Боғланиш

Телефон
(+998 66) 233-13-59

Электрон манзил
samarqand@adliya.uz

Ҳабарни юбориш
Ишонч телефони 1008

Янгиликлар

19

Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш йўлида


Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича ҳуқуқий маърифий тадбирлар ва учрашувларни кенгайтириш, халқимиз тарихи, дини, миллий қадриятларини ёш авлод онгида шакллантириш орқали ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш каби долзарб вазифалар турган бир пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги 2019 йил 9 январдаги ПФ-5618-сонли Фармонининг қабул қилиниши айни муддаодир.
Мазкур Фармонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантиришга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини оширишга тўсқинлик қилувчи бир қатор муаммо ва камчиликлар кўрсатиб ўтилган. Жумладан, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда энг аввало, ҳуқуқий таълим ва тарбия борасидаги ишлар тизимли ва узвий олиб борилмаётганлиги, узоқ йиллар давомида бу масала ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва айрим давлат органларининг иши сифатида қараб келиниб, бунда оила, маҳалла ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг иштироки етарлича таъминланмаганлигини, ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ҳар бир шахсда қонунларга ва одоб-ахлоқ қоидаларига ҳурмат, миллий қадриятларга садоқат, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ҳиссини уйғотиш ишига комплекс тарзда ёндашилмаганлиги ҳамда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини аҳоли онгига сингдириш ишларининг етарли олиб борилмаслиги ҳам қонун устуворлигини таъминлашга ўзининг жиддий салбий таъсирини кўрсатаётганлиги айтиб ўтилган.
Шу ўринда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият ўзи нима деган саволга ойдинлик киритиб ўтамиз.
Ҳуқуқий онг – қисқача қилиб айтганда ҳуқуқ ва қонунчиликка оид одамларнинг тасаввурлари, уларнинг ҳис-туйғулари, амалий тажрибалар таъсирида пайдо бўлган ҳуқуққа нисбатан муносабатини ифодалайди.
Ҳуқуқий маданият эса – фуқароларнинг давлат ва ҳуқуқ ҳақидаги муҳим билимларни эгаллаб олиши, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақидаги тушунчаларини талқин қила олиши ҳамда улардан тўғри фойдалана олишидир.
Бугунги кунда юртимизда барча жабҳаларда туб ўзгаришлар юз бераётган масъулиятли паллада ҳуқуқий тарбиянинг барча шакл ва усулларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этишини ёдимиздан чиқармаслигимиз лозим. Шу сабабли ҳуқуқий маданиятимиз даражасига танқидий баҳо бериб, муаммоларимиз сабабини чуқур ўрганишимиз керак. Бироқ фақатгина қонунларни ўргатиш ва жавобгарлик билан қўрқитиш орқали қонун устуворлигига ва тараққиётга эриша олмаймиз. Бундан ташқари, ҳозирги глобаллашув, илмий-техник тараққиёт даврида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришнинг инновацион усулларидан, тарғиботнинг илғор ва таъсирчан воситаларидан, хорижий давлатларнинг бу борадаги ижобий тажрибаларидан етарли даражада фойдаланмаётганлигимиз юқоридаги фикрларимиз исботидир.
Фармон асосида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ҳуқуқий билимларини ошириб боришнинг замонавий усулларини жорий этиш, шунингдек, аҳолини, айниқса, ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш мақсадида Адлия вазирлиги жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш соҳасида мувофиқлаштирувчи Давлат органи этиб белгиланган.
Бундан ташқари, аҳолининг ҳуқуқий билимлари етарли эмаслиги, давлат органларининг қонунга хилоф қарорлари устидан судга шикоят қилиш имкониятидан деярли фойдаланмаслиги мансабдор шахслар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари камситилиши ҳолатларининг вужудга келишига сабаб бўлаётганлигини инобатга олиб, тегишли давлат органларига аниқ вазифалар юклатилган. Шунингдек, фармон билан “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш” концепцияси қабул қилиниб, унинг асосий вазифа ва мақсадлари, асосий йўналишлари кўрсатилган ва Концепцияни самарали амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган. “Йўл харитаси”га 88 та банд киритилган бўлиб, барча соҳаларда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган ҳамда жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш “шахс - оила - маҳалла - таълим муассасаси - ташкилот - жамият” принципи бўйича тизимли ва узвий ташкил этилиши назарда тутилган.
Ислоҳотлар ижросини таъминлаш борасида Нарпай туман адлия бўлими томонидан ҳам бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, туман ҳудудида манзилли ва предметли тарғибот амалга оширилиб, асосий эътибор ёшларга қаратилмоқда. Бундан кўзланган мақсад мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида ёшларнинг иштирокини янада фаоллаштириш, ёш авлод вакилларини қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, турли зарарли иллат ва ёд ғоялар таъсиридан ҳимоялаш, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти, билимлари ва масъулиятини мунтазам ошириш ҳамда вилоятнинг туман (шаҳар)ларида, айниқса чекка ҳудудларида истиқомат қиладиган кўп сонли уюшмаган ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдан иборатдир.
Таълим даргоҳларида ёшлар билан учрашувлар ўтказиш билан бир қаторда, ўқувчиларни бўлим биносига таклиф қилган ҳолда, уларни суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардор қилиб, қонунларга киритилаётган ўзгартириш ва янгиликлар ҳақида, шунингдек ёшларнинг ҳуқуқий онг ва маданиятини ошириш борасида кенг тушунчалар бериб борилмоқда.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ушбу кўзда тутилган мақсадли ишларни амалда ижро этилиши учун ҳар биримиз масъул эканлигимизни ҳис қилишимиз, шундагина фуқаролар ўртасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият юксалиб боради ва қонунлари устувор бўлган давлатгина ривожланади.

  Нарпай туман адлия
  бўлими бошлиғи
  Ж. Қиличев