаги нуфузли спорт мусобақаларида юртимиз вакилларининг ғалабаси, ғолиб бўлганликлари учун уларнинг шарафига озод Ватанимиз байроғи баланд кўтарилгани, кўзларидаги севинч ёшлари, юрт байроғини кўзларига суртиб, кўксини баланд тутгани бу муборак тупроқ ҳар бир юртдошимизга чексиз ғурур-ифтихор бахш этишини кўрсатди. Буларнинг барчаси “Ватан” тушунчасининг мазмун-моҳияти, сеҳру жозибаси ва қудрати унинг барчага тенглиги ҳамда барчани бирлаштира олишида ҳам намоён бўлишини кўрсатади.

Яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиш, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни сақлаб қолиш ва юртимиз бугунги кунга қадар эришган ютуқлар мисолида байроғимизни дунё миқёсида янада баландларга кўтариш эса мамлакатимиз ҳар бир фуқаросининг бурчи ҳисобланади.

Ш.Гулжамол, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси масъул ходими 


Рўйҳатга қайтиш