Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

12

“1 ойлик армия”: кимлар чақирилади-ю кимлар чақирилмайди? 10 та муҳим саволга жавоб


“1 ойлик армия”га бориш ҳамма учун мажбурийми? Хизмат ўташ тартиби қандай? Тўлов қанча ва бунда нималарга эътибор бериш керак

Хизматни ўтаганлар учун ўқишга киришда имтиёз бериладими? Hudud24.uz бугун сафарбарлик чақирув резервида хизматни ўташ тартиби ҳақида муҳим саволларга жавоб беради.
  1. Сафарбарлик чақирув резервида хизматни ўташ мажбурийми?
Ўзбекистон Конституциясида фуқароларнинг ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташи уларнинг мажбурияти эканлиги белгиланган. Сафарбарлик чақирув резервида хизматни ўташ ҳам ҳарбий хизматнинг бир тури саналади. Агар фуқаро бошқача турда ҳарбий хизматни ўтамаган бўлса, сафарбарлик чақирув резерви сафида 27 ёшигача хизматни ўташи шарт (қонунчиликдаги айрим ҳолатлар бундан мустасно).
  1. Кимлар “1 ойлик армия”га чақирилади-ю кимлар чақирилмайди?
Муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига навбатдаги муддатга чақирилмаган шахслар сафарбарлик чақируви резерви сафига олинадилар. Чақирилувчилар ҳар йили чақирув мавсумида, яъни март-апрель ойларида туман ҳокимининг қарори асосида тайинланган ҳудудий комиссия томонидан саралаб олинади. Бунда тиббий кўрик хулосасига кўра, соғлом деб топилган, оилавий шароити яхши бўлган номзодлар танлаб олинади. Қуйидаги тоифадаги шахслар тинчлик даврида муддатли ҳарбий хизматга ҳамда сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилишдан озод этилади: 1) саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган чақирилувчилар; 2) яқин қариндошларидан бири (ака-укаси, опа-синглиси) ҳарбий хизматни ўташ вақтида ҳалок бўлган ёки вафот этган чақирилувчилар; 3) рўйхатдан ўтган диний ташкилотлардан бирида диний рутба эгаси бўлган чақирилувчилар. Жиноий жавобгарликка тортилган, шунингдек судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар ҳарбий хизматга чақирилмайди.
  1. Хизмат ўташ тартиби қандай?
Сафарбарлик чақирув резервида ҳарбий хизматни ўташни шартли равишда икки босқичга бўлсак бўлади: тўловларни амалга ошириш ва бир ой давомида ҳарбий йиғинда бўлиш. Аввало, сафарбарлик чақируви резерви учун хизматга чақирилувчилар билан суҳбат ўтказилади. Кейин ушбу фуқаролар билан Сафарбарлик чақирув резерви сафида хизматни ўташ ва бадал ўтказиш тартиби тўғрисида ёзма шартнома тузилади. Тўловлар амалга оширилгандан сўнг улар бир ойлик ҳарбий йиғинга жалб этилади. Сафарбарлик чақируви резерви сафига олинган шахсларнинг ҳарбий йиғинлари ҳудудий принцип асосида Мудофаа вазирлигининг ҳарбий қисмлари базасида ташкил этилади. Бунда хизматчига қайси ҳудудда хизматни ўташ танлови берилмайди. Фуқаролар хизматни ўташ даврида ойлик ҳарбий йиғинларни ўташга жалб этилишлари, шунингдек фавқулодда вазиятлар ёки Ўзбекистон Республикасига қарши ҳарбий тажовуз рўй берган тақдирда ҳақиқий ҳарбий хизматга чақирилишлари ҳам мумкин.
  1. Тўловларни биратўла тўлаш шартми, аввалдан тўланмаса жавобгарлик келиб чиқадими?
Сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат сафига олинган шахслар томонидан пул бадаллари тўлаш хизматга олингандан кейин бир йил мобайнида тўланади. Томонларнинг келишувига кўра тўлов шартномада белгиланган муддат мобайнида тўлиқ ҳажмда бирйўла ёхуд босқичма-босқич амалга оширилиши мумкин. !!Муҳим: Шартнома имзолаётганингизда эътибор беринг: Сизда белгиланган тўловни бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи бор! Агар шартномада тўловлар тўлиқ ҳажмда бир йўла тўланиши кўзда тутилган бўлса, бадални аввалбошдан тўлашингиз шарт. Акс ҳолда тўланмаган сумма суд тартибида ундириб олинади. Ўзбекистонда сафарбарлик чақирув резервининг (1 ойлик ҳарбий хизмат) тўлов бадали меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 7 баробарига (6 млн 860 минг сўм) тенг.
  1. Сафарбарлик чақирув резервида хизматни ўташ учун тўланган пул қайтариб олиниши мумкин?
Пул бадалларини тўлаган, лекин бир ойлик ҳарбий йиғинга ҳали бормаган сафарбарлик чақируви резерви хизматчисига у тўлаган маблағлар қуйидаги ҳолатларда қайтарилади:
  • хизматчи ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилганда (бошқача айтганда, бадал пулларини тўлагач, тиббий кўриклардан ўта олмаганда);
  • хизматчи I, II ёки III гуруҳ ногирони бўлиб қолса;
  • хизматчи вафот этган тақдирда (унинг яқин қариндошига, меросхўрига, васийсига ёки ҳомийсига);
  • Мудофаа вазирлигининг “Сафарбарлик чақируви резерви маблағлари” махсус ҳисобрақамига янглишиб пул ўтказиб юборилганда.
Бошқа ҳолатларда пул бадаллари қайтариб берилмайди.
  1. Меҳнат шартномаси асосида шлаётган фуқаронинг СЧРдаги хизмат даври учун ойлик маоши сақланадими?
Амалдаги Меҳнат кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, агар ходим сафарбарлик чақирув резерви сафида хизматни ўташга жалб қилинса, шу давр мобайнида унинг иш жойи (лавозими) ва ўртача ойлик маоши сақланади. Қолаверса, ходим ҳарбий йиғиндан қайтгунига қадар меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинишига йўл қўйилмайди (корхонанинг тугатилиши ҳолатлари бундан мустасно).
  1. Кимлар “1 ойлик” ҳарбий хизмат ўталиши муддатини кечиктиришга ҳақли?
Фуқароларнинг сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиш муддатини кечиктириш ҳудудий комиссиянинг қарори асосида қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади: – уларнинг оилавий шароитига кўра; – саломатлигига кўра; – ўқишни давом эттириши учун. Олий таълим муассасаларидаги таълимнинг кундузги ва кечки шаклида таҳсил олаётган талабалар ўз розилиги билан сафарбарлик чақируви резерви хизматига олиниши мумкин. Бунда талабалар бир ойлик ҳарбий йиғинларни ўташга июл-август ойларида жалб этилади.
  1. Сиртқи таълим шаклида ўқиётган талабалар ҳам хизмат муддатини кечиктириши мумкинми?
Қонунда олий таълим муассасаларида кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар ўқишни давом эттиришлари учун уларнинг чақирилиш муддати ўқишни тамомлагунларига қадар кечиктирилади. Эътибор беринг, бу ерда сиртқи ўқишда ўқийдиган талабаларнинг хизмат муддатини кечиктириши ҳақида гап бормаяпти. Демак, “заочное”да ўқийдиганлар СЧР да хизмат ўташ муддатини кечиктириш ҳуқуқига эмас.
  1. “1 ойлик армия”да бўлганлар учун ўқишга киришда имтиёз бериладими?
Муддатли ҳарбий хизмат ва контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаганлар учун бериладиган имтиёз ва кафолатлар сафарбарлик чақирув резерви сафида хизмат ўтаганларга нисбатан татбиқ этилмайди. Шунингдек, ОТМларга ўқишга киришда ҳам ҳеч қандай имтиёз тақдим этилмайди.
  1. Ҳарбий хизматни ўтамаганлик учун жавобгарлик борми?
Сафарбарлик чақирув резерви сафида хизматни узрсиз сабабларга кўра ўтамаганлик ҳарбий хизматдан бўйин товлаш сифатида таснифланади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 237-моддасига мувофиқ, муддатли ҳарбий хизмат ёки муқобил хизматга чақирувдан, сафарбарлик чақируви резерви хизмати сафига олинишдан ёки хизматни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервида ўташдан бўйин товлаш — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача (660 минг сўмдан 1 млн 650 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Неъматулло Замонов,
Hudud24.uz колумнисти.