Боғланиш

Телефон
(+998 66) 233-13-59

Электрон манзил
samarqand@adliya.uz

Ҳабарни юбориш
Ишонч телефони 1008

Янгиликлар

15

Оила – жамият таянчи


  Юртдошларимиз бир-бири билан учрашганда оилангиз тинчми, бола-чақангиз омонми, барча соғ-саломатми дея ҳол - аҳвол сўрайдилар. Халқимиз оилани асрашни азалдан муқаддас вазифалардан бири, деб билиши бежиз эмас. Бу туйғу неча асрлар давомида авлоддан авлодга ўтиб келмоқда. Кузатган бўлсангиз, эндигина тетапоя бўлаётган ўғил - қизлар ҳам оила аъзоларини дарҳол ажратиб олиб, уларга тақлид қила бошлайди. Оила қанчалар муқаддас маскан экани уларнинг онгига болалигиданоқ муҳрланиб боради. Шу боис ҳам айрим мамлакатларда учраётгани каби юртимизда қонунлар, қарорлар ва фармойишлар чиқариб, фарзанд тарбияси ва туғилишни назорат қилишга ҳожат йўқ. Урф - одат ва анъаналаримиз, маданиятимиздан озуқа олган ўғил - қизларимизнинг фитратига ёшликларидан ота-оналарига кўмак бериш, сўнгра ўз оилалари учун қайғуриш ҳисси сингиб боради.
  Зеро, муқаддас заминимизда қадимдан миллий урф-одат ва анъаналаримизни ёш авлод онгига сингдиришда, уларни жисмонан баркамол, маънан етук, меҳр-оқибатли инсонлар қилиб тарбиялашда оила муҳити муҳим ўрин эгаллаб келган. Кексаларнинг ибратли ҳаёт йўли, ўгитлари, йиллар силсиласида тобланган тажрибаси ёшларимизнинг тўғри йўлни танлашларида йўлбошчи вазифасини ўтамоқда.
  Оила тушунчаси ҳамиша Давлатимиз томонидан ҳам, халкимиз томонидан ҳам диққат - эътиборда бўлиб келган ва бундан кейин бош сиёсати бўлиб қолаверади. Шу боис Мустақилликка эришганимиздан кейин йилларнинг номланишида оилаларнинг фаровонлигини янада оширишига катта эътибор қаратилган. Хусусан, йилларнинг “Соглом авлод йили”, “Хомийлар ва шифокорлар йили”, “Оила йили”, “Мустаҳкам оила йили” деб аталиши бежиз эмас.
Оилани мустаҳкамлаш дунё миқёсида бош масала даражасига кўтарилган муаммолардан биридир. Оилалар аҳиллиги ва мустаҳкамлигига эришиш мақсадида, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблияси 1993 йил 20 сентябрдаги йиғилишида 15 майни ҳар йили “Халкаро оила куни” сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Шундан буён бутун дунёда, жумладан юртимизда ҳам “Халкаро оила куни” кенг нишонланиб келинади. Ўтган йиллар мобайнида юртимизда оила тушунчаси, унинг мазмун-моҳияти, жамиятда тутган ўрни масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, барча ҳуқуқий асослар яратилганини таъкидлаш лозим. Айниқса, аёллар ва болалар манфаатлари, саломатлигини ҳимоя қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.
  Оилавий муносабатнинг қонун билан ҳимояланиши Республикамиз Конституциясида, Оила кодексида ва бошқа қонун ҳужжатларда ўз ифодасини топган. Конститутциянинг 63-моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга” деб тасдиқланган. Оила кодекси ва бошқа қонунлар орқали ёш ва кўп болали аёлларни ишга қабул қилишда имтиёзлар белгиланган.
   Шунингдек, “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси”да оилавий муносабатлар давлатлар зиммасига юклатилган муҳим вазифалардан бири бўлиб, у кенг маънога эгалиги, бу халқаро ҳужжатларда оиланинг жамиятининг табиий ва асосий қуйи хужайраси сифатида, унинг дахлсизлигини таъминлаш, болаларга таълим ва тарбия бериш, оналар ва ишга яроқсиз оила аъзоларига зарур бўлган моддий имтиёзлар туғдириш ва оилани мустаҳкамлаш ҳамда йўлга қўйиш лозим бўлган муҳим масалалар назарда тутилган.
2011 йилда «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуннинг қабул қилиниши ҳам катта муҳим вокеа бўлди. Сабаби ҳар бир оилада бизнесни ташкил қилиш кўп ва сифатли маҳсулот ишлаб чикариш ва сотишнинг қонуний асослари белгилаб берилди.
  Шунингдек, аҳоли осойишталигини таъминлаш, оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, нуронийлар ижтимоий фаоллигини ошириш, маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари роли ва мавқеини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5938-сон Фармонининг қабул қилиниши эса хотин-қизлар ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, жамият ва оилада соғлом ва барқарор ижтимоий-маънавий муҳит ҳамда тинчлик, тотувлик ва осойишталикни таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини тубдан ислоҳ қилишда муҳим аҳамият касб этди.
Янги оила қураётган ёшларнинг тиббий кўрикдан ўтаётгани, хомиладор аёллар, болаларнинг бепул тиббий хизматдан фойдаланаётгани оилада соғлом турмуш тарзини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
  Оила – жамият таянчи. Ватан оила остонасидан бошланади. Зеро, оила соғлом экан - жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан – мамлакатимизда тинчлик, фаровонлик, тўкинлик барқарордир.
 

Элбек Давронов.
Оқдарё туман адлия 
бўлими бошлиғи.