Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

21

САМАРҚАНД ВИЛОЯТ АДЛИЯ БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИ С.НУРИЕВ ВИЛОЯТ КЕНГАШИДА АХБОРОТ БЕРДИ


      Бугун Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 90-сессияси бўлиб ўтди. Сессия кун тартибидан ўрин олган навбатдаги масала бўйича Самарқанд вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи С.Нуриев вилоятда 2023 йил I ярим йиллигида норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳаларида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди.

— 2023 йилнинг I ярим йиллигида адлия органлари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 54 та қарор лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди, — деди С.Нуриев ўз ахборотида. — Таъкидлаш лозимки, 2022 йилда туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан 24 та ҳолатда ҳужжатлар ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмасдан қабул қилинган бўлса, ҳисобот даврида ҳокимликлар ва адлия бўлимлари ўртасидаги йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик натижасида ушбу йўналишдаги қонунбузилиш ҳолатлари кузатилмади.

“E-qaror” электрон тизими орқали маҳаллий ҳокимликлар томонидан қарорлар қабул қилинишида 2022 йилнинг 1 ярим йиллиги давомида 148 та қонунбузилишга йўл қўйилган бўлса, адлия органлари томонидан масъул ходимларнинг малакаси оширилиб борилиши натижаси ҳисобот даврида мазкур кўрсатгич қарийб 1 бараварга камайиб, жами 86 тани ташкил этди.

        Бугунги кунда Юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан вилоятдаги жами 2000 дан ортиқ ташкилот ва муассасаларга юридик хизмат кўрсатилиб келинмоқда. Ўтган даврда марказлар томонидан жами 243 415 та ҳужжат лойиҳалари ҳуқуқий экспертиза қилиниб, 217 279 тасига ижобий хулоса берилган бўлса, уларнинг 26 136 таси қонунчиликка зид бўлганлиги сабабли қайтарилган.

Марказлар фаолиятининг йўлга қўйилиши натижасида ташкилотлар томонидан ноқонуний ҳужжатлар қабул қилиниши, қарийб 400 бараварга камайган. Жумладан, 2019-2020 йиллларда туман даражасидаги ташкилотларнинг 24 639 та ҳужжатлари судлар томонидан бекор қилинган ёки мувофиқлаштирилган бўлса, 2022-2023 йилларда ушбу ташкилотларининг 57 та ҳужжатлари бекор қилинишига эришилди.

Ҳуқуқни қўллаш соҳасида 645 та давлат органлари ва ташкилотларида 669 марта назорат тадбирлари ўтказилиб, 109 мингдан (109 158 та) ортиқ қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланиб, 502 нафар шахсларнинг интизомий жавобгарлик масаласи ҳал этилди. Бундан ташқари, энг кўп қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилган соҳаларда ҳуқуқий қўлланмалар тайёрланиб, электрон шаклда тарқатилиб келинмоқда.   

        Бошқарма томонидан фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилинишига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Жумладан, “Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари асосида жами 11 млрд сўмдан ортиқ миқдордаги компенсация маблағлари тўлаб берилиши таъминланди. Самарқанд вилоятида соғлиқни сақлаш тизимида фаолият юритувчи 100 нафардан ортиқ ходимларга 5 млрд сўмдан ортиқ тўланмаган иш ҳақлари ва бошқа тўловлар адлия органларининг аралашуви билан тўлаб берилди.

Хусусан, жисмоний ва юридик шахсларга жами 98 487 374 970 сўм, жумладан тадбиркорларнинг шартномавий ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши натижасида 50 млрд сўмдан, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан имтиёзлар юзасидан 20 млрд сўмдан, тўланмаган иш ҳақлари ва унга тенглаштирилган тўловлар учун 5 млрд сўмдан ва бошқа тўловлар учун 20 млрд сўмдан ортиқ пул маблағлари тўлаб берилиши таъминланди.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 7 июлдаги “20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис” дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги ВМҚ-279-сон қарорига асосан “Ҳамкор тадбиркор” платформаси орқали келиб тушган 446 та “Ҳамкорлик шартномаси” лойиҳаларининг 409 тасига ижобий хулоса берилиб, 37 та шартнома лойиҳаларидаги камчиликларни бартараф этиб, ижобий хулоса бериш чоралари кўрилмоқда.

                Вилоятдаги Давлат хизматлари марказлари томонидан ўтган даврда 650 мингга яқин хизматлар кўрсатилди. Олис ҳудудларда яшовчи фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида 192 марта “Ўзимиз келдик” ҳуқуқий акцияси доирасида 3 422 та давлат хизматлари сайёр тарзда тақдим этилди. Қолаверса, 24 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтказилиб, уларнинг 22 861 (98 %) тасига марказлар томонидан масофадан туриб банк ҳисоб рақамлари очилишига амалий ёрдам берилди.

Хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш мақсадида Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари марказида хизматлар 3 та, яъни “осон”, “ўрта” ва “мураккаб” тоифаларга ажратилиб, “сариқ”, “кўк” ва “яшил” йўлаклар ташкил этилди ва бунинг натижасида навбатлар сони кескин камайиб, фуқароларнинг кутиш вақти ўртача 30 дақиқадан 3 дақиқагача камайди.

Хабарингиз бор, шу йил 1 июндан бошлаб туғилганликни тиббиёт муассасаларида қайд этиш тартиби жорий этилди. Бугунги кунда мазкур амалиёт орқали фуқароларимиз тиббиёт муассасаларининг ўзида QR-кодли маълумотнома олишмоқда. Ушбу маълумотнома туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага тенглаштирилган бўлиб, давлат органлари ва ташкилотлар томонидан қабул қилишни рад этиш қатъиян тақиқланган. Ушбу маълумотнома асосида фуқаролар исталган вақтда ФҲДЁ органларидан туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олишлари мумкин. Шунингдек ФҲДЁ бўлимларида ташкил этилган “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари”да 6 800 нафарга яқин ёшлар иштирокида мутасадди шахслар жалб этилган ҳолда 165 маротаба махсус ўқув-тарбиявий курслар ташкил этилиб, 54 та ажрим ёқасида турган нотинч оилалар яраштирилди.

Сессия давомида шунингдек, бошқарма томонидан ҳуқуқий тарғибот соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳам ахборот берилди. Депутатлар берилган ахборот бўйича ўзларини қизиқтирган савол ва таклифларини ўртага ташлади.