Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

16

ОИЛА МУҚАДДАС – ДАРГОҲ


 “Одам мевага, ота-она дарахтга ўхшайдир. Дарахтни ҳар қанча яхши тарбият қилсанг, меваси шунча яхшироқ ва ширинроқ бўлур. Ота-онага иззат ва ҳурматни қанча кўп қилсанг уларнинг дуоси шунча тезроқ мустажоб бўлур”.

“Қобуснома”да шундай ҳикмат битилган

Оила муқаддас даргоҳ. Ота-боболаримиз, момоларимиз ўгити, насиҳатларига тўла маскан. Меҳр-муҳаббат ва инсонийлик туйғулари улуғлунган жой. Ота-она, ака-ука, опа-сингил ва барча қариндошлар бир бўлган диёр.

Дарҳақиқат, оила ватан ичра ватандир. Оила ҳақида ҳуқуқий, психологик, сиёсий, ижтимоий, диний таърифлар мавжуд. Бироқ энг юксак таъриф бу инсон ўз оиласи ҳақида кўнгли хотиржам ҳолатда берган таърифи ҳисобланади. Энг эътиборли жиҳати шуки, оила ҳақида халқаро амалиётида ва миллий амалиётда ҳам ягона таъриф мавжуд эмас. Ўзбекистон Республикаси конституциясининг 63-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгалиги кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон Республикасининг оила кодексида ҳам оила тушунчасига ягона таъриф мавжуд эмас. Бироқ, кодекснинг 1-моддасида оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг вазифалари оилани мустаҳкамлашдан, оилавий муносабатларни ўзаро муҳаббат, ишонч ва ҳурмат, ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам бериш ҳамда оила олдида унинг барча аъзоларининг масъуллиги ҳисси асосида қуришдан, бирон-бир шахснинг оила масалаларига ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўймасликдан, оила аъзолари ўз ҳуқуқларини тўсқинликсиз амалга оширишини ҳамда бу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборатлилиги белгиланган.

Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан 1993 йилда 47/237-сонли қарорига мувофиқ, 15 май “International Day of Families” – “Халқаро оила куни” этиб белгиланиб аъзо мамлакатларда ушбу кун байрам сифатида кенг нишонланиши ва оилавий муносабатларни яхшилашга қаратилган дастурлар қабул қилиниши белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги
ПҚ-3808-сон қарорига мувофиқ, 15 май хар йили халқаро оила куни сифатида республика бўйлаб кенг нишонланиши белгилаб қуйилди.

 Жорий йилнинг 22 апрелида “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор Президент томонидан имзоланди. Қарорга мувофиқ, ота-она қарамоғисиз қолган болаларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни улар Меҳрибонлик уйларига жойлаштирилган, васийликка ёки ҳомийликка олувчи билан бирга яшаётган бутун вақт мобайнида, ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар бронлаштириш ҳуқуқи берилди;

болаларнинг рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъи назар, уларга барча ижтимоий хизматлар кўрсатилади;

болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланади ва бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди;

14 ёшга тўлган бола ўзининг таъминоти учун бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли;

болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилган даъвогар давлат божи ва бошқа тўловларни тўлашдан озод қилинади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди.

2019 йил 1 сентябрдан эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши ўн саккиз ёш этиб белгиланди.

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар учун қўшимча равишда бир фоизгача давлат гранти асосидаги қабул квоталари ажратилади.

Давлат статистика қўмитасига оналик ва болаликка оид статистик маълумотларни “stat.uz” веб-сайтига жойлаштиришни ва маълумотларни доимий равишда янгилаб бориш вазифаси юкланди.

“Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилади.

“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга болага нисбатан ишлатиладиган тазйиқ ва зўравонликлар турлари ҳамда унинг олдини олиш бўйича қўшимча кафолатларни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади.

Шунингдек, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун профилактик ҳисобга олиш ўрнига, уларнинг жамиятга мослашувини таъминловчи механизм жорий этилади.

Бундан ташқари, қарорга мувофиқ ходимларнинг ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар билан ишлаши бўйича методик қўлланма, васийлик ва ҳомийлик органларининг мақомини белгилаш ҳамда фаолиятини такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат, ювенал адлия тизимини жорий этиш бўйича концепция ишлаб чиқилиши белгиланган.

Юқоридагиларга асосан, оила муқаддаслиги, оила эр-хотин ўртасидаги муносабатлар, ота-она ва болалар ўртасидаги шахсийномулкий ва мулкий муносабатларни тартибга солишда уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида оила маркази ходимлари томонидан манзилли ва предметли тарғибот тадбирларини кучайтириш лозим. Шунингдек, халқаро амалиётдан келиб чиққан холда оила тушунчасига ягона ҳуқуқий таъриф ишлаб чиқиш ва уни Оила кодексида акс эттириш мақсадга мувофиқдир.

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи
Хосиятхон Абдурахмонова