Савол: Мен тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчиман. Бунинг учун тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтишим керак экан. Мен тегишли ҳужжатларни интернет тармоғи орқали тақдим этишим, тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтиш жараёнини Интернет тармоғи орқали амалга оширишим мумкинми?

С.Олимов, Самарқанд тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 ноябрдаги 312-сонли “Тадбиркорлик субъектларини интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан мамлакатимизда 2014 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини Интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш механизми жорий этилди.

Унга кўра, электрон рўйхатдан ўтказиш таъсис ҳужжатларини масофадан туриб ва интерактив расмийлаштириш йўли билан намунавий шакллар асосида тайёрлаш имконияти бўлган Ўзбекистон Республикаси интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали амалга оширилади. Электрон рўйхатдан ўтказишда зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда рўйхатдан ўтказиш учун ариза бериш, шунингдек рўйхатдан ўтказилган таъсис ҳужжатларини ва тадбиркорлик субъектларининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани бериш электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Маълумки, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сонли қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланган. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 ноябрдаги 312-сонли қарори билан мазкур Низомга ҳам тегишли ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилди ҳамда унда тадбиркорлик субъектини электрон тарзда давлат рўйхатидан ўтказиш механизми белгиланди.

Шунингдек, мазкур механизмнинг ҳуқуқий асоси Шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари тўғрисида намунавий низомда (рўйхат рақами 2580, 2014 йил 5 май) ҳам белгиланган. Унда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш учун ҳужжатларни топшириш ариза берувчи томонидан ўз яшаш жойидаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциясига келган ҳолда, почта алоқаси воситасида, шу билан бирга Интернет тармоғи орқали ҳам амалга оширилиши мумкинлиги назарда тутилди.

Савол: Мен тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаяпман. Солиқ органларининг жойлашган жойи менинг ташкилотим жойлашган жойдан узоқ масофада жойлашганлиги сабабли, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни амалга ошириш, уларни расмийлаштириш жуда кўп вақт ва харажатни талаб қилмоқда. Мазкур тўловларни ва уларнинг ҳисоботларини электрон тарзда топширишим мумкинми?

Т.Исломов, Узун тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 24 августдаги ПФ–4354-сонли “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳисоботлар тизими ҳамда молия, солиқ ва статистика идораларига ҳисоботларни топшириш механизмини уларни электрон тизим бўйича тақдим этишга босқичма-босқич ўтиш орқали тубдан соддалаштириш Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликларининг муҳим вазифалари этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 18 июлдаги ПФ–4455-сонли Фармонига асосан, 2013 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларининг солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича “Интернет-банкинг” тизими жорий қилинди.

Шунингдек, тижорат банкларига тўловларни электрон шаклда амалга оширувчи кичик тадбиркорлик субъектларининг ҳисобварақларига хизмат кўрсатганлик учун ундириладиган тўлов миқдорини камида 20 фоизга камайтириш тавсия этилди.

Бундан ташқари, Сиз тадбиркорлик субъектларига янада кўпроқ эркинликлар бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 15 апрелдаги ПҚ–2164-сонли “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2014 йил 1 октябрдан бошлаб, Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталида махсус “тадбиркорлик субъектининг кабинети” ишлаши белгиланди.

“Тадбиркорлик субъектининг кабинети”нинг жорий этилиши, биринчидан, молия, солиқ, статистика ва бошқа турдаги ҳисоботларни интерактив расмийлаштириш ва тақдим этиш, иккинчидан, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни, коммунал тўловларни, лицензия ва рухсат этиш характерига эга ҳужжатлар бўйича кўриб чиқишда ва уларни олишда тўланадиган йиғимларни ва давлат божларини Интернет-банкинг тизими орқали тўлаш, учинчидан, мазкур “Тадбиркорлик субъектининг кабинети” орқали маълумотномалар олиш ва бошқа интерактив давлат хизматларидан фойдаланиш имконини берди.

Савол: Мен Тошкент шаҳрида жойлашган акциядорлик жамиятининг акциядориман. Ҳозирда мазкур акциядорлик жамиятининг акциядорлари ўртасида жамиятнинг фаолияти билан боғлиқ низо келиб чиқмоқда. Мазкур низони суд тартибида ҳал қилиш учун қайси судга мурожаат қилиш керак?

М.Усмонов, Тошкент шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ–352-сонли Қонунига асосан, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу кодекснинг 23-моддасига асосан, иштирокчилар ўртасида, иштирокчилар билан хўжалик ширкатлари ва жамиятлари ўртасида, шу жумладан акциядорлар ўртасида, акциядор билан акциядорлик жамияти ўртасида хўжалик ширкатлари ва жамиятлари фаолиятидан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар (бундан меҳнатга оид низолар мустасно) бўйича низолар хўжалик судлари томонидан кўриб чиқиладиган бўлди.

Шундай экан, саволингизда қайд этилган масала юзасидан хўжалик судларига мурожаат қилишингиз лозим.

Савол: Мен фаолият юритаётган ташкилот ва хизмат кўрсатувчи ташкилот ўртасида тузилган шартномага бўйича низоли вазият юзага келмоқда. Мазкур низо бўйича тадбиркорлик субъекти сифатида хўжалик судларига мурожаатимизни электрон тарзда беришимиз мумкинми?

Б.Махсадов, Ургут тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 18 июлдаги ПФ–4455-сонли “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида “бир ойна” тамойили бўйича тадбиркорлик субъектларининг даъво аризалари ва илтимосномаларини хўжалик судларига бериш Интернет хизмати орқали амалга ошириладиган бўлди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ–352-сонли Қонунига асосан, Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик-процессуал кодексига қўшимча киритилди. Эндиликда, амалдаги тартибга кўра, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб хўжалик судига мазкур Кодексда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли бўлиб, мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар хўжалик судига ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.

Савол: Ҳозирда мен тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланяпман. Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг қўллаб-қувватлаш юзасидан барча соҳаларда ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Жиноят қонунчилигида ҳам бошқа соҳалардаги каби тадбиркорлик субъектлари учун қулайликлар яратилгани каби енгилликлар белгиланганми?

И.Тургунов, Андижон шаҳри

Жавоб: Таъкидлаш жоизки, ўтган давр мобайнида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг жиноят-ҳуқуқий муҳофазасини янада кучайтириш мақсадида бошқа соҳалар қаторида жиноят қонунчилигига ҳам қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 41-моддасига (касб ёки хўжалик фаолиятига боғлиқ асосли таваккалчилик) қўшимча киритилиб, тадбиркорлик субъектларининг ўзларига кўрсатилган хизматлар, шу жумладан берилган кредитлар юзасидан банклар ва бошқа молия ташкилотлари олдидаги шартнома мажбуриятларини тадбиркорлик таваккалчиликлари ҳамда бошқа тижорат таваккалчиликлари билан боғлиқ ҳолда бажармаганлиги банклар ва бошқа молия ташкилотлари ходимларини жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлмаслиги қонуний мустаҳкамланди. Кодексга киритилган мазкур қўшимча мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш билан бир қаторда, тадбиркорлик субъектларининг янада эркин ҳаракатланишига имконият яратди ҳамда иқтисодий юксалиш юзасидан асосли таваккалчиликка асосланган фаолиятларини қўрқмасдан амалга оширишларига йўл очиб берди.

Шунингдек, жиноят-ҳуқуқий соҳада жиноят натижасида етказилган зарарнинг миқдорини аниқлашда янгича ёндашув белгиланди, бунда етказилган зарар миқдорини аниқлашда анча миқдор – энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача, кўп миқдор – энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача, жуда кўп миқдор – энг кам ойлик иш ҳақининг беш юз баравари ва ундан ортиқ бўлган миқдор деб ҳисобланиши белгиланди.

Жиноят қонунига киритилган мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини муҳофаза қилиш тизимини янада кучайтиришга хизмат қилади, уларнинг ўз иқтисодий салоҳиятини янада ошириш юзасидан дадил қадам ташлашларини рағбатлантиради.

Саволларга Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи О.Файзиев жавоб берди 


Савол: Молия-хўжалик фаолияти деганда нима тушунилади?

Б.Махсадов, Тошкент шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 июлдаги “Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисида”ги 327-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 1.2-бандига асосан корхоналарнинг маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ҳамда бухгалтерия-молия, ҳисоб-китоб ва товарга илова ҳужжатларини юритиш билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш фаолияти молия-хўжалик фаолияти деб ҳисобланади.

Савол: Корхоналарни молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаганлиги қандай тартибда аниқланади?

Т.Саидбобоев, Узун тумани

Жавоб: “Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисида”ги 327-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 2.1-бандига асосан корхоналарни молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаганлиги савдо ва савдо-воситачи корхоналар томонидан уч ой мобайнида, бошқа хўжалик юритувчи субъектлар – юридик шахслар томонидан эса – олти ой мобайнида банк ҳисоб рақамлари бўйича пул операцияларини ўтказган ҳолда молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаган ҳолларда тижорат банклари уч кун муддатда у ҳисобга қўйилган жойдаги солиқ хизмати органига ахборот тақдим этиши орқали аниқланади.

Савол: Матбуотда корхонанинг тугатилиши тўғрисида эълон чиққандан сўнг қанча муддатда ва қандай ҳужжатлар тақдим этилганда корхона рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан давлат реестридан чиқарилиши мумкин?

Х.Маматов, Самарқанд шаҳри

Жавоб: “Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисида”ги 327-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 4.2-бандига асосан корхонанинг тугатилиши тўғрисида матбуотда эълон чиққандан сўнг камида бир ойдан кейин қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилганда корхона рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан давлат реестридан чиқарилиши мумкин:

- корхонани унинг тугатилиши муносабати билан юридик шахслар давлат реестридан чиқариш тўғрисидаги ариза;

- хўжалик судининг корхонани тугатиш тўғрисидаги қарори;

- давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг;

- банк муассасасининг фойдаланиш ҳуқуқини бермайдиган махсус ҳисобварағи ҳамда кутилмаган ҳолатлар ҳисобварағи ёпилганлигини тасдиқловчи ҳужжати;

- солиқ органининг корхона давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаганлиги тўғрисидаги маълумотномаси;

- оммавий ахборот воситаларида корхонанинг тугатилиши тўғрисида эълон чиқарилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

- солиқ органи томонидан тасдиқланган тугатиш баланси;

- ҳужжатлар Давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотнома тақдим этилганда.

Савол: Ихтиёрий тартибда тугатилаётган молия-хўжалик фаолиятини амалга оширувчи корхоналарни давлат реестридан чиқариш учун қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

Д.Саъдуллаев, Оқдарё тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги ПҚ–630-сон Қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 34-бандига асосан молия-хўжалик фаолиятини амалга оширувчи корхоналарни ихтиёрий тугатиш учун тугатувчи рўйхатдан ўтказган органга қуйидаги ҳужжатларни:

– бир ёки бир неча даврий босма нашрларда чиққан корхонанинг ихтиёрий тугатилганлиги тўғрисидаги эълонни;

– давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномани;

– корхонанинг барча ҳисоб рақамлари ёпилганлиги тўғрисида хизмат кўрсатувчи банкларнинг маълумотномаларини;

– корхонанинг муҳр ва штампларини;

– ваколатли органнинг, агар мавжуд бўлса, чиқарилган қимматли қоғозларини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотномасини;

– агар мавжуд бўлса, барча лицензиялар (рухсатномалар)нинг асл нусхаларини;

– давлат солиқ хизмати органининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарз йўқлиги тўғрисидаги хулосасини;

– тугатилаётган корхона қарздор сифатида иштирок этган ва ижро этилмаган ижро ҳужжати Суд департаменти органлари иш юритувида мавжуд эмаслиги ҳақидаги Суд департаменти ҳудудий бошқармасининг ёзма жавоби;

– корхона ҳужжатларининг давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотномани тақдим этади.

Саволларга Адлия вазирлиги масъул ходими Илхомжон Абдусатторов жавоб берди. 



Савол: Мерос трансмиссияси деганда нима тушунилади?

К.Азимов, Нарпай тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фукаролик Кодексга мувофиқ агар васиятнома бўйича ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр мерос очилганидан кейин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган бўлса, унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига ўтиши тушунилади. Мерос трансмиссияси тартибида меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи бундай меросхўрнинг вафотидан кейин очилган мерос таркибига кирмайди. Вафот этган меросхўрга тегишли меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг меросхўрлари томонидан умумий асосларда амалга оширилиши мумкин.

Саволга Нарпай туман ДНИ нотариуси Д.Худжанова жавоб берди.



Савол: Васийлик ва ҳомийлик органларининг асосий вазифалариганималар киради?

Ш.Азимов, Тошкент шаҳри

Жавоб:Васийлик ва ҳомийлик органларининг асосий вазифаларигавасийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларни ўз вақтида аниқлаш ва ҳисобга олиш, васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларнинг зарур ҳужжатларини тайёрлаш ва уларни жойлаштириш, васийликдаги ёки ҳомийликдаги ҳамда васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, васийлар ва ҳомийларнинг мажбуриятлари бажарилишини, васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг таъминоти, уларга тарбия ва таълим бериш шароитларини, шунингдек мол-мулки бут сақланишини таъминлаш устидан назорат қилиш киради.

Савол: Кимлар васий ёки ҳомий этиб тайинланиши мумкин эмас?

А.Шерматов, Самарқанд тумани

Жавоб:Ўзбекистон Республикасининг «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Қонунининг 22-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ёки ота-оналик ҳуқуқлари чекланган шахслар, суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар, собиқ фарзандликка олувчилар, агар фарзандликка олиш уларнинг ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги, ота-оналик ҳуқуқларини суиистеъмол қилганлиги, фарзандликка олинганлар билан шафқатсиз муносабатда бўлганлиги, сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлганлиги оқибатида бекор қилинган бўлса, ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги ёхуд ўз ҳуқуқларини суиистеъмол қилганлиги учун васий ёки ҳомий мажбуриятларини бажаришдан четлаштирилган шахслар, қасддан содир этган жинояти учун илгари ҳукм қилинган шахслар васий ёки ҳомий этиб тайинланиши мумкин эмас.

Саволларга Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази бош маслаҳатчиси М.Мамажонов жавоб берди 


Савол: Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ҳисоби деганда нима тушунилади?

Т.Саидов, Тошкент шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг буйруғи билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг давлат ҳисоби тўғрисидаги Низомнинг 1-бандига мувофиқ (рўйхат рақами 1856, 2008 йил 10 сентябрь) Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ҳисоби ўз ичига ушбу ҳужжатларни марказлаштирилган тартибда йиғиш, ҳисобга олиш, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик тармоқларининг умумҳуқуқий классификатори асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга код бериш, тизимлаштирилган картотека юритиш, улар фондларининг назорат ҳолати ҳамда
бундай ҳужжатлар тўғрисидаги марказлаштирилган ахборотни барпо этиш ва сақлаб туришни қамраб олади.

Савол: Қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат ҳисоби юритилиши керак ва қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат ҳисоби юритилмайди?

С.Чориев, Сурхондарё вилояти

Қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат ҳисоби юритилиши керак:

а) Ўзбекистон Республикасининг қонунлари

б) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари;

в) Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари;

г) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари;

д) вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари;

е) Қорақалпоғистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари;

ж) маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари.

Қуйидагилар давлат ҳисобига олинмайди:

а) «Махфий» ва «Ўта махфий» белгиси қўйилган ҳужжатлар;

б) якка тартибдаги хусусиятга эга бўлган ҳужжатлар:

шахсий тусдаги (лавозимга тайинлаш, бошқа лавозимга ўтказиш ёки лавозимдан озод қилиш, комиссия ва бошқа коллегиал органлар таркибини тасдиқлаш, орден ва медаллар билан мукофотлаш, фахрий ва ҳарбий унвонлар бериш, муайян шахсларга имтиёзлар бериш тўғрисидаги ва бошқа шу кабилар);

муайян корхона, муассаса, ташкилот ва фуқароларга ер участкаларини бериш (реализация қилиш) тўғрисидаги ҳужжатлар;

тезкор-фармойишли тусдаги (бир марталик топшириқлар);

в) лойиҳаларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритиш тўғрисидаги ҳужжатлар;

г) муқаддам белгиланган тартибни ижро этишни ташкил этишга йўналтирилган ҳамда янги ҳуқуқий нормаларни ўз ичига олмаган, шу жумладан, бутун мазмуни бошқа органлар ва мансабдор шахсларнинг ҳужжатлари тўғрисида хабардор қилишдан иборат бўлган ҳужжатлар;

д) техник ҳужжатлар, агар улар ўз ичига ҳуқуқий нормаларни олмаса;

е) тавсия тусидаги ҳужжатлар;

ж) сессия, йиғилиш, конференцияларни чақириш тўғрисидаги ҳужжатлар;

з) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга расмий шарҳ бериш тўғрисидаги ҳужжатлар;

и) умумий мажбурий тусга эга бўлмаган бошқа ҳужжатлар.

Савол: Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ҳисоби реестрларини қайси орган юритади ва ушбу реестрларга қайси маълумотлар киритилади?

М.Маматов, Самарқанд тумани

Жавоб: Адлия вазирлиги ва адлия бошқармалари Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ҳисоби реестрларини (кейинги ўринларда матнда реестрлар деб юритилади) юритади. Адлия вазирлигига ва адлия бошқармаларига келиб тушган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотларни реестрларга киритиш билан давлат ҳисобига олинади.

Адлия бошқармалари ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 3-кунигача, давлат ҳисобига олинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида реестрдан кўчирма шаклида олинган қоғоз ва электрон шакллардаги маълумотларни Адлия вазирлигига жўнатади.

Реестрга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар киритилади:>

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг реестрдаги тартиб рақами;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни реестрга киритиш санаси;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тури;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган(лар);

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг номи;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш санаси ва унинг рақами (вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари учун уларнинг Адлия вазирлигида давлат рўйхатига олинган рақами ва санаси);

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг кучга кириш санаси ва амал қилиш муддати;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг расмий нашрларда эълон қилиниши тўғрисидаги маълумотлар;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда ўз кучини йўқотганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик тармоқлари умумҳуқуқий классификатори бўйича коди;

бошқа маълумотлар (изоҳ).

Савол: Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ҳисоби реестрларида жойлаштирилган маълумотлардан жисмоний шахслар ҳам ахборот олишлари мумкинми?

Г.Гаримова, Бухоро шаҳри

Жавоб: Барча юридик ва жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ҳисобиреестрларида жойлаштирилган маълумотлардан ёзма мурожаатлар асосида ёки Адлия вазирлигининг расмий сайтидан ахборот олишлари ва ундан фойдаланишлари мумкин.Реестрлардан маълумот тақдим этиш аризачининг ёзма мурожаати асосида тегишлича Адлия вазирлиги ва адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади. Реестрларда маълумот олиш учун ёзма мурожаатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қидириш учун керакли бўлган маълумотлар кўрсатилиши лозим.

Г. Эргашева, Адлия вазирлиги масъул ходими


Савол: Мулк ижараси нима ва нималар мулк ижарасининг объектлари бўлиши мумкин?

А.Қосимов, Самарқанд шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 535-моддасига мувофиқ мулк ижараси шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига ҳақ эвазига мол-мулкни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёки фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини олади.

Ер участкалари, ер ости бойликлари жойлашган участкалар ва бошқа алоҳида табиий объектлар, корхоналар ва бошка мулкий комплекслар, бинолар, иншоотлар, ускуналар, транспорт воситалари ва фойдаланиш жараёнида ўзининг табиий хусусиятларини йўқотмайдиган бошқа ашёлар (истеъмол қилинмайдиган ашёлар) мулк ижарасига берилиши мумкин.

Қонун ҳужжатларида мулк ижарасига берилиши мумкин бўлмаган ёки чекланган корхоналар турлари (гуруҳлари) ва мол-мулк турлари белгилаб қўйилиши мумкин.

Савол: Мулк ижараси муддати ким томонидан ва қандай белгиланади ҳамда уни тузаётганда нималарга эътибор қаратиш керак?

Б.Саъдуллаев, Самарқанд тумани

Жавоб: Фуқаролик кодексининг 539-моддасига мувофиқ мулк ижараси шартномаси бир йилдан ортиқ муддатга мўлжалланган бўлса ёки тарафлардан биронтаси юридик шахс бўлса, муддатидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт.

Шунингдек, кўчмас мулк ижараси шартномаси албатта давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Мулк ҳуқуқининг келгусида ижарачига ўтишини назарда тутувчи мулк ижараси шартномаси, бундай мулкнинг олди-сотди шартномаси учун назарда тутилган шаклда тузилади.

Фуқаролик кодексида мулк ижараси шартномаси шартномада белгиланган муддатга тузилиши, яъни мулк ижараси муддати шартнома томонлари бўлган ижарага берувчи ва ижарага олувчи томонидан ўрнатилиши белгилаб қўйилган. Аммо шуни таъкидлаш лозимки, Фуқаролик кодексининг 540-моддасининг 3-қисмида мулк ижарасининг айрим турлари учун, шунингдек мол-мулкнинг айрим турларини ижарага олиш учун энг кўп (охирги) муддатлар қонун билан белгилаб қўйилади дейилган.

Д.АшуровСамарқанд шаҳар 8-сон ДНИ нотариуси  



          Савол: Хорижий давлатларнинг ваколатли муассасалари томонидан берилган ҳужжатларни алмаштириш мумкинми? Бу жараён қай тартибда амалга оширилади?

Ш.Шерматов, Иштихон тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижий давлатларнинг ваколатли муассасалари томонидан берилган фуқаролик ҳолатларини тасдиқловчи хужжатлари Ўзбекистон Республикасининг гербли гувоҳномаларига алмаштирилиши мумкин.

Бунда ҳужжатларни алмаштириш фуқароларнинг ёзма аризаларига кўра, уларнинг доимий яшаш жойларидаги ФҲДЁ органлари томонидан ушбу ҳужжатлар ва уларнинг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида легализация қилинган (қонуний лаштирилган) таржималари асосида, ҳужжатнинг берилган вақти ва жойини кўрсатган ҳолда ва тикланган далолатнома ёзувларини қайд этиш орқали амалга оширилади.

Ҳужжатларни алмаштириш пайтида топширилган ва чет эл ваколатли муассасалари томонидан берилган ҳужжатлар ва уларнинг легализация қилинган таржималари тикланган далолатнома ёзувларининг биринчи нусхалари билан ушбу ёзувни қайд этган ФҲДЁ органи архивида 75 йил сақланади.

Ш.Қўчқорова, Иштихон туман ФҲДЁ бўлими мудираси.





— МЕН тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ниятидаман. Шунга кўра, тадбиркорлик субъ­ектларининг ҳуқуқлари нималардан иборатлиги ҳақида тушунча берсангиз?

О.АҲМЕДОВ, Юнусобод тумани

— “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга асосан, тадбиркорлик фаолия­ти субъектлари қуйидагиларга ҳақли:

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга;

юридик шахс бўлган бошқа тадбиркорлик субъектларининг муассислари (иштирокчилари) бўлишга;

мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулкка эгалик қилишга, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишга;

ўз фаолияти йўналишларини, товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиларни ва ўз товарларининг (ишларининг, хизматларининг) истеъмолчиларини мустақил равишда танлашга;

тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад (фойда) олишга, бундан товарлар (ишлар, хизматлар) бозорида устун мавқени эгаллаб турган тадбиркорлик фаолияти субъектлари мустасно;

ўз товарларини (ишларини, хизматларини), ишлаб чиқариш чиқиндиларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, мустақил равишда белгиланадиган нархлар ва тарифлар бўйича ёки шартнома асосида реализация қилишга;

барча ишлаб чиқариш харажатларининг ўрни қопланиб, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қолган даромадни (фойдани) эркин тасарруф этишга;

кредитлар олишга, бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг пул маблағларини ҳамда ўзга мол-мулкини шартнома шартлари асосида жалб этишга, шу жумладан, биноларни, иншоотларни, ускуналарни ва ўзга мол-мулкни олишга ва (ёки) текин, ижарага (лизингга) олишга ҳамда уларни тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга йўналтиришга;

ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишга ҳақли.

Волида АХТАМОВА, Тошкент шаҳар хўжалик суди судьяси

— ХЎЖАЛИК судлари томонидан чиқарилган қандай ҳал қилув қарорлари дарҳол ижро этилади?

О.АЛИМБЕКОВА, Юнусобод тумани

— Хў­жа­лик процессуал кодек­си­га асосан, давлат, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳужжатларини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарорлари, шунингдек, келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажримлари, хўжалик судининг ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ажрими дарҳол ижро этилади.

Назокат АББАСОВА, Тошкент шаҳар хўжалик суди судьяси

— МУЛК ҳуқуқи қачондан бошлаб вужудга келиши мумкин?

Б.САЛИМОВ, Чилонзор тумани

— Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига кўра, мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари қуйидагилардан иборат:

меҳнат фаолияти;

мол-мулкдан фойдаланиш соҳасидаги тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти, шу жумладан, мол-мулк­ни яратиш, кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш;

давлат мол-мулкини хусусийлаштириш;

мерос қилиб олиш;

эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат;

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа асослар.

Мол-мулк олиш-сотиш, айрибошлаш, ҳадя қилиш шартномалари, ҳамда қонун билан тақиқланмаган бош­қа битимлар асосида мулк қилиб олиниши мумкин.

Башарти, қонунларда бошқача кўрсатилмаган бўлса, мол-мулк янги мулкдорга ўтганида, универсал ҳуқуқий ворислик тартибида собиқ мулкдорнинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳам унга ўтади.

Шартнома асосида мол-мулк олувчида мулк ҳуқуқи, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ашё топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Агар мол-мулкни бошқа шахсга бериш ҳақидаги шартнома давлат рўйхатидан ўтказилиши ёки нотариал тасдиқланиши керак бўлса, мол-мулкни олувчида мулк ҳуқуқи шартнома рўйхатдан ўтказилган ёки тасдиқланган пайтдан бошлаб, шартномани ҳам нотариал тасдиқлаш, ҳам давлат рўйхатидан ўтказиш зарур бўлганида эса — рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини олади.

Анвар ОМОНОВ, Тошкент шаҳар хўжалик суди судьяси

— УМРБОД таъминлаш шарти билан уй-жойни бошқа шахсга бериш шартномасини тузиш тартиби ҳақида батафсил билмоқчи эдим.

Н.ИМОМОВ, Каттақўрғон шаҳри

— Умрбод таъминлаш шарти билан уйни, квартирани бошқа шахсга бериш шартномасини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Умрбод таъминлаш шарти билан уйни, квартирани бошқа шахсга бериш шартномасининг предмети бўлган тураржойдан фойдаланиш шу шартнома шартларига мувофиқ амалга оширилади. Шартномада тураржойдан фақат тураржойни бошқа шахсга бераётган ва уни олаётган шахс фойдаланиши назарда тутилиши, тураржойдан фойдаланиш тартиби белгилаб қўйилиши ёки белгиланмаслиги ёхуд тураржойни фойдаланиш учун учинчи шахсга (учинчи шахсларга) бериш ёки қонун йўл қўядиган бошқача усулда фойдаланиш белгиланиши мумкин.

Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми)ни, квартирани бошқа шахсга бериш шартномасига мувофиқ бир тараф (олувчи) ёши ёки соғлиғи туфайли меҳнатга лаёқатсиз бўлган бошқа тараф (бошқа шахс­га берувчи)ни натура ҳо­лида (уй-жой бериш, овқатлантириш, парваришлаш ва зарур ёрдам кўрсатиш тарзида) умрбод моддий таъминлаш мажбурия­тини олади, бошқа шахсга берувчи эса олувчига уй-жой (уйнинг бир қисми)ни, квартирани мулк қилиб бериш мажбуриятини олади.

Саволга Каттақўрғон шаҳар 2-сон давлат нотариал идораси нотариуси Нодира ЭРГАШЕВА жавоб берди. 



Савол: Нотариал ҳаракатни бажаришни тўхтатиб туриш асослари ва муддатлари ҳақида маълумот берсангиз.

Р.Умаров, Самарқанд шаҳри

Нотариал ҳаракатлар давлат божи тўланиб, зарур бўлган барча ҳужжатлар тақдим этилган куни амалга оширилади. (Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги қонуннинг 31 моддаси):

Айрим ҳолларда нотариал ҳаракатларни бажаришни кечиктиришга қонун йўл қўяди бунинг учун агар талаб қилиб олиш ёки ҳужжатни экспертизага юбориш зарурияти бўлган ҳолатларда кечиктирилади.

Шунингдек, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш башарти қонунга биноан манфаатдор шахслардан ушбу ҳаракатларни амалга оширишга эътироз бор-йўқлиги сўраш зарур бўлганда, кечиктирилиши мумкин. Лекин нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктириш муддати бир ойдан ошмаслиги лозим.

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш кечиктирилганида, бу ҳақда сўраб мурожаат қилган шахснинг талабига кўра кечиктириш ҳақидаги қарор берилади.

Нотариал идорага мурожаат этган манфаатдор шахс тасдиқланишни сўраётган ҳуқуқ ёки факт устидан даъволашиш учун судга мурожаат қилиш истагидаги бошқа манфаатдор шахснинг аризасига кўра нотариал ҳаракатни амалга ошириш кўпи билан ўн кун муддатга кечиктирилиши мумкин. 
Агар бу муддат ичида ариза тушганлиги ҳақида суддан маълумот олинмаса, нотариал ҳаракат амалга оширилиши лозим. Суддан тарафлар даъволаниши тўғрисида маълумот олинган тақдирда нотариал ҳаракатни амалга ошириш мазкур иш судда ҳал бўлгунига қадар тўхтатиб турилади.

Нотариусга нотариал ҳаракатни бажаришни тўхтатиб туришга манфаатдор шахснинг аризаси ва тегишли орган томонидан берилган қарор асос бўлиб ҳисобланади.

Саволга Самарқанд шаҳар 8-сон ДНИ нотариуси Д.Ашуров жавоб берди. 



Савол: Мен чет элда қурилиш корхонасида шартнома асосида ишлар эдим. Соғлигим бўлмаганлиги сабабли Ўзбекистонга қайтдим. Менинг икки ойлик ойлик иш ҳақим чет элдаги қурилиш корхонасида қолиб кетди, шу сабабли менинг икки ойлик иш ҳақимни бирга ишлаган ўртоғим номига ишончнома юборсам у менинг ойлик иш ҳақимни олса бўладими?

М.ХалиловБулунғур тумани

Жавоб: Сизнинг ойлик иш ҳақингизни ўртоғингиз олса бўлади, унга нотариал тартибда тасдиқланган холда ишончнома юборсангиз у сизнинг ойлик иш ҳақингизни олади. Ишончнома матнида сиз ваколат бераётган шахснинг исм фамилияси отасининг исми тўлиқ кўрсатилган ва сизнинг ойлик иш ҳақингизни қайси ташкилотдан олиниши керак бўлган бўлса ўша ташкилотнинг номи тўлиқ кўрсатилган бўлиши керак.

Саволга Жомбой туман ДНИ нотариуси О.Маматқулов жавоб берди 



Ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий вазифалари.

Савол-жавоб

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий вазифалари нималардан иборат? Бу жараёнда қандай йўналишларда ишлар олиб борилади?

О.Шойимов, Бухоро вилояти

Жавоб:

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий вазифалари шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, ўрганиш, бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш, ҳуқуқбузарликдан жабрланувчиларни, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарлик содир этган, шу жумладан илгари судланган ва озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш, жисмоний шахсларнинг ҳуқуқбузарликдан жабрланувчига айланиши хавфини камайтириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасалар фаолиятининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиришдан иборат.

2010 йилда мамлакатимизда “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган эди. Жорий йилда эса, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Ҳар икки қонуннинг ўзига хос хусусиятлари нималардан иборат?

А.Мадумаров, Тошкент шаҳри

Жавоб:

Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси вояга етмаганларнинг назоратсизлиги, қаровсизлигига, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилишига имкон берадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этишга қаратилган, якка тартибдаги профилактика иши билан биргаликда амалга ошириладиган ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий ва бошқа чора-тадбирлар тизимидан иборат. Шу сабабли, 2010 йилда қабул қилинган Қонунда вояга етмаганларнинг жисмоний ва маънавий ривожланишидаги хусусиятлар инобатга олинган. Шунингдек, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширишда асосий масъулият ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар зиммасига юклатилади. Давлат органлари ва муассасаларининг мазкур йўналишдаги фаолияти ҳуқуқбузарликлар содир етишга мойиллиги бўлган вояга етмаганларни нормал ҳаёт тарзига қайтаришга йўналитирилади. Жорий йилда қабул қилинган “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонунда эса, ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга барҳам бериш, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш қаратилган, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойиллиги бўлган барча шахсларга қаратилган ва нисбатан кенг кўламли фаолиятнинг ҳуқуқий асослари белгиланди. Айни пайтда вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳуқуқбузарликлар махсус профилактикасининг йўналишларидан бири ҳисобланди.

Ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган ёки илгари ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларга нисбатан бевосита қандай профилактик тадбирлар амалга оширилади?

Ш.Содиқова, Фарғона вилояти

Жавоб:

Мазкур йўналишдаги ишлар ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикасини ташкил этади. Якка тартибдаги профилактика чора-тадбирлари профилактика суҳбати, расмий огоҳлантириш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабаблари ва уларга имкон бераётган шарт-шароитлар тўғрисида хабардор қилиш, ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш, профилактик ҳисобга олиш, мажбурий даволанишга юбориш ва ички ишлар органларининг маъмурий назорати шаклида олиб борилади.

Саволларга Адлия вазирлиги етакчи маслаҳатчиси Элдор Ҳамроев жавоб берди 



Савол: Фуқароларнинг ҳуқуқ лаёқати неча ёшдан бошлаб вужудга келиши мумкин?

С.Бўронов, Самарқанд тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида белгиланишича барча фуқароларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларига эга бўлиш лаёқати, яъни ҳуқуқ лаёқати тенг равишда эътироф этилади. Фуқароларнинг ҳуқуқ лаёқати у туғилган пайт­дан эътиборан вужудга келади ва вафот этиши билан тугайди, деб белгиланган.

Фуқаролар:

- мулк ҳуқуқи асосида мол-мулкка эга бўлишлари;

- мол-мулкини мерос қилиб олишлари ва васият қилиб қолдиришлари:

- банкда жамғармаларга эга бўлишлари:

- тадбиркорлик, деҳқон (фермер) хўжалиги билан ҳамда қонунда тақиқлаб қўйилмаган бошқа фаолият билан шуғулланишлари;

- ёлланма меҳнатдан фойдаланишлари;

- юридик шахслар ташкил этишлари;

- битимлар тузишлари ва мажбуриятларда иштирок этишлари;

- етказилган зарарнинг тўланишини талаб қилишлари;

- машғулот турини ва яшаш жойини танлашлари;

- фан, адабиёт ва санъат асарларининг, ихтиронинг, қонун билан қўриқланадиган бошқа интеллектуал фаолият натижаларининг муаллифи ҳуқуқига ҳамда бошқа мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.

Савол: Кўп ҳолларда кўчмас мулк ёки бошқа қимматли ашёларни гаровга қўйилганлигини эшитамиз. Гаров тушунчаси ва унинг вужудга келиши асослари ҳақида маълумот берсангиз.

А.Қобилов, Тайлоқ тумани

Жавоб: Бир шахсни бошқа шахсга мол-мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни, мажбуриятларни таъминлаш учун бериши гаров ҳисобланади.

Гаровга кўра қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармаган тақдирда кридитор (Гаров олувчи) бу мажбурият бўйича ўз талаби гарови қўйилган мол-мулкнинг қийматидан ушбу мол-мулк эгаси бўлган шахс (гаровга қўювчи)нинг бошқа кридиторларига қараганда имтиёзли суръатда қаноатлантирилишига, қонунда белгилаб қўйилган чегиришлардан кейин, ҳақли бўлади. Гаровга олувчи гаровга қўйилган мол-мулкни йўқотганлик ёки унга зиён етказмаслик учун суғурта ҳақидан, бу мол-мулк кимнинг фойдасига суғурта қилинган бўлишидан қатъи назар, ўз талаби юқоридаги асосларда қаноатлантирилишига ҳақлидир. Гаров шартнома ёки қонун асосида амалда юзага келади. Гаров закалат, ипотека, шунингдек, ҳуқуқлар гарови тарзида амал қилиши мумкин. Гаровга қўйиладиган мулк гаровга қўювчи томонидан гаровга олувчига ўтказилганда гаров закалат деб ҳисобланади. Кўчмас мулкни гаровга қўйиш 
ипотека ҳисобланади.

Саволларга Самарқанд туман 2-сон  ДНИ нотариуси М.Норматов жавоб берди.



Савол: Кўп қаватли уйлардаги квартираларни бирламчи бозорда ипотека кредити ор­қали сотиб олиш тартиби тўғрисида маълумотга эга бўлишни истардик.

О.Фозилова, Самарқанд шаҳри

Жавоб: Аҳолининг кенг қатлами, шу жумладан, ёш оилалар учун қурилган ёки реконструкция қилинган уй-жойларни харид қилиш учун ипотека кредитлари бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2008 йил 12 июлда 1835-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 2008 йил 13 июндаги 14/5-сонли қарори билан тасдиқланган Низомда белгиланган.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари қошида ишчи гуруҳи ташкил қилинган ва уларнинг тавсияларига эга бўлган фуқаро ипотека кредитини олади. Ишчи гуруҳлари томонидан уй-жойга муҳтож ва тўловга қобилиятли ёш оилаларни аниқлаш ва уларга тавсияномалар бериш юқоридаги Низомда ўрнатилган тартибда амалга оширилади.

Дастлаб ипотека кредити олувчи томонидан банкда очилган мақсадли жамғарма омонат ҳисоб варағига кўп қаватли уйдаги квартира қийматининг 25 фоизидан кам бўлмаган миқдордаги бошланғич бадал тўланади.

Бунинг учун ёш оила доимий иш жойига ҳамда ўз фаолияти натижасидан олинадиган даромадга ёки бошқа расмий даромад манбаларига эга бўлган ҳар иккаласи биринчи марта расмий никоҳда бўлган, ипотека кредити беришни сўраб ариза берган санага қадар ҳар бири 30 ёшдан ошмаган ёшлар бўлиши шарт.

Ипотекали кредитлашни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бериладиган кредит миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 2500 бараваридан ошмаган миқдорда белгиланади.

Тижорат банкларининг ўз маблағлари ва жалб этилган маблағлари ҳисобидан бериладиган ипотека кредити миқдори банкнинг ички кредит сиёсатидан келиб чиққан ҳолда банк ва қарз олувчи ўртасида тузиладиган кредит шартномасида белгиланади.

Ёш оилаларга ипотека кредити 15 йилдан кам бўлмаган муддатга 3 йиллик имтиёзли давр билан банкнинг ўз маблағлари ва Ипотека кредити беришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ва бошқа жалб қилинган маблағлар ҳисобидан ажратилади.

Ипотека кредити беришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бериладиган ипотека кредитлари бўйича йиллик фоиз ставкаси йилига кўпи билан 5 фоиз миқдорида бўлади.

Дастлабки бадалнинг бир қисмини ёки барча суммасини ёш оила аъзолари (эр ёки хотин)нинг иш берувчиси бўлган юридик шахслар томонидан пул ўтказиш орқали ипотека кредити олувчи ёш оила аъзоси номига очилган мақсадли жамғарма омонат ҳисоб варағига ўтказиб берилиши мумкин.

Саволга Самарқанд шаҳар 5-сон ДНИ нотариуси Алишер Эшимов жавоб берди. 



Савол:Ўн олти ёшгача ташлаб кетилган ва уйда туғилган болаларнинг туғилганлигини қайд этиш учун қандай ҳужжатлар талаб қилинади?

А.Тохиров, Тайлоқ туман

Жавоб: Топиб олинган ташлаб кетилган боланинг туғилишини қайд этиш “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш” Қоидаларининг 27-29 бандларида кўрсатилган тартибда амалга оширилади.

Топиб олинган (ташлаб кетилган) боланинг туғилганлигини қайд этиш ички ишлар бўлими, васийлик ва ҳомийлик органлари, бола жойлашган муассаса маъмурияти ёки таббиёт муассасасининг аризасига биноан амалга оширилади. Болани топиб олган шахс бу ҳакда йигирма тўрт соат ичида ушбу тумандаги ички ишлар бўлимига ёки васийлик ва ҳомийлик органига хабар бериши керак.

Топиб олинган (ташлаб кетилган) боланинг туғилганлигини қайд этиш ҳақидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади: а) ички ишлар бўлими ёки васийлик ва ҳомийлик органининг боланинг топиб олинган вақти, жойи ва топиб олинган пайтдаги ҳолати тўғрисидаги далолатномаси; б) тиббий муассасанинг топиб олинган ёки ташлаб кетилган боланинг ёшива жинсини тасдиқловчи маълумотномаси.

Савол: Топиб олинган ёки ташлаб кетилган болаларнинг туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувларида ота-она ҳақидаги маълумотлар қандай киритилади?

С.Азизкулова, Самарқанд тумани

Жавоб. “Фукаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш” Қоидаларининг 29 бандида: унинг ота-онасининг фамилияси, исми ва миллати тўғрисидаги маълумотлар боланинг туғилиши ҳақидаги далолатнома ёзувига мазкур Қоидаларининг 27 – бандида санаб ўтилган органларнинг кўрсатмалар асосида киритилади. Бундай ҳолда боланинг ва боланинг ота-онаси сифатида кўрсатилган шахсларнинг фамилияси бир хилда ёзилади.

“Белгилар учун” устунига “Бола топилган” ёки “Ташлаб кетилган” деб ёзилади ва ота-онаси ҳақидаги маълумотлар кимнинг кўрсатмасига асосан ёзилганлиги кўрсатилади.

Саволларга Самарқанд шаҳар 2-сон ФҲДЁ бўлими мудираси Замира Ахмедова жавоб берди.


Савол: Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартира)ни бошқа шахсга бериш деганда нима тушунилади?

Э.Хайитов, Самарқанд туман

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига мувофиқ, умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми)ни, квартирани бошқа шахсга бериш деганда, бир тараф (олувчи) ёши ёки соғлиғи туфайли меҳнатга лаёқатсиз бўлган бошқа тараф (бошқа шахсга берувчи)ни натура ҳолида (уй-жой бериш, овқатлантириш, парваришлаш ва зарур ёрдам кўрсатиш тарзида) умрбод моддий таъминлаш мажбуриятини олиши, бошқа шахсга берувчи эса олувчига уй-жой (уйнинг бир қисми)ни, квартирани мулк қилиб бериши мажбурияти тушунилади.

Савол: Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартира)ни бошқа шахсга бериш умрбод рентадан нима билан фарқ қилади?

И.Камолов, Самарқанд шаҳар

 Жавоб: Умрбод рентада бир тараф (рента олувчи) кўчмас ёки кўчар мол-мулкни бошқа тарафга (рента тўловчига) беради, рента тўловчи эса олинган мол-мулк ўрнига рента олувчига вақти-вақти билан белгиланган пул суммаси ёки уни таъминлаш учун бошқа шаклда маблағ бериш тарзида рента тўлаш мажбуриятини олади. Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми)ни, квартирани бошқа шахсга беришда эса умрбод рентадагидан фарқли равишда фақатгина уй-жой (уйнинг бир қисми), квартира шартнома предмети бўлиши мумкин.

Савол: Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартира)ни бошқа шахсга бериш шартномаси тарафларининг мажбуриятлари нималардан иборат?

Х.Дадабоев, Нуробод туман

Жавоб: Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми), квартирани бошқа шахсга бериш шартномасига мувофиқ, олувчи шартнома амал қилиб турган даврда бу уйни (уйнинг бир қисмини), квартирани сотиш, ҳадя қилиш, гаровга қўйишга ва уй (уйнинг бир қисми), квартирага мулк ҳуқуқини оғирлаштирадиган бошқа ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эмас. Бу уй (уйнинг бир қисми), квартирага олувчининг қарзлари бўйича ундириш қаратилмайди.

Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартира)ни бошқа шахсга бериш шартномаси бўйича бошқа шахсга берувчидан олинган уй-жой (уйнинг бир қисми), квартиранинг тасодифан нобуд бўлиши олувчини шартнома бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятлардан озод қилмайди.

Саволларга Самарқанд шаҳар 1-сон ДНИ нотариуси Фурқат Нарзуллаев жавоб берди. 



Савол:

Нима учун нотариус менинг номимда бўлган автомашимнамни сотмоқчи бўлганимда турмуш ўртоғимнинг розилигини сўради ва турмуш ўртоғимнинг розилик хати булмагани учун бу ҳаракатни амалга оширмади?

И.Қаршиева, Иштихон тумани

Агар сиз автомашинангизни қонуний никоҳингиз даврида сотиб олган бўлсангиз, сиз турмуш уртоғингиз билан бирга ўртангизда тузилган “Никоҳ тузилганлиги тўғрисида” ги гувоҳномангизни ва эрингиз паспорти билан шахсан ўзи нотариусга келиб автомашинангизни сотишингизга розилик бериши шарт, агарда ўзи шахсан келолмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг бошқа вилоятларида ёки чет мамлакатларда бўлган тақдирда нотариал тасдиқланган ёки ўша мамлакатда бўлган Ўз.Р. элчихонасининг элчиси тасдиқлаган розилик хати бўлиши керак.

Бу ҳақда Ўз.Республикаси Оила кодексининг 24- моддасида айтиб ўтилган, яъни, эр-хотин, никоҳи давомида орттирилган умумий мулки булган барча мол-мулкларга нисбатан тенг ҳуқуқлидирлар ва уни тасарруф этишда эр ёки хотиннинг розилигига асосан амалга оширилиши керак.

Савол:

Мен ўзимга тегишли бўлган уй-жойимни сотмоқчи бўлиб нотариусга мурожаат этганимда нотариус мендан “эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат”нинг аслини талаб килди, мен эса ҳужжатнинг аслини йўқотганман, бу ҳолда нима килишим керак?

З.Ахророва,  Жомбой тумани

Агар сиз уй жойга булган “эгалик ҳуқуқини тасдикловчи ҳужжат”ни йўқотган бўлсангиз уни берган нотариал идора ёки бошқа органлар берган тақдирда ўша органлардан ёки архивлардан унинг дубликатини ариза орқали мурожаат қилиб олишингиз мумкин ва бу ҳужжат асл нусха этиб ҳисобланади.

Саволларга Самарқанд шаҳар 12-сон ДНИ нотариуси У.Мухамедова жавоб берди.



Савол: Никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар деганда нималар тушунилади? Қимлар яқин қариндошлар ҳисобланади?

Шавкат Алибеков,  Пахтачи туманидан.

Бугунги кунда яқин қариндошлар ўртасида никоҳ қуриш каби ҳолатлар ўтган даврга нисбатан камаётганлигига қарамасдан фуқароларимиз томонидан ҳанузгача кўп берилаётган ҳаётий саволлардан бири бўлиб қолмоқда. Никоҳ тузишга оид муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги 171-сонли қарори билан тасдиқланган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари” тўғрисидаги йўриқнома, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365-сон қарори билан тасдиқланган “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги низом ва бошқа қонун ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади. Никоҳни расмийлаштирувчи ягона идора бу Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларидир, ўтмишда диний расм-русумларга биноан никоҳ тузилиб келинган, ҳозирги кунда диний расм-русумларга биноан никоҳ тузилиши ҳуқуқий аҳамиятга эга ҳисобланмайди. Никоҳ тузиш ихтиёрий амалга оширилиши ва никоҳни тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши лозим. Оила кодексининг 16-моддасига асосан никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар алоҳида белгиланиб қўйилган. Унга мувофиқ биринчи ҳолатда томонлардан лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахс бўлса, иккинчи ҳолатда насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида бўлса, учинчи ҳолатда туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида, тўртинчи ҳолатда томонларнинг лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида, бешинчи ҳолатда томонларнинг лоақал биттаси никоҳ қуриш ёшидан кичик бўлсагина никоҳ тузишга монелик қилувчи ҳолатлар мавжуд ҳисобланиб, никоҳ тузиш қонунан ман этилади.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 57-моддасига мувофиқ қариндошликнинг икки кўриниши яъни тўғри ва ён шажара бўйича қариндошлик мавжуд. Қариндош дейилганда бир умумий учинчи шахсдан (аждоддан) келиб чиққан шахслар қариндошлар ҳисобланади. Болалар ота-онасига нисбатан тўғри шажарадаги биринчи, невара бобосига, бувисига нисбатан — иккинчи, эвара катта бобосига, катта бувисига нисбатан — учинчи даражадаги қариндош ҳисобланади ва ҳоказо.

Ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ва шунга ўхшашлар ён шажара бўйича қариндошлар ҳисобланади. Тўғри шажара бўйича қариндошлар ён шажара бўйича қариндошларга нисбатан яқинроқдир.

Туғишган ака-ука ва опа-сингил қариндошликнинг иккинчи даражасида, тоға ва амаки, амма ва хола ўз жиянлари билан қариндошликнинг — учинчи, тоғавачча, амакивачча, аммавачча ва холаваччалар эса — тўртинчи даражасида турадилар.

Саволга: Пахтачи туман ФҲДЁ бўлими  мудираси М.Мирзаева жавоб берди 



Савол: Мен коллеж ўқувчисиман. Яқиндан бизнинг коллеждан бир ўқувчини ўқишдан четлаштиришди. Коллеж ўқувчиси ҳам ўқишдан четлатилиши мумкинми?

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 декабрдаги 367-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 18-бандига асосан ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси ўқувчилари қуйидаги ҳолларда ўқишдан четлаштирилиши мумкин:

а) саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида) академик таътил олганда;

б) ўқиши бошқа таълим муассасасига кўчирилиши муносабати билан;

в) доимий яшаш учун бошқа давлатга чиқиб кетганда;

г) суднинг қарори билан озодликдан маҳрум этилганда;

д) вафот этганлиги сабабли.

Савол: Мен бир корхонада ишлайман. Яқинда меҳнат дафтарчамнинг асл нусхаси зарур бўлиб қолганлиги сабабли, уни бериб туришларини сўраганимда корха раҳбариятидан сўраганимда, улар меҳнат дафтарчасининг асл нусхасини ходимга берилмаслигини айтишни. Уларнинг бу гапи тўғрими?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 1998 йил 29 январда 402-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг 2.5-бандига мувофиқ иш берувчи ходимнинг талабига биноан меҳнат дафтарчасидан кўчирма ёки нусхани тасдиқланган ҳолда беради.

Ходимнинг ёзма равишдаги илтимосномасига кўра, қайтариб бериш шарти билан меҳнат дафтарчаси унинг эгасига 5 кундан ортиқ бўлмаган муддатга бериб турилиши мумкин. Бунда меҳнат дафтарчасига охирги иш жойи ва лавозими ҳақида киритилган маълумотларнинг тасдиғи сифатида ташкилот томонидан маълумотнома берилиши лозим. Бу даврда қонун ҳужжатларида белгилангандан ўзгача тартибда меҳнат дафтарчасига қўшимча ёзувлар киритиш, уни ўзгартириш, гаровга бериш ёки йўқ қилиш қатъиян ман этилади ва барча жавобгарлик ходимнинг зиммасига юклатилади.

Савол: Никоҳдан ўтувчилар учун тиббий кўрик натижаси бўйича берилган маълумотноманинг амал қилиш муддати белгиланганми?

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365-сон қарори билан тасдиқланган Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомнинг 11-бандига мувофиқ тиббий маълумотноманинг амал қилиш муддати – уч ой қилиб белгиланган.

Иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил олмоқчи эдим. Мен қанча муддатгача ушбу таътил турини олишим мумкин?

Меҳнат кодексининг 150-моддасига асосан ходимнинг аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, лекин у ўн икки ойлик давр мобайнида жами уч ойдан ортиқ бўлмаслиги керак.

Савол: Уч ёшга тўлмаган фарзандим бор. Давлат ташкилотида ишлайман. Менга нисбатан иш вақтининг қисқартирилган муддати белгиланиши борми?

Жавоб: Ўзбекистон РеспубликасиМеҳнат кодексининг 2281-моддасига асосан уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади. Иш вақтининг қисқартирилган муддати чоғида ушбу тоифадаги аёллар меҳнатига ҳақ ҳар кунги тўлиқ иш муддати чоғида тегишли тоифадаги ходимлар учун белгиланган миқдорда тўланади.

Савол: Олий таълим муассасалари талабалари қандай ҳолларда академик таътил олишлари мумкин? Академик таътил қандай муддатларга берилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 4 сентябрда 2138-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари талабаларига академик таътил бериш тўғрисидаги низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари талаблари ҳарбий хизматни ўташ, саломатлигини тиклаш, ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда болаларни парвариш қилиш учун академик таътил олиш ҳуқуқига эга.

Академик таътил ўқув йилининг ҳар қандай қисмида, қуйидаги муддатларга берилади:

ҳарбий хизматни ўташ учун – қонун ҳужжатларида белгиланган ҳарбий хизматни ўташ муддатига;

саломатлигини тиклаш учун – 12 ой муддатга;

ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек болаларни парвариш қилиш учун – қонун ҳужжатларида белгиланган ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек болаларни парвариш қилиш таътиллари муддатига.

Биринчи курс талабаларига академик таътил, истисно тариқасида, фақат уларнинг касаллиги туфайли берилиши мумкин.

Тошкент юридик коллежини тугатганман. Мутахассислигим бўйича қайси соҳаларда ишлашим мумкин?

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта маҳсус таълим вазирлигининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг 2006 йил 4 октябрдаги 117, 12, 37/ҚҚ-сон қарори билан тасдиқланган Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари – ёш мутахассисларнинг ишга жойлашиши учун лавозим, касблар рўйхатида (рўйхат рақами 1631, 2006 йил 18 октябрь) ўрта махсус, касб-ҳунар коллежларини “ҳуқуқ” йўналиши бўйича тугатган шахсларнинг қуйидаги лавозимларда ишлаши мумкинлиги кўрсатилган:

– хўжалик ташкилотларида ҳуқуқшунос;

– ижтимоий масалалар бўйича ҳуқуқшунос;

– меҳнат муҳофазаси бўйича инспектор;

– пенсия тайинлаш ва тўлаш бўйича инспектор;

– ижтимоий кўмак ва ижтимоий хизмат ходими;

– ФҲДЁ органларида инспектор;

– адвокат ёрдамчиси;

– нотариус ёрдамчиси (референт);

– ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўйича инспектор;

– вояга етмаганлар билан ишлаш инспектори;

– суд ижрочиси;

– суд мажлиси котиби;

– девонхона ходими.

Ҳуқуққа ихтисослашган коллежни тугатганман. Давлат ташкилотларида ҳуқуқшунос сифатида ишлашим мумкинми?

Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 24 августдаги 182-сон “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридадавлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этиладиган хўжалик бошқаруви органлари ҳамда давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими лавозимида олий юридик маълумотга эга бўлган шахс ишлаши мумкинлиги, қайд этиб ўтилган ташкилотлардан бошқа хўжалик юритувчи суъбектлар учун эса, ушбу талаблар тавсиявий хусусиятга эгалиги белгиланган.


 

“Бола ҳуқуқлари – давлат ҳимоясида” мавзусида

САВОЛ-ЖАВОБЛАР

1-савол: Мамлакатимизда ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. Келажагимиз эгалари бўлган ёшларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қандай ҳуқуқий асослар яратилган?

Жавоб: Мустақиллик йилларида Муҳтарам Президентимизнинг бевосита раҳбарлигида ёшлар камолотига давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратила бошланди. Барча соҳалар каби таълим тизими ҳам тубдан ислоҳ қилинди. Хусусан, халқимизнинг бой интеллектуал мероси ҳамда умумбашарий қадриятлари асосида замонавий фан ва техниканинг илғор ютуқларига асосланган кадрлар тайёрлашнинг мукаммал тизими яратилди.

Бугунги кунда юртимизда болаларни ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий жиҳатдан ҳимоя қилиш бўйича жуда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли ҳуқуқий база шаклланган десак ҳеч муболаға бўлмайди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Оила кодекси, Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси, Жиноят кодекси ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид нормалар ўз ифодасини топган.

1989 йилда имзоланган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан кейин ратификация қилган энг биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардан ҳисобланади. 1992 йилда мазкур Конвенцияга қўшилиб, Ўзбекистон бола ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича бир қанча халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларни ўз зиммасига олди. Бундан ташқари, Конвенция қоидаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар ташкилотининг бола ҳуқуқлари бўйича Қўмитасига Конвенциянинг бажарилиши тўғрисида доимий равишда ҳисоботлар ҳам тақдим этиб туради.

Шуни таъкидлаш жоизки, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қабул қилинган халқаро мажбуриятларни бажариш учун Ўзбекистон халқаро ҳуқуқий нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш йўлида катта ишларни амалга оширмоқда. Амалдаги қонунчиликда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига, шунингдек уларнинг ҳимоясига алоҳида эътибор берилмоқда.

Маълумки, бола ҳуқуқлари соҳасида қонунчиликнинг асосини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ташкил этади. Унга мувофиқ болада туғилиши биланоқ инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ, эркинликлари вужудга келади ҳамда улар давлат томонидан кафолатланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасига кўра болалар ота-оналарининг келиб чиқиши ва фуқаролик ҳолатидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар.

Болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалда бўлган қонунчилик Конституциямиз нормаларини Бола ҳуқуқлари ҳақидаги Конвенцияга мувофиқ ҳолда такомиллаштиришга йўналтирилган.

Конвенция талабларига мувофиқ бола ҳуқуқларини мустаҳкамлаган ва уларнинг ҳимоя килиниш шаклларини такомиллаштирган Фуқаролик ва Оила Кодексларининг қабул қилиниши бола ҳуқуқлари ҳимояси бўйича қонунчилик ривожига жиддий ҳисса қўшди.

Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенция БМТнинг болаликни муҳофазалаш бобидаги энг универсал ҳужжати ҳисобланади. Унда мустаҳкамлаб қўйилган бола ҳуқуқ ва манфаатларининг барча қирраларини “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қамраб олган.

“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг энг асосий жиҳатларидан бири, унда бола ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қарийб барча қоидаларнинг жам қилинганлигидир. Мазкур қонун ҳужжати Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида назарда тутилган бола ҳуқуқларининг асосий ва қўшимча кафолатларини ўз ичига олган.

2-савол: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда ушбу қарор билан тасдиқланган Дастурда қандай мақсадлар назарда тутилган?

Жавоб: Юртбошимизнинг 6 февраль куни “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг қабул қилиниши мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлашга, уларнинг таълим-тарбиясини янада яхшилашга қаратилган улкан қадам бўлди.

Ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикасида 2014 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди ва олдимизда турган вазифалар белгилаб берилди.

Дастур 7 бўлим, 67-банддан иборат.

Дастурнинг 1-йўналиш 1-бандида “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланганлиги ҳам бугунги кунда ёшлар камолотига давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратилаётганлигидан далолат беради.

3-савол: “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш ишлари қай даражада бўляпти?

Жавоб: Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия томонидан 2014 йил 19 февралда масъул ташкилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳи шакллантирилди.

2014 йил 14 мартда Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи йиғилиши ўтказилди. Унда ишчи гуруҳи аъзолари ўртасида қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди. Шунга мувофиқ, 2014 йил 
17 мартда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича Чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Адлия вазирлиги томонидан янги таҳрирдаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўлиқ хатловдан ўтказилди. Ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги хорижий мамлакатларнинг қонунчилик тажрибаси ўрганилиб, шу асосда таҳлилий маълумот ҳамда қиёсий жадвал тайёрланди.

Шунингдек, ҳозирда Бош прокуратура, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, “Камолот” ЁИҲ, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси ҳамда “Ижтимоий фикр” жамоатчилик марказидан олинган маълумотлар асосида қонун лойиҳасининг концепцияси ишлаб чиқилди.

Ҳозирда ишчи гуруҳ томонидан Қонун лойиҳаси тайёрланмоқда.

4-савол: Ёшлар орасида, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишга қаратилган “Ёшлар ва қонун” тарғибот лойиҳасини амалга ошириш юзасидан олиб борилаётган ишлар, аслида бу қандай лойиҳа?

Жавоб: 2014 йил 19 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия йиғилиши бўлиб ўтди ва унда Дастурнинг 53-банди бўйича, яъни ёшлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишга қаратилган “Ёшлар ва қонун” тарғибот лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ таркиби, лойиҳа концепцияси, уни амалга оширишнинг чора-тадбирлар режаси ҳамда хисобот шакли тасдиқланди.

Мазкур тадбир – ёшлар, шу жумладан, вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишга қаратилган “Ёшлар ва қонун” тарғибот лойиҳасини амалга оширишдир.

Лойиҳа, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш, ёшларни қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялаш, уларни юксак маънавиятли 
ва мустақил фикрлайдиган бўлишларини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.

Ушбу тадбир кенг қамровли бўлиб, уни амалга оширишда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишга алоҳида эътибор қаратилади.

Лойиҳа умумтаълим мактабларида, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида тарғибот тадбирларини ўтказиш орқали амалга оширилади.

“Ёшлар ва қонун” тарғибот лойиҳаси доирасида муайян ишлар амалга оширилди.

Хусусан, лойиҳани амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳининг йиғилиши ўтказилиб, гуруҳ аъзолари ҳудудларга бириктирилди ва чора-тадбирлар режасининг тегишли бандларига масъул этиб белгиланди ҳамда йиғилиш баёни ижрога қаратилди.

Шунингдек, лойиҳа юзасидан тарғибот материаллари яъни, маъруза матнлари, тақдимотлар, тарқатма материаллар, кўргазмали тарғибот воситалари видеороликлар тайёрланиб, тарғибот тадбирларида фойдаланиш ҳамда барча таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда талабалари эътиборига етказиш учун ҳудудий ишчи гуруҳларига, Олий ва ўрта махсус таълим ва Халқ таълими вазирликларига ҳамда Ўрта махсус касб-ҳунар таълими марказига юборилди.

5-савол: Мазкур тарғибот лойиҳасининг айрим бандларида белгиланган вазифаларга изоҳ берсангиз. Уларда аниқ қандай мақсадлар кўзда тутилган?

Жавоб: Лойиҳа умумтаълим мактабларида, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида тарғибот тадбирларини ўтказиш орқали амалга оширилади.

Бундан ташқари, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида барча таълим муассасаларида жорий йилнинг апрелига қадар “Ҳуқуқий саводхонлик бурчаги” ташкил этилиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 8 февралдаги 42-сонли буйруғи қабул қилинган ва Маънавият-маърифат хонаси ҳамда Ахборот ресурс маркази бўғинидан кенг фойдаланиш, бу борада фаолият самарадорлигини кўриб чиқиш, ушбу ташкил этилаётган бурчакка ёшларга оид, эгаллаётган касбга доир конун ҳужжатлари, юридик адабиётлар ва бошқа тегишли маълумотларни жамлаш, жиҳозлаш ҳамда ёшларнинг эътиборини кучайтириш чораларини кўриш вазифаси таълим муассасаларига юклатилган.

Шунингдек, “Вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш”, “Ватан меҳридан юксалаётган авлод”, “Ўсмир ва қонун”, “Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – барчамизнинг бурчимиздир” мавзуларида оммавий ахборот воситаларида чиқиш белгиланган.

Дастурда ўқувчи ёшларни мамлакатда бола ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш борасида ҳамда юридик таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништириш, билим ва малакаларини ошириш мақсадида Тошкент шаҳридаги юридик коллежлар ҳамда ТДЮУ ҳузуридаги академик лицейи ўқувчилари билан учрашув ўтказиш белгиланган.

Шунга кўра, 14 март ва 9 апрель кунларида Бош прокуратурада Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия томонидан бошқа манфаатдор идоралар билан ҳамкорлиқда Тошкент шаҳридаги ҳуқуқшуносликка ихтисослашган коллежлар ва Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицей ўқувчилар иштирокида учрашув ўтказилди.

Бундан ташқари, 2 апрелда Адлия вазирлигида Тошкент юридик колежи ўқувчиларини адлия органларининг қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш борасидаги фаолияти ҳақидаги билимларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ушрашув ташкил этилиб, шу куни Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Наманган вилоятларидаги коллеж ўқувчилари иштирокида ҳам ўтказилди.

Шу каби учрашувлар 8 апрелда Бухоро, Жиззах ва Фарғона вилоятларида ташкил этилиб, ҳуқуқшуносликка ихтисослашган коллежларнинг 595 нафардан ортиқ ўқувчилари иштироки таъминланди.

Учрашувларда битирувчиларни қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан жавоб берилиб, эсдалик совғалар тарқатилди, тадбир тафсилотлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.

6-савол: Тарғибот лойиҳаси ишга тушганига уч ойдан ошиқ вақт ўтди. Мана шу муддат мобайнида қандай амалий чора-тадбирлар кўрилди?

Жавоб: “Ёшлар ва қонун” тарғибот лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2014 йил 19 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия йиғилиши бўлиб ўтди ва унда Дастурнинг 53-банди бўйича, яъни ёшлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишга қаратилган ишчи гуруҳ таркиби, лойиҳа концепцияси, уни амалга оширишнинг чора-тадбирлар режаси ҳамда хисобот шакли тасдиқланди.

Бугунги кунда “Ёшлар ва қонун” тарғибот лойиҳаси доирасида муайян ишлар амалга оширилди.

Хусусан, лойиҳани амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳининг йиғилиши ўтказилиб, гуруҳ аъзолари ҳудудларга бириктирилди ва чора-тадбирлар режасининг тегишли бандларига масъул этиб белгиланди ҳамда йиғилиш баёни ижрога қаратилди.

Шунингдек, лойиҳа юзасидан тарғибот материаллари яъни, маъруза матнлари, тақдимотлар, тарқатма материаллар, кўргазмали тарғибот воситалари видеороликлар тайёрланиб, тарғибот тадбирларида фойдаланиш ҳамда барча таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда талабалари эътиборига етказиш учун ҳудудий ишчи гуруҳларига, Олий ва ўрта махсус таълим ва Халқ таълими вазирликларига ҳамда Ўрта махсус касб-ҳунар таълими марказига юборилди.

Шунга кўра 2 130 нафар мутахассислардан иборат таркибда 233 та ишчи гуруҳлар тузилиб, улар томонидан 2 668 та ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди. Тадбирларнинг 1 635 таси давра суҳбати, 6 таси конференция, 438 таси семинар шаклида амалга оширилиб, 179 та матбуотда материал эълон қилинди, 101 та радиода эшиттириш берилиб, 257 та кўрсатув эфирга узатилди. Электрон ахборот тизимида эса 52 та материал жойлаштирилди.

Тадбирларда 183 354 нафар тингловчиларнинг иштироки таъминланиб, 152 473 нафари таълим муассасаларининг ўқувчи талабалари, 14 739 нафари маҳалла фаоллари, 8 143 нафари меҳнат жамоалари ва 7 999 нафари бошқа жамоатчилик вакиллари.

Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган ишларни кенг ёритиш мақсадида 50 дан ортиқ номдаги тайёрланган теле, радиороликлар телерадиокомпания тизимидаги телерадиоканаллар орқали кундалик тарзда мунтазам эфирга бериб борилмоқда.

Шу каби, жорий йилнинг 13 мартида Бош прокуратурада халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълим, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Республика болалар ижтимоий мослашув маркази, хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, маънавият тарғибот маркази, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, Тошкент давлат юридик ва Тошкент давлат педагогика университетларининг профессор-ўқитувчилари иштирокида илмий-амалий семинар ташкил этилди.

7-савол: Ёшлар ўртасида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари ҳақида сўз юритганимизда умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий ўқув юртларида таҳсил олаётган эртамиз эгалари иштирокидаги тадбирларга кўпроқ эътибор қаратамиз. Лекин уюшмаган ёшлар қатлами ҳам борки, улар билан ишлаш бугунги куннинг асосий талабларидан ҳисобланади. Лойиҳа доирасида бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Жавоб: Юқорида таъкидланганидек, “Ёшлар қа қонун” тарғибот лойиҳаси концепциясида тарғибот тадбирларини кенг қамровли тарзда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида тарғибот тадбирларини ўтказиш орқали амалга оширилади.

Бугунги кунда тарғибот Лойиҳасини амалга оширишга масъул бўлган гуруҳлар томонидан республикамизнинг барча худудларини, айниқса чекка худудларида ҳам тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.

Масалан, 12 мартда Амударё туманидаги 7-сонли умумтаълим мактабида, 18 март кунида Жиззах вилояти Фориш туманидаги “Нурак” маҳалла фуқаролар йиғинида, 8 апрелда Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги “Меҳнат” маҳалласида, 11 апрелда Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги 1-сон умумтаълим мактабида тарғибот тадбирлари ташкил этилди.

8-савол: Вояга етмаганлар ҳуқуқларига оид қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аҳолига, айниқса ёшларга тушунтириш борасида қандай сайъи ҳаракатлар амалга оширилмоқда?

Жавоб: Вояга етмаганлар ҳуқуқларига оид қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аҳолига, айниқса ёшларга тушунтириш бўйича адлия органлари ва муассасалари томонидан биргина жорий йилнинг биринчи чораги давомида 2306 маротаба ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилди.

Тадбирларнинг 401 таси оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилиб, 65 та телекўрсатув, 125 та радиоэшиттириш ташкил этилди. Газета ва журналларда 176 та мақолалар чоп этилиб, мавзуга оид 35 та мақола ВЕБ саҳифага жойлаштирилди.

“Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш”, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари”, “Вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари”, “Гиёҳвандлик – аср вабоси”, “Одам савдосига қарши кураш – давр талаби” мавзуларида 730та тушунтириш маърузалари, 855 та давра суҳбатлари, 197 та семинарлар ташкил этилди. Мавзуга оид 2 та рисолалар чоп этилиб, 2 та мақолалар тўпламга киритилди.

Тадбирларда жами 93.033 нафар тингловчилар иштироки таъминланиб, улар учун 115 турдаги плакат ва буклетлар 3481 нусхада тайёрланиб, тарқатилди.

Саволларга

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ МАСЪУЛ ХОДИМИ ЛОЛАХОН КАРИМОВА жавоб берди. 



— АГАРДА маъмурий ҳу­қуқ­бузарлик эҳтиётсизлик сабаб содир этилган, деб топилса, айбдор жавобгарликдан озод қилиниши мумкинми?

Алишер МАРДОНОВ, Самарқанд шаҳри

— Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан:

Агар маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги зарарли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини олдиндан кўра билган бўлса ҳам, лекин калтабинлик билан уларнинг олдини олиш мумкин, деб ўйлаган бўлса ёхуд бундай оқибатларнинг келиб чиқиши мумкинлигини олдиндан кўриши лозим ва мумкин бўлгани ҳолда олдиндан кўра билмаган бўлса, бундай маъмурий ҳуқуқбузарлик эҳтиётсизлик орқасида содир этилган, деб ҳисобланади.

Шу Кодекснинг “Маъмурий жавобгарликдан озод қилиш”, деб номланган 21-моддасига кўра, содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик кам аҳамиятли бўлган тақдирда, шу ишни кўриб чиқишга ваколати бўлган орган ҳуқуқбузарни маъмурий жавобгарликдан озод этиб, уни огоҳлантириш билан кифоялаши мумкинлиги белгиланган.

Саволга Самарқанд шаҳар 6-сон давлат нотариал идораси нотариуси Лола АЛИЕВА жавоб берди. 



Савол:

Шаҳардаги квартирамни яқин қариндошим номига ҳадя тарзида расмийлаштириб берган эдим. Мана шу ҳадя шартномасини бекор қилиш мумкинми шу ҳақда маълумот берсангиз?

А. Холиқов, Нарпай тумани

Жавоб:

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 507-моддасига мувофиқ, ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг, унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши атайлаб жиноят содир қилган ҳолларда ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилади.

Ҳадя олувчи ҳадя қилувчини қасддан ўлдирган тақдирда ҳадя қилувчининг ворислари судда ҳадяни бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга.

Агар ҳадя олувчининг ҳадя қилувчи учун катта номулкий қийматга эга бўлган ҳадя буюмга нисбатан муомаласи унинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши хавфини солса, ҳадя қилувчи ҳадя бекор этилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли.

Манфаатдор шахснинг талабига биноан суд якка тадбиркор ёки юридик шахснинг банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қоидаларини бузиб, банкрот деб эълон қилинишидан олдинги бир йил ичида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ маблағлар ҳисобидан қилган ҳадясини бекор қилиши мумкин.

Ҳадя шартномасида ҳадя олувчи ҳадя қилувчидан олдин вафот этган тақдирда ҳадя қилувчининг ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқи шарт қилиб қўйилиши мумкин.

Ҳадя бекор қилинган тақдирда ҳадя олувчи ҳадя қилинган ашёни, агар у ҳадя бекор қилинган пайтда асл ҳолатда сақланиб қолган бўлса, қайтариши лозим.

Саволга Нарпай туман 1-сон ДНИ нотариуси Д.Эшниёзов жавоб берди.



Савол: Ижарага уй олмоқчи эдим. Ижарага олувчи ва берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида батафсил маълумот берсангиз.

М.Солиев, Қўшработ тумани.

Жавоб: Уй ёки офисларни ижарага бериш ва олиш ҳозирги кунда одатий ҳолатга айланган. Бу борадаги қонунларимиз ҳам кундан‑кунга такомиллашиб бормоқда. Шу билан бирга ижарага берувчи ва ижарачилар муносабатларини ҳам шартнома асосида расмийлаштириш йўлга қўйилган. Ўзаро шартнома тузиш ва унинг асосида иш олиб бориш ҳар икки тарафнинг ҳуқуқларини қонун доирасида ҳимоялайди.

Ҳар бир фуқаро ўз шахсий мулки бўлган турар жойни шахсларга эгалик қилиш ва фойдаланиш учун ижара шартномаси асосида бериши мумкин. Юридик шахс турар-жойдан фақат фуқаролар яшаши учун фойдаланиши мумкин.

Турар-жой ижараси шартномаси ёзма шаклда тузилиши ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисобга олиниши (рўйхатдан ўтказилиши) лозим. Фуқарога турар-жойни ижарага бериш ҳақи тарафлар келишувига биноан шартномада белгиланади. Шартномада турар-жойни ижарага бериш тартиби, муддатлар, шартлари ва ижара ҳақи миқдори, тўлаш муддатлари, ижара мулкини эгасига қайтариш тартиби, ижарачи тарафидан турар-жойга қараш, таъмирлаш ҳамда тарафларнинг жавобгарлиги ҳақида маълумотлар киритилади. Турар-жой ижараси шартномасига тарафларнинг келишуви бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлар ҳам киритилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Уй-Жой Кодексининг 90-моддасига кўра, турар-жой ижара ҳақини тўлаш тартиби, шартлари ва муддатлари турар-жой ижараси шартномасида белгилаб қўйилади.Ҳар бир мулкдор кўчмас мулк бозорини ўрганиб чиқиб, ўз уй-жойининг ҳолати ва яна бир қатор жиҳатларини эътиборга олган ҳолда нарх белгилайди.

Турар-жой ижара ҳақининг миқдори тарафларнинг келишувига кўра, қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ўзгартирилиши мумкин. Масалан, нарх ўзгарганда, ижара пули нархи ҳам кўтарилиши ёки тушиши мумкин.
Ижарага олишдан аввал қуйидаги ҳолатларга эътибор бериш зарур:

- Уй ҳужжатлари (уй ҳақиқатан ҳам ижарага берувчига тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар);

- Ижарага қўйилган уйда мулкдордан бошқа кимлар руйхатда эканлиги (17 форма) ҳақида маълумот олиш ҳуқуқига ҳам эгасиз;

- Бошқа мулкдорларнинг ҳам розилиги олиниши лозим;

- Ижарага берилаётган уйда учинчи шахсларнинг даъвоси йўқлигини аниқлаш 
ва мол-мулк хатланмаганлигига ҳам амин бўлиш лозим.

Бу чора-тадбирлар ижарага олувчини алданиб қолишдан муҳофазалаш учун амалга оширилади.

Саволга Қўшрабод туман ДНИ нотариуси И.Убайдуллаев жавоб берди.



Савол: Фарзанд васият қилинган ердан фойдаланишни рад этса, васият қилувчининг бошқа меросхўри бўлмаса, мулк қандай тасарруф қилинади?

Аброр Турсунов, Самарқанд шаҳри.

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1157-моддасига кўра агар қонун бўйича ҳам, васиятнома бўйича ҳам меросхўрлар бўлмаса ёхуд меросхўр­лардан ҳеч қайси ворислик ҳуқуқига эга бўлмаса ёҳуд уларнинг ҳаммаси меросдан воз кечган бўлса, мерос мол-мулк эгасиз деб ҳисобланади.

Мерос мол-мулк маҳаллий давлат ҳокимияти органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи аризаси бўйича мерос очилган кундан эътиборан уч йил ўтганидан кейин суднинг қарори асосида эгасиз деб топилади. Мерос мол-мулк, агар уни қўриқлаш ва бошқариш билан боғлиқ харажатлар унинг қийматидан ошиб кетса, кўрсатилган муддат ўтишидан олдин эгасиз деб топилиши мумкин.

Эгасиз мол-мулк у турган жойдаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи тасарруфига, бу орган мол-мулкдан воз кечган тақдирда эса давлат тасарруфига ўтади.

Саволга Самарқанд шаҳар 2-сон ДНИ нотариуси У.Бахриев жавоб берди.



Савол:

Вафот этган акамнинг эгизак ўғиллари 5 ёшда. Ҳозир улар онаси билан қизлик уйларида яшашади. Ота-онамга ва бизга акамни ўғиллари билан кўришишга қарийиб икки йилдан бери қаттиқ қаршилик қилишади. Акамнинг ўғилларини кўриш учун мен ва ота-онамнинг қандай қонуний ҳуқуқларимиз бор?

Б.Аминов, Тайлоқ тумани

Жавоб:

Бу ерда икки томонлама ҳуқуқлар бузилмоқда. Биринчиси, боланинг ҳуқуқлари. Иккичиси, сизларнинг, яъни яқин қариндошларнинг ҳуқуқлари.

Биринчи ҳуқуқ ҳақида. Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 66-моддасида “Боланинг ота-онаси ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқи” белгилаб қўйилган. Унда айтиладики, “Бола отаси, онаси, бобоси, бувиси, ака-укалари, опа-сингиллари ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-онасининг никоҳдан ажралиши, никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши ёки ота-онанинг бошқа-бошқа яшаши боланинг ҳуқуқларига таъсир қилмайди”. Гарчи бу ерда вафот этиш ҳақида гапирилмаган бўлсада, лекин мазкур моддадаги “бошқа-бошқа яшаш”ни, айнан Сизларнинг ҳолатингизга мос деб қабул қилиш мумкин.

Иккинчи ҳуқуқ ҳақида. Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 77-моддасида “Бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошларнинг бола билан кўришиб туриш ҳуқуқи” ҳақида гапирилган. Унга кўра, Бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошлар бола билан кўришиб туриш ҳуқуқига эга.

Хўш, савол туғилади. Агарда онаси жиянингизни кўришга тўсқинлик қилаётган бўлса, унда нима қилиш керак?

Айнан Оила Кодексининг 77-моддасига биноан, ота-она (улардан бири) яқин қариндошларнинг бола билан кўришишига имконият бермасалар, васийлик ва ҳомийлик органи ота-онани (улардан бирини) бундай имконият беришга мажбур қилиши мумкин.

Агар улар ҳам ёрдам бера олишмасачи? Яъни онаси васийлик ва ҳомийлик органи қарорини бажаришни истамасачи?

Агар ота-она (улардан бири) васийлик ва ҳомийлик органининг қарорини бажармаса, боланинг яқин қариндошлари ёки васийлик ва ҳомийлик органи бола билан кўришиб туришга тўсқинлик қилувчи ҳолларни бартараф қилиш ҳақида даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Суд боланинг манфаатларини ва боланинг фикрини ҳисобга олган ҳолда низони ҳал қилади. Суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаган тақдирда айбдор ота (она)га нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган чоралар қўлланилади.

Демак, Сизлар энг аввало васийлик ва ҳомийлик органига мурожаат қилишингиз керак. Агар улар Сизларга ёрдам бера олишмаса, унда даъво билан Судга мурожаат қиласизлар. Лекин якуний хулоса шундаки, Сизларнинг (яқин қариндошлар) бола билан кўришиб туриш ҳуқуқингиз бор. Бу ҳуқуқни фақатгина алоҳида ҳолларда суд чеклай олади, холос.

Саволга Тайлоқ тумани 2-сон ДНИ нотариуси С.Қодиров жавоб берди. 



Савол:Жиянимиз Тошкентдаги ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига тушиб қолибди. У аслида Тошкентдаги қариндошимизникига меҳмонга кетганди. Умуман, болалар бундай муассасага қандай асос билан жойлаштирилади? Марказ ваколатлари ҳақида маълумот берсангиз.

Бахтиёр Облоқулов, Самарқанд шаҳри.

Жавоб: “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддасига биноан ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига қуйидаги болалар жойлаштирилиши мумкин:

– назоратсиз ёки қаровсиз қолганлар;

– ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муас­сасаларини, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун таълим муассасаларини ёхуд бошқа болалар муассасаларини ўзбошимчалик билан тарк этганлар;

– ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ўн олти ёшгача бўлганлар;

– ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган, лекин жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган ёхуд руҳий касаллик билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ривожланишда ўз ёшига нисбатан анча орқада қолиши оқибатида содир этган қилмишининг аҳамиятини тўла анг­лаб етишга қодир бўлмаганлар, агар воя­га етмаганларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишни таъминлаш ёки улар такроран ижтимоий хавфли қилмиш содир этишининг олдини олиш зарур бўлса, шунингдек, уларнинг шахси аниқланмаган ёхуд уларнинг аниқ яшаш жойи бўлмаса ёки ўзлари ижтимоий хавфли қилмиш содир этган Ўзбекистон ҳудудида доимий яшамаётган бўлса;

– маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарадиган ҳуқуқбузарликларни содир этганлар, агар уларнинг шахси аниқланмаган бўлса ёхуд уларнинг аниқ яшаш жойи бўлмаса ёки ўзлари ҳуқуқбузарлик содир этган Ўзбекистон ҳудудида доимий яшамаётган бўлса;

– ўзининг ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига жойлаштирилиши тўғрисидаги масаланинг суд томонидан кўриб чиқилишини вақтинча кутиб турганлар;

– суднинг ажримига кўра ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига юборилаётганлар.

Вояга етмаганни ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштириш учун суднинг ажрими асос бўлади.

Cаволга Самарқанд шаҳар  5-сон ДНИ нотариуси А.Эшимов жавоб берди.



Савол:Боланинг насл-насабини белгилаш қандай асосларга кўра белгиланади шу ҳақда маълумот берсангиз?

Н. Ҳамроқулов, Самарқанд шаҳри.

Жавоб:Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 60-моддасига асосан,боланинг шу онадан туғилганлиги (оналик) фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органи томонидан тиббий муассасанинг ҳужжатларига кўра, бола тиббий муассасада туғилмаган ҳолда эса, бошқа далилларга асосан белгиланади.

Аёлнинг никоҳ тузилгандан кейин ёки эрининг ўлими, никоҳдан ажратилганлиги ёхуд никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганлиги туфайли никоҳ тугаганидан сўнг уч юз кун ичида туғилган боласи никоҳда туғилган бола ҳисобланади.

Агар никоҳ тугаганидан кейин уч юз кун ичида бола туғилса ва бу даврда аёл янги никоҳга кирган бўлса, бола янги никоҳда туғилган ҳисобланади. Бундай ҳолларда собиқ эр ёки унинг ота-онаси боланинг насл-насаби хусусида низолашиш ҳуқуқига эга.

Саволга Самарқанд вилоят ФҲДЁ архиви мудираси М.Куканянц жавоб берди. 



— ЧЕТ элдаги Ўзбекистон фуқаролари элчихона орқали паспорт алмаштириши мумкинми?

Шахриддин ҚОДИРОВ, Пайариқ тумани

— “Хориждаги Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларига паспорт бериш ва алмаштириш Тартиби”га кўра, хорижда доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистон Республикасининг улар яшаётган мамлакатдаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларидан янги паспорт олишлари ёки паспортларини алмаштиришлари мумкин.

Паспорт олиш учун хорижда доимий яшовчи Ўзбекистон фуқаролари дипломатик ваколатхона ёки консуллик муассасасига қуйидаги ҳужжатларни топшириши керак:

— Белгиланган ариза;

— Олдин мавжуд бўлган паспорт;

— Туғилганлик ҳақида гувоҳнома (16 ёшга тўлиб, илк бор паспорт олувчилар учун);

— 35х45 мм. ўлчамидаги оқ-қора ёки рангли иккита фотосурат;

— Зарур ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар.

Саволга Каттақўрғон шаҳар 1-сон давлат нотариал идораси нотариуси Аюб ҚУРБОНОВ жавоб берди. 



Савол:Ота-онанинг аризаси бўйича боланинг насл-насабини белгилаш асослари ҳақида маълумот берсангиз?

Умида Рахимова, Самарқанд шаҳри.

Жавоб:Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 61-моддасига асосан, боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахснинг оталиги ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс ва онанинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органига биргаликда топширган аризасига биноан белгиланади.

Она вафот этганда суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганда онанинг қаердалигини аниқлаш имконияти бўлмаганда ёки у оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда, оталик васийлик ва ҳомийлик органи билан келишилган ҳолда ўзини боланинг отаcи деб тан олаётган шахснинг аризасига биноан белгиланади.

Боланинг отаси суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, оталикни белгилаш тўғрисидаги аризани унинг номидан васийлик  ва ҳомийлик органининг рухсати билан унинг ҳомийси бериши мумкин.

Оталикни белгилаш тўғрисидаги ариза боланинг туғилганлигини қайд этиш вақтида, шунингдек бола туғилганлиги қайд этилгандан кейин ҳам берилиши мумкин. Агар оталикни белгилаш тўғрисида бола туғилгандан сўнг эр-хотин биргаликда ариза беришининг имкони бўлмай қолиши ёки мушкул бўлишини кўрсатувчи асослар мавжуд бўлса, туғилажак боланинг ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онаси шундай аризани она ҳомиладорлик вақтида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига беришга ҳақли.

Оталикни белгилаш рад этилганда, ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс суд тартибида шикоят қилиши мумкин.

Саволга Самарқанд шаҳар 4-сон ФҲДЁ  бўлими мудираси В.Ганиева жавоб берди


Савол: Кўпчиликни ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш пайтида тақдим этиш учун қандай ҳужжатлар зарурлиги қизиқтиради.  Бу борада янгилик борми?

Озод Ҳамдамов, Самарқанд шаҳри.

Жавоб: Ҳа бор, яъни аввалги тартибда мавжуд бўлмаган жиҳатлар Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда алоҳида қайд этилган. Унга кўра, республикамиз фуқароларининг аввалги “Ер тўғрисида”ги қонунга асосан, тўғрироғи, Ер кодекси қабул қилингунга қадар олган ер участкаларига бўлган мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш учун бир қатор ҳужжатлар тақдим этилиши керак бўлади. Улар — шаҳар ҳокимларининг Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун шаҳарлар ерларидан мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқида ер участкалари бериш тўғрисидаги қарорлари, шаҳарчалар ва қишлоқ, овуллар фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг Ўзбекистон фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун шаҳарчалар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг собиқ колхозлар, совхозлар ҳамда бошқа қишлоқ ва ўрмон хўжаликлари корхоналари, муассасалари, ташкилотлари ҳудудида бўлмаган ерларидан мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқида ер участкалари бериш тўғрисидаги қарорлари, шунингдек, қишлоқлар, овуллар фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг Ўзбекистон фуқароларига қишлоқ жойларида шахсий ёрдамчи хўжалик юритиш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқида ер участкалари бериш тўғрисидаги қарорларидир.

Янгиликлардан яна бири агар давлат ҳокимияти органининг қарорида ҳуқуқ тури кўрсатилмаган бўлса, у ҳолда юридик ва жисмоний шахс учун қуйидаги ҳуқуқлар тан олинади ҳамда рўйхатдан ўтказилиши лозим:

– якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжалиги ҳамда жамоа боғдорчилиги ва узумчилигини юритиш учун фойдаланиладиган ер участкаларига бўлган мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи (агар ҳатто давлат ҳокимияти органларининг қарорларида бошқа ҳуқуқ тури кўрсатилган бўлса ҳам);

– бинолар ва иншоотлар қуриш учун берилган ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи;

– қишлоқ ва ўрмон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкасига доимий эгалик қилиш ҳуқуқи.

Бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқининг ҳамда бошқа ашёвий ҳуқуқларнинг ўзга шахсга ўтишини давлат рўйхатидан ўтказишда, кўрсатилган объектлар билан эгалланган ва улардан фойдаланиш учун зарур бўлган ер участкасига эгалик қилиш ёки ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқи янги ҳуқуқ эгасининг номига расмийлаштирилади.

Саволга Самарқанд шаҳар 6-сон ДНИ  нотариуси Л.Алиева жавоб берди. 



Баъзида болалар билиб-билмай ёки ўзгаларнинг топшириғи билан жиноятга қўл уришади. Воя­га етмаганларга нисбатан жазо тайинлашда нималарга эътибор берилади?

Самандар Бобоқулов,Самарқанд шаҳри

Мамлакатимизда болалар манфаатларини муҳофаза қилишга йўналтирилган бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Республикамизда эътироф этилган илк халқаро ҳужжат БМТнинг болалар ҳуқуқига оид Конвенциясидир. Сиёсий, фуқаровий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни ўзида мужассамлаштирган бу ҳужжат халқаро қонун кучига эга ва ҳар бир боланинг тинчлик, адолат руҳида камол топишига хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, вояга етмаганлар жиноятчилигига қарши кураш умумий жиноятчиликка қарши курашнинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишлар бўйича исботланиши лозим бўлган ҳолатларнинг бири вояга етмаганнинг ижтимоий руҳий ҳолатидан келиб чиқадиган шахсига хос хусусиятларни аниқлашдан иборатдир. Буни вояга етмаганнинг ҳаётий тажрибасизлиги, бирон одамга ўхшашга, тенгдошлари орасида ўзини устун қўйишга интилиши, ўта таъсирчанлиги, ҳурмат-эътибор қозонишни хоҳлаши, кайфиятнинг кескин ўзгариб туриши, ўйламасдан ҳаракатлар қилиши, воқеаларни ўз дунё­қарашига кўра қабул қилиши ва ҳуқуқий жиҳатдан чекланган лаёқат мақоми билан таърифлаш мумкин.

Вояга етмаган шахс кўрсатувларининг мақбуллиги қонунга ва процессуал шаклга, биринчи навбатда, жиноят процессуал қонунининг барча талабларига риоя этиш билан боғлиқ. Вояга етмаганлар кўрсатувларига баҳо беришда эса уларнинг таъсирчанликлари, тазйиқдан кам ҳимояланганликлари ва бошқа руҳий омилларни эътиборга олиш лозим.

Саволга Самарқанд шаҳар 15-сон давлат  нотариал идораси нотариуси Улуғбек Муртазаев жавоб берди. 



          Савол:Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 7 январдаги “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Шу боис дастлаб ушбу жараённинг ҳозиргача бўлган ҳолати ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

Ойбек Азизов, Жомбой тумани.

Жавоб:Бу борадаги ишлар ҳозиргача “Ўзбекистон Республикасида бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасида ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги йўриқномалар асосида амалга ошириб келинган. Адлия вазирлигида 1998 йил 7 январь ва 1999 йил 27 майда рўйхатдан ўтган ушбу ҳужжатларга мувофиқ, бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқ бир ой, ер участкаларига эса ўн кун муддатда давлат рўйхатидан ўтказилиши белгиланган.

Кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёни беш босқичда амалга оширилиб, бунда дастлаб юридик ва жисмоний шахслар томонидан туман ёки шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизматига тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ариза берилган. Кейинги босқичларда рўйхатдан ўтказувчи орган туман ёки шаҳар “Ермулккадастр” хизмати томонидан аризани рўйхатга олиш, хизматлар ва йиғимларни тўлаш учун тўлов ҳужжатларини бериш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларни экспертиза қилиш, кадастр йиғмажилди тайёрланиб, бу ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ва бу ҳақдаги гувоҳномани юридик ва жисмоний шахсларга тақдим этиш ишлари олиб борилган.

Ҳар бир босқични таҳлил этиш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш амалиётини ўрганиш эса бу соҳада бир қатор муаммолар борлигини кўрсатди. Булар асосан давлат рўйхатидан ўтказишнинг аниқ жараёни ва муддатлари белгиланмагани, бино-иншоотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг (амалдаги ҳужжатлар идоравий ҳужжат, холос), айниқса, кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда кўчмас мулк ҳақидаги ахборотларни тегишли органларга тақдим этиш тартибларининг, кўчмас мулкларнинг ягона давлат реестрининг йўқлиги билан изоҳланади.

Саволга Жомбой тумани 1-сон ДНИ нотариуси О.Маматқулов жавоб берди. 



Савол: Бизнинг МЧЖ муассисларидан бири вафот этди. Унинг меросхўрлари (қонун бўйича) улушни иккинчи муассисимизга беришга тайёрлар. Таъсис ҳужжатларида жамиятнинг бошқа иштирокчилари улушни мерос қилиб олишга розилик бериши талаби мавжуд эмас. Агар ворислар мерос олиш ҳуқуқини ҳали олмаган бўлишса, улар улушни қандай қилиб беришлари мумкин? Қандай ҳужжатларни қайси муддатда тақдим этиш лозим?

С.АзимовПайариқ тумани.

Жавоб: “Масъулияти чекланган ҳам­да қўшимча масъулиятли жа­миятлар тўғрисида”ги Қо­нун 20-моддаси биринчи қисми маъносидан келиб чиқилганда жамият иштирокчисигина жамиятнинг устав капиталидаги ўз улушини сотишга ёки ўзга тарзда воз кечишга (улушни тасарруф этишга) ҳақлидир, бунда улушларни тасарруф этиш имконияти жамият устави билан чекланиши мумкин. Жамиятнинг иштирокчиси бўл­ган жисмоний шахс вафот этган тақдирда, жамиятнинг устав ка­питалидаги унга қарашли улуш қонун ва васиятномага (агар мавжуд бўлса) мувофиқ универсал ҳуқуқий ворислик тартибида, агар жамиятнинг таъсис ҳужжатларида бундай ўтишга жамиятнинг бошқа иштирокчилари розилиги олиниши зарурлиги назарда тутилмаган бўлса, унинг меросхўрларига ўтади. Шу тариқа, кўриб чиқилаётган ҳолда жамият иштирокчисининг меросхўрлари уларни жамият аъзолигига қабул қилишларини ва, тегишинча, Фуқаролик кодек­сининг 59-моддаси, МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 8 ва 9-мод­далари ҳамда жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқлар ва мажбу­риятларни олишга даъво қилишга ҳақлилар.

Жамиятнинг вафот этган иштирокчисининг меросхўри томонидан мерос қабул қилингунга қадар жамиятнинг вафот этган иштирокчиси ҳуқуқлари васиятномада кўрсатилган шахс томонидан, бундай шахс бўлмаган тақдирда эса нотариус тайинлаган бошқарувчи томонидан амалга оширилади.

Мерос очилган жойдаги нотариусга мерос­хўрнинг мерос олиш ҳуқуқига гувоҳнома бериш тўғрисида ариза бериши билан мерос қабул қилиб олинади. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғри­сидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан 6 ой ўтганидан кейин берилади. Уш­бу муддатдан ав­вал бундай гувоҳнома ариза берган шахслардан ташқари бошқа меросхўрларнинг йўқлиги тўғрисида нотариусда маълумотлар бўлган тақдирдагина берилиши мумкин. Бунда гувоҳномани муддатидан аввал бериш нотариуснинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи ҳисобланади. Яъни у ҳар бир муайян ҳолда бошқа меросхўрлар бор-йўқлигини белгилайди, буни тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг рўйхати белги­ланмаган (улар, масалан, мерос­хўрларнинг ўзлари ёки нота­риуснинг сўровлари бўйича ФҲДЁ, суд, ИИБ, фойдаланиш таш­килотларининг ҳужжатлари бўлиши мумкин). Шу тариқа, жамиятнинг устав капиталидаги улушга меросхўр бўлиш ҳуқуқини ва бунинг оқи­батида улушни тасарруф этишга ҳуқуқни тасдиқловчи ҳуж­жат – уларга берилган меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома бўлади. Акс ҳолда ҳали нотариусга меросни қабул қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилмаган бошқа меросхўрларнинг ҳуқуқлари бузилиши мумкин.

Шуни қайд этиш лозимки, бир ёки бир нечта меросхўрлар, васиятнома ижрочиси, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органи, ҳомийлик ва васийлик органи ёки мерос мол-мулкини сақлаб қолиш манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилаётган бошқа шахсларнинг аризасига кўра нотариус мероснинг хусусияти ва қимматини, шунингдек меросга эгалик қилишга киришиш учун зарур вақтни ҳисобга олган ҳолда, яъни меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома олишга қадар нотариус томонидан белгиланадиган муддат мобайнида меросни қўриқлаш ва бошқариш чораларини кўриши шарт. Мерос мол-мулкнинг қўриқланиши учун нотариуслар бу мол-мулкни рўйхатга олади ва уни сақлаш учун меросхўрларга ёки бошқа шахсларга топширади. Бунда хўжалик жамиятининг устав капиталидаги улуш шубҳасиз бошқаришни талаб этадиган мол-мулк ҳисобланади ва нотариус юқорида кўрсатилган талаблар мавжуд бўлганда ишончли бошқарув муассиси си­фатида ушбу мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасини тузиши шарт.

Шу тариқа, меросхўрлар ҳали мерос олишга киришмаган (меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома олмаган) вазиятда уларда МЧЖ устав капиталида мерос бўладиган улушни тасарруф этиш учун юридик асос йўқ. Ўз улушларини меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома олгач – мерос очилган кундан бошлаб 6 ой ўтгандан кейин ёки нотариуснинг қарорига кўра ушбу муддат ўтгунига қадар тасарруф эта оладилар.

Саволга Пайарик туман 2-сон давлат нотариал идораси нотариуси А.Болиев жавоб берди.



          Савол: Таълим кредити: Уни қандай олиш мумкин?

А.Раҳматов, Иштихон тумани.

Жавоб:Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги “Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида”ги қарори ёшларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлаш, шу баробарида, аҳолининг кам таъминланган, ёрдамга муҳтож қатламини ижтимоий муҳофаза қилишга қаратилгани билан ҳам муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Ушбу қарор Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, ёшларнинг таълим олиши учун янада кенг имкониятлар яратиш, олий маълумот олаётган фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш мақсадида қабул қилинган. Қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун тижорат банклари томонидан таълим кредитлари бериш тартиблари белгиланган. Бу тартиб мамлакатимизда 2001/2002 ўқув 
йилидан бошлаб амалиётга жорий этилиб келинмоқда.

Мазкур қарор билан тасдиқланган “Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида"ги Низомга мувофиқ тижорат банклари томонидан таълим кредитлари бериш уларни қайтариш, тўловнинг таъминланганлиги, муддатлилиги ва улардан мақсадли фойдаланиш шартлари асосида амалга оширилади. Тaълим кредитлари тижорат банклари томонидан Олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимларига тўлов-контракт асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талабаларнинг ўқиши учун талабаларнинг ўзларига, уларнинг ота-оналарига ёки васийларига берилиши мумкин. Таълим кредитлари, Олий таълим муассасаларида ўқиш даври ҳисобга олинган ҳолда, бакалавриатга ўқишга қабул қилинган талабаларга 10 йилгача, магистратурага ўқишга қабул қилинган талабаларга 5 йилгача бўлган муддатга берилади.

Муддатли ҳарбий хизматни ўташ даври бу муддатга кирмайди.

Савол:Таълим кредитларини беришда имтиёзлар назарда тутилганми?

О.Маҳмудов, Оқдарё тумани

Жавоб:Албатта, имтиёзлар мавжуд. Зеро, мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг марказида инсон манфаати ва унинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масаласи доимо биринчи ўринда туради. Шу боис ҳам таълим кредитлари чин етимларга, “Меҳрибонлик уйлари”да тарбияланганларга ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронларига фоизсиз берилади. Талабаларнинг қолган тоифаларига эса Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан

юқори бўлмаган ўзгарувчи фоиз ставкалари белгиланади.

Бундан ташқари, кам таъминланган оилалардан бўлган талабалар учун кредит беришда ҳам имтиёзлар мавжуд бўлиб, ушбу тоифадаги фуқароларга берилган таълим кредитлари бўйича кўшилган фоизларнинг 50 фоизи меҳнат, аҳолини иш билан таъминлаш ва ижтимоий муҳофаза қилиш туман бўлимлари томонидан Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари 
ҳисобидан тўланади.

Савол: Кредит олган талаба бирор сабаб туфайли талабалар сафидан чиқарилган ҳолларда таълим кредитини қайтариш тартиблари қандай бўлади?

Ш.Собиров, Самарқанд шаҳри

Жавоб:Агар талаба ўқиш даври тугамасидан талабалар сафидан чиқарилса, таълим муассасаси раҳбарияти— ректор (директор)нинг буйруғи чиққан кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида банкка хабар бериши керак. Қарз олувчи эса ўз навбатида уч ой муддатда таълим кредити ва унга қўшилган фоизлар бўйича қарзларни тўлиқ қайтариши лозим.

Талабанинг талаба сафидан чиқарилиши олий таълим муассасаси томонидан банкка ўз вақтида маълум қилинмаган тақдирда, таълим муассасаси ушбу давр учун ҳисобланган фоизларни банкка тўлашга мажбур.Ушбу шартлар банк, қарз олувчи ва олий таълим муассасаси ўртасида тузиладиган кредит шартномасида aкс эттирилиши керак.

Саволларга Иштихон тумани 2-сон ДНИ нотариуси Э.Рахматов жавоб берди. 



Савол: Мен танишимга 5.000.000 сўм қарз бермоқчиман. Шартномани нотариусда расмийлаштириш шартми ёки тилхат олишнинг ўзи кифоями? Нотариусда шартномани расмийлаштиришнинг фойдали томонлари нимада? Қарз шартномасини нотариусда расмийлаштириш учун давлат божи қанча миқдорни ташкил этади? Бунда гувоҳлар керакми?

Бахтиёр Азимов, Самарқанд тумани.

Жавоб: Жисмоний шахслар ўртасидаги қарз шартномаси, агар унинг суммаси энг кам иш ҳақи миқдорининг 10 бараваридан ошса, оддий ёзма шаклда тузилиши керак. У қарз олувчининг унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки ашёларнинг муайян миқдори берилганлигини тасдиқлайдиган тилхати бўлганда ҳам ёзма шаклда тузилган деб ҳисобланади. Агар сиз энг кам иш ҳақи миқдорининг 10 бараваридан (ҳозирги пайтда энг кам иш ҳақи – 96.105 сўм) кам суммани қарзга бермоқчи бўлсангиз, битимни нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди – ёзма қарз шартномаси ёки қарз олувчининг тилхати кифоя.

Қарз шартномасини тузиш чоғида қонун гувоҳларнинг бўлишини талаб этмайди. У ҳатто битимнинг оддий ёзма шаклига риоя этмаслик унинг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келмаслигини, бироқ тарафларни низо юзага келган ҳолатда унинг содир этилганлиги, мазмуни ёки ижросини гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилишини кўрсатди.

Агар сиз катта суммани қарзга бермоқчи бўлсангиз, ушбу битимни нотариусда тасдиқлашга ҳаракат қилинг. Нотариус нотариал ҳаракатларни содир этиш учун мурожаат қилувчининг шахсини аниқлаши, юзма-юз суҳбат вақтида фуқароларнинг ҳуқуқий лаёқатини аниқлаши, тарафларнинг ҳақиқий ниятларини белгилаши, мурожаат қилган шахсларнинг илтимосига кўра қарз шартномаси лойиҳасини туза олиши нотариал тасдиқлашнинг ижобий томонларидир.

Нотариуслар томонидан нотариал ҳа­ра­катларни амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқномага кўра, қарз шартномаси хоҳлаган нотариал идорада тасдиқланиши мумкин. Унда қарзнинг қайтарилиш муддати, жойи ва мажбурият бажарилиши усуллари ҳақида нотариус томонидан тушунтириш берилганлиги кўрсатилиши керак. Лозим бўлса, нотариус тарафларнингхоҳиш-истакларини аниқлаш мақсадида ариза олиши мумкин.

Қарз шартномаси бўйича қарз олган шахс томонидан тўлов муддати ўтказиб юборилганда, қарз берувчининг илтимосига кўра нотариус қарздорга мулкни қайтариш ёки қарз суммасини қайтариб бериш тўғрисидаги қарз берувчининг аризасини қарз олган тарафга аризани топшириш нотариал ҳаракатини амалга ошириши ва бу ҳақда гувоҳнома бериши мумкин.

Қарз шартномасини тасдиқлаганлик учун давлат божи шартнома суммасининг 1 фоизи миқдорида, бироқ энг кам иш ҳақи миқдорининг камида 20 фоизи миқдорида бўлади. Агар сизда нотариусга мурожаат қилиш имконияти бўлмаса ёки маълум сабабларга кўра шундай қилишни хоҳламасангиз, юрист ёки адвокатга мурожаат қилишингиз мумкин. Улар сизга шартномани тўғри тузишда ёрдам бериб, унда барча зарур ва муҳим жиҳатларни акс эттирадилар.

Саволга Самарқанд тумани 2-сон ДНИ нотариуси М.Норматов жавоб берди.



Васиятнома – фуқаронинг сўнги хоҳиш иродаси

Савол: Нималарни васият қилиш мумкин? Васиятнома нотариус томонидан тасдиқланиши шартми? Васиятнома ёзаётганда нималарни унутмаслик керак? Васият қилувчи мерос олувчига шарт қўйишга ҳақлими? Шулар ҳақида батафсил маълумот берсангиз.

Наримон Болтаев, Жомбой тумани.

Жавоб: Фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади. Васиятнома шахсан тузилиши лозим. Васиятноманинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди. Фуқаро ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига васият қилиши мумкин. Васият қилувчи қонун бўйича меросхўрлардан биттасини, бир нечасини ёки ҳаммасини изоҳ бермаган ҳолда меросдан маҳрум қилишга ҳақли. Қонун бўйича меросхўрни меросдан маҳрум этиш, агар васиятномадан бошқа ҳол келиб чиқмаса, бу васият қилувчининг тақдим этиш ҳуқуқи бўйича ворислик қиладиган авлодларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Мерос қолдирувчи ҳар қандай мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли. Мерос қолдирувчи васият қилаётган пайтида ўзига тегишли бўлмаган мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли. Агар мерос очилган пайтга келиб, бундай мол-мулк унга тегишли бўлиб қолса, тегишли фармойиш ҳақиқий ҳисобланади.

Мерос қолдирувчи васиятнома тузилганидан кейин уни истаган пайтда бекор қилиш ва ўзгартириш борасида эркин бўлиб, бунда бекор қилиш ёки ўзгартириш сабабларини кўрсатишга мажбур эмас. Мерос қолдирувчи ўзи васиятномада меросхўр этиб тайинлаган шахсларга, ўз навбатида вафот этишлари эҳтимоли билан ўзларига васият қилинган мол-мулкни муайян тарзда тасарруф этиш хусусида кўрсатма бериш мажбуриятини юклашга ҳақли эмас.

Васият қилувчи мероснинг олиниши учун меросхўр хулқ-атворининг хусусиятини қонуний равишда шарт қилиб қўйишга ҳақли. Меросхўрни тайинлаш ёки ворислик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги фармойишга киритилган ғайриқонуний шартлар ҳақиқий бўлмайди.Васиятномага киритилган бўлиб, меросхўр ўз саломатлигининг аҳволига кўра ёки бошқа объектив сабаблар туфайли бажара олмайдиган шартлар меросхўрнинг даъвоси бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Васият қилувчи васиятномада кўрсатилган меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этиши, меросни қабул қилмаслиги ёхуд ундан воз кечиши ёки нолойиқ меросхўр сифатида мерос олишдан четлаштирилиши эҳтимолини, шунингдек васиятнома бўйича меросхўр мерос қолдирувчининг қонуний шартларини бажармаслиги эҳтимолини назарда тутган ҳолда бошқа меросхўрни (ворисдан кейинги ворисни) тайинлаши мумкин. Қонун хужжатларига мувофиқ меросхўр бўла оладиган ҳар қандай шахс ворисдан кейинги ворис этиб тайинланиши мумкин. Васиятнома бўйича меросхўрнинг ворисдан кейинги ворис зарарига меросдан воз кечишига йўл қўйилмайди.

Мол-мулкнинг васият қилинмаган қисми белгиланган тартибда ворисликка чақириладиган қонун бўйича меросхўрлар ўртасида тақсимланади. Бу меросхўрлар жумласига мол-мулкнинг бошқа қисми васиятнома бўйича мерос қилиб қолдирилган қонун бўйича ворислар ҳам кирадилар.

Васиятнома ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим.

Нотариус, васиятномани тасдиқловчи бошқа мансабдор шахс, шунингдек васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган фуқаро мерос очилгунга қадар васиятноманинг мазмунига, унинг тузилиши, бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига дахлдор маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас. Васият қилувчи мерос сифатида уй-жой, квартира ёки бошқа турар жойни оладиган меросхўр зиммасига турар жойни ёки унинг бир қисмини бошқа шахсга умрбод фойдаланиш учун бериб қўйиш мажбуриятини юклашга ҳақли. Турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи кейинчалик бошқа шахсга ўтганида ҳам умрбод фойдаланиш ҳуқуқи ўз кучида қолади.

Турар жойдан умрбод фойдаланиш ҳуқуқи бошқа шахсга ўтказилмайди, ўзгага берилмайди ва васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчининг меросхўрларига ўтмайди.

Саволга Жомбой тумани 2-сон ДНИ нотариуси Г.Курбонова жавоб берди.



Судда иш қўзғатишнинг процессуал тартиби

Савол: Фуқаролик ишлари бўйича судида фуқаролик ишлари қандай қўзғатилади?

Жавоб: Судда фуқаролик ишлари ёзма шаклда ариза бериш йўли билан қўзғатилади.

Савол:Фуқаролик ишини қўзғатиш бўйича аризасининг мазмунида нималар кўрсатилиши лозим?

Жавоб: Фуқаролик ишини қўзғатиш бўйича аризада қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

1) ариза берилаётган суднинг номи;

2) даъвогарнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми) ва яшаш жойи, агар даъвогар ташкилот бўлса, унинг номи ва қаерда жойлашганлиги, шунингдек агар ариза вакил томонидан берилаётган бўлса, вакилнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми) ва манзили;

3) жавобгарнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми), яшаш жойи ёки агар жавобгар ташкилот бўлса, унинг номи ва қаерда жойлашганлиги;

4) даъвогарнинг талаби;

5) агар даъвони баҳолаш лозим бўлса, унинг баҳоси;

6) даъвогар ўзининг талабларига асос қилиб кўрсатаётган ҳолатлар ва бу ҳолатларни тасдиқлайдиган далиллар;

7) аризага илова қилинган ҳужжатларнинг рўйхати.

Савол: Фуқаролик ишини қўзғатиш бўйича ариза ким томонидан имзоланади? Ариза вакил томонидан берилган бўлса, аризага қандай қўшимча ҳужжатлар илова қилиниши лозим?

Жавоб: Ариза даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Агар ариза вакил томонидан берилган бўлса, аризага ишончнома ёки унинг ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилиниши лозим.

Савол: Бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида прокурор, давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ёки айрим фуқаролар томонидан бериладиган аризаларда яна нималар кўрсатилиши лозим?

Жавоб: Бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида прокурор, давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ёки айрим фуқаролар томонидан бериладиган аризаларда, шу моддада санаб ўтилган маълумотлардан ташқари, ариза кимнинг манфаатини кўзлаб берилган бўлса, ўша шахснинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми) ва манзили кўрсатилиши лозим.

Савол: Судга ариза қанча нусхада берилади?

Жавоб:Судга ариза жавобгарларнинг сонига мутаносиб миқдорда нусхалари билан берилади.

Савол: Судья даъвогарни аризага илова қилинган ҳужжатларнинг нусхаларини ҳам жавобгарларнинг сонига мутаносиб миқдорда тақдим этишга мажбур қилиши мумкинми?.

Жавоб: Судья ишнинг мураккаблиги ва хусусиятига қараб, даъвогарни аризага илова қилинган ҳужжатларнинг нусхаларини ҳам жавобгарларнинг сонига мутаносиб миқдорда тақдим этишга мажбур қилиши мумкин.

Савол: Фуқаролик ишини қўзғатиш бўйича аризалар ким томонидан қабул қилинади? Фуқаролик иши қўзғатиш масаласини ким ҳал қилади ва бу ҳақда суд нима чиқаради?

Жавоб: Аризалар судларда суднинг раиси, унинг ўринбосари ёки судья томонидан қабул қилинади.

Фуқаролик иши қўзғатиш масаласини судья ҳал қилади ва бу ҳақда суд ажрим чиқаради.

Савол:Қандай ҳолларда суд аризани қабул қилишни рад этади?

Жавоб: Суд қуйидаги ҳолларда аризани қабул қилишни рад этади, агар:

1) ариза судда кўришга тегишли бўлмаса;

2) суднинг айнан ўша тарафлар ўртасида, айнан бир предмет тўғрисида ва айнан бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан қабул қилиниб, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёхуд даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечганлигини қабул қилиш ёки тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрими мавжуд бўлса;

3) суд айнан ўша тарафлар ўртасида, айнан бир предмет тўғрисида ва айнан бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан иш юритаётган бўлса;

4) тарафлар ўртасида ушбу низони ҳал қилиш учун ҳакамлик судига топшириш ҳақида ҳакамлик битими тузилган бўлса;

5) иш шу суднинг судловига тааллуқли бўлмаса;

6) ариза муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилган бўлса;

7) манфаатдор шахс номидан аризани иш юритиш ваколатига эга бўлмаган шахс берган бўлса.

Савол:Аризани қабул қилишни рад этиш қандай расмийлаштирилади ва бу ҳақда суд томонидан қандай ҳужжат чиқарилади?

Жавоб: Судья ариза судда кўришга тегишли бўлмаса; суднинг айнан ўша тарафлар ўртасида, айнан бир предмет тўғрисида ва айнан бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан қабул қилиниб, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёхуд даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечганлигини қабул қилиш ёки тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрими мавжуд бўлса; суд айнан ўша тарафлар ўртасида, айнан бир предмет тўғрисида ва айнан бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан иш юритаётган бўлса; тарафлар ўртасида ушбу низони ҳал қилиш учун ҳакамлик судига топшириш ҳақида ҳакамлик битими тузилган бўлса; иш шу суднинг судловига тааллуқли бўлмаса; ариза муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилган бўлса; манфаатдор шахс номидан аризани иш юритиш ваколатига эга бўлмаган шахс берган асосларга кўра аризани қабул қилишни рад этар экан, бу ҳақда ариза тушган кундан эътиборан ўн кун ичида асослантирилган ажрим чиқаради.

Савол: Иш судга тааллуқли бўлмаса, судья ажримда нималар кўрсатилиши шарт ва даъвогарга қандай ҳужжатлар қайтарилади?

Жавоб: Башарти иш судга тааллуқли бўлмаса, судья ажримда аризачи қайси органга мурожаат қилиши кераклигини ёки иш қўзғатишга тўсқинлик қилаётган ҳолатларни қандай бартараф этишни кўрсатиши шарт.

Ариза иловалар ва ажримнинг нусхаси билан биргаликда даъвогарга қайтарилади.

Савол:Қандай ҳолларда ариза ҳаракатсиз қолдирилади ва бу ҳақда суд томонидан қандай ҳужжат чиқарилади?

Жавоб: Судья ариза Фуқаролик процессуал кодекснинг 149 ва 150-моддаларида баён этилган талабларга риоя қилинмай берилганлигини ёки давлат божи тўланмаганлигини аниқласа, аризани ҳаракатсиз қолдириш тўғрисида ажрим чиқариб, бундан даъвогарни хабардор қилади ва камчиликларни тузатиш учун унга муҳлат беради.

Савол: Агар даъвогар белгиланган муддатда судьянинг кўрсатмаларига мувофиқ Фуқаролик процессуал кодекснинг 149 ва 150-моддаларидаги талабларни бажарса ва давлат божини тўласа, ариза қайси куни берилган ҳисобланади?

Жавоб: Агар даъвогар белгиланган муддатда судьянинг кўрсатмаларига мувофиқ ушбу Кодекснинг 149 ва 150-моддаларидаги талабларни бажарса ва давлат божини тўласа, ариза судга дастлаб тақдим этилган куни берилган ҳисобланади. Акс ҳолда, ариза берилмаган ҳисобланиб, даъвогарга қайтарилади ва бу ҳақда ажрим чиқарилади.

Савол: Даъвогар аризада бир неча талабни бирлаштириш ҳақлими?

Жавоб: Даъвогар бир аризада ўзаро боғлиқ бўлган бир неча талабни бирлаштиришга ҳақли.

Савол: Судья бир турдаги ишларни бирлаштиришга ҳақлими?

Жавоб: Судья шу судда айнан бир тарафлар иштирок этаётган бир турдаги бир неча иш юритилаётганлигини ёхуд бир шахснинг турли жавобгарларга ёки бир неча даъвогарнинг айнан битта жавобгарга нисбатан аризалари бўйича бир неча иш юритилаётганлигини аниқласа, агар бу ишларни бирлаштириш ишнинг ўз вақтида ва тўғри ҳал қилинишига ёрдам берса, уларни биргаликда кўриш учун битта ишга бирлаштиришга ҳақли.

Савол: Судья бирлаштирилган талаблардан бирини ёки бир нечасини алоҳида иш юритиш учун ажратишга ҳақлими?

Жавоб: Агар аризани қабул қилаётган судья талабларни алоҳида кўришни мақсадга мувофиқ деб топса, бирлаштирилган талаблардан бирини ёки бир нечасини алоҳида иш юритиш учун ажратишга ҳақли.

Савол: Бир неча даъвогар томонидан ёки бир неча жавобгарга нисбатан талаблар тақдим этилса, улардан бири ёки бир нечасини алоҳида иш юритиш учун ажратишга судья ҳақлими?

Жавоб: Бир неча даъвогар томонидан ёки бир неча жавобгарга нисбатан талаблар тақдим этилса, аризани қабул қилаётган судья, агар талабларни алоҳида кўриб чиқишни мақсадга мувофиқ деб топса, улардан бири ёки бир нечасини алоҳида иш юритиш учун ажратишга ҳақли.

Саволларга Адлия вазирлиги масъул ходими Н.Каримова жавоб берди.


 

Савол: Шу йил уйланмоқчиман. Бўлажак турмуш ўртоғим билан тиббий кўрикдан ўтишим керак экан, шу ҳақда батафсил маълумот берсангиз.

Сарвар Асроров, Самарқанд вилояти

Жавоб:Ёшларнинг никоҳини қайд этиш жараёнида, ўзаро розилиги билан мурожаат қилган куёв ва келиндан ариза олиниб, бир ойлик муддатга рўйхатга қўйилади.

Аризани рўйҳатга қўйиш билан бир қаторда саломатлигини текшириш ва бир бирини соғлигидан боҳабар бўлиш учун тиббий кўриклардан ўтиб келиши учун поликлиникага йўлланма берилади.

Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида “Оила кодексига” янги норма сифатида 17-модда киритилган бўлиб, мазкур моддада никоҳланувчи шахсларнинг давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул асосда тиббий кўрикдан ўтишлари белгилаб қўйилган.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365-сонли Қарори билан тасдиқланган “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низом” қабул қилинди. Низом талабларига мувофиқ никоҳланувчи шахслар қуйидаги касаллик турлари; психик, наркологик, таносил касалликлари, сил касаллиги ва ОИВ/ОИТС бўйича тиббий кўрикдан ўтадилар.

Никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтишларининг афзаллик жиҳатлари шундаки, юқоридаги касалликларни инсон ва унинг келажакда дунёга келадиган ворислари учун ниҳоятда хавфлилигини инобатга олган ҳолда, қонун никоҳланувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилибгина қолмай, шу билан бирга, келажак наслнинг соғлом дунёга келишини ҳам кафолатлайди.

Саволга Пайариқ туман 2-сон ФҲДЁ бўлими мудираси М.Сайдуллаева жавоб берди 


Савол: Мен хорижга ҳайдовчи бўлиб ишга кириш мақсадида жўнаб кетаяпман. Менинг ҳайдовчилик гувоҳномамда рус тили ёзувлари мавжуд эмас. Шу боис ҳайдовчилик гувоҳномамни ўзбек тилидан рус тилига таржима қилиш ва нотариал тартибда тасдиқлаш тартиби ҳақида маълумот берсангиз.

Мансур Ҳамидов, Самарқанд шаҳри.

Жавоб: Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Йўриқномага асосан, нотариус, башарти у тегишли тилларни билса, ҳужжатни бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини тасдиқлайди. Нотариал ҳаракат бажарилаётганда айни вақтда ҳужжатнинг таржимаси ҳам қилинадиган бўлса, у ҳолда нотариуснинг тасдиқловчи ёзувида иккита нотариал ҳаракат амалга оширилаётганлиги кўрсатилади.

Агар нотариус тегишли тилларни билмаса, таржима таржимон томонидан амалга оширилиши мумкин, нотариус унинг имзосини ҳақиқийлигини шаҳодатлайди. Таржима нотариусга маълум бўлган ва тегишли тилни билган таржимон томонидан амлга оширилиши керак. Таржимоннинг тегишли тилни билиши унинг дипломи ёки тегишли ҳужжатлари билан тасдиқланади.

Агар таржима таржимон томонидан амалга оширилса, унинг имзоси, фамилияси, исми, отасининг исми ҳужжатнинг таржима матни тагига қўйилади. Ҳужжатни имзоловчи шахслар ҳужжатнинг асл матни ва таржима қилинган матни тагига ўзларининг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилган холда имзо қўядилар. Бунда, ҳужжатнинг таржима матнидаги уларнинг имзолари таржимон имзосидан кейин қўйилади. Нотариуснинг тасдиқловчи ёзуви ҳужжатнинг асл матни ва таржима матни тагида 
қайд этилади.

Саволга Самарқанд шаҳар 1-сон ДНИ нотариуси З.Саидова жавоб берди.



Ўзбекистон Республикасига хорижий инвестицияларни жалб қилишга яратилган шарт-шароитлар

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари ва Ўзбекистон Республикасида турган чет давлатлар фуқароларининг шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулклар бўйича қайси қонунда қандай имтиёзлар берилган?

– “Бож тарифи тўғрисида”ги Қонуннинг 33-моддаси ҳамда “Чет эл инвестициялари тўғрисида” ги Қонуннинг 12-моддасида устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши камида ўттиз уч фоиз бўлган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан икки йил давомида ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган мол-мулк бож ундиришдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда озод қилинади. Чет эллик инвесторларнинг ва чет эллик инвесторлар билан тузилган меҳнат шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида турган чет давлатлар фуқароларининг шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулкдан бож ундирилмаслиги белгиланган.

Мамлакатимизда ташкил этилган эркин индустриал-иқтисодий зоналар ҳақида маълумот беринг?

– 1996 йил 25 апрелда “Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 2 декабрдаги ПФ-4059-сон Фармонига асосан Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона, 2012 йил 13 апрелдаги ПФ-4436-сон Фармонига асосан “Ангрен” махсус индустриал зонаси ҳамда 2013 йил 18 мартдаги ПФ-4516-сон Фармонига асосан “Жиззах” махсус индустриал зонаси ташкил этилган. Шунингдек, 2009 йил 9 апрелда “Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудига кириши, ундан чиқиб кетиши, у ерда бўлиши ва ишга ёлланишининг соддалаштирилган тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 104-сонли қарори қабул қилинган.

Чет эл инвестицияларини қандай амалга ошириш шакллари мавжуд?

– Ўзбекистон Республикасининг “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги Қонунининг 5-моддасига асосан чет эллик инвесторлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида инвестицияларни қуйидаги йўллар билан амалга оширишлари мумкин:

Ўзбекистон Республикасининг юридик ва (ёки) жисмоний шахслари билан биргаликда ташкил этилган хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг, банклар, суғурта ташкилотлари ва бошқа корхоналарнинг устав жамғармаларида ва бошқа мол-мулкида улуш қўшиб қатнашиш;

чет эллик инвесторларга тўлиқ қарашли бўлган хўжалик жамиятлари ва ширкатларини, банклар, суғурта ташкилотлари ва бошқа корхоналарни барпо этиш ва ривожлантириш;

мол-мулк, акциялар ва бошқа қимматли қоғозларни, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан эмиссия қилинган қарз мажбуриятларини сотиб олиш;

интеллектуал мулкка, шу жумладан муаллифлик ҳуқуқлари, патентлар, товар белгилари, фойдали моделлар, саноат намуналари, фирма номлари ва ноу-хауга, шунингдек ишчанлик нуфузига (гудвиллга) ҳуқуқлар киритиш;

концессиялар, шу жумладан табиий ресурсларни қидириш, ишлаб чиқиш, қазиб олиш ёки улардан фойдаланишга бўлган концессиялар олиш;

савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари объектларига, турар жой биноларига улар жойлашган ер участкалари билан биргаликда мулк ҳуқуқини, шунингдек ерга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш (шу жумладан ижара асосида фойдаланиш) ҳамда табиий ресурсларга эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқларини сотиб олиш орқали.

Чет эллик инвесторлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида инвестицияларни амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шаклларда ҳам амалга оширишлари мумкин.

“Чет эл инвестициялари” бирламчи ёки такроран амалга оширилаётган шаклларининг ўзгартирилиши уларнинг инвестиция сифатидаги моҳияти ўзгаришига олиб келмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 апрелдаги “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4434-сон Фармонига асосан солиқ соҳасида қандай имтиёзлар, афзалликлар ва кафолатлар белгиланди?

– Хорижий инвесторнинг пул шаклидаги улуши 5 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган янгидан ташкил этилаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 10 йил мобайнида солиқ қонунчилигида ўзгаришлар юз берган ҳолларда, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи (товарлар, ишлар, хизматларни реализация қилиш айланмаси), 
мол-мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона ижтимоий тўлов, ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика йўл жамғармасига ҳамда Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашнинг мазкур корхоналар давлат рўйхатидан ўтиш санасида амал қилган меъёрлари ва қоидаларини қўлланилиши мумкинлиги белгиланди.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона шўъба корхоналари, филиаллари ва ваколатхоналари ташкил этиши мумкинми?

– Ўзбекистон Республикасининг “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддасига асосан чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг талабларига риоя этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган шўъба корхоналар, филиаллар, шунингдек юридик шахс бўлмаган ваколатхоналар ва бошқа алоҳида бўлинмалар ташкил этиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг шўъба корхоналари, филиаллари, ваколатхоналари ва бошқа алоҳида бўлинмалари ташкил этилиши мумкин.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулкларга қандай имтиёзлар берилган?

– “Бож тарифи тўғрисида”ги Қонуннинг 33-моддаси ҳамда “Чет эл инвестициялари тўғрисида” ги Қонуннинг 12-моддасида устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши камида ўттиз уч фоиз бўлган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан икки йил давомида ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган мол-мулк бож ундиришдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда озод қилинади. Чет эллик инвесторларнинг ва чет эллик инвесторлар билан тузилган меҳнат шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида турган чет давлатлар фуқароларининг шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулкдан бож ундирилмаслиги белгиланган.

Инвестицияга оид низолар қандай тартибда ҳал этилади?

 – “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ чет эл инвестициялари билан бевосита ёки билвосита боғлиқ низо (инвестицияга оид низо), тарафлар келишувига кўра, улар ўртасидаги маслаҳатлашувлар орқали ҳал этилиши мумкин. Агар тарафлар келишилган ҳал қилувга эриша олмасалар, бундай низо Ўзбекистон Республикасининг хўжалик суди томонидан ёхуд ҳакамлик воситасида инвестицияга оид низоларни ҳал этишга доир Ўзбекистон Республикаси қўшилган халқаро шартномаларнинг (битимлар ва конвенцияларнинг) қоидалари ва тартиботига мувофиқ ҳал этилиши лозим.

Инвестицияга оид низога жалб этилган тарафлар ўзаро келишувга кўра бундай низони кўриб чиқувчи органни, шунингдек инвестицияга оид низо бўйича ҳакамлик судловини амалга оширувчи мамлакатни аниқлашлари мумкин.

Чет эллик инвесторларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги инвестиция фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низоларни Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади, шартномада низоларни ҳал қилишнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ўзга тартиби назарда тутилган ҳоллар бундан мустаснодир.

Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни рўйхатдан ўтказишда қанча миқдорда давлат божи тўланади?

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 5-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида ва вилоятлар адлия бошқармаларида давлат рўйхатидан ўтказилганлик учун хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналардан — энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари, шунингдек 500 АҚШ доллари миқдорида давлат божи тўланади.

Саволларга Адлия вазирлиги масъул ходими А.Эранов жавоб берди 



Савол: Фукаролик ҳолати далолатномалари ёзувларини бекор килиш тартиби кандай, шу ҳақда маълумот берсангиз?

Шоира МухсиноваСамарканд тумани

Жавоб: Агар фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи икки ва ундан ортиқ бир хил ёзувлар борлигини аниқласа, тиклаган ёзувлар ўша ёзув тузилган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органида бекор килиниши мумкин. Агар топилган фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларида фамилия, исм, ота исми, туғилган санаси, ота-она тўғрисидаги маълумотларда жиддий фарқ бўлса, тикланган фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувлари суднинг ҳал қилувчи қарори билан бекор қилинади.

ФҲДЁ органи томонидан икки ва ундан ортиқ, бир хил далолатнома ёзувлари борлиги аниқланган ҳолларда, тикланган далолатнома ёзувлари мазкур ёзувни қайд этган ФҲДЁ органи томонидан бекор қилиниши мумкин.

Топилган фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларида фамилия, исм, ота исми, туғилган сана, ота-она тўғрисидаги маълумотларда жиддий фарқ бўлса, тикланган далолатнома ёзувлари суднинг ҳал қилув қарори билан бекор қилинади.

ФҲДЁ органи суднинг ҳал қилув қарори асосида тикланган фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувининг биринчи бетига устидан қия чизиқ, тортиб, далолатнома ёзувининг «белгилар устуни»да далолатнома ёзуви, далолатнома ёзувини бекор қилган суднинг номи ва қарорнинг санасини ёзиб қўяди ва аризачига маълумотнома беради.

ФҲДЁ органи бу тўғрисида юқори турувчи шаҳар, вилоят, Республика ФҲДЁ архивига ва дастлабки далолатнома ёзуви қайд этилган ФҲДЁ органига хабарномалар юборади. Собиқ Итгифоқ Республикаларидан келган ҳужжатлар асосида далолатнома ёзувларини бекор қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Адлия бошқармалари хулосаси бўйича тикланган далолатнома ёзуви ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади ва ёзувни бекор қилиш ҳақидаги ҳужжатлар шу ФҲДЁ органида сақланади.

Саволга Самарқанд тумани ФҲДЁ бўлими мудираси Ш.Саъдуллаева жавоб берди 



Савол: Яқинда бир танишим Самарқанд шаҳридан кўп қаватли уйлардан квартира сотиб олди. Барча ҳужжатлар расмийлаштирилгач, кўчиб бориб қараса, хона ичидаги айрим жиҳозлар йўқ экан. Айтингчи, уйни сотиб олишда нималарга эътибор қаратиш лозим?

Ойбек Буранов, Тайлоқ тумани.

 Жавоб:- Кўчмас мулк олди-сотдиси даврида тарафлар барча жиҳатларни эътиборга олмагани учун кейинчалик турли даъво-эътирозлар келиб чиқади. Масалан, аксарият ҳолларда квартира хариди закалат сифатида майян сумма берилганлиги тўғрисида тилхат ёзилади. Аммо мазкур ҳужжатда энг муҳим шартлар – сотиб олинаётган кўчмас мулкнинг умумий қиймати, олди-сотди шартномаси ва уни нотариал тасдиқлаш санаси белгиланмайди.

Ваҳоланки, икки ўртада келишмовчилик пайдо бўлмаслиги учун дастлабки келишув (закалат тўғрисидаги тилхат)да ҳам сотувчининг квартирани бошқа шахсга сотиш учун зарур ҳужжатлар пакетини муайян муддатда йиғиш ва нотариал идорага квартира мулкдорлари ва унда прописка қилинган бошқа вояга етган шахслар барчасини зарур ҳужжатлар билан ҳозир бўлишини таъминлаш бўйича мажбуриятлар кўрсатилса мақсадга мувофиқ. Шунингдек, унда сотувчининг электр энергияси, табиий газ, иссиқ ва совуқ сувдан фойдаланганлик дафтарчалари, квартирани бўшатиш, калитларни бериш, рўйхатдан чиқиш вақтини, харидорнинг квартира қиймати қолган қисмини қандай муддатларда тўлаш мажбуриятини ҳам аниқ акс эттириш зарур.

Турар жойни кўрганда мавжуд бўлган буюм ёки жиҳозлар кўчиб кирганда ўзгариб қолиши ёки умуман бўлмаслигининг олдини олиш учун келишувга мувофиқ қолдирилган ашёлар суратини битимга илова қилиб, расмийлаштирган маъқул.

Саволга Тайлоқ туман 1-сон ДНИ  нотариуси Ф.Валиходжаев жавоб берди. 


Савол: Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида кўп эшитамиз, лекин уларнинг бир-биридан фарқи ва кимларга тайинланишини билмаймиз. Шу ҳақда тушунча берсангиз.

Зилола Абдуазимова, Самарқанд шаҳри.

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 30-моддасига кўра, руҳий касаллиги ёки ақлий заифлиги оқибатида ўз хатти-ҳаракатларининг аҳамиятини тушунча олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган фуқарони суд қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда “муомалага лаёқатсиз” деб топиши мумкин. Бундай ҳолатда фуқарога васийлик белгиланади.

Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро номидан битимларни унинг васийи амалга оширади. Фуқаронинг муомалага лаёқатсиз деб топилишига сабаб бўлган асослар бекор бўлса, суд уни муомалага лаёқатли деб топади ва унга белгиланган васийликни бекор қилади.

Фуқаролик кодексининг 31-моддасига мувофиқ, спиртли ичимликларни муттасил равишда истеъмол қилиши натижасида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяётганфуқаронинг муомала лаёқати суд томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чеклаб қўйилиши мумкин. Унга ҳомийлик белгиланади. Бундай фуқаро фақат майда маиший битимларни мустақил тузиш ҳуқуқига эга. У бошқа битимларни ҳомийнинг розилиги билангина тузиши, шунингдек, иш ҳақи, пенсия ва бошқа даромадлар олиши ҳамда уларни тасарруф этиши мумкин. Лекин бундай фуқаро ўзи тузган битимлар бўйича ва етказилган зарари учун мустақил равишда мулкий жавобгар ҳисобланади.

Фуқаронинг муомала лаёқати чекланишига сабаб бўлган асослар бекор бўлса, суд унинг муомала лаёқатини чеклашни бекор қилади ҳамда фуқарога белгиланган ҳомийлик суд қарори асосида бекор қилинади.

Саволга Самарқанд вилоят ФҲДЁ архиви  мудираси М.Куканянц жавоб берди.



Суд қарори билан никоҳдан ажратишни қайд этиш тартиби қандай амалга оширилади?

Фотима МУХТОРОВА, Пахтачи тумани

— Оила кодексининг 47-моддасига биноан никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органида никоҳдан ажратиш қайд этилган кундан бошлаб тўхтатилади.

ФҲДЁ органи суд қарори асосида эр-хотинлардан бирининг аризасига биноан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги далолатнома ёзувини қайд этади ва никоҳдан ажратиш тўғрисидаги гувоҳномани беради. Эр-хотинларнинг шахсини тасдиқловчи паспортлар ёки бошқа ҳужжатларга никоҳдан ажратилганлик тўғрисида ФҲДЁ органи томонидан штамп қўйилади. Ушбу Қоидалар 1998 йил 1 сентябргача ва 2010 йил 15 сентябрдан бошлаб, қонуний кучга кирган суд қарорларига нисбатан қўлланади.

Республика судларининг 1998 йил 1 сентябргача қонуний кучга кирган қарорлари бўйича никоҳдан ажратишни қайд этиш, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги қарорни чиқарган суд жойлашган ҳудуддаги ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади.

2010 йил 15 сентябрдан бошлаб, қонуний кучга кирган никоҳдан ажратишни қайд этиш республика судлари қарорлари билан эр-хотиндан бирининг яшаш жойидаги ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади. Бунда, никоҳдан ажратишни қайд этишгача ФҲДЁ органи эр ёки хотиндан бирининг никоҳдан ажратилганлиги расмийлаштирилганлигини текширади. Текширувни суд қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб, мурожаат этилган кунгача никоҳдан ажратиш тўғрисидаги Алфавит дафтари бўйича ва никоҳ тузилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзуви (никоҳ бекор қилинганлиги ҳақида белги қўйилганлиги ёки йўқлиги) бўйича ўтказилади.

Агар никоҳдан ажратиш ФҲДЁ органида томонлардан бирининг аризасига кўра қайд этилган бўлса, у ҳолда далолатнома ёзуви иккинчи томон тўғрисидаги маълумотлар билан тўлдирилади ва никоҳдан ажратганлик тўғрисида гувоҳнома берилади. Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги далолатномадаги ёзувларга қўшимчалар киритиш ва никоҳдан ажратилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани бериш, шунингдек, томонлардан бирининг ишончнома асосида ҳаракат қилувчи ўз вакили орқали берилган аризаси бўйича ҳам амалга оширилиши мумкин. Бунда, ариза ва ишончнома нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

МДҲ мамлакатлари суди томонидан қонуний кучга кирган қарор асосида Ўзбекистон Республикаси фуқароси билан тузилган никоҳни бекор қилиш (қарор қачон чиққанидан қатъи назар) агар давлатлараро битимда бошқа ҳол назарда тутилмаган бўлса, аризачининг тураржойидаги ФҲДЁ органида қайд этилади.

Саволга Пахтачи туман ФҲДЁ бўлими

мудираси Малоҳат МИРЗАЕВА жавоб берди. 



— Мамлакатимиздан олиб чиқилиши мумкин бўлмаган қимматли маданий бойликлар ҳақида батафсил маълумот берсангиз?

Шахриёр ЗИЁЕВ,Самарқанд шаҳри

— Ўзбекистон Республикасининг “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги Қонунининг 8-моддасида давлатимиздан олиб чиқилиши мумкин бўлмаган маданий бойликлар рўйхати келтирилган. Унга кўра:

— эллик йил ва ундан олдинроқ яратилган маданий бойликлар;

— давлат томонидан муҳофаза рўйхатлари ва реестрларига киритилган маданий бойликлар;

— Ўзбекистоннинг давлат ва жамоат музейлари, архивлари, кутубхоналари ва бошқа сақлаш жойларида доимий сақланаётган маданий бойликлар.

Қолаверса, облигация, вексель, чек, депозит ва жамғарма сертификатлари, банкнинг тақдим қилувчига берадиган жамғарма дафтарчаси, коносамент, акция ҳамда қонун ҳужжатлари қимматли қоғозлар жумласига кириб, улар ҳам ҳуқуқий ашё сифатида қўриқланади.

Саволга Самарқанд шаҳар 12-сон давлат нотариал идораси нотариуси Шаҳло ИСМОИЛОВА жавоб берди. 



Савол: ННТ тушунчаси?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги Конуннинг 2 моддасига асосан нодавлат нотижорат ташкилоти — жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган ўзини ўзи бошқариш ташкилотидир.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакллари турлари қандай?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 10 моддасига қўра жамоат бирлашмаси, ижтимоий фонд, муассаса шаклида, шунингдек қонунларда назарда тутилган бошқа шаклда ташкил этилиши мумкин.

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари ўзларининг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, шунингдек умумий манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида уюшмалар (иттифоқлар) шаклида бирлашмалар тузиши мумкин.

Халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти тушунчаси?


Жавоб: Ўз уставига ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳамда битта ёки ундан кўпроқ чет эл давлати ҳудудида фаолият олиб бориши мумкин бўлган халқаро ташкилот халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти деб ҳисобланади.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотининг таъсис ҳужжатларига нималар киради?


Жавоб: Муассислар (аъзолар) томонидан тасдиқланган устав ва қатнашчилар томонидан тузилган таъсис шартномаси ва улар тасдиқлаган устав — уюшма (иттифоқ) учун.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотини қайта ташкил этиш йўллари?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 20 моддасига қўра нодавлат нотижорат ташкилотини қайта ташкил этиш унинг юқори органи қарорига биноан бирлашиш, қўшилиш, бўлиниш, ажралиб чиқиш ва ўзгартириш йўли билан амалга оширилади.

Савол: Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқаро ҳамда чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари қайси давлат органида рўйхатдан ўтказилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқаро ҳамда чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилади.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказиш учун рўйхатга олувчи органга қандай ҳужжатлар тақдим этилади?


Жавоб: - Мазкур нодавлат нотижорат ташкилотининг раҳбар-органи аъзолари ҳар бирининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва жойи, яшаш жойи ҳамда манзилини кўрсатган ҳолда улар томонидан имзоланган ариза;

- нодавлат нотижорат ташкилотининг икки нусхадаги устави;

- таъсис съезди (конференцияси) ёки умумий йиғилишнинг нодавлат нотижорат ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги, муассислари хусусидаги, унинг уставини тасдиқлаш ҳақидаги, раҳбар органлари ва бошқа органларини шакллантириш тўғрисидаги маълумотлар албатта мавжуд бўлган баённомаси;

- давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги банк тўлов ҳужжати.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилоти фаолиятининг турлари?


Жавоб: Нодавлат нотижорат ташкилоти қонун билан тақиқланмаган ҳамда ўзининг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган мақсадларга мувофиқ бўлган фаолиятнинг ҳар қандай турини амалга ошириши мумкин.

Савол: Диний ташкилотлар деб нималар ҳисобланади?


Жавоб: Диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар.

Савол: Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотни тузиш тартиби?

Жавоб: Диний ташкилот Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган юз нафардан кам бўлмаган фуқаролари ташаббуси билан тузилади.

Савол: Қайси орган диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш ваколатига эга?


Жавоб: Диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органларини рўйхатга олиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан, бошқа диний ташкилотларни эса тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар, Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашшаклларини санаб беринг?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга асосан давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклида қўллаб-қувватлаши мумкин.

Савол: 2012 йил 12 ноябрь Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасининг бешинчи йўналиши Фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш деб номланади. Мана шу соҳадаги қайси янги қонун лойиҳалар бўйича Президентимиз ўз таклифларини берган?

Жавоб:

-"Ижтимоий шериклик тўғрисида"

-"Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида"

-"Экологик назорат тўғрисида"ги қонунлар.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини тартибга солувчи қонунлар номларини санаб беринг?

Жавоб:

1. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (13 боб – Жамоат бирлашмалари);

2. “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун;

3. “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Қонун;

4. “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун;

5. “Жамоат фондлари тўғрисида”ги Қонун;

6. “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонун;

7. “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун;

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 12 мартдаги Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмаларини рўйхатдан ўтказишни тартибга солиш тўғрисида 132-сонли қарори;

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 12 мартдаги Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўйимча чора-тадбирлар тўғрисида ПҚ-2085-сонли қарори;

Савол: Жамоат бирлашмасининг жамоат фондидан нима фарқи бор?

Жавоб:

- жамоат бирлашмасида аъзолик мавжуд, жамоат фондларида эса йўқ;

- жамоат фондлари фаолияти фақат суд томонидан тугатилади, жамоат бирлашмалари фаолияти эса ихтиёрий равишда тугатилиши мумкин;

- жамоат бирлашмаларининг аъзолари камайса тугатилиши мумкин, жамоат фондларига бундай норма тадбиқ этилмайди.

- Жамоат фондларининг молия йили тугаганда аудиторлик текширувидан ўтказиш шарт, жамоат бирлашмаларига бундай норма тадбиқ этилмайди.

- Жамоат бирлашмаларининг ҳудудий бўлимлари ўз уставига эга бўлиб давлат рўйхатидан ўтказилса, юридик шахс бўлиши мумкин. Жамоат фондларининг ваколатхона ва бўлимлари юридик шахс бўлмайди.

- Жамоат фондлар юридик ва жисмоний шахсларининг муассислигида тузилиши мумкин. Жамоат бирлашмалари фақат камида 10 та фуқаронинг ташаббуси билан тузилади.

- Жамоат фонди воситачилик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган. Жамоат бирлашмасига бундай норма тадбиқ этилмайди.

Савол: Қонунчиликда нодавлат нотижорат ташкилотларига имтиёзлар берилганми, бўлса қанақа?

Жавоб:

Ўзбекистон Республикаси “Нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда:

1. Нодавлат нотижорат ташкилотлари қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳар қандай фаолият турини ўз уставларида белгиланган мақсадлари доирасида амалга ошириши мумкин;

2. Давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлашга бўлган ҳуқуқини таъминлайди;

3. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг мол-мулки национализация, реквизиция ва мусодара қилинмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

4.Нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда давлат божи тўлашдан озод этилади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига асосан:

Нодавлат нотижорат ташкилотлар юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғларидан озод этилган.

Савол: Ўзбекистон Республикасида сиёсий партиялар нечта ва улар қандай номланади?

Жавоб:

1) Ўзбекистон халқ демократик партияси;

2) Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси;

3) Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси;

4) Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилоти тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкинми?

Жавоб:

Нодавлат нотижорат ташкилоти қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз устав мақсадларига мос келадиган доираларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин.


Савол: Нодавлат нотижорат ташкилоти фаолиятини тугатиш тартиби қандай?

Жавоб:

Нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш унинг юқори органи қарорига биноан ёки суд тартибида амалга оширилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотининг муассислари, қатнашчилари (аъзолари) ёки нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган орган давлат рўйхатидан ўтказувчи адлия органи билан келишган ҳолда тугатиш комиссиясини тайинлайди.

Нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш тўғрисидаги ёзув уни давлат рўйхатидан ўтказган адлия органи томонидан қуйидаги ҳужжатлар асосида юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритилади:

нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш тўғрисидаги ёзувни юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритиш тўғрисидаги ариза (ихтиёрий равишда тугатилаётган тақдирда);

тегишли органнинг нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш тўғрисидаги қарори;

нодавлат нотижорат ташкилотининг устави ва бошқа таъсис ҳужжатлари ҳамда у давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;

тугатиш баланси ёки топшириш ҳужжати ёхуд тақсимлаш баланси.

Кредиторларнинг талаблари қондирилгандан кейин қолган мол-мулк ташкилот қатнашчилари (аъзолари), шунингдек раҳбар органларнинг аъзолари ёки нодавлат нотижорат ташкилотларининг ходимлари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас ҳамда ундан белгиланган тартибда фойдаланилади.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолиятини тўхтатиб қўйиш мумкинми?

Жавоб:

Нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолияти у Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонун ҳужжатларини бузган тақдирда суд томонидан тўхтатиб қўйилиши мумкин.

Нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган, шунингдек устав мақсадларига зид ҳаракатлар содир этилган тақдирда прокуратура органлари ёки адлия органлари кўрсатилган қоидабузарликлар тўғрисида мазкур нодавлат нотижорат ташкилотининг раҳбар органларига тақдимнома киритади ҳамда бу қоидабузарликларни бартараф этиш муддатини белгилайди. Агар бу қоидабузарликлар белгиланган муддатда бартараф этилмаса, нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолияти прокуратура ва адлия органларининг тақдимномаси асосида суднинг қарори билан олти ойгача бўлган муддатга тўхтатиб қўйилади.

Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этилган тақдирда нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолиятини тўхтатиб қўйиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотининг мол-мулкини шакллантириш манбаларини санаб беринг?

Жавоб:

- кириш ва аъзолик бадаллари, агар улар уставда назарда тутилган бўлса;

- муассислардан, қатнашчилардан (аъзолардан) бир маротаба ва мунтазам равишда келадиган тушумлар;

- ихтиёрий мулкий бадаллар ва эҳсонлар;

- тадбиркорлик фаолиятидан олинган, фақат устав мақсадлари учун ишлатиладиган даромадлар (фойда);

- қонунларда тақиқланмаган бошқа тушумлар.

Савол: Жамоат бирлашмалари фаолиятининг принципларини санаб беринг?

Жавоб:

“Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Конунга кўра жамоат бирлашмалари ўз аъзолари (қатнашчилари)нинг ихтиёрийлиги, тенг ҳуқуқлилиги, ўзини ўзи бошқариш, қонунийлик ва ошкоралик асосида тузилади ва ҳаракат қилади.

Савол: Сиёсий партияни тузиш учун ......

Жавоб: Камида саккизта ҳудудий субъектда (вилоятда), шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида яшаётган ҳамда партияга бирлашиш истагида бўлган камида йигирма минг фуқаронинг имзоси бўлиши талаб этилади.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотининг рамзий белгиларга нималар киради ва улар қайси орган томонидан рўйхатга олинади?

Жавоб:

Нодавлат нотижорат ташкилоти байроқ, эмблема, вимпел ва бошқа рамзий белгиларга эга бўлиши мумкин. Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотининг рамзий белгилари давлат рамзий белгиларига ўхшамаслиги керак.

Нодавлат нотижорат ташкилотининг рамзий белгилари адлия органлари томонидан рўйхатга олинади.



Қонунлардаги ҳаволаки нормаларни амалга ошириш механизми
билан таъминлашнинг долзарб масалалари

Ҳаволаки норма деганда қандай нормалар тушунилади?

Жавоб. Қонун ҳужжатларидаги моддаларда бошқа моддаларга ёки илгари қабул қилинган қонун ҳужжатларига ҳавола қилиш ёки нормаларнинг ўзаро боғлиқлигини кўрсатиш, яъни агар норманинг ўзида юриш-туриш, феъл атвор қоидалари белгиланган бўлмаса, шу қоидаларни ўзида мужассам этган бошқа нормага ҳавола этиш тушунилади. Нормалардаги ҳаволалар фақат амалдаги ва қонуний кучга кирган қонун ҳужжатларга кўрсатилиши мумкин.

Қонун ҳужжатларида ҳаволаки нормалардан нима мақсадда фойдаланилади?

Жавоб. Ҳаволаки нормалар қонун ҳужжатининг моддалари, қисмлари, бандлари, кичик бандлари, хатбошиларида унинг бошқа моддалари, қисмлари, бандлари, кичик бандлари, хатбошиларига, шунингдек бошқа қонун ҳужжатлари ва уларнинг айрим қоидаларига ҳаволалар норматив кўрсатмаларнинг ўзаро боғлиқлигини кўрсатиш зарурати бўлган ҳолларда ёхуд такрорлашларга йўл қўймаслик учун қўлланилади.

Қонун ҳужжатларда ҳаволаларнинг қўлланилиши нормада тартибга солинган муносабатни қайта такроран тартибга солишни олдини олишда катта аҳамиятга эга.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда адлия органларининг роли нимадан иборат?

Жавоб: 2012 йил 24 декабрда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунининг 22-моддасига асосан Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ҳуқуқий экспертизаси – норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, унга нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ҳамда мақсадга мувофиқлигини текшириш масадида ўтказилади.

Кейинги йилларда адлия органларининг фаолиятини янада такомиллаштирилиши муносабати билан, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 14 февралдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти”га 2013 йил 7 декабрда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, адлия органларига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар экспертизасини ўтказиш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.

Унга кўра, Адлия вазирлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунчиликка, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига шунингдек уларда ҳаволаки нормалар қўлланилишининг мақсадга мувофиқлигини ва асослилигини аниқлаш ҳамда қонунлар лойиҳаларини мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотлар мақсадлари ва вазифаларига мувофиқлиги, уларда коррупциянинг юзага келиши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида бошқа ҳуқуқ бузилишларининг содир этилиши учун шарт-шароитлар яратувчи, шунингдек тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий ва бошқа чеклашларни киритувчи ҳамда тадбиркорлик субъектларининг асосланмаган харажатлари юзага келишига олиб келувчи қоидалар ва нормаларни аниқлаш юзасидан таҳлил қилиш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказишни амалга ошириши белгиланди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда қонунлардаги ҳаволаки нормаларни амалга оширишга қаратилган қандай амалий чоралар кўрилди?

Жавоб: Бу борада 2013 йил 15 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қонунларнинг ҳаволаки нормаларини амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш режаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-2003-сон қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикаси қонунларида мавжуд бўлган ҳаволаки нормаларни амалга ошириш механизмларини таъминлашга қаратилган 105 та ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилди. Бу эса ўз навбатида, қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқлар ва “оқ доғлар”ни бартараф этишда муҳим амалий аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 15 июлдаги “Қонунларнинг ҳаволаки нормаларини амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш режаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-2003-сон қарори қайси соҳалардаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш назарда тутилган?

Жавоб: Мазкур қарорда қонунларнинг ҳаволаки нормаларини давлат ва жамият қурилиши (19 та), суд-ҳуқуқ, (7 та), иқтисодий ривожланиш (40 та), ижтимоий ва гуманитар ривожланиш (39 та) соҳаларида амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Саволларга Адлия вазирлиги Қонунчиликка риоя  этилиши устидан назорат қилиш
бош бошқармаси бош маслаҳатчиси  Юнус Ходжиев жавоб берди. 



Савол: Апостиль нима ва уни қўйиш муддати қанча?

Э.Юсупов, Иштихон тумани

Жавоб:

Ҳужжатни имзолаган сифатида иш кўрган шахснинг имзоси ҳақиқийлигини ва ҳужжатни тасдиқлаган муҳр ёки штамп босма изи ҳақиқийлигини тасдиқлайдиган Конвенция (Гаага, 1961 йил 5 октябрь)га мувофиқ расмий ҳужжатга чет элда фойдаланиш мақсадида қўйиладиган махсус штамп.

Расмий ҳужжатга апостиль қўйиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати имзо намунасини ва апостиль қўйиш учун тақдим этилган расмий ҳужжатни имзолаган аниқ мансабдор шахснинг имзо қўйиш ҳуқуқига ваколатларини тасдиқлаш ва (ёки) ҳужжат чиқадиган ташкилотнинг муҳри босма изи намунасини талаб қилиш зарур бўлмаган тақдирда ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб 5 иш кунидан ортиқ бўлмаслиги керак.

Имзо намунасини ва апостиль қўйиш учун тақдим этилган расмий ҳужжатни имзолаган аниқ мансабдор шахснинг имзо қўйиш ҳуқуқига ваколатларини тасдиқлаш ва (ёки) расмий ҳужжат чиқадиган ташкилот муҳри босма изи намунасини талаб қилиш зарур бўлган тақдирда расмий ҳужжатга апостиль қўйиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати 20 иш кунидан ортиқ бўлмаслиги керак.

Саволга Иштихон туман 1-сон ДНИ нотариуси 

Одил Юзбоев жавоб берди. 


 

Хорижий инвестиция иштирокидаги қўшма корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш учун қайси идорага мурожаат қилиш ва қандай ҳужжатлар тақдим этиш лозим.

У.Саидов, Самарқанд шаҳри

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги Қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига асосан хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар – Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар адлия бошқармалари (Тошкент шаҳрида ташкил этиладиган хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги) томонидан давлат рўйхатидан ўтказилади.

Шунингдек, юқорида кўрсатилган Низом талабларига асосан хорижий инвестиция иштирокидаги корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш учун рўйхатдан ўтказувчи органга (шахсан келиб, почта алоқаси воситасида ёки Интернет тармоғи орқали) Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги ариза тақдим этилади.

Давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризага:

- давлат тилидаги таъсис ҳужжатларининг икки асл нусхаси, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ва хорижий сармоя иштирокидаги бошқа корхоналар учун нотариал тасдиқланган таъсис ҳужжатлари талаб этилади;

- давлат божининг белгиланган миқдори (энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари, шунингдек 500 АҚШ доллари) тўланганлиги ҳақидаги банк тўлов ҳужжати;

- фирма номларининг марказлаштирилган маълумотлар базасида қулай фирма номи захирага олинганлигини тасдиқлайдиган ягона логин ва пароль;

- икки нусхада муҳр ва штамп эскизлари;

- хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ва хорижий сармоя иштирокидаги бошқа корхоналар учун хорижий муассис тўғрисида юридик шахс рўйхатдан ўтказилган жойдаги савдо реестридан кўчирма ёки, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси томонидан белгиланган тартибда легализация қилинган ушбу юридик шахс фаолиятини тасдиқловчи бошқа ҳужжат. Ушбу ҳужжатлар белгиланган тартибда нотариал тасдиқланган давлат тилидаги таржимаси билан тақдим этилиши керак.

Умед Норқулов

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси

бўлим бошглиғи 



— Битимлар тузишда ёшнинг аҳамияти борми? Ёки вояга етмаган шахс­лар ҳам битим тузиш ҳуқуқига эгами?

Шокир Миразизов, Булунғур тумани

— Битимларнинг ҳақиқий ёки ҳақиқий эмаслигини ҳисобга олишда ёшнинг аҳамияти бор, албатта. Фуқаролик кодексининг 29-моддасига асосан, олти ёшдан ўн тўрт ёшгача бўлган кичик ёшдаги болалар мустақил равишда майда маиший битимлар, текин манфаат кўришга қаратилган, нотариал тасдиқлашни ёки давлат рўйхатидан ўтказишни талаб қилмайдиган битимлар ҳамда қонуний вакил ёки унинг розилиги билан учинчи шахс томонидан муайян мақсад ёки эркин тасарруф этиш учун берилган маблағлар борасида битимлар тузишга ҳақли ҳисобланади.

Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 117-моддасига асосан, юқоридаги санаб ўтилган битимлардан бошқа турдаги битимлар ўн тўрт ёшга тўлмаган шахс томонидан тузилган тақдирда ушбу битимлар ўз-ўзидан ҳақиқий эмас, деб ҳисобланишига олиб келади.

Саволга Булунғур туман

1-сон давлат нотариал идораси нотариуси Шуҳрат Раҳимов жавоб берди. 



Ҳуқуқий маслаҳатхона

Кўчмас мулк ва автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ва уни олиб ташлаш тартиби қандай амалга оширилади?

У.Санақулов, Пастдарғом тумани

Қонун ҳужжатларида кўрсатилган ҳолларда, шунингдек, банклар (бош­қа кредит ташкилотлари), тегишли ташкилотлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ва бошқа кўчмас мулк сотиб олиш ёки қайта таъмирлаш ва бошқа мақсадларда берилган қарзларнинг қайтарилишини таъминлаш учун кўчмас мулк гаровга қўйилган бўлса, гаров шартномаларини тасдиқлаш вақтида мазкур кўчмас мулк жойлашган ҳудуддаги нотариус кўчмас мулкка нисбатан тақиқ қўяди ва бу ҳақда “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмасига хабарнома юборади.

Суд, тергов, прокуратура органлари, суд ижрочилари ва нотариуслар томонидан кўчмас мулк ва автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тақиқланганлиги ва хатланганлиги тўғрисидаги хабарлар тақиқлар ва хатловларни рўй­хатга олиш китобига қайд этилади.

Нотариуслар тегишли ташкилотларнинг қарз ва мажбуриятлари бажарилганлиги ҳақида ёхуд гаров (ипотека) тўғрисидаги шартноманинг бекор қилинганлиги ҳақида хабарни олганларидан сўнг кўчмас мулк ва автомототранспорт воситасининг бошқа шахсга ўтказилишига қўйилган тақиқни олиб ташлайди.

Нотариус суд, тергов, прокуратура органлари ва суд ижрочисининг тақиқ ва хатловнинг олиб ташланганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда юборган хабарномаларини олгандан кейин бу ҳақда тақиқлар ва хатловларни рўйхатга олиш китобига ёзиб қўяди.

Саволга Пастдарғом туман 3-сон давлат нотариал идораси нотариуси Мадина Набиева жавоб берди



Савол:

Қарз шартномаси ва уни расмийлаштиришга оид қандай талаблар мавжуд?

О.Усмонов, Самарқанд шаҳри

Жавоб:

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 732-моддасига асосан қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.

Қарз шартномаси ёзма равишда расмийлаштирилади.

Қарз олувчи Қарз берувчига қарзга олинган пулларни шартномада кўрсатилган муддат ва шартлар асосида қайтариб беришга мажбурдир.

Қарз қайтариш муддати шартномада кўрсатилмаган тақдирда, қарзга олинган пуллар Қарз берувчининг талаб қилинган кунидан бошлаб ўттиз кун ичида Қарз олувчи томонидан қайтарилиб берилиши шарт.

Фоизсиз қарз суммаси Қарз олувчи томонидан муддатидан олдин қайтарилиши мумкин. Фоиз эвазига берилган қарз суммаси, агар қарз шартномасида кўзда тутилган бўлса ёки қарз берувчининг розилиги билан, муддатидан олдин қайтарилиши мумкин.

Фоизларни тўлаш муддатлари ва тартиблари Қарз шартномаси билан белгиланади.

Савол:

Қарз олувчи қарзни қайтариш муддатини кечиктирган тақдирда, нотариус ҳаракатлари қайдай тартибда амалга оширилади?

И.Самандаров, Каттақўрғон тумани

Жавоб:

Қарз шартномаси бўйича қарз олган шахс томонидан тўлов муддати ўтқазиб юборилганда, Ўзбекистон Республикаси «Нотариат тўғрисида»ги қонунининг 73 моддасига мувофиқ Қарз берувчининг илтимосига кўра нотариус Қарздорга мулкни қайтариш ёки қарз суммасини қайтариб бериш тўғрисидаги Қарз берувчининг аризасини қарз олган тарафга аризани топшириш нотариал ҳаракатини амалга ошириш ва бу ҳакда гувоҳнома бериши мумкин.

Шартнома мажбуриятлари бажарилмаган тақдирда эса нотариус Ўзбекистон Республикаси «Нотариат тўғрсида»ги қонунининг 76-80 моддалари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 18 январдаги Қарори билан тасдиқланган Нотариусларнинг ижро хатларига асосан қарзни ундириш сўзсиз амалга ошириладиган ҳужжатлар рўйхатига мувофиқ ижро хатини ёзади.

Ижро хати қарздорликни белгиловчи асл ҳужжатда қайд этилади. Қарздорликни белгиловчи асл ҳужжатда ижро хатини ёзиш учун жой бўлмаган ҳолларда у алоҳида варақда амалга оширилади. Ушбу варақ қарздорликни белгиловчи асл ҳужжатга қўшиб тикилади, рақамланади ва муҳрланади. Қарздордан пул суммаларини ундириш ёки мол-мулкини талаб қилиб олиш учун нотариус қарздорликни белгиловчи ҳужжатларга ижро ёзувини ёзади. Ушбу нотариал ҳаракат шахсларнинг ёзма аризасига асосан амалга оширилади.

Саволларга Самарқанд шаҳар 1-сон Давлатнотариалидораси нотариуси З.Саидова жавоб берди. 



Савол:

Нотариал ҳаракатларнинг махфийлиги нима? Шу ҳақда батафсил маълумот берсангиз.

А.Саматов, Самарқанд шаҳри.

Жавоб:

Бу тушунча Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги қонунининг 6-моддаси билан тартибга солинади, бунга кўра: “Нотариуснинг, нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи бошқа мансабдор шахсларнинг, шунингдек амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлардан хизмат вазифасини бажариш муносабати билан хабардор бўлиб қолган шахсларнинг ўзларига маълум бўлган ахборотларни ошкор қилиши, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ҳам ошкор қилиши тақиқланади”. Бу моддада нотариус маълумотларни кимга ва қайси ҳолатларда бериши мумкинлиги тўғрисидаги банд ҳам бор. Унга кўра: “Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар (ҳужжатлар) бу ҳаракатлар кимнинг номидан ёки кимнинг топшириғи билан амалга оширилган бўлса, ўша шахсларнинг ўзигагина берилиши мумкин”.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар) суд, прокуратура, тергов органларининг талабига биноан улар юритаётган ишлар муносабати билан берилади. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қаршикурашиш билан боғлиқ бўлган амалгаоширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар) қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда махсус ваколатли давлат органига тақдим этилади.

Кўчмас мулк ижараси шартномаларининг тасдиқлаш ва ижара ҳақининг миқдори тўғрисидаги, мерос ёки ҳадя тартибида фуқаролар мулкига ўтаётган мол-мулкнинг қиймати ҳақидаги маълумотномалар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда давлат солиқ хизмати органига такдим этилади.

Васиятнома тўғрисидаги маълумотномалар васият қилувчининг вафотидан кейингина берилади. Амалга оширилган нотариал ҳаракатларнинг маҳфийлигини бузишда айбдор бўлган шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Саволга Самарқандшаҳар 6-сон ДНИ

нотариуси Л.Алиева жавоб берди 



Жамиятда хуқуқий маданиятни юксалтиришда хуқуқий ахборотлар тизимининг ўрни ва вазифалари

Савол:

Ҳуқуқий ахборот тизимининг тушунчаси ҳақида маълумот берсангиз?

Б.Сафаров, талаба

Жавоб:

Ҳуқуқийахборот тизими бу – ҳуқуқий ахборотни тўплаш, сақлаш, излаш, унга ишлов бериш ҳамда ундан фойдаланиш имконини берадиган, ташкилий жиҳатдан тартибга солинган жами ҳуқуқий ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ва алоқа воситаларидир.

Савол:

Ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар қандай ҳуқуқий ҳужжатлар асосида амалга оширилади?

К.Насимов, шифокор

Жавоб:

Ўзбекистон Республикасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ахборот-коммуникация технологиялари самарадорлигини ошириш, давлат ва жамият қурилиши соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишни таъминлаш мақсадида бир неча қарорлар қабул қилинган.

Жумладан, ахборот-коммуникация технологияларини Ўзбекистон Республикасида ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг Президентининг 2005 йил 8 июлдаги, 5 сентябрдаги, 28 сентябрдаги, 2012 йил 21 мартдаги, 2013 йил 20 сентябрдаги Қарорлари асосида амалга оширилади.

Савол:

«Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури» қачон қабул қилинган ва ушбу Дастур қандай мақсадни кўзлаб қабул қилинган?

А.Валиев, ўқитувчи

Жавоб:

Ушбу Дастур Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 1997 йил 29 августдаги Қарори билан тасдиқланган бўлиб, унинг асосий мақсади аҳолининг, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, мансабдор шахслар ва мутахассисларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, илмий, илмий-оммабоп ва юридик маълумотнома адабиётлар нашр этишни кўпайтириш шунингдек, мактабгача тарбия муассасалари, умумий ўрта мактаблар, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежларида ва олий ўқув юртларида ҳуқуқий таълим ва ҳуқуқий тарбия бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқишдан иборатдир.

Савол:

Жамиятда аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини оширишда ҳуқуқий ахборотлар тизимининг қандай аҳамиятли жиҳатлари мавжуд?

Х.Жалилова, журналист

Жавоб:

Аҳолини ҳуқуқий ахборотлардан тўсиқларсиз, тўла-тўкис ва эркин фойдалана олишини таъминлаш ва уларга керак бўлган маълумотларни тақдим этиш шунингдек қонунчиликда рўй бераётган янгиликлардан хабардор қилиш ҳамда шу орқали аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ва саводхонлигини юксалтиришдан иборатдир.

Савол:

“LexUz” ҳуқуқий ахборот тизими қачон ва қандай мақсадда ташкил этилган?

У.Мадаминов, тадбиркор

Жавоб:

Мамлакатимизда қабул қилинган қонун ҳужжатларни тезкор ва ишончли тарзда оммага етказиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан кенг фойдаланишини таъминлаш, миллий қонунчилигимизда рўй бераётган янгиликлардан хабардор қилиш орқали аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 5 августдаги «Қонун ҳужжатларини туркумлашни такомиллаштириш ва ҳукуқий ахборотларни тарқатишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ташкил этилган.

Савол:

“LexUz” ҳуқуқий ахборот тизимининг бошқа ҳуқуқий ахборот тизимларидан фарқи ва афзаллик жиҳатлари ҳақида маълумот берсангиз?

Б.Фармонов, пенсионер

Жавоб:

“LexUz” ҳуқуқий ахборот тизими Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тегишли бўлиб, барча ҳужжатлар фақат расмий манбалардан киритилиши шунингдек, тизимдан фойдаланишнинг бепуллиги, тизимда мавжуд ҳужжатларнинг доимо янгиланиб бориши, мобиллик яъни, бунинг учун интернет тармоғига уланган компьютер (ёки бошқа қурилма ) керак бўлади.

Саволларга Адлия вазирлиги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази бош маслаҳатчиси 

У. Маҳмудов жавоб берди. 


Савол:

Касаба уюшмалари меҳнат низоларини кўриб чиқишда қандай ҳуқуқларга эга бўлади?

Г.Эгамбердиева, ўқитувчи

Жавоб:

Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлда қабул қилинган “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида” гиқонунининг 12-моддасига кўра, касаба уюшмалари касаба уюшмаси аъзоси билан маъмурият ўртасида пайдо бўлган якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқади ва улар юзасидан қонунларга мувофиқ тегишли қарорлар қабул қилади.

Касаба уюшмалари меҳнатга доир амалдаги қонунларнинг жамоа шартномаси, битим шартларининг бузилиши, меҳнат ва турмушнинг янги ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитларини белгилаш ёки мавжуд шарт-шароитларини ўзгартириш билан боғлиқ масалаларга доир жамоа меҳнат низоларини кўриб чиқишда қатнашади.

Савол:

Касаба уюшмаларининг меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳимоя этиш соҳасидаги ҳуқуқлари ҳақида маълумот берсангиз?

Ў.Жалилов, шифокор

Жавоб:

“Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида” гиқонунининг 8-моддасига кўра, касаба уюшмалари ўз аъзоларининг меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳимоя этадилар, аҳолини иш билан таъминлаш давлат сиёсати ишлаб чиқилишида қатнашадилар. Корхоналарда ишдан ҳоли этиб олинадиган шахсларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилишнинг қонунлар асосида жамоа шартномасида белгилаб қўйиладиган чораларини таклиф этадилар.

Маъмурият, мулкдор ёки улар вакил қилган бошқарув идорасининг ташаббуси билан иш жойларининг қисқартирилиши ёки иш шароитининг ёмонлашувига олиб келадиган корхонани ва ундаги таркибий бўлинмаларни тугатиш, ишлаб чиқаришни тўлиқ ёки қисман тўхтатиб қўйиш тегишли касаба уюшмалари камида уч ой олдин хабардор қилиб қўйилган ва улар билан меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатларига риоя этиш юзасидан музокара ўтказилган тақдирдагина амалга оширилиши мумкин.

Касаба уюшмалари аҳолини иш билан таъминлашнинг аҳволини ва бу соҳадаги қонунларга риоя этилишини назорат қилиб боради.

Меҳнат шартномаси маъмуриятининг ташаббуси билан бекор қилинишига Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ тегишли касаба уюшма қўмитаси билан олдиндан келишилган тақдирдагина йўл қўйилади.

Савол:

Маъмурият, давлат ва хўжалик идоралари, жамоат ташкилотлари ва мансабдор шахсларнинг касаба уюшмаларига нисбатан қандай мажбуриятари мавжуд?

З.Алиева, журналист

Жавоб:

“Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида” қонунининг 17-моддасига кўра, давлат ва хўжалик идораларининг маъмурияти, жамоат ташкилотлари, мансабдор шахслар касаба уюшмаларининг ҳуқуқларига риоя этишлари, уларнинг фаолият кўрсатишларига кўмаклашишлари шарт. Бу идоралар ва шахслар касаба уюшмалари ҳуқуқларини бузганликлари ёки уларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганликлари учун қонунларда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар. Давлат ва хўжалик идораларининг маъмурияти жамоат ташкилотлари, мансабдор шахслар касаба уюшмаларининг вакиллари шу касаба уюшмаси аъзолари ишлаётган корхоналарга уставда белгиланган вазифаларни ва қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқларни амалга ошириш учун киришларига тўсқинлик қилишга ҳақли эмас.

Савол:

Ишлаб чиқаришдаги ишдан озод қилинган ҳолда меҳнаткашларнинг касаба уюшмалари идораларига сайланган ходимлар учун қандай кафолатлар берилиши мумкин шу ҳақда маълумот берсангиз?

Р.Бозоров, ўқитувчи

Жавоб:

“Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида” қонунининг 19-моддасига кўра, касаба уюшма идораларидаги сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланганлиги туфайли ишдан озод қилинган ходимларга сайлов ваколатлари тугаганидан сўнг аввалги ўз иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) бўлмаган тақдирда ўша корхонада ёки ходимнинг розилиги билан бошқа корхонада аввалгисига тенг келадиган бошқа иш (лавозим) берилади.

Тегишли иш (лавозим) бериш имконияти бўлмаган тақдирда олдинги иш жойидаги корхона маъмурияти, корхона тугатилган тақдирда эса касаба уюшмаси ходим учун ишга жойлашиш даврида ўртача иш ҳақини сақлаб қолади, лекин бу муддат олти ойдан ошмаслиги керак, малакасини ўзгартириш учун ўқиш чоғида эса бир йил муддатгача ўртача иш ҳақи сақлаб турилади.



Савол:

Перинатал ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномани олиш қандай тартибда амалга оширилади шу ҳақда маълумот берсангиз?

Ж.Қурбонов, Самарқанд шаҳри

Жавоб:

Перинатал ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномаларни бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари тўғрисидаги Низом асосида амалга оширилади. Яъни, ўлик туғилган боланинг туғилганлиги, шунингдек ҳаётининг биринчи ҳафтасида ўлган (перинатал ўлим) болаларнинг туғилганлиги ва ўлимини қайд этиш тиббий муассаса аризасига биноан шу худуддаги ФҲДЁ органи томонидан 24 соат ичида амалга оширилади. Агар бола туғилгандан кейин вафот этса, ҳатто у бир неча дақиқа яшаса ҳам, туғилиши ҳамда ўлими ҳақидаги иккита ёзувдан иборат далолатномалар тузилади. Бундай ҳолларда туғилиш ҳақидаги далолатнома ёзуви туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома асосида, ўлганлиги ҳақидаги далолатнома ёзуви эса перинатал ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома асосида амалга оширилади. Бунда туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувида онаси туғрисидаги маълумотлар тўлиқ келтирилади, “Белгилар учун” устунида эса боланинг ўлганлиги қайд этилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувининг тартиб рақами ва санаси кўрсатилади. Бундай ҳолларда боланинг туғилганлиги ҳақида (ўлик туғилганда ҳам) суғурта кассасига ва қабристон учун маълумотнома берилади. Зарур ҳолларда ота-онасининг илтимосига кўра (тирик туғилиб, сўнг вафот этган бола учун) ўлими ҳақида гувоҳнома берилиши мумкин.

Саволга Самарқанд шаҳар 4-сон ФҲДЁ бўлими мудираси В.Ганиева жавоб берди.



Савол: Чет элда амал қилишга мўлжалланган ишончномалар тўғрисида маълумот беринг.

Э.Самиев, Самарқанд шаҳар

Жавоб:Бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик килиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Ишончли вакил ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб боради.

Ишончнома оддий ёзма шаклда ёки нотариал шаклда расмийлаштирилади.

Ишончнома кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкин. Агар ишончномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у берилган кундан бошлаб бир йил мобайнида ўз кучини сақлайди.

Берилган куни кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий эмас.

Нотариус томонидан тасдиқланиб, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ҳаракатларни амалга оширишга мўлжалланган, амал қилиш муддати кўрсатилмаган ишончнома уни берган шахс томонидан бекор қилингунича ўз кучини сақлайди.

Ишончномани тузиш ва тасдиқлаш учун ишончли вакилнинг иштироки талаб этилмайди.

Ишончли вакил ҳақидаги, шунингдек ишончнома объекти ҳақидаги маълумотлар ишончнома берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ёки унинг сўзларига асосан ёзилиши мумкин. Ишончли вакил ҳақидаги, шунингдек ишончнома объекти ҳақидаги маълумотлар ишончнома берувчининг сўзларига асосан ёзилган ҳолларда берилган маълумотларнинг тўғрилиги учун ишончнома берувчи масъулдир. Бу ҳақда ишончнома матнида ва тасдиқловчи ёзувда қайд этиб қўйилади.

Ишончнома матнида унинг тузилган (имзоланган) жойи ва санаси, ишонч билдирувчи ва ишончли вакилнинг фамилияси, исми, отасининг исми (юридик шахснинг тўлиқ номи ва жойлашган ери (почта манзили), СТИРи), доимий руйхатга олинган манзили, ишончли вакилга берилаётган ваколатлар доираси, Фуқаролик кодексининг 141 ва 142-моддалари тушунтирилганлиги кўрсатилиши керак.

Фуқаролик кодексининг 505-моддасига мувофиқ, нотариус мулкни ҳадя қилиш шартномасини тасдиқлаш билан боғлиқ ишончномани тасдиқлашда ишончнома матнида ҳадя олувчининг номи ва ҳадя нарсасини кўрсатиши шарт.

Саволга Самарқанд шаҳар 8-сон давлат

нотариал идораси нотариуси Д.Ашуров жавоб берди. 



Савол: Мева-сабзавотчилик ва узумчилик йўналишидаги фермер хўжаликларининг қайта ишлаш корхоналари ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан ўзаро муносабатлари қандай амалга оширилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 
9 январдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-3709-сон Фармонига асосанмева-сабзавотчилик ва узумчилик йўналишидаги фермер хўжаликларининг қайта ишлаш корхоналари ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан ўзаро муносабатлари, маҳаллий бошқарув органлари аралашмаган ҳолда, тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.

Савол:Пудрат шартномаси ҳақида тушунча беринг.

Жавоб:Пудрат шартномаси бўйича бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (буюртмачи)нинг топшириғига биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади, буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади. Агар қонун ҳужжатларида ёхуд тарафлар келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ишни бажариш учун пудратчи таваккал қилади.

Савол: Фермер хўжаликлари билан қайта ишлаш (тайёрловчи) корхоналар ўртасида узумни тайёрлаш ва етказиб беришдаги муносабатлар ҳақида нима дея оласиз?

Жавоб:Фермер хўжаликлари ва қайта ишлаш (тайёрловчи) корхоналари ўртасида узум етказиб бериш шартномавий муносабатлар асосида амалга оширилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 13 мартдаги “2013-2015 йиллар даврида республикада узумчиликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1937-сон қарорида харид қилинадиган узум маҳсулотининг умумий қийматидан 60 фоизидан кам бўлмаган миқдорда фермер хўжаликларига аванс (бўнак) маблағларини тўлаб берлиши назарда тутилган.

Мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, 2013 йил апрель ойида Адлия вазирлигида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзвиносаноат-холдинг” холдинг компанияси вакиллари билан биргаликда узумни етказиб бериш бўйича контрактация шартномасининг намунавий лойиҳаси ишлаб чиқилиб, амалиётда тузиш учун тавсия қилинди.

Савол: Фермер хўжаликлари билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ва таъминот ташкилотлари ўртасидаги шартномавий муносабатларда Фермерлар кенгаши қандай вазифаларни амалга оширади?

Жавоб:Фермер хўжаликлари билан тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида контрактация шартномалари ҳамда моддий-техника ресурслари етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) юзасидан шартномалар тузиш туман фермерлари кенгашининг шартномавий-ҳуқуқий муносабатлари бўйича бош мутахассиси иштирокида амалга оширилади ва шартномалар ушбу мутахассис томонидан имзоланади.

Савол: Боғ ва узумзорлардан мақсадсиз фойдаланилганлик учун ер участкасини ижарага бериш шартномасини муддатидан олдин бекор қилишга нималар асос бўлади?

Жавоб: Боғ ва узумзорлардан қатъий белгиланган мақсадда фойдаланилади. Боғ ва узумзорлардан мақсадсиз фойдаланганлик учун ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш асослари қуйидагилардан иборат:

ердан бошқа мақсадларда фойдаланиш учун боғ ва узумзорлар бузиб ташланганда;

эскирган майдонларда янги боғ ва узумзорлар ташкил этилмаганда;

қулай табиий — иқлим шароити мавжуд бўлишига қарамасдан, ижарага олувчининг айби билан боғ ва узумзорларнинг ҳосилдорлик даражаси кейинги уч йил мобайнида белгиланган нормативдан (кадастр баҳосига кўра) пасайтириб юборилганда;

боғ ва узумзорлар олинган пайтдан бошлаб бир йил ичида улардан фойдаланишга киришилмаганда.

Ер участкасини ижарага бериш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш шартнома тарафларининг келишувига асосан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, туман ҳокимининг ер ижара шартномасини бекор қилиш бўйича даъво аризасига мувофиқ, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади.

Ерни ижарага олувчи ва туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими, шунингдек бошқа тегишли ташкилотлар вакиллари иштирокида тузилган далолатнома ер ижара шартномасини бекор қилиш бўйича даъво аризаси киритиш учун асос бўлиб ҳисобланади.

Ер ижара шартномасини бекор қилиш бўйича даъво аризасини судга киритиш масаласи ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи туман комиссияси (кейинги ўринларда «Комиссия» деб юритилади) томонидан кўриб чиқилади.

Саволларга Адлия вазирлиги масъул ходими

О.Бекмурадов жавоб берди 



Савол: Фуқаролик иши бўйича адвокатга ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилдим ва шартнома туздик. Мазкур шартноманинг суммасини адвокатнинг ўзи белгилади. Адвокатнинг бу ҳаракати тўғрими?

Ф.Бойзоқов, Самарқанд вилояти Қўшработ тумани.

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 354-моддаси 5-қисмида “шартноманинг шартлари тарафларнинг хоҳиши билан белгиланади, тегишли шартнинг мазмуни қонун ҳужжатларида кўрсатиб қўйилган ҳоллар бундан мустасно” - деб белгиланган.

Мазкур кодекснинг 356-моддасига кўра, “шартномани бажарганлик учун тарафларнинг келишуви билан белгиланган баҳода ҳақ тўланади.

Қонунда назарда тутилган ҳолларда тегишли ваколатга эга бўлган давлат органлари белгилайдиган ёки тартибга соладиган баҳолар (тарифлар, расценкалар, ставкалар ва ҳ.к.) қўлланилади”- дейилган.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси “Адвокатура тўрисида”ги Қонуннинг 91-моддаси 5-қисмига кўра “Юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимнинг (шартноманинг) муҳим шартлари қуйидагилардан иборат:

топшириқни бажаришни ишончли вакил сифатида ўз зиммасига олган адвокат ҳақидаги, унинг гувоҳномаси реквизитлари кўрсатилган ҳолдаги маълумотлар;

топшириқнинг предмети;

кўрсатилаётган юридик ёрдам учун ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) томонидан ҳақ тўлаш шартлари;

адвокатнинг топшириқни бажариш билан боғлиқ харажатларини компенсация қилиш тартиби ва миқдори;

топшириқни бажаришни ўз зиммасига олган адвокат жавобгарлигининг миқдори ва хусусияти”.

Юқоридагиларга асосан шарноманинг муҳим шартларидан бўлган шартнома суммаси тарафларнинг, яъни Сиз ва адвокат ўртасидаги келишувга мувофиқ белгиланади.

Савол. Тумандаги адвокатлик тузилмасида фаолият кўрсатадиган адвокат билан шартнома тузиб, шартномада кўрсатилган суммани тўладим. Лекин на адвокат, на тузилма раҳбари менга пул суммасини тўлаганлигимни тақдиқловчи ҳужжат бермади. Айтингчи, қонунчиликда бу борада қанақа тартиб белгиланган?

Б.Абдурахмонов, Самарқанд вилояти Ургут тумани.

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Адвокатура тўрисида”ги Қонуннинг 91-моддаси 7-қисмига кўра “Ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) томонидан адвокатга тўланадиган ҳақ ва адвокатнинг топшириқни бажариш билан боғлиқ харажатларини компенсация қилиш юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимда (шартномада) назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда тегишли адвокатлик тузилмасининг кассасига кирим қилиниши ёки адвокатлик тузилмасининг банкдаги ҳисобварағига ўтказилиши шарт” деб белгиланган.

Шунга кўра Сизга адвокатлик тузилмаси ёки хизмат кўрсатувчи банк пул суммаси тўланганлигини тасдиқловчи тўлов паттаси бериши шарт.

Савол: Маълумотим ўрта-махсус. Ҳуқуқшуносман. Ёшлигимдан адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш истагим бор. Шу боис адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш тартиблари ҳақида маълумот берсангиз.

И.Эшмуродова, Самарқанд вилояти Булунғур тумани.

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Адвокатура тўрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига кўра “олий юридик маълумотга эга бўлган ва адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни белгиланган тартибда олган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси Ўзбекистон Республикасида адвокат бўлиши мумкин”.

Юқоридаги моддага кўра сизнинг маълумотингиз ўрта-махсус юридик бўлганлиги сабабли адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия олиш учун талабгор бўлаолмайсиз.

Аммо, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2009 йил 27 мартдаги 80-мҳ-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Адвокат ёрдамчисининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан исталган адвокатлик тузилмасида адвокат ёрдамчиси вазифасида фаолият кўрсатишингиз мумкин.

Саволларга Самарқанд вилоят адлия бошқармаси масъул ходим

И.Латипов жавоб берди. 



Ўзбекистонда дин ва давлат муносабати, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар

Савол-жавоб

1. Ўзбекистон Республикасида дин ва давлат муносабати, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолияти қайси қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади?

Республикамизда дин ва давлат муносабати, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолият юритиши бўйича ҳуқуқий асосан яратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари ҳамда “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги 1998 йил 20 июндаги 263-сон, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 2004 йил 23 апрелдаги 196-сон, “Диний таълим муассасаларининг фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 2004 йил 1 мартдаги 99-сон Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

2. Виждон эркинлиги ҳуқуқи нима?

Виждон эркинлиги фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир.

Фуқаро ўзининг динга, динга эътиқод қилишга ёки эътиқод этмасликка, ибодат қилишда, диний расм-русумлар ва маросимларда қатнашиш ёки қатнашмасликка, диний таълим олишга ўз муносабатини белгилаётган пайтда уни у ёки бу тарзда мажбур этишга йўл қўйилмайди.

Вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга жалб этиш, шунингдек уларнинг ихтиёрига, ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига зид тарзда динга ўқитишга йўл қўйилмайди.

Динга эътиқод қилиш ёки ўзга эътиқодлар эркинлиги миллий хавфсизликни ва жамоат тартибини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги, ахлоқи, ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлаш учун зарур бўлган даражадагина чекланиши мумкин.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда виждон эркинлиги ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланадилар ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун қонунда белгиланган тарзда жавобгар бўладилар.

3. Фуқароларнинг динга муносабатидан тенг ҳуқуқлилиги қайси қонунда белгиланган ва унда нима дейилган?

Фуқароларнинг динга муносабатидан тенг ҳуқуқлилиги принципи Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасида белгиланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари динга муносабатидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар. Расмий ҳужжатларда фуқаронинг динга муносабати кўрсатилишига йўл қўйилмайди. Фуқароларнинг динга муносабатига қараб уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай чеклаш ва уларга бевосита ёки билвосита имтиёзлар белгилаш, душманлик ва адоват уйғотиш ёхуд уларнинг диний ёки даҳрийлик эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний зиёратгоҳларни оёқ ости қилиш қонунда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради.

Ҳеч ким диний эътиқодини рўкач қилиб қонунда белгиланган мажбуриятларни бажаришдан бош тортишга ҳақли эмас. Қонунга мувофиқ бажарилиши мажбурий бўлган бир вазифани диний эътиқоди туфайли бошқаси билан алмаштиришга қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.

4. Динни давлатдан ажратилганлигини тушунчаси нима?

Ўзбекистон Республикасида дин давлатдан ажратилган. Ҳеч бир динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмайди.

Давлат турли динларга эътиқод қилувчи ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, ҳар хил эътиқодларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади, диний ва ўзга мутаассибликка ҳамда экстремизмга, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймайди.

Давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлайди. Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади. Ушбу қоиданинг бузилишига айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиладилар.

Давлат диний ташкилотлар зиммасига ўзининг ҳеч қандай вазифасини бажаришни юкламайди, уларнинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган фаолиятига аралашмайди. Диний ташкилотлар давлат вазифаларини бажармайди. Давлат диний ташкилотларнинг фаолиятини ҳамда даҳрийлик тарғиботига оид фаолиятини маблағ билан таъминламайди.

Ўзбекистон Республикасида диний моҳиятдаги сиёсий партия ва жамоат ҳаракати, шунингдек республикадан ташқарида тузилган диний партияларнинг филиаллари ва бўлимларини тузишга ва уларнинг фаолият юритишига йўл қўйилмайди.

Диний ташкилотлар амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишлари шарт. Диндан давлатга ва конституцияга қарши тарғибот олиб боришда, душманлик, нафрат, миллатлараро адоват уйғотиш, ахлоқий негизларни ва фуқаровий тотувликни бузишда, бўҳтон, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмаларни тарқатишда, аҳоли ўртасида ваҳима чиқаришда ҳамда давлатга, жамият ва шахсга қарши қаратилган бошқа хатти-ҳаракатларда фойдаланишга йўл қўйилмайди. Терроризм, наркобизнес ва уюшган жиноятчиликка кўмаклашадиган, шунингдек бошқа ғаразли мақсадларни кўзловчи диний ташкилотлар, оқимлар, секталар ва бошқаларнинг фаолияти ман этилади.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига, мансабдор шахсларга тазйиқ ўтказишга қаратилган ҳар қандай уриниш, шунингдек яширин диний фаолият қонун билан тақиқланади.

5. Давлат органларининг ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг диний ташкилотлар билан ўзаро муносабат борасидаги ваколатлари нималардан иборат?

Давлат органлари билан диний ташкилотларнинг ўзаро муносабатларини мувофиқлаштириш ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини назорат қилиш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита зиммасига юкланади. Қўмитанинг ҳуқуқий мақоми Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Низом билан белгиланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тегишли ҳудудларда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши учун қонун бўйича жавобгардирлар.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг асосий вазифаси нимадан иборат?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳар бир шахснинг виждон ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқи, фуқароларнинг динга бўлган муносабатидан қатъи назар тенглигини таъминлаш, шунингдек диний ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги вазифаларни ҳал этиш ваколати берилган давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Қўмитанинг асосий вазифаларига қуйидагилар ҳисобланади:

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ диний масалаларни ҳал қилишда ягона сиёсатни амалга ошириш;

давлат органларининг республика ҳудудида жойлашган диний ташкилотлар билан ўзаро алоқаси ва ҳамкорлигини таъминлаш;

давлат сиёсатида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган диний ташкилотлар манфаатларини акс эттириш.

7. Диний ташкилот ва диний ўқув юртлар нима?

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм-русумлар ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузилган кўнгилли бирлашмалари (диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар) диний ташкилотлар деб эътироф этилади.

Диний ташкилот Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган юз нафардан кам бўлмаган фуқаролари ташаббуси билан тузилади.

Тегишли конфессияга қарашли диний ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва йўналтириб бориш учун уларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича ягона марказий бошқарув органлари (бундан кейин – марказий бошқарув органлари деб юритилади) тузилиши мумкин.

Марказий бошқарув органи Ўзбекистон Республикасининг камида саккизта ҳудудий тузилмасида (вилоят, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси) фаолият кўрсатаётган, тегишли конфессияларнинг рўйхатга олинган диний ташкилотлари вакиллари таъсис йиғилиши (конференцияси) томонидан тузилади.

Диний ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ёки унинг жойлардаги органларида рўйхатдан ўтказилгандан кейин юридик шахс мақомига эга бўлади ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин.

Тегишли диний маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари диний ташкилотларнинг раҳбарлари бўлишлари мумкин. Диний ташкилотлар раҳбарлигига Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган шахсларнинг номзоди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан келишиб олинади.

Диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари руҳонийлар ва ўзларига зарур бўлган диний ходимлар тайёрлаш учун диний ўқув юртлари тузишга ҳақли. Диний ўқув юртлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилиб, тегишли лицензия олганидан кейин фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади.

Олий ва ўрта диний ўқув юртларида таълим олиш учун фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ умумий мажбурий ўрта таълим олганидан кейин қабул қилинади.

Диний ўқув юртларида диний фанларни ўқитаётган шахслар диний таълим олган бўлишлари ва ўз фаолиятларини тегишли марказий бошқарув органининг рухсати билан амалга оширишлари лозим.

Хусусий тартибда диний таълим бериш ман этилади.

8. Диний урф-одатлар ва маросимлар қаерларда ўтказилади?

Диний ташкилотлар ибодат қилиш ёки диний расм-русумлар ўтказиш учун қулай жойлар ташкил этиш ва уларни сақлаб туриш, шунингдек зиёратгоҳларни сақлаб туриш ҳуқуқига эгадир.

Ибодат, диний расм-русумлар ва маросимлар диний ташкилотлар жойлашган манзилдаги ибодатхоналарда ва уларга тегишли ҳудудларда, зиёратгоҳларда, қабристонларда, зарур ҳолларда фуқароларнинг ихтиёрига биноан уларнинг уйларида ўтказилади.

Касалхоналарда, госпиталларда, кексалар ва ногиронлар уйларида, дастлабки қамоқ ва жазони ўташ жойларида ибодатлар ва диний расм-русумлар шу ердаги фуқароларнинг илтимосларига биноан ўтказилади.

Диний маросим ва ибодат биноларидан ташқарида ўтказиладиган оммавий ибодатлар, диний расм-русумлар ва маросимлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди.

Диний ташкилотлар диндорлар мажбурий пул йиғимлари ва тўловлар ундиришга, шунингдек уларга нисбатан шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи чораларни қўллашга ҳақли эмас.



Савол: Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар қандай шаклларда амалга оширилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 791-моддасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўлов топшириқномалари, аккредитивлар, чеклар, инкассо бўйича, шунингдек қонунда назарда тутилган бошқа шаклларда амалга оширилиши мумкинлиги назарда тутилган.

Савол: Нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартибини алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжатда белгилаб қўйиш зарурати нима билан изоҳланади?

Жавоб: Фуқаролик кодексида нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга оширишнинг энг муҳим ва устувор қоидалари белгиланган. Бироқ, мазкур муносабатларнинг кенг қамровлилиги, ушбу жараёнда ноаниқликлар, тушунмовчиликлар ёки суиистеъмолликлар келиб чиқишига йўл қўймаслик ва айни шу мақсадларда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга оширишни расмийлаштиришда ягона ёндашувни ишлаб чиқиш зарурати мазкур соҳадаги муносабатларни янада батафсил ҳуқуқий тартибга солишни тақозо этади.

Савол: Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимида тўлов топшириқномаларидан кенг фойдаланилади. Ҳисоб-китобларнинг мазкур шакли қандай ўзига хос хусусиятларга эга?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомнинг (рўйхат рақами 2465, 2013 йил 3 июнь) 31-бандига мувофиқ, тўлов топшириқномаси мижознинг унга хизмат кўрсатувчи банкка ўз ҳисобварағидан топшириқномада белгиланган суммани маблағларни олувчининг ҳисобварағига ўтказиш тўғрисидаги топшириғи назарда тутилган ҳисоб-китоб ҳужжати ҳисобланади. Тўлов топшириқномалари билан ҳисоб-китоблар товарларнинг ҳақини тўлаш учун амалга оширилиши мумкин. Бундан ташқари, банк ҳисобварағи шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, тўлов топшириқномаси банк томонидан мижознинг ҳисобварағида маблағлар мавжуд бўлгандагина қабул қилинади.

Савол: Баъзан кундалик ҳаётимизда “акцептли тўлов талабномаси” ва “акцептсиз тўлов талабномаси” деган тушунчаларга дуч келамиз. Улар ўртасида қандай фарқ мавжуд?

Жавоб: Юқорида айтиб ўтилган Низомнинг 41-бандида акцептли ва акцептсиз тўлов талабномаларининг фарқи кўрсатиб ўтилган бўлиб, унга кўра, акцептли тўлов талабномаси тўлов талабномасида назарда тутилган сумма маблағларни тўловчи томонидан акцептланганидан, яъни тан олинганидан сўнг, тўловлар амалга ошириладиган ҳисоб-китоб ҳужжати ҳисобланади. Акцептсиз тўлов талабномаси эса, тўлов талабномасида назарда тутилган сумма маблағларни тўловчининг розилиги бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, тўловлар амалга ошириладиган ҳисоб-китоб ҳужжати ҳисобланади.

Савол: Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомнинг янги таҳририда қандай муҳим масалалар белгиланди?

Жавоб: Ҳужжатнинг янги таҳририда қуйидаги муҳим масалалар белгиланди:

биринчидан, ҳужжатнинг нормалариқонун ҳужжатлари талаблари асосида тўлиқ қайта кўриб чиқилди;

иккинчидан, давлат тилида ишлаб чиқилди;

учинчидан, солиқ органлари томонидан электрон равишда тақдим этиладиган инкассо топшириқномаларини электрон равишда чақириб олиш тизими жорий этилди;

тўртинчидан, иссиқлик энергияси учун тўловлар акцепли тўлов талабномалари асосида амалга оширилиши белгиланди;

бешинчидан, нақд пулсиз ҳисоб-китоб ҳужжатларининг турлари ҳамда улар бўйича амалга ошириладиган ҳисоб-китоб операциялари аниқ ва батафсил баён этилди;

олтинчидан, мазкур соҳада банк амалиётида юзага келган бошқа муаммолар ўз ечимини топди.

Саволларга Адлия вазирлиги масъул ходими О.Файзиев жавоб берди. 




Савол:

Мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари ҳақида маълумот берсангиз?

А.Ҳайдаров, Самарқанд шаҳар

Жавоб:

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 182-моддасига асосан мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари қуйдагилардан иборат: меҳнат фаолияти; мол-мулкдан фойдаланиш сохасидаги тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти, шу жумладан мол-мулкни яратиш, кўпайтириш, битимлар асосида кўлга киритиш; давлат мол-мулкини хусусийлаштириш; мерос қилиб олиш; эгалик ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат; қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа асослар.

Ушбу кодекснинг 183-моддасига биноан эса, мулкни яратиш ва кўпайтириш, мулк ҳуқуқи янги мол-мулкни яратиш ҳамда мулкдор ихтиёридаги мол-мулкни кўпайтириш натижасида вужудга келиши мумкин.

Агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тўтилган бўлмаса, мол-мулкдан хўжалик усулида ва ўзгача усулда фойдаланиш натижалари, шу жумладан маҳсулот, ҳосил ва бошқа даромадлар мулкдорга тегишли бўлади.

Саволга Самарқанд шаҳар 6-сон

ДНИ катта нотариуси М.Хазратқулов жавоб берди.


Савол:

Норма ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштиришда адлия органларининг вазифа ва функциялари нималардан иборат?

Жавоб:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомга биноан мамлакатимизда норма ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш йўналишида Адлия вазирлиги зиммасига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмаларининг норма ижодкорлиги фаолиятини тизимли таҳлил қилишни ташкиллаштириш, улар томонидан киритиладиган ёки қабул қилинадиган қонун ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонун ҳужжатларига, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини аниқлаш юзасидан ҳар томонлама экспертизани амалга ошириш; амалдаги қонун ҳужжатларида «оқ доғлар»ни, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида коррупциянинг келиб чиқишига, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилишига шароит яратаётган қоидалар ва нормаларни аниқлаш вазифалари юклатилган.

Ушбу вазифаларни бажариш учун Адлия вазирлиги бир қатор функцияларни амалга оширади. Хусусан:

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларга услубий раҳбарликни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари бўйича ва ўз ташаббусига кўра қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва уларни кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда киритади;

қонун ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига мувофиқлаштириш, ҳуқуқий тартибга солишнинг тизимлилиги ва яхлитлигини таъминлаш, қонунчиликдаги «оқ доғлар»ни бартараф қилиш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқади, қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифларни таҳлил қилади ва умумлаштиради ҳамда уларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига тақдим қилади, қонун ҳужжатларини кодекслаштириш бўйича ишларни олиб боради;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, уларнинг кенгашлари, қўмиталари ва комиссиялари билан қонунчилик фаолиятини такомиллаштириш масалалари бўйича доимий амалий алоқада бўлади;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказади ва уларнинг реестрини юритади;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказади ва давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказишнинг белгиланган тартибига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг назорат нусхаларини юритади.

Савол:

Адлия вазирлиги томонидан қонун лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши жараёни ҳақида батафсилроқ маълумот берсангиз?

Жавоб:

Конституциямизнинг 15-моддасига кўра Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Унинг 16-моддасида эса бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва тамойилларига зид келиши мумкин эмаслиги ҳақидаги тамойил мустаҳкамлаб қўйилган. Ушбу меъёр қонунийликни, қонун лойиҳалари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мослигини таъминлашга хизмат қилади. Мазкур конституциявий тамойилни амалга ошириш мақсадида мамлакатимизда қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси институти шакллантирилди.

Қонун лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишнинг шартлиги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунга асосланади. Қонуннинг 21-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши зарурлиги белгилаб қўйилган бўлиб, у экспертиза қилишнинг энг анъанавий ва синалган турларидан бири саналади ва норма ижодкорлиги фаолиятининг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланади.

Қонун лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишнинг аҳамияти шу билан белгиланадики, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий, илмий ва бошқа соҳалардаги кўплаб масалалар фақат экспертиза ёрдамида ҳал қилиниши мумкин ва ўтказилган экспертиза хулосаси мақбул қарор қабул қилиш учун асос вазифасини ўтайди.

Савол:

Адлия вазирлиги томонидан қонун ҳужжатлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш йўналишида амалга оширилган ишлар тўғрисида рақамларга мурожаат қилган ҳолда, қисқача маълумот берсангиз?

Жавоб:

Йил давомида ҳуқуқий экспертизанинг хажмига қисқача тўхталадиган бўлсак, биргина 2012 йил мобайнида вазирлик ва идоралар томонидан Адлия вазирлигига 1500 тага яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун тақдим этилган бўлиб, улардан 150 тадан зиёд қонун лойиҳалари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари лойиҳалари, 200 га яқин Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари лойиҳалари ва 750 тадан зиёд Ҳукумат қарорлари лойиҳаларидир.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Мамлакатимиз Раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида қонун ижодкорлигининг сифатини кескин ошириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Ҳозирги кунда концепция доирасида 
20 га яқин қонунлар ва 10 га яқин бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилинишида ҳуқуқий экспертиза жараёни муҳим аҳамият ва ўринга эга. Ваҳоланки, ҳуқуқий экспертиза қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини сифатли бўлишига, сифатли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат ва жамият ҳаётида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятли бўлишига хизмат қилади.

Саволларга Адлия вазирилиги масъул ходими

О.Файзиев жавоб берди. 


Савол:

Мамлакатимизда ташкил этилган эркин индустриал-иқтисодий зоналар ҳақида маълумот беринг?

Жавоб:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 2 декабрдаги Фармонига асосоан Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона, 2012 йил 13 апрелдаги Фармонига асосан «Ангрен» махсус индустриал зонаси ҳамда 2013 йил 18 мартдаги Фармонига асосан «Жиззах» махсус индустриал зонаси ташкил этилган.

Cавол:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 апрелдаги “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан солиқ соҳасида қандай имтиёзлар, афзалликлар ва кафолатлар белгиланди?

Жавоб:

Хорижий инвесторнинг пул шаклидаги улуши 5 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган янгидан ташкил этилаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 10 йил мобайнида солиқ қонунчилигида ўзгаришлар юз берган ҳолларда, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи (товарлар, ишлар, хизматларни реализация қилиш айланмаси), мол-мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона ижтимоий тўлов, ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика йўл жамғармасига ҳамда Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашнинг мазкур корхоналар давлат рўйхатидан ўтиш санасида амал қилган меъёрлари ва қоидаларини қўлланилиши мумкинлиги белгиланди.

Cавол:

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулкларга қандай имтиёзлар берилган?

Жавоб:

“Бож тарифи тўғрисида”ги Қонуннинг 33-моддаси ҳамда “Чет эл инвестициялари тўғрисида” ги Қонуннинг 12-моддасида устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши камида ўттиз уч фоиз бўлган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан икки йил давомида ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган мол-мулк бож ундиришдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда озод қилинади. Чет эллик инвесторларнинг ва чет эллик инвесторлар билан тузилган меҳнат шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида турган чет давлатлар фуқароларининг шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулкдан бож ундирилмаслиги белгиланган.

Cавол:

Инвестицияга оид низолар қандай тартибда ҳал этилади?

Жавоб:

Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ чет эл инвестициялари билан бевосита ёки билвосита боғлиқ низо (инвестицияга оид низо), тарафлар келишувига кўра, улар ўртасидаги маслаҳатлашувлар орқали ҳал этилиши мумкин. Агар тарафлар келишилган ҳал қилувга эриша олмасалар, бундай низо Ўзбекистон Республикасининг хўжалик суди томонидан ёхуд ҳакамлик воситасида инвестицияга оид низоларни ҳал этишга доир Ўзбекистон Республикаси қўшилган халқаро шартномаларнинг (битимлар ва конвенцияларнинг) қоидалари ва тартиботига мувофиқ ҳал этилиши лозим.

Инвестицияга оид низога жалб этилган тарафлар ўзаро келишувга кўра бундай низони кўриб чиқувчи органни, шунингдек инвестицияга оид низо бўйича ҳакамлик судловини амалга оширувчи мамлакатни аниқлашлари мумкин.

Чет эллик инвесторларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги инвестиция фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низоларни Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади, шартномада низоларни ҳал қилишнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ўзга тартиби назарда тутилган ҳоллар бундан мустаснодир.

Саволларга Адлия вазирлиги бошқарма бўлим бошлиғи А.Турдиев жавоб берди. 


Корхоналарни ихтиёрий тугатишда қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши

Савол: Корхоналарни ихтиёрий тугатиш қайси қонун ҳужжатлари асосида тартибга солинади?

Жавоб: Корхоналарни ихтиёрий тугатиш Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фолиятини тўхтатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ–630-сон Қарори ва ушбу қарор билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фолиятини тўхтатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги Низом билан тартибга солинади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва бошқа қонун ҳужжатларида корхоналарни ихтиёрий тугатишни назарда тутувчи нормалар мавжуд.

Савол: Тадбиркорлик субъекти ихтиёрий тартибда тугатилаётганда иштирокчилар умумий йиғилишининг баённомасида нималар акс эттирилган бўлиши лозим?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 
27 апрелдаги ПҚ–630-сон Қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 3-бандига асосан корхонани ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор унинг муассислари (қатнашчилари) томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинади. Қарорда қуйидагилар кўрсатилади:

тугатувчи – тугатиш комиссияси (унинг аъзолари таркиби) ёки жисмоний шахс (паспорти маълумотлари);

мўлжалланаётган тугатиш муддати.

Савол: Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширувчи корхоналарни ихтиёрий тугатиш учун тугатувчи рўйхатдан ўтказган органга қандай ҳужжатларни тақдим этиши лозим?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 
27 апрелдаги ПҚ–630-сон Қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 34-бандига асосан молия-хўжалик фаолиятини амалга оширувчи корхоналарни ихтиёрий тугатиш учун тугатувчи рўйхатдан ўтказган органга қуйидаги ҳужжатларни:

–бир ёки бир неча даврий босма нашрларда чиққан корхонанинг ихтиёрий тугатилганлиги тўғрисидаги эълонни;

– давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномани;

– корхонанинг барча ҳисоб рақамлари ёпилганлиги тўғрисида хизмат кўрсатувчи банкларнинг маълумотномаларини;

– корхонанинг муҳр ва штампларини;

– ваколатли органнинг, агар мавжуд бўлса, чиқарилган қимматли қоғозларини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотномасини;

– агар мавжуд бўлса, барча лицензиялар (рухсатномалар)нинг асл нусхаларини;

– давлат солиқ хизмати органининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарз йўқлиги тўғрисидаги маълумотномасини;

– тугатилаётган корхона қарздор сифатида иштирок этган ва ижро этилмаган ижро ҳужжати Суд департаменти органлари иш юритувида мавжуд эмаслиги ҳақидаги Суд департаменти ҳудудий бошқармасининг ёзма жавоби;

– корхона ҳужжатларининг давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотномани тақдим этади.

Савол: Давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини юритмаётган корхоналарни давлат реестридан чиқариш учун рўйхатдан ўтказган органга қандай ҳужжатлар тақдим этиши лозим?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 
27 апрелдаги “Тадбиркорлик субъектларини фаолиятини тўхтатиш 
ва ихтиёрий тугатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 
ПҚ–630-сонли Қарори билан тасдиқланган Низомнинг 46-бандига асосан тугатувчи корхонани давлат реестридан чиқариш учун рўйхатдан ўтказган органга ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги эълон чиққан санадан кейин бир ойдан эрта бўлмаган муддатда қуйидаги ҳужжатларни:

– корхонанинг ихтиёрий тугатилганлиги тўғрисида бир ёки бир неча даврий босма нашрларда чиққан эълонни;

– давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномани;

– банкларда ҳисоб рақамлари очилмаганлиги тўғрисидаги хат ёки, агар мавжуд бўлса, асосий ҳисоб рақами ёпилгани тўғрисидаги банк маълумотномасини;

– тугатилаётган корхона қарздор сифатида иштирок этган ва ижро этилмаган ижро ҳужжати Суд департаменти органлари иш юритувида мавжуд эмаслиги ҳақидаги Суд департаменти ҳудудий бошқармасининг ёзма жавоби.

– муассислар (қатнашчилар)нинг улар ўртасида мол-мулк тақсимланганлиги тўғрисидаги қарорини;

– корхонанинг муҳр ва штампларини;

– корхона ҳужжатлари давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотномани тақдим этади.

Савол: Корхоналарни ихтиёрий тугатишга оид қонун нормаларини такомиллаштирилиши муносабати билан қандай қонун ҳужжатлари қабул қилинди?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 
29 декабрда “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ–1900-сон қарори қабул қилинган бўлиб, ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 
27 апрелдаги ПҚ–630-сон қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг тегишли бандларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, мазкур Низомнинг 9, 17-бандларига асосан тугатувчига корхона қарздор сифатида иштирок этган ижро ҳужжатларининг ижросини тугатиш тартиботи доирасида таъминлаши, корхонанинг активлари ва мажбуриятларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хатловдан ўтказиши, шу жумладан корхона қарздор сифатида иштирок этган ижро ҳужжатлари реестрини тузиши каби вазифалар юклатилди. Шунингдек, ушбу Низомнинг 18-бандига рўйхатдан ўтказган органга корхонанинг ихтиёрий тугатилганлиги тўғрисидаги қарор нусхаси олингандан сўнг кейинги кундан кечиктирмай юридик шахсларнинг давлат реестрига корхонанинг ихтиёрий тугатиш жараёнида эканлиги тўғрисидаги маълумотларни киритади ҳамда бу тўғрида суд ижрочиларининг туман (шаҳар) бўлимини хабардор қилиш вазифаси юклатилди.

Бундан ташқари, юқоридаги Низомнинг 34, 46-бандларига тугатувчи томонидан корхонани давлат реестридан чиқариш учун рўйхатдан ўтказган органга тугатилаётган корхона қарздор сифатида иштирок этган ва ижро этилмаган ижро ҳужжати Суд департаменти органлари иш юритувида мавжуд эмаслиги ҳақидаги Суд департаменти ҳудудий бошқармасининг ёзма жавобини тақдим этиши вазифаси ҳам юклатилганлиги алоҳида аҳамият касб этади.

Юқоридагилардан келиб чиқадики, корхоналарни ихтиёрий тугатишнинг ҳуқуқий асослари ҳам қонун нормалари билан мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, бу жараённи амалга оширишда ваколат берилган органлар қонун талабларига қатъий амал қилишлари лозим.

Саволларга Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигининг масъул ходими

Э.Холмахматов жавоб берди.


Савол:Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жойни бошқа шахсга бериш шартномасини тузиш тартиби ҳақида батафсил билмоқчи эдим.

Ф.Мардонов,

Ургут туман

Жавоб:Умрбод таъминлаш шарти билан уйни, квартирани бошқа шахсга бериш шартномасини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Умрбод таъминлаш шарти билан уйни, квартирани бошқа шахсга бериш шартномасининг предмети бўлган турар жойдан фойдаланиш шу шартнома шартларига мувофиқ амалга оширилади. Шартномада турар жойдан фақат турар жойни бошқа шахсга бераётган ва уни олаётган шахс фойдаланиши назарда тутилиши, турар жойдан фойдаланиш тартиби белгилаб қўйилиши ёки белгиланмаслиги ёхуд турар жойни фойдаланиш учун учинчи шахсга (учинчи шахсларга) бериш ёки қонун йўл қўядиган бошқача усулда фойдаланиш белгиланиши мумкин.

Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми)ни, квартирани бошқа шахсга бериш шартномасига мувофиқ, бир тараф (олувчи) ёши ёки соғлиғи туфайли меҳнатга лаёқатсиз бўлган бошқа тараф (бошқа шахсга берувчи)ни натура ҳолида (уй-жой бериш, овқатлантириш, парваришлаш ва зарур ёрдам кўрсатиш тарзида) умрбод моддий таъминлаш мажбуриятини олади, бошқа шахсга берувчи эса олувчига уй-жой (уйнинг бир қисми)ни, квартирани мулк қилиб бериш мажбуриятини олади.

Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартира)ни бошқа шахсга бериш шартномасининг шакли ва шартлари:Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартира)ни бошқа шахсга бериш шартномасида бошқа шахсга берувчига қандай моддий таъминот турлари берилиши, уларнинг пул билан ифодаланган бир ойлик баҳоси ва уй-жой (уйнинг бир қисми), квартиранинг қиймати кўрсатилиши лозим.Бериладиган уй-жой (уйнинг бир қисми), квартира ва моддий таъминот қиймати тарафлар келишуви билан белгиланади.Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми), квартирани бошқа шахсга бериш шартномаси ёзма шаклда тузилиши ва нотариал тасдиқланиши лозим.

Саволга Ургут туман 1-сон ДНИ
нотариуси А.Коракузов

жавоб берди. 


Савол:

Кекса ёшдаги яқин қариндошимиз касалхонада оғир аҳволда ётганлиги туфайли диний расм-русмларни ушбу касалхонада ўтказиш мумкинми?

Ж.Абдуллаев,

ўқитувчи

Жавоб:

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” (янги таҳрирда)ги қонунининг 14-моддасига биноан ибодат, диний расм-русумлар ва маросимлар диний ташкилотлар жойлашган манзилдаги ибодатхоналарда ва уларга тегишли ҳудудларда, зиёратгоҳларда, қабристонларда, зарур ҳолларда фуқароларнинг ихтиёрига биноан уларнинг уйларида ўтказилади.

Касалхоналарда, госпиталларда, кексалар ва ногиронлар уйларида, дастлабки қамоқ ва жазони ўташ жойларида ибодатлар ва диний расм-русумлар шу ердаги фуқароларнинг илтимосларига биноан ўтказилади.

Савол:

Мен олий ўқув юртида ибодат либосда юришим мумкинми, шу ҳақда ҳуқуқий тушунтириш берсангиз?

Н.Каримова,

талаба

Жавоб:

Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 майда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” (янги таҳрирда)ги қонунининг 14-моддасига биноан ибодат, Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди.

Савол:

Диний ташкилотлар ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолияти билан шуғулланишга ҳақлими шу ҳақда маълумот берсангиз?

И.Одилов,

иқтисодчи

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” (янги таҳрирда)ги қонунининг 17-моддасига биноан, ибодат, диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари уставдаги мақсадларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ, ноширлик, ишлаб чиқариш, таъмирлаш-қурилиш, қишлоқ хўжалик корхоналари ва бошқа корхоналарни, шунингдек хайрия муассасаларини (етимхоналар, касалхоналар) таъсис этишга ҳақлидир.

Савол:

Фаолиятини тугатган диний ташкилотларнинг мол-мулкини тасарруф этиш қандай тартибда амалга оширилади?

А.Махмудов,

пенсионер

Жавоб:

Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 майда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” (янги таҳрирда)ги қонунининг 18-моддасига асосан, диний ташкилотларнинг фаолияти тугатилгандан кейин уларга фойдаланиб туриш берилган мол-мулк ўз эгаларига қайтарилади.

Диний ташкилотларнинг фаолияти тугатилган тақдирда, уларга қарашли мол-мулкка эгалик қилиш уларнинг устави ва қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Кредиторларнинг талабларини қондириш учун ундириш қаратилиши мумкин бўлмаган ибодатга оид мол-мулк рўйхати диний ташкилотларнинг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ҳуқуқий ворислари бўлмаган мол-мулк давлат мулки ҳисобига ўтади.

Савол:

Виждон эркинлиги ва унинг қонуний асослари ҳақида тушунча берсангиз?

Б.Жалилов,

хайдовчи

Жавоб:

Виждон эркинлиги ва унинг қонуний асослари 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида ва Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 майда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” (янги таҳрирда)ги қонунида мустаҳкамлаб қўйилган. Мазкур қонуннинг 3-моддасига асосан, Виждон эркинлиги фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир.

Фуқаро ўзининг динга, динга эътиқод қилишга ёки эътиқод этмасликка, ибодат қилишда, диний расм-русумлар ва маросимларда қатнашиш ёки қатнашмасликка, диний таълим олишга ўз муносабатини белгилаётган пайтда уни у ёки бу тарзда мажбур этишга йўл қўйилмайди.

Вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга жалб этиш, шунингдек уларнинг ихтиёрига, ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига зид тарзда динга ўқитишга йўл қўйилмайди.

Динга эътиқод қилиш ёки ўзга эътиқодлар эркинлиги миллий хавфсизликни ва жамоат тартибини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги, ахлоқи, ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлаш учун зарур бўлган даражадагина чекланиши мумкин.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда виждон эркинлиги ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланадилар ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун қонунда белгиланган тарзда жавобгар бўладилар.

Савол:

Жамоат бирлашмалари қандай мақсадларни кўзлаб тузилиши мумкин?

Ф.Бозорбоев,

тадбиркор

Жавоб:

“Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги қонуни 3-моддасига кўра, жамоат бирлашмалари фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий, ҳуқуқлар ҳамда эркинликларни рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилиш; фуқароларнинг фаоллиги ва ташаббускорлигини, давлат ва жамият ишларини бошқаришда уларнинг иштирок этишини ривожлантириш; касб-кор ва ҳаваскорлик қизиқишларини қондириш; илмий, техникавий ва бадиий ижодкорликни ривожлантириш; аҳолининг сиҳат-саломатлигини сақлаш, хайрия фаолиятида қатнашиш; маданий-маърифий, физкультура-соғломлаштириш ва спорт ишларини ўтказиш; табиатни, тарих ва маданият ёдгорликларини муҳофаза қилиш; ватанпарварлик ва инсонпарварлик тарбияси; республикалараро ва халқаро алоқаларни кенгайтириш, халқлар ўртасида тинчлик ва дўстликни мустаҳкамлаш; қонунда тақиқланмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш мақсадида тузилади.

Савол:

Жамоат бирлашмаларига аъзо бўлиш тартиби ҳақида маълумот берсангиз?

Ў.Нуралиев,

шифокор

Жавоб:

Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 15 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги қонуни 9-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жамоат бирлашмаси аъзолари (қатнашчилари) бўладилар. Сиёсий партиялардан ташқари жамоат бирлашмаларининг уставида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг бирлашмага аъзо бўлишлари кўзда тутилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари жумҳурият сиёсий партияларининг аъзолари бўлишлари мумкин.

Бир сиёсий партиянинг аъзоси айни вақтда бошқа сиёсий партиянинг аъзоси бўла олмайди.

Сиёсий партиялар ва касаба уюшмаларидан ташқари жамоат бирлашмаларининг фаолиятида уларнинг уставларида кўзда тутилган ҳолларда жамоа аъзолари: корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг меҳнат жамоатлари, фуқароларнинг бирлашмалари иштирок этишлари мумкин.

Савол:

Касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқи ҳақида маълумот берсангиз?

Д.Сафоева,

ўқитувчи

Жавоб:

“Ўзбекистон Республикасининг касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 2-моддасига кўра, меҳнаткашлар, шунингдек олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётган шахслар ҳеч қандай тафовутсиз ўз хоҳишларига кўра ва олдиндан ижозат олмай туриб, ихтиёрий равишда касаба уюшмалари тузиш ҳуқуқига, шунингдек уставларга риоя этиш шарти билан касаба уюшмаларига кириш ҳуқуқига эгадирлар.

Меҳнаткашлар корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда ва бошқа иш жойларидакасаба уюшмалари тузишга ҳақлидирлар.

Ишламайдиган пенсионерларнинг касаба уюшмаси аъзолигига кириш ёки ундан чиқиш тартиби касаба уюшмаларининг уставлари билан йўлга солиб борилади.

Касаба уюшмалари ихтиёрийлик асосида республика ва бошқа ҳудудий ҳамда тармоқ бирлашмалари тузишлари, шунингдек уларга киришлари мумкин.


Савол:

Қандай орган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари деб эътироф этилади?

Н.Ваҳобов,

талаба

Жавоб:

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида” (янги таҳрирда)ги қонунининг 8-моддасига асосан, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар, шунингдек шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар йиғинлари (бундан буён матнда фуқаролар йиғини деб юритилади) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидир.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди ва қонун ҳужжатлари билан берилган ўз ваколатларини тегишли ҳудуд доирасида амалга оширади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари юридик шахс ҳуқуқларидан фойдаланади, белгиланган намунадаги муҳрга эга бўлади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳисобга олиниши керак.

Савол:

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан жамоатчилик назорати қандай тартибда амалга оширилади?

М.Тошпўлатов,

пенсионер

Жавоб:

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида” (янги таҳрирда)ги қонунининг 16-моддасига кўра, жамоатчилик назорати фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

тегишли ҳудудда қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолатини ўрганиш;

тегишли чоралар кўрилиши учун давлат органларига мурожаат этиш;

давлат органлари ваколатига кирувчи ва ижтимоий аҳамиятга молик масалалар бўйича сўровлар юбориш.

Жамоатчилик назорати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Жамоатчилик назорати оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилиши мумкин.

Давлат органлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига жамоатчилик назоратини амалга оширишда кўмаклашиши ва қонун ҳужжатларига мувофиқ уларнинг мурожаатлари юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўриши шарт.

Савол:

Яқин қариндошимизнинг вафот этди унинг ўлимини қайд эттирмоқчимиз лекин ФҲДЁ органлари анча узоқда жойлашганлиги сабабли ўлимни Фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) томонидан ҳам ўлимни қайд этиш мумкинми?

У.Расулов,

фермер

Жавоб:

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида” (янги таҳрирда) ги қонунининг 15-моддасига кўра, шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) белгиланган тартибда ўлимни қайд этиши мумкин.

Савол:

Хизмат сафарига кетаётганлим сабабли ойлик маошимни касбдошларим бири олиб қўйишлиги учун ишончнома бермоқчиман. Ушбу ишончномани фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) ҳам тасдиқлаши мумкинми шу ҳақда маълумот берсангиз?

А.Турсунов,

банк ходими

Жавоб:

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида” (янги таҳрирда)ги қонунининг 15-моддаси 2-қисмига биноан, шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) хат-хабарларни, шу жумладан пул ва посилкаларни олишга, иш ҳақини ҳамда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларни олишга, муаллифлар ва ихтирочиларга тўланадиган ҳақларни, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни, шунингдек банклардан суммаларни олишга ишончномаларни белгиланган тартибда тасдиқлаши мумкин.

Савол:

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларга қандай талаблар қўйилиши мумкин шу ҳақда маълумот берсангиз?

Ш.Муродов,

тадбиркор

“Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида” (янги таҳрирда)ги қонунининг 17-моддасига асосан, Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши, қоида тариқасида, олий маълумотга эга бўлиши, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши, ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларда ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, шунингдек ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, оғир ёхуд ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар, шунингдек суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган, ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар, диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига сайланиш учун номзод этиб кўрсатилиши мумкин эмас.

Савол:

Фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) ваколатларини муддатидан илгари қайси ҳолатларда тугатиш мумкин шу ҳақда маълумот берсангиз?

Ф.Қосимова,

ҳунарманд

Жавоб:

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида” (янги таҳрирда)ги қонунининг 24-моддасига асосан, фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатидан илгари тугатилади:

у ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилганда;

фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) умумқабул қилинган ахлоқ, одоб нормаларини қўпол равишда бузувчи, раис (оқсоқол) мақомини бадном қилувчи ва фуқаролар йиғини обрўсига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар ва ножўя ишлар содир этган, шунингдек ўз вазифаларини мунтазам равишда узрли сабабларсиз бажармаган тақдирда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан қарор қабул қилинганда;

у белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

у суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида бедарак йўқолган деб топилган ёхуд вафот этган деб эълон қилинганда;

у Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;

у соғлиғи ҳолати ёки бошқа узрли сабабларга кўра уч ой давомида ўз вазифаларини бажара олмай қолганда;

у вафот этганда.


Тадбиркор бўлмоқчиман.

Бунинг учун..."

— Мен 5 000 000 сўм устав фонди билан Тошкент шаҳрида корхона ташкил қилмоқчиман. Бунинг учун қаерга учрашим ва қандай ҳужжатлар тақдим қилишим керак бўлади?

А.РАСУЛОВ, Тошкент шаҳри

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ-357-сонли ва Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сонли қарорлари билан тасдиқланган Низомларга асосан Сиз корхонангиз жойлашган туман ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциясига мурожаат қилиб, қуйидаги ҳужжатларни тақдим қилишингиз лозим.

- ариза;

- давлат тилидаги таъсис ҳужжатларининг икки асл нусхаси;

- давлат божининг белгиланган миқдори тўланганлиги ҳақидаги банк тўлов ҳужжати;

- корхона номини марказлаштирилган маълумотлар базасида қулай фирма номи захирага олинганлигини тасдиқлайдиган ягона логин ва пароль;

- икки нусхада муҳр ва штамп эскизлари.

— Тадбиркорлик субъектларининг почта манзили ўзгарган тақдирда давлат рўйхатидан ўтказиладими ва давлат божи тўланадими?

С. АЛИМАРДОНОВ, Наманган вилояти

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ-357-сонли ва Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сонли қарорлари билан тасдиқланган Низомларга асосан тадбиркорлик субъектининг почта манзили ўзгарган тақдирда бу ҳақда рўйхатдан ўтказувчи орган ёзма равишда хабардор қилинади ва бунда давлат божи ундирилмайди.

— Тадбиркорлик субъектини ихтиёрий тугатиш қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан амалга оширилади?

П. САТТОРОВ, Тахиатош шаҳри

— Тадбиркорлик субъектини ихтиёрий тугатиш Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги ПҚ-630-сонли Қарори билан тасдиқланган "Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида"ги Низом билан тартибга солинади.

Саволларга Адлия вазирлиги

масъул ходими Миродил МАҲМУДОВ

жавоб берди. 


Фаолиятим давомида кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлари билан ишлашга тўғри келади. Шу ўринда қонун ҳужжатлари ўзи нима, у қандай қабул қилинади деган саволлар туғилиши табиий. Шулар ҳақда бироз маълумот берсангиз. 

Қ.Алламуродов, фермер.

— Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонун ҳужжатларидир ва улар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари мажмуини ташкил қилади, Конституция ва қонунлар, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари қонунлар  деб аталса, Президент фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқ ҳамда қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари қонун ости ҳужжатлари ҳисобланади.  Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турлари деганда эса Конституциямиз,  қонунлар,  Олий Мажлис палаталарининг қарорлари,  Президент фармон, қарор ва фармойишлари,  Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари,  вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқ ва қарорлари ҳамда  маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари тушунилади.

Қайд этилган норматив ҳуқуқий ҳужжатларни  ваколат доирасидан келиб чиқиб ва ҳужжатнинг турига қараб Олий Мажлис палаталари, Президент, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки мансабдор шахсларига қабул қилиш ҳуқуқи берилган.

Умуман олганда, қонун ҳужжатлари “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади. Хабарингиз бор, ўтган давр мобайнида қонун ижодкорлиги жараёни кенгайиб, мураккаблашди, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сифатига нисбатан талаблар сезиларли даражада ошди. Шу маънода 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган парламент палаталарининг қўшма мажлисида Президентимиз томонидан эълон қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепсиясида ушбу қонуннинг янги таҳриририни қабул қилиш лозимлиги алоҳида қайд этилган эди. Концепцияда билдирилган таклифлардан келиб чиққан ҳолда, ушбу қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

—Янги таҳрирдаги“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг аввалгисидан қандай асосий фарқлари мавжуд?

Л.Хўжаев, талаба

—  Ушбу қонунда нормалар аниқ ва батафсил ёритилган ҳамда кенгроқ қамраб олингани билан аҳамиятга молик. Шу билан бирга, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзаро нисбатини аниқлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш тартиби ҳамда уларнинг мазмунига қўйиладиган асосий талабларни белгилаш, шунингдек, уларнинг ижроси ташкил этилишини таъминлаш кабилар ушбу қонуннинг асосий вазифаларига киритилди.

 Бундан ташқари, Ўзбекистон адлия вазири ҳар йили Олий Мажлис Сенатига давлат бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар фаолиятидаги қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот бериши, шунингдек,  вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг мансабдор шахслари давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга киритганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаб қўйилди.

Шунингдек, мазкур қонун юқоридагиларга ўхшаган, бугунги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда қатор янги моддалар билан ҳам тўлдирилди.

— Қонун ҳужжатлари қабул қилингунга қадар текшириладими, бу жараён кимлар томонидан ва қандай амалга оширилади?

С.Саломов, тадбиркор

— Албатта, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади. Яъни,  ҳуқуқий экспертиза давомида ҳужжат лойиҳасининг нафақат Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига, балки қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек, ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ҳамда мақсадга мувофиқлиги ҳам текширилади.

 Ҳуқуқий экспертиза ҳужжат ишлаб чиқувчининг ёки қабул қилувчи органнинг юридик хизмати, шунингдек, Ўзбекистон Адлия вазирлиги ва бошқа ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказилиши мумкин. Адлия вазирлиги ҳуқуқий экспертизани бошқа турдаги экспертизалар ўтказилганидан кейин амалга оширади.  Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига юклатилган.

— Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амал қилиши тўхтатилиб турилиши ёки тугатилиши мумкинми? Бу қандай ҳолатларда амалга оширилиши мумкин.

Ф.Имомов, банк ходими

 — Мазкур саволга жавоб қонуннинг 35-моддасида аниқ ва лўнда кўрсатиб ўтилган. Ушбу моддага кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг қисмининг амал қилиши уни қабул қилган орган ёхуд унинг юқори турувчи органи томонидан муайян муддатга ёки муайян ҳодиса юз бергунига қадар тўхтатиб турилиши мумкин.

 Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 9 октябрдаги қарори билан тасдиқланган “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар меъёрий ҳужжатларини ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги низомнинг 18- ва 20-бандлари ҳамда Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 14 февралда 1905-сон билан рўйхатга олинган “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини тайёрлаш ва қабул қилиш қоидалари”нинг 94-бандига мувофиқ Ўзбекистон Адлия вазирлиги низоли масалалар келиб чиққанда, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қўллаш билан боғлиқ бўлган янги ҳолатлар аниқланганда, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни барча манфаатдор шахслар эътиборига етказилиши тўғрисидаги талаблар бажарилмаган тақдирда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туришга ҳақли.

Саволларга Адлия вазирлиги

масъул ходими Б.Худойқулов жавоб берди. 


Фаолиятни текшириш беш йилда бир марта

“Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг аҳамияти нимада?

Мазкур Қонун хусусий мулкка асосланган лизинг, суғурта компаниялари, микромолиявий ташкилотлар каби молиявий институтларни ташкил этишнинг муҳим ҳуқуқий асоси бўлиб, ушбу Қонун хусусий банклар ва молия институтлари фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиши, уларнинг фаолияти кафолатларини таъминлаши, молиявий хизматлар кўрсатиш сифатини янада ошириши, бу соҳада рақобатни кучайтириши, шунингдек, халқаро стандартларга мос бўлган банк-молия инфратузилмасини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Хусусий банк ва молия институтларига устав фондида муассислар бўлган жисмоний шахсларнинг улуши камида эллик фоизни ташкил этиши лозим бўлган банклар ва бошқа кредит, суғурта ташкилотлари, шунингдек, фақат молиявий хизматлар кўрсатувчи ўзга юридик шахслар киради.

Хусусий банк ва молия институтлари, шунингдек, улар муассисларининг (иштирокчиларининг) мулк ҳуқуқи дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари хусусий банк ва молия институтларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас. Хусусий банк ва молия институтларининг фаолиятини текшириш қонун ҳужжатларига мувофиқ назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли органнинг қарорига биноан режали тартибда кўпи билан беш йилда бир марта амалга оширилиши мумкин.

Ойбек ҲАКИМОВ,

Адлия вазирлиги бошқарма

бошлиғи ўринбосари


Савол: Қайдай ҳолатларда нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш мумкин?

Жавоб:

Нотариусларнинг муҳим мажбуриятлари ва шу билан бирга улар фаолиятнинг кафолатларидан бири бу нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этишдир.

Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 38-моддасига мувофиқ нотариус қўйидаги ҳолларда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиши мумкин:

бундай ҳаракатни амалга ошириш қонунга зид бўлса;

бу ҳаракат бошқа нотариус томонидан амалга оширилиши керак бўлса;

муомалага лаёқатсиз фуқаро ёҳуд зарур ваколатлари бўлмаган вакил нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган бўлса;

юридик шахс номидан амалга ошириладиган битим унинг уставида ёки низомида кўрсатилган мақсадларга зид бўлса;

битим қонун талабларига мувофиқ бўлмаса;

нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаса;

Масалан, нотариус қонун ҳужжатларига мувофиқ фуқаролик муомаласидан чиқарилган мол-мулк предмети бўлган олди-сотди шартномасини тасдиқлашга ҳақли эмас. Ёки нотариус қонун ҳужжатлари талабларига жавоб бермайдиган ҳужжатларни қабул қилмаслиги ва улар асосида нотариал ҳаракатни амалга оширмаслиги мумкин. Шу сабабли, масалан, шаръий (диний) никоҳ тузилганлиги ҳақидаги ҳужжат нусхаси нотариус томонидан шаҳодатланмайди.

Қонунга мувофиқ, нотариал ҳаракатни амалга ошириш рад этилган тақдирда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш ҳақида нотариус мурожжат қилинган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмасдан қарор чиқаради.

Нотариус нотариал ҳаракатни амалга ошириш тўғрисисдаги мурожаати рад этилган шахснинг илтимосига биноан рад этиш сабабини ёзма равишда баён этиш устидан шикоят қилиш тартибини тушунтириб бериш лозим.

Савол:

Нотариал ҳаракатнинг амалга оширилишини рад этиш тўғрисидаги қарор устидан қандай тартибда шикоят қилиш мумкин?

Жавоб:

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекснинг 273-моддаси ҳамда “Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 39-моддасида нотариал ҳарактни амалга оширишни рад этиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиш тартиби белгиланган.

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш рад этилганлиги ҳақидаги шикоятлар бундай харакатни бажариш рад этилганлиги аризачига маълум бўлган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда берилади.

Шикоят бериш муддати ўтказиб юборилганда уни тиклаш ҳақидаги илтимоснома суд томонидан умумий асосларда ҳал қилинади.

Саволларга Самарқанд шаҳар 8-сон ДНИ

нотариуси Д.Ашуров жавоб берди. 


Савол: Ипотека шартномаси қандай тартибда тузилади?

Жавоб:

Бошқа фуқаролик-ҳуқуқий шартномалари каби ипотека шартномаси ҳам фуқаролик қонунчилиги умумий қоидаларига асосан икки шахс (тараф) - гаровга олувчи (ёки ипотекага олувчи деб ҳам аталади) ва гаровга қўювчи (ипотекага қўювчи деб ҳам юритилади) ўртасида тузилади.

Ипотека шартномаси бўйича одатда банк муассасаси гаровга олувчи тараф ва қарзга олувчи эса гаровга қўювчи тараф бўлади.

Ипотека шартномаси тузиш учун тарафлар ҳуқуқ лаёқати ва муомала лаёқатига эга бўлишлари, яъни шартнома тарафи бўлган фуқаро 18 ёшдан кичик бўлмаслиги, юридик шахс эса - кўчмас мулкни гаровга қўйиш бўйича чеклашлардан ҳоли бўлиши керак.

Савол:

Ипотека шартномаси мазмунига қўйиладиган талаблар нималардан иборат?

Жавоб:

Ипотека шартномаси қонун ҳужжатларининг қоидаларига риоя этилган ҳолда тузилади.

Ипотека шартномаси нотариал тартибда тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Ипотека шартномасида унинг номи, турган жойи ва идентификация қилиш учун етарлича тавсифи кўрсатилган ҳолда ипотека нарсаси, унинг баҳоси, моҳияти, миқдори, ипотека билан таъминланадиган мажбуриятни бажариш муддати ва гаровга қўйилган мол-мулк тарафларнинг қайси бирида турганлиги, шунингдек тарафлар келишувга эришган бошқа маълумотлар албатта кўрсатилган бўлиши керак.

Ипотекага қўювчи ипотека тўғрисида шартнома тузилаётганда ипотека давлат рўйхатидан ўтказилаётган пайтда ўзига маълум бўлган учинчи шахсларнинг ипотека нарсасига бўлган барча ҳуқуқлари (гаров, мерос қилиб қолдириладиган ер участкасига умрбод эгалик қилиш, ижара ҳуқуқлари, сервитутлар ва бошқа ҳуқуқлар) ҳақида ипотекага олувчини ёзма шаклда огоҳлантириши шарт.

Бу мажбуриятнинг бажарилмаслиги ипотекага олувчига ипотека билан таъминланган мажбуриятнинг муддатидан олдин бажарилишини ёки ипотека тўғрисидаги шартнома шартлари ўзгартирилишини талаб қилиш ҳуқуқини беради.

Ипотека билан таъминланадиган мажбурият ипотека тўғрисидаги шартномада унинг суммаси, вужудга келиш асослари ва бажарилиш муддати белгиланган ҳолда кўрсатилиши керак. Бу мажбурият бирон-бир бошқа шартномага асосланган ҳолларда эса, мазкур шартноманинг тарафлари, тузилган санаси ва жойи кўрсатилиши керак.

Агар ипотека билан таъминланадиган мажбурият суммаси келгусида аниқланиши лозим бўлса, ипотека тўғрисидаги шартномада ипотека билан таъминланадиган мажбурият суммасини аниқлаш тартиби ва бошқа зарур шартлари кўрсатилиши керак.

Агар ипотека билан таъминланадиган мажбурият қисмларга бўлиб бажарилиши лозим бўлса, ипотека тўғрисидаги шартномада тегишли тўловларнинг муддатлари (даврийлиги) ва уларнинг миқдорлари ёки бу миқдорларни аниқлаш имкониятини берадиган шартлар кўрсатилиши керак.

Савол:

Ипотека шартномаси қачон тузилган ҳисобланади?

Жавоб:

Агар ипотека шартномаси тарафлари бўлган гаровга олувчи (ипотекага олувчи) ва гаровга қўювчи (ипотекага қўювчи) ўртасида шартноманинг барча муҳим шартлари юзасидан шундай ҳолларда талаб қилинадиган шаклда келишувга эришилган ва шартнома давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан тузилган деб ҳисобланади ва кучга киради.

Савол:

Ипотека шартномасини давлат рўйатидан ўтказиш қай тартибда амалга оширилади?

Жавоб:

Ипотека шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва уларга доир битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун белгиланган тартибда бинолар (иншоотлар) гарови давлат реестрига тегишли ёзув киритиш орқали амалга оширилади.

Шартнома асосидаги ипотекани давлат рўйхатидан ўтказиш учун ипотека тўғрисидаги шартнома асос бўлади.

Савол:

Қайси ҳолларда ипотека шартномаси ҳақиқий эмас деб топилади?

Жавоб:

Агар ипотека тўғрисидаги шартнома нотариал тартибда тасдиқланмаса ва давлат рўйхатидан ўтказиш қоидаларига риоя этилмаса, ҳақиқий эмас деб топилади. Бундай шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.

Саволларга Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Ў.Ахатов жавоб берди.


Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш

Ўриндошлик асосида бошқа ташкилотга ишга кираётган шахслар қайси ҳужжатларни топширади?

Ўриндошлик асосида бошқа ишга кираётган шахслар паспортни ёхуд унинг ўрнини босувчи ҳужжатни ва меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги буйруғи билан тасдиқланган шакл бўйича маълумотномани тақдим этади.

Ўриндошлик асосида ишлаш учун иш берувчининг, асосий иш жойидан касаба уюшмаси (ходимларнинг бошқа вакиллик органининг) ёки бошқа органнинг розилиги талаб қилинадими?

Ўриндошлик асосида ишлаш учун иш берувчининг, асосий иш жойидан касаба уюшмаси қўмитасининг (ходимларнинг бошқа вакиллик органининг) ёки бошқа органнинг розилиги талаб қилинмайди.

Ўриндошлик асосида бошқа ташкилотга ишга кириш учун асосий иш жойидан бериладиган маълумотнома ҳамда ўриндошлик асосидаги иш жойидан бериладиган маълумотнома шакллари тасдиқланганми?

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан 2012 йил 29 декабрда 77-сон “Ўриндошлик асосида бошқа ташкилотга ишга кириш учун асосий иш жойидан бериладиган маълумотнома ҳамда ўриндошлик асосидаги иш жойидан бериладиган маълумотнома шаклларини тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи билан тасдиқланиб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган (рўйхат рақами 2417, 2013 йил 29 январь).

Ўриндошлик асосида ишлаш ҳисобланмайдиган ишларга қайси ишлар киради?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ўриндошлик асосида ишлаш ҳисобланмайдиган ишларга қуйидаги ишлар киради:

1.Илмий фаолиятни ёки ўқитувчилик фаолиятини амалга ошириш, агар бундай фаолият асосий иш жойи бўйича бажариладиган иш ҳисобланмаса.

2. Фан, адабиёт ва санъат асарлари яратиш.

3. Ходим томонидан, асосий ишдан ташқари, ўша ташкилотнинг ўзида штат лавозимини эгалламасдан бошқа ишни бажариш, шу жумладан:

умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ҳамда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқитувчилари томонидан кабинетларга, лабораторияларга мудирлик қилиш бўйича вазифаларни бажариш, тўгаракларга раҳбарлик қилиш, шунингдек улар томонидан белгиланган юкламадан ортиқ ўқув-тарбиявий ишларни бажариш;

ишнинг ушбу тури бўйича иш вақти нормал давом этишининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда меҳнатга соатбай ҳақ тўланадиган педагогик иш;

таълим муассасалари раҳбарларининг ўқитувчи лавозими бўйича йиллик иш режасида (иш вақти нормаси билан) назарда тутилган жами иш вақтининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда ўқитувчилик иши;

ташкилотлар муҳандис-техник ходимларининг талабалар ва ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш таълими ва амалиётига раҳбарлик қилиш бўйича иши;

тиббиёт ходимларининг белгиланган вақт нормасидан ортиқча навбатчилик қилиши;

Ҳукумат қарорлари билан ходимнинг иш ҳақига устамалар белгиланган вазифаларни бажариш.

4. Муаллифлик гонорари шаклида ҳақ тўланадиган адабий иш, шу жумладан алоҳида асарларни таҳрир, таржима қилиш ва уларга тақриз ёзиш бўйича ишлар.

5. Меҳнатга бир марта ҳақ тўланган ҳолда техник, тиббий, бухгалтерия, ҳуқуқий ва бошқа экспертиза (маслаҳат бериш).

6. Умумтаълим мактаблари ва мактабдан ташқари таълим муассасалари ўқитувчилари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари усталари, мактабгача таълим муассасаларининг педагог ходимлари, таълим муассасалари концертмейстерлари ва аккомпаниаторларининг айнан бир таълим муассасасидаги ўқув юкламасининг белгиланган нормасидан ортиқча иши.

7. Соғлиқни сақлаш муассасаларида ойига 24 соатдан ортиқ бўлмаган ҳажмда, меҳнатга бир марта ёки соатбай ҳақ тўланган ҳолда, тиббиёт маслаҳатчилари вазифаларини бажариш.

8. Илмий-тадқиқот муассасаларида ва олий таълим муассасаларида ушбу таълим муассасалари штатида турмаган илмий ходимлар томонидан катта илмий ходимларга – изланувчиларга раҳбарлик қилиш.

9. Ходим томонидан сиёсий партиялар, касаба уюшмалари ва жамоат бирлашмалари марказий ва ҳудудий органларининг сайлаб қўйиладиган лавозимларида раҳбар ходим, Кузатувчи кенгаш ёки Директорлар (бошқарувчилар) кенгаши раиси ёки аъзоси, Маҳсулот тақсимотига оид битим доирасида қўмитани бошқарувчи, ишончли бошқарувчи ёки ташкилотда давлатнинг ишончли вакили сифатида бажариладиган иш.

10. Жамоатчилик асосида бажариладиган ишлар.

Саволларга Адлия вазирлиги

бошқарма бош маслаҳатчиси

Хуршид Умаров жавоб берди. 


Хорижий инвестиция иштирокидаги корхона ташкил этиш ва тугатиш

Тошкент шаҳрида хорижий инвестиция иштирокидаги корхона ташкил этганимга бир йил бўлди. Аммо, ҳозирги кунга қадар корхона устав фондини тўлиқ шакллантиришга имкон бўлмади. Менга уни шакллантириш учун қўшимча муддат керак. Бундай вазиятда мен кимга мурожаат қилишим керак?

Х.Дониёров, Навоий шаҳри

Сиз бундай ҳолларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги корхоналарни тугатиш бўйича доимий ишловчи махсус комиссияга мурожаат қилишингиз лозим. Махсус комиссия томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 июлдаги “Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисида”ги 327-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 2.7-бандига кўрақонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналар бўйича — устав жамғармасини шакллантириш учун қўшимча муддат берилади ва назорат қилиб борилади.

Биз корхонамизни ихтиёрий тугатмоқчимиз. Тугатиш жараёнида корхонани қайта тиклашимиз мумкинми?

Б.Ахмедов, Бухоро вилояти

Албатта тиклашингиз мумкин, яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги “Тадбиркорлик субъектларини фаолиятини тўхтатиш ва ихтиёрий тугатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ–630-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 7-бандига кўра, корхона муассислари (қатнашчилари), тадбиркорлик субъекти — жисмоний шахс тугатишнинг исталган босқичида фаолиятини тиклаш ва тугатиш жараёнини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

Биз янги корхона ташкил этдик. Аммо, айрим сабабларга кўра фаолиятимизни йўлга қўя олмадик. Шу сабабли, корхонани тугатишга қарор қилдик. Корхонани қандай тугатишимиз мумкин?

И.Турсунов, Тошкент шаҳри

Корхоналарни ихтиёрий тугатиш тартиби қонунчилик билан тартибга солинган, яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги “Тадбиркорлик субъектларини фаолиятини тўхтатиш ва ихтиёрий тугатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ–630-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 3-бандига кўра, корхонани ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор унинг муассислари (қатнашчилари) томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинади. Қарорда қуйидагилар кўрсатилади, яъни тугатувчи — тугатиш комиссияси (унинг аъзолари таркиби) ёки жисмоний шахс (паспорти маълумотлари) ҳамда мўлжалланаётган тугатиш муддати кўрсатилиши лозим. Мазкур қарор қабул қилингандан сўнг Сиз рўйхатдан ўтказувчи органга мурожаат қилишингиз лозим бўлади.

Саволларга Адлия вазирлиги масъул ходими

М.Дарбишев жавоб берди. 


Риэлторлик фаолияти тўғрисида

Савол: Риэлторлик фаолияти тўғрисида кўп эшитганман. Бу қандай фаолият. Ушбу фаолият қандай қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади?

У.Камолов, Тошкент вилояти

Жавоб: Риэлторлик фаолияти юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимлар тузиш билан боғлиқ хизматларни шартнома асосида кўрсатиш бўйича тадбиркорлик фаолиятидир.

Риэлторлик фаолияти риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи томонидан бериладиган риэлторлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия асосида амалга оширилади.

Риэлторлик фаолият Ўзбекистон Республикасининг “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 10 майдаги 129-сон қарори билан тасдиқланган Риэлторлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низом ва ушбу фаолиятга оид бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Савол: Риэлторлик хизматларига нималар киради. Мен жисмоний шахс сифатида риэлторлик фаолияти билан шуғулланишим мумкинми?

Р.Султонов, Самарқанд вилояти

Жавоб: “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонунга кўра риэлторлик фаолияти қуйидаги турлардаги риэлторлик хизматларини кўрсатиш орқали амалга оширилади:

кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимларни тузиш чоғидаги воситачилик;

кўчмас мулк объектларининг ва уларга бўлган ҳуқуқларнинг савдосини ташкил этиш;

кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш;

кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматлари.

Риэлторлик фаолияти юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилади. Бунда жисмоний шахсга — риэлторга лицензия фақат кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш ҳуқуқига берилади.

Савол: Риэлторлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия олиш учун қандай ҳужжатлар талаб этилади?

Қ.Азизов. Наманган вилояти

Жавоб: Риэлторлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низомга кўра Лицензия олиш учун лицензия талабгори лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

Юридик шахс учун:

а) лицензия бериш тўғрисида ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади:

юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банк муассасасидаги талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақамлари;

лицензия талабгори амалга оширишни мўлжаллаётган риэлторлик хизматларининг тури (турлари);

б) давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг ҳамда рўйхатдан ўтказилган барча ўзгартиришлар ва қўшимчалар билан биргаликда уставнинг нусхалари;

в) лицензияловчи орган томонидан лицензия талабгорининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгори томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг нусхаси;

г) асосий иш жойи бўйича штатдаги риэлторларни ишга қабул қилиш тўғрисидаги меҳнат дафтарчаси ва буйруқларнинг юридик шахс муҳри билан тасдиқланган нусхалари;

д) лицензия талабгори штатида турган ходимларнинг риэлторлар малака сертификатларининг юридик шахс муҳри билан тасдиқланган нусхалари;

е) риэлторлик фаолиятининг тегишли турини амалга ошириш учун ушбу Низомда назарда тутилган миқдорда устав капиталининг тўлиқ шакллантирилганлигидан далолат берадиган ҳужжат нусхаси. Бунда риэлторлик хизматлари кўрсатишда фойдаланиладиган мол-мулкни киритиш ҳисобига устав капиталини пулсиз шаклда қисман ёки тўлиқ шакллантиришга йўл қўйилади;

ж) кўрсатиладиган хизматлар сифатини назорат қилишнинг тасдиқланган ички қоидалари нусхаси.

Жисмоний шахс учун:

а) лицензия бериш тўғрисида ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади:

фамилияси, исми, отасининг исми, паспортининг маълумотлари;

лицензия талабгори амалга оширишни мўлжаллаётган риэлторлик хизматнинг тури;

б) якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

в) лицензияловчи орган томонидан лицензия талабгорининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгори томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг нусхаси;

д) риэлтор малака сертификатининг нусхаси;

Савол: Мен фаолият кўрсатаётган риэлторлик ташкилоти кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш хизматларини кўрсатиш учун лицензия олмоқчи. Бунинг учун қанча миқдорда устав капиталига эга бўлиши керак?

С.Нодирова, Тошкент шаҳри


Жавоб:Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 10 майдаги 129-сон қарори билан тасдиқланган Риэлторлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низомда риэлторлик фаолиятининг тегишли турини амалга ошириш учун талаб этиладиган устав капиталининг миқдори кўрсатилган. Унга кўра, кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатадиган риэлторлик ташкилотлари — энг кам ойлик иш ҳақининг камида 100 бараварига тенг миқдорда, кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимлар тузиш чоғида воситачилик қиладиган риэлторлик ташкилотлари — энг кам ойлик иш ҳақининг камида 500 бараварига тенг миқдорда, кўчмас мулк объектларини ишончли бошқаришни амалга оширадиган риэлторлик ташкилотлари — энг кам ойлик иш ҳақининг камида 1000 бараварига тенг миқдорда, кўчмас мулк объектлари ва уларга бўлган ҳуқуқлар савдосини ташкил этадиган риэлторлик ташкилотлари — энг кам ойлик иш ҳақининг камида 3000 бараварига тенг миқдорда устав капиталига эга бўлиши керак.

Риэлторлик хизматларининг бир неча турларини амалга оширмоқчи бўлган лицензия талабгори риэлторлик хизматларининг устав капиталини максимал миқдорда шакллантириш назарда тутилган тури бўйича шакллантирилган устав капиталига эга бўлиши керак.

Савол: Риэлторлик фаолияти билан шуғулланиш тўғрисида менинг номимга берилган лицензия йўқолиб қолди. Уни қайта тиклаш мумкинми?

А.Жалилов, Навоий вилояти

Жавоб: Йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига лицензия талабгори аризасига кўра дубликат берилади. Лицензия дубликатларини беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади.

Саволларга Адлия вазирлиги

Ташкилий-назорат ва таҳлил

бошқармаси бош маслаҳатчиси

Жасур АСАДОВ жавоб берди. 


— Айтинг-чи, чет эл фуқароси Ўзбекистон фуқароси билан қандай тартибда никоҳдан ўтиши мумкин?

Гулноза ТУРДИЕВА,

Тошкент шаҳри

— Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар оилавий муносабатларда мамлакатимиз фуқаролари билан бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга эканликлари Оила кодексининг 234-моддасида ўз аксини топган.

Никоҳ тузиш тартиби ва уни расмийлаштириш учун белгиланган шартлар республикамиз фуқаролари билан бир қаторда чет элликлар учун ҳам тааллуқлидир. Шунга кўра, Оила кодексининг 13-17-моддаларида белгиланган нормаларга зид ва никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлса, никоҳни қайд этишга йўл қўйилмайди. Масалан, агар чет эл фуқароси никоҳ ёшига етмаган бўлса, Ўзбекистон фуқароси билан никоҳ муносабатларига киришишига йўл қўйилмайди. Ёки чет эл фуқаросининг ўз Ватанида кўп никоҳлилик тақиқланмаган ва у бошқа никоҳда бўла туриб, Ўзбекистон фуқароси билан оила қуриш истагида бўлса, амалдаги қонунчилигимизга мувофиқ бундай никоҳга рухсат этилмайди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон фуқароси билан чет эл фуқароси ўртасида никоҳ тузишга монелик қилувчи ҳолатлар йўқлиги ФҲДЁ органи ходимлари томонидан аниқланади ва буни тасдиқловчи ҳужжат талаб қилиб олинади.

Никоҳ шахсан никоҳга кирувчиларнинг иштирокида, улар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этувчи органга ариза берган кундан бошлаб бир ой ўтгандан кейин тузилади.

Тиббий кўрикдан ўтказиш учун берилган йўлланмалар ФҲДЁ органларида никоҳ тузиш тўғрисидаги аризаларни рўй­хатдан ўтказиш дафтарида қайд этилади. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан никоҳланаётган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўзларининг вақтинча яшаш жойида тиббий кўрикдан ўтадилар.

Яна бир муҳим ҳолат, МДҲ мамлакатлари, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ва Ўзбекистон Республикасининг хорижда яшовчи фуқароларининг никоҳини қайд этишда агар ушбу шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш визаси никоҳ тузиладиган кунда ҳақиқий бўлсагина амалга оширилади.

Саволга Адлия вазирлиги масъул ходими

Заҳро Каримова жавоб берди.


Адвокатура соҳаси бўйича

Ким адвокат бўлиши мумкин?

“Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасига мувофиқ олий юридик маълумотга эга бўлган ва адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси адвокат бўлиши мумкин.

Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия ким томонидан берилади?

“Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31-моддасига мувофиқ, адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан тегишли малака комиссияларининг қарорлари асосида берилади.

Адвокатлар палатаси нима ва у қандай принцип асосида фаолият юритади?

Адвокатлар палатаси Ўзбекистон Республикаси барча адвокатларининг мажбурий аъзолигига асосланган нотижорат ташкилотидир.

Адвокатлар палатаси ўзининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тузиладиган ҳудудий бошқармалари билан биргаликда адвокатуранинг ягона ўзини ўзи бошқариш тизимини ташкил этади.

Адвокатлар палатаси адвокатларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашмаслик принципи асосида фаолият кўрсатади.

Қандай адвокатлик тузилмалари давлат рўйхатидан ўтказилади?

Адвокатлик бюролари, адвокатлик фирмалари ва адвокатлар ҳайъатлари давлат рўйхатидан ўтказилади.

Рўйхатдан ўтказиш Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Адвокатлик бюроси нима?

“Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 41-моддасига мувофиқ, адвокатлик фаолиятини якка тартибда амалга ошириш учун адвокат томонидан таъсис этилган, нотижорат ташкилоти бўлган адвокатлик тузилмаси.

Адвокатлик сири нима?

Адвокатлик сири жумласига ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) адвокатдан ёрдам сўраб мурожаат этганлигининг ўзи, ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) ёрдам сўраб мурожаат этган масалалар, адвокатдан ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) олган маслаҳатлар, насиҳатлар 
ва тушунтиришларнинг моҳияти, адвокатнинг ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) билан ўтказган суҳбатида тўхтаб ўтилган барча масалалар киради.

Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари қандай мақсадда ташкил этилади?

Зарур билимлар ва касбий малакаларга эга бўлган шахсларга лицензиялар бериш тўғрисидаги масалани ҳал этиш, адвокат қасамёдини қабул қилиш мақсадида, шунингдек адвокатларга нисбатан интизомий иш юритишни олиб бориш учун Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузурида малака комиссиялари тузилади.

Қандай ҳолатларда адвокат мақоми тўхтатиб турилиши мумкин?

“Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 131-моддасига мувофиқ қуйидаги ҳолларда адвокат мақомини тўхтатиб туриш мумкин:

адвокат адвокатлик фаолияти билан бирга олиб бориб бўлмайдиган доимий лавозимга сайланганда ёки тайинланганда – иш даврига;

адвокат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилганда – бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги қарор суд томонидан бекор қилингунига қадар бўлган даврга;

адвокат ҳарбий хизматга чақирилганда – ҳарбий хизматни ўташ даврига;

суд томонидан адвокатга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинганда, агар суднинг мазкур қарори ушбу Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ лицензиянинг амал қилишини тугатиш учун асос бўлмаса, – тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари суд томонидан бекор қилингунига қадар ёки ўзгартирилгунига қадар бўлган даврга;

ушбу Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганда – лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилган даврга;

адвокатлик тузилмаси тугатилганда ёки адвокат ундан чиққанида – адвокат томонидан уч ойдан ошмайдиган муддатда амалга ошириладиган бошқа адвокатлик тузилмаси ташкил этилгунига қадар ёхуд мавжуд адвокатлик тузилмаларидан бирига киргунига қадар бўлган даврга.

Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш қандай амалга оширилади?

Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш адвокатга гувоҳнома берган адлия органининг қарори билан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

адвокат жиноий жавобгарликка тортилганда, у айбланувчи тариқасида жалб этилган пайтдан бошлаб ва суд ҳукми қонуний кучга киргунига қадар ёхуд реабилитация қилувчи асосларга биноан уни жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар;

адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари, Адвокатнинг касб этикаси қоидалари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёди бузилганлиги аниқланганда (малака комиссиясининг қарорига асосан);

адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармасининг ёки адлия органининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган, шу жумладан адвокатнинг зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юклайдиган қарорлари адвокат томонидан бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда (малака комиссиясининг қарорига асосан).

Адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари, Адвокатнинг касб этикаси қоидалари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёди мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузилганда, адвокатнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда адвокатуранинг обрўсини туширадиган қилмиш содир этилганда унга нисбатан қандай чора кўрилади?

Бундай ҳолда унинг адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиясининг амал қилиш муддати адвокатга гувоҳнома берган адлия органининг қарори билан тугатилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги адвокатура соҳасида қандай ваколатларга эга?

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида:

адвокатлик тузилмалари ва Адвокатлар палатасининг фаолиятига кўмаклашади;

адвокатура фаолияти тўғрисидаги статистик маълумотларни ўрганади;

адвокатларнинг малакасини оширишга доир тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади;

адвокатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига, шунингдек адвокатлик тузилмалари томонидан таъсис ҳужжатларига, уставда белгиланган фаолиятига, қайта рўйхатдан ўтиш ва тугатиш тартибига риоя этилишини назорат қилади;

адвокатлик гувоҳномасининг шаклини ва уни бериш тартибини тасдиқлайди;

ордер шаклини тасдиқлайди.

Нотариат соҳаси бўйича

Ким нотариус бўла олади?

“Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасига асосан, йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида уч йил муддатли иш стажига эга бўлган, шу жумладан нотариал идорада камида икки йил муддатли стажировкани ўтаган, малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқароси нотариус бўлиши мумкин.

Кимлар нотариус бўла олмайди?

Қуйидагилар нотариус бўла олмайди:

белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахс;

қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;

ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун нотариус, адвокат, терговчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколати белгиланган тартибда тугатилган шахс.

Нотариус стажёрини ишга қабул қилишда қандай ҳужжатлар талаб этилади?

Стажёрни ишга қабул қилишда қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:

ариза;

белгиланган шаклда тўлдирилган шахсий варақа;

паспорт нусхаси;

таржимаи ҳол;

олий юридик маълумот тўғрисидаги дипломнинг нотариал тасдиқланган нусхаси;

меҳнат дафтарчаси, (биринчи марта ишга кираётган шахслар бундан мустасно);

ўқиш (аввалги иш) жойидан тавсифнома.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари қандай мақсадда ташкил этилади ва уларнинг таркибига қўйилган талаблар?

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари стажировкадан ўтган шахслардан малака имтиҳонларини қабул қилиш мақсадида ташкил этилади.

Малака комиссиялари Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармаларининг қарорлари билан нотариуслар ҳамда адлия органларининг бошқа ходимлари орасидан тенг миқдорда тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Олий малака комиссияси нима учун тузилади?

Нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш, нотариус қасамёдини қабул қилиш, малака комиссияларининг қарорлари устидан берилган апелляцияларни кўриб чиқиш, шунингдек малака комиссияларининг иш амалиётини умумлаштириш ва таҳлил қилиш учун ўн бир кишидан иборат таркибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Олий малака комиссияси тузилади.

Қайси ҳолатларда нотариал ҳаракатлар ҳақида маълумотлар берилиши мумкин?

“Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига асосан нотариуснинг, нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи бошқа мансабдор шахсларнинг, шунингдек амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлардан хизмат вазифасини бажариш муносабати билан хабардор бўлиб қолган шахсларнинг ўзларига маълум бўлган ахборотларни ошкор қилиши, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ҳам ошкор қилиши тақиқланади.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар (ҳужжатлар) бу ҳаракатлар кимнинг номидан ёки кимнинг топшириғи билан амалга оширилган бўлса, ўша шахсларнинг ўзигагина берилиши мумкин.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар) суд, прокуратура, тергов органларининг талабига биноан улар юритаётган ишлар муносабати билан берилади. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар) қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда махсус ваколатли давлат органига тақдим этилади. Кўчмас мулк ижараси шартномаларини тасдиқлаш ва ижара ҳақининг миқдори тўғрисидаги, мерос ёки ҳадя тартибида фуқаролар мулкига ўтаётган мол-мулкнинг қиймати ҳақидаги маълумотномалар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда давлат солиқ хизмати органига тақдим этилади. Васиятнома тўғрисидаги маълумотномалар васият қилувчининг вафотидан кейингина берилади. Битим предмети бўлган объектни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки хатлов мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар) кредит бюросига унинг сўровига кўра тақдим этилади.

Нотариус, нотариус ёрдамчиси ва стажёри фаолиятида қандай чекловлар мавжуд?

Нотариус, нотариус ёрдамчиси ва стажёри:

илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари, тадбиркорлик ва бошқа фаолият билан шуғулланишга;

шартномалар тузишда воситачилик хизмати кўрсатишга ҳақли эмас.

Нотариус лавозимини таъсис этиш ва тугатиш тартиби?

Нотариус лавозими Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан таъсис этилади ва тугатилади.

Муайян ҳудуддаги (нотариал округдаги) нотариуслар лавозимларининг сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрнатиладиган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.

Нотариал округдаги нотариус лавозимига тайинлаш Олий малака комиссияси малака имтиҳонини топширган шахслар орасида ўтказадиган танлов асосида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Нотариус билан меҳнат шартномасини бекор қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Нотариуслар амалга оширадиган нотариал ҳаракатлар?

“Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23 -моддасига асосан,нотариуслар қуйидаги нотариал ҳаракатларни амалга оширади:

1) битимларни тасдиқлайди;

2) васиятномаларни тасдиқлайди;

3) эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳномалар беради;

4) мол-мулкни ўзга шахсга ўтказишни тақиқлаб қўяди ва тақиқни бекор қилади;

5) меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беради;

6) мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўради;

7) ҳужжатлар нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини шаҳодатлайди;

8) ҳужжатларнинг бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлайди;

9) ҳужжатлардаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлайди;

10) кўчмас мулк очиқ савдода сотиб олинганлиги ҳақида гувоҳнома беради;

11) фуқаронинг тирик эканлиги фактини тасдиқлайди;

12) фуқаронинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлайди;

13) фуқаронинг фотосуратда акс эттирилган шахс эканлигини тасдиқлайди;

14) ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлайди;

15) жисмоний ва юридик шахсларнинг аризаларини бошқа жисмоний ва юридик шахсларга топширади;

16) пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиб олади;

17) ҳужжатларни сақлаш учун қабул қилиб олади;

18) пул тўлаш учун чекларни тақдим этади ва чеклар бўйича пул тўланмаганлигини тасдиқлайди;

19) ижро хатларини ёзади;

20) векселларнинг протестларини амалга оширади;

21) денгиз протестларини амалга оширади;

22) нотариал тасдиқланган ҳужжатларнинг дубликатларини ҳамда реестрлардан кўчирмаларни беради.

Нотариуслар қонунларда назарда тутилган бошқа нотариал ҳаракатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жойи?

Нотариал ҳаракатлар нотариал идораларнинг биноларида амалга оширилади.

Фуқаро касаллиги, ногиронлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра нотариал идорага бора олмайдиган айрим ҳолларда нотариал ҳаракатлар мазкур фуқаро турган жойда амалга оширилиши мумкин.

Қонун ҳужжатларида нотариал ҳаракатлар нотариал идораларнинг биноларидан ташқарида амалга ошириладиган бошқа ҳоллар ҳам назарда тутилиши мумкин.

ФҲДЁ соҳаси бўйича

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этувчи органлар?

Фуқаролик ҳолати далолатномалари туман ва шаҳарларда ФҲДЁ органларида қайд этилади, шаҳарча, қишлоқ ва овулларда эса, ўлим – фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) томонидан ҳам қайд этилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг чет элда доимий ёки вақтинча яшовчи фуқароларининг фуқаролик ҳолати далолатномалари консул томонидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ қайд этилади.

Туғилишни қайд этиш тартиби?

Боланинг туғилишини қайд этиш мажбурий бўлиб, бола туғилган жойдаги ёки ота-онасидан бирининг доимий яшаш жойидаги ФҲДЁ органида амалга оширилиши лозим.

Ота-онанинг истагига кўра ФҲДЁ органи боланинг туғилганлигини қайд этишни тантанали вазиятда ўтказиши мумкин.

Туғилганлик ҳақидаги ариза бола туғилган кундан бошлаб бир ой муддат ичида берилиши зарур.

Бола туғилганлиги тўғрисидаги ариза ота-онаси ёки улардан бири, алоҳида ҳолларда эса қариндошлари, қўшнилари, тиббиёт муассасалари маъмурияти, ички ишлар ёки васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан берилиши мумкин.

Белгиланган муддатнинг ўтиб кетганлиги туғилганликнинг қайд этилишига тўсқинлик қила олмайди. Бундай ҳолларда заруратга қараб, ФҲДЁ органи туғилиш ҳақидаги ҳужжатга қўшимча равишда бошқа ҳужжатлар талаб қилиши мумкин.

Никоҳ тузиш қандай тартибда амалга оширилади?

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 13-моддасига асосан, никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасида никоҳ ёши ва уни қисқартириш асослари?

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасига асосан, никоҳ ёши эркаклар учун ўн саккиз ёш, аёллар учун ўн етти ёш этиб белгиланади.

Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.

Никоҳ тузишга қандай ҳолатлар монелик қилиши мумкин?

Оила кодексининг 16-моддасига асосан никоҳ тузишга:

лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида;

насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида;

лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида йўл қўйилмайди.

Никоҳ шартномаси нима ва қачондан бошлаб кучга киради?

Никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади.

Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин.

Никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар тузилган никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради.

Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.


Никоҳнинг тугатилиш асослари?

Эр-хотиндан бирининг вафоти ёки суд улардан бирини вафот этган деб эълон қилиши оқибатида никоҳ тугайди.

Никоҳ эр-хотиндан бири ёки ҳар иккаласининг аризасига мувофиқ никоҳдан ажратиш йўли билан, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган эр ёки хотиннинг васийси берган аризага мувофиқ тугатилиши мумкин.

Эр-хотиннинг ўзаро розилиги бўлганда ФҲДЁ органларида никоҳдан ажратиш?

Вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажратишга ўзаро рози бўлсалар, улар никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида ажратилади.

Эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича ФҲДЁ органларида никоҳдан ажратиш?

Агар эр-хотиндан бири:

суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган бўлса;

суд томонидан руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса;

содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, ўртада вояга етмаган болалари борлигидан қатъи назар, эр-хотиндан бирининг аризасига кўра улар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳдан ажратилади.

Ўлимни қайд этиш тартиби?

Ўлимни қайд этиш марҳумнинг яшаш жойи ёки ўлим содир бўлган жойдаги ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади.

Ўлимни қайд этиш тўғрисидаги ариза ўлим тўғрисидаги тиббий гувоҳнома берилган вақтдан бошлаб 3 кундан кечикмай берилиши керак.

Ўлимни қайд эттириш тўғрисида марҳумнинг қариндошлари ёки яқин кишилари, шунингдек тиббий муассаса маъмурияти мурожаат этишлари мумкин, улар ўлим тўғрисида тиббий гувоҳнома ва марҳумнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этадилар.

Ўлимни қайд этишда тақдим этилган тиббий гувоҳнома далолатнома ёзуви иккинчи нусхаси чап томонининг юқори қисмига қистириб қўйилади.

Чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ўлимини қайд этиш умумий асосларда амалга оширилади.

Чет элда вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ўлимини қайд этиш марҳум яшаб турган ёки ўлим содир бўлган жойдаги консуллик муассасаси томонидан амалга оширилади.

Агар ўлимни қайд этиш марҳумнинг яшаш жойидан бошқа округда амалга оширилса, у ҳолда ўлимни қайд этган консуллик муассасаси марҳум ҳисобда турган консуллик муассасасига унинг фамилияси, исми, отасининг исми, ўлган санаси, шунингдек ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувининг рақами ва ўлим қайд этилган сана кўрсатилган хабарнома юборади. 


Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш

Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун қанча миқдорда давлат божи тўланади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ–357-сон ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон Қарорларига асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида ва вилоятлар адлия бошқармаларида давлат рўйхатидан ўтказилганлик учун:

– хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун – энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари, шунингдек 500 АҚШ доллари;

– суғурта ва аудиторлик ташкилотлари, солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари, биржалар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорлари билан ташкил этиладиган акциядорлик компаниялари (шу жумладан давлат-акциядорлик компаниялари ва холдинглар) шаклидаги хўжалик бошқаруви органлари, Улгуржи савдо корхоналари уюшмаси таркибига кирадиган ҳудудий (вилоятлар, вилоятлараро ва туманлараро) базалар ва бозорлар учун – энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида давлат божи тўланади.

Давлат божининг 20 фоизи Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасига, қолган сумма тегишли равишда республика бюджетига, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига ва маҳаллий бюджетларга ўтказилади.

деҳқон хўжаликлари, шунингдек давлат корхоналари негизида ташкил қилинадиган акциядорлик жамиятларидан давлат божи олинмайди.

бориш қийин бўлган ва тоғли туманларда ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларидан давлат божи белгиланган миқдорнинг 20 фоизи миқдорида ундирилади.

Тадбиркорлик субъектларининг почта манзили ўзгарган тақдирда давлат рўйхатидан ўтказиладими ва давлат божи тўланадими?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ–357-сон ва Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон Қарорлари билан тасдиқланган Низомларга асосан тадбиркорлик субъекти ўзининг почта манзили ўзгарган тақдирда бу ҳақда рўйхатдан ўтказувчи органни ёзма равишда хабардор қилиши лозимлиги ва бунда давлат божи ундирилмаслиги белгиланган.

Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун қандай ҳужжатлар тақдим қилиниши шарт?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ–357-сон ва Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон Қарорлари билан тасдиқланган Низомларга асосан тадбиркорлик субъектларини юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказиш учун рўйхатдан ўтказувчи органга белгиланган шаклдаги ариза тақдим этилади. Давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризага:

– давлат тилидаги таъсис ҳужжатларининг икки асл нусхаси (юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказувчи органга тақдим этиладиган таъсис ҳужжатлари – устав ёки таъсис шартномаси ва устав, оилавий корхона ёки фақат таъсис шартномаси, бунда масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар учун – таъсис шартномаси ва устав, оилавий корхона тўлиқ ва коммандит ширкатлар учун эса – фақат таъсис шартномаси, акциядорлик жамиятлари, хусусий корхоналар, фермер хўжаликлари ҳамда юридик шахс бўлган деҳқон хўжаликлари учун – фақат устав). Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ва хорижий сармоя иштирокидаги бошқа корхоналар учун нотариал тасдиқланган таъсис ҳужжатлари талаб этилади;

– давлат божининг белгиланган миқдори тўланганлиги ҳақидаги банк тўлов ҳужжати (деҳқон хўжаликлари, шунингдек давлат корхоналари негизида ташкил этиладиган акциядорлик жамиятларидан ташқари);

– фирма номларининг марказлаштирилган маълумотлар базасида қулай фирма номи захирага олинганлигини тасдиқлайдиган ягона логин ва пароль (кейинги ўринларда – фирма номининг захирага олиниши тасдиғи);

– икки нусхада муҳр ва штамп эскизлари.

Шунингдек, давлат рўйхатидан ўтказиш учун юқорида кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

а) бозорлар учун – бозор ташкил қилишга ер участкаси ажратиб бериш тўғрисидаги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарори;

б) хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ва хорижий сармоя иштирокидаги бошқа корхоналар учун:

хорижий муассис тўғрисида юридик шахс рўйхатдан ўтказилган жойдаги савдо реестридан кўчирма ёки, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси томонидан белгиланган тартибда легализация қилинган ушбу юридик шахс фаолиятини тасдиқловчи бошқа ҳужжат, булар мавжуд бўлмаган тақдирда эса – муассис рўйхатдан ўтказилган давлат Ташқи ишлар вазирлигида, мазкур мамлакатнинг Ўзбекистон Республикасидаги консуллик муассасасида ёки дипломатик ваколатхонасида легализация қилиниб, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик бошқармасида тасдиқланган бошқа ҳужжат, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса. Хорижий муассис тўғрисида савдо реестридан кўчирмада ёки ушбу юридик шахснинг фаолиятини тасдиқловчи бошқа ҳужжатда хорижий юридик шахснинг, у жойлашган жойнинг номи, хорижий юридик шахс номидан имзолаш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг маълумотлари мавжуд бўлиши керак. Кўрсатиб ўтилган кўчирма берилган пайтидан бошлаб бир йил мобайнида ҳақиқий ҳисобланади. Жисмоний шахс – Ўзбекистон Республикаси норезиденти ўз паспортининг нусхасини тақдим этади. Ушбу ҳужжатлар белгиланган тартибда нотариал тасдиқланган давлат тилидаги таржимаси билан тақдим этилиши керак. Агар хорижий муассиснинг корхона (ташкилот) устав фондига улуши интеллектуал мулк бўлса, у ҳолда ариза берувчи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда баҳоловчи ташкилот томонидан тайёрланган баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этиши керак;

кредит ташкилотлари учун – муассислардан ҳар бирининг корхона устав фондидаги улуши миқдоридан 30 фоизи киритилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (вақтинча жамғариладиган сўм ва валюта ҳисоб рақамига пул маблағлари ўтказилганлиги тўғрисида банкнинг маълумотномаси, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига мол-мулк олиб кирганлигини тасдиқловчи божхона ҳужжати, мол-мулкнинг олди-берди далолатномаси, киритилаётган мол-мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ва бошқалар.

в) деҳқон хўжаликлари (юридик шахслар) ҳамда фермер хўжаликлари учун – туман ҳокимининг ер участкаси ажратиб бериш тўғрисидаги қарори нусхаси.

Юридик шахсларнининг таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун қандай ҳужжатлар тақдим қилиниши шарт?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ–357-сон ва Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон Қарорлари билан тасдиқланган Низомларга асосан тадбиркорлик субъектларининг таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган тақдирда тадбиркорлик субъектининг ваколатли бошқарув органи томонидан тегишли қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб 1 ой мобайнида уларни рўйхатдан ўтказган органга ўзлари келиб ёки почта алоқаси орқали қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

– ариза;

– тадбиркорлик субъектининг ваколатли бошқарув органининг таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарори;

– ўзгартириш ва қўшимчалар матнининг ваколатли шахс томонидан имзоланган 
ва тадбиркорлик субъекти муҳри билан тасдиқланган икки нусхаси;

– номи ўзгарган тақдирда – давлат рўйхатидан ўтказилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг асл нусхаси ва фирма номининг захирага олиниши тасдиғи, алмаштириладиган муҳр ва штамп, шунингдек янги муҳр ва штампнинг икки нусхадаги эскизи;

– давлат божи белгиланган миқдори тўланганлиги ҳақида банк тўлови ҳужжати;

– устав фондининг миқдори кўпайтирилган тақдирда – тадбиркорлик субъекти ваколатли органининг таъсис ҳужжатларида эълон қилинган устав фонди миқдорининг шакллантирилганлиги ҳақидаги ҳужжат, шунингдек масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар учун-иштирокчи ҳиссасининг тўлиқ киритилганлиги ҳақида жамият томонидан жамият иштирокчисига берилган гувоҳнома нусхаси ҳамда жамият иштирокчилари томонидан қўшимча ҳиссалар ва учинчи шахслар томонидан ҳиссалар тўлиқ миқдорда қўшилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

– устав фонди камайтирилган тақдирда – уларга маълум бўлган барча кредиторлар устав фонди миқдори камайтирилиши ва унинг янги миқдори ҳақида ёзма равишда хабардор этилганлигини ва оммавий ахборот воситаларида қабул қилинган қарор ҳақида ахборот эълон қилинганлигининг тасдиғи (уларга маълум барча кредиторлар устав фонди миқдори камайтирилиши ва унинг янги миқдори ҳақида ёзма равишда хабардор этилган ва оммавий ахборот воситаларида қабул қилингандан кейин бир ҳафта муддатда тақдим қилинади);

– улуш (ҳисса) ёки акция бошқага ўтган тақдирда – ушбу улуш (ҳисса) ёки акциянинг бошқага ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжат (шартнома, хат ва шу кабилар);

– тадбиркорлик субъекти ажратиб чиқариш ва қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этилган тақдирда – қайта ташкил этилаётган юридик шахсга маълум бўлган барча кредиторлар қайта ташкил қилиш ҳақида ёзма равишда хабардор этилганлигининг ва оммавий ахборот воситаларида ахборот эълон қилинганлигининг тасдиғи, қайта ташкил этилаётган юридик шахсларнинг уларнинг барча кредиторлар ва қарздорларига, шу жумладан томонлар даъволашаётган мажбуриятларга нисбатан барча мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворислик тўғрисидаги қоидалар кўрсатилган бўлиш баланси ёки топшириш далолатномаси, шунингдек давлат рўйхатидан ўтказилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг асл нусхаси, қўшиб олинаётган юридик шахснинг муҳр ва штампи.

Таъсис ҳужжатларига муассислар таркибига хорижий шахс кириши билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритишда хорижий муассис тўғрисида юридик шахс рўйхатдан ўтказилган жойдаги савдо реестридан кўчирма ёки, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси томонидан белгиланган тартибда легализация қилинган ушбу юридик шахс фаолиятини тасдиқловчи бошқа ҳужжат, булар мавжуд бўлмаган тақдирда эса – муассис рўйхатдан ўтказилган давлат Ташқи ишлар вазирлигида, мазкур мамлакатнинг Ўзбекистон Республикасидаги консуллик муассасасида ёки дипломатик ваколатхонасида легализация қилиниб, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик бошқармасида тасдиқланган бошқа ҳужжат, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса. Хорижий муассис тўғрисида савдо реестридан кўчирмада ёки ушбу юридик шахснинг фаолиятини тасдиқловчи бошқа ҳужжатда хорижий юридик шахснинг, у жойлашган жойнинг номи, хорижий юридик шахс номидан имзолаш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг маълумотлари мавжуд бўлиши керак. Кўрсатиб ўтилган кўчирма берилган пайтидан бошлаб бир йил мобайнида ҳақиқий ҳисобланади. Жисмоний шахс – Ўзбекистон Республикаси норезиденти ўз паспортининг нусхасини тақдим этади. Ушбу ҳужжатлар белгиланган тартибда нотариал тасдиқланган давлат тилидаги таржимаси билан тақдим этилиши керак.

Тадбиркорлик субъектларининг давлат рўйхатидан ўтказиш 
ва таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказиш қайси қонун ҳужжатлари асосида тартибга солинади?

Жавоб: Тадбиркорлик субъектларининг давлат рўйхатидан ўтказиш ва таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ–357-сон ва Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон Қарорлари билан тартибга солинади.

Қайси корхоналар хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар деб ҳисобланади, уларнинг мезонлари?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.11.1996 йилдаги ПФ–1652-сон Фармонига асосан хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар (қўшма корхона, шуъба корхона, хорижий корхона) низом жамғармаси 150 минг АҚШ долларига тенг суммадан кам бўлиши мумкин эмас, корхона иштирокчиларидан бири албатта хорижий юридик шахс бўлиши шарт, хорижий сармоялар улуши корхона низом жамғармасининг камида 30 фоизини ташкил этиши зарур.

Хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарнинг фаолиятини қайси қонун ҳужжатлари асосида тартибга солинади?

Жавоб: Хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарнинг фаолиятини бевосита тартибга солувчи Ўзбекистон Республикаси “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги Қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.11.1996 йилдаги ПФ–1652-сон Фармони ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари мавжуд.

Тадбиркорлик субъекти реестрдан кўчирма олиш учун қандай ҳужжатларни тақдим этиши лозим ва ушбу реестрдан кўчирма қанча муддатда берилади?

Жавоб: Кўчирма тадбиркорлик субъекти юридик шахсларнинг давлат реестрида турган рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан тадбиркорлик субъектининг хат билан мурожаат қилинади ва ушбу мурожаат олинган пайтдан бошлаб бир кун мобайнида берилади.

Тадбиркорлик субъекти ихтиёрий тартибда тугатилаётганда иштирокчилар умумий йиғилишининг баённомасида нималар акс эттирилган бўлиши лозим?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги ПҚ–630-сон Қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 3-бандига асосан корхонани ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор унинг муассислари (қатнашчилари) томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинади. Қарорда қуйидагилар кўрсатилади:

тугатувчи – тугатиш комиссияси (унинг аъзолари таркиби) ёки жисмоний шахс (паспорти маълумотлари);

мўлжалланаётган тугатиш муддати.

Ихтиёрий тартибда тугатилаётган корхоналарни тугатиш ва давлат реестридан чиқариш учун қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги ПҚ–630-сон Қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 34-бандига асосан молия-хўжалик фаолиятини амалга оширувчи корхоналарни ихтиёрий тугатиш учун тугатувчи рўйхатдан ўтказган органга қуйидаги ҳужжатларни:

–бир ёки бир неча даврий босма нашрларда чиққан корхонанинг ихтиёрий тугатилганлиги тўғрисидаги эълонни;

– давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномани;

– корхонанинг барча ҳисоб рақамлари ёпилганлиги тўғрисида хизмат кўрсатувчи банкларнинг маълумотномаларини;

– корхонанинг муҳр ва штампларини;

– ваколатли органнинг, агар мавжуд бўлса, чиқарилган қимматли қоғозларини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотномасини;

– агар мавжуд бўлса, барча лицензиялар (рухсатномалар)нинг асл нусхаларини;

– давлат солиқ хизмати органининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарз йўқлиги тўғрисидаги маълумотномасини;

– тугатилаётган корхона қарздор сифатида иштирок этган ва ижро этилмаган ижро ҳужжати Суд департаменти органлари иш юритувида мавжуд эмаслиги ҳақидаги Суд департаменти ҳудудий бошқармасининг ёзма жавоби;

– корхона ҳужжатларининг давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотномани тақдим этади.


Савол:Махфий васиятнома кандай тузилади ?

А.Абдусамадов, Самарқанд шаҳар.

Жавоб:Васият қилувчининг хоҳишига кўра васиятнома нотариус томонидан унинг мазмуни билан танишиб чиқилмасдан (махфий васиятнома) тасдиқланади. Махфий васиятномани васият қилувчи ҳақиқий саналмаслик хавфи остида ўз қўли билан ёзиши ва имзолаши, фамилияси, исми ва отасининг исмини тўлиқ ёзиши лозим. Бу ҳақда нотариус васият қилувчидан оғзаки сўрайди ва тасдиқловчи ёзувдан кўрсатади. Васиятнома икки гувоҳ ва нотариус иштирокида хатжилдга солиниб, хатжилд елимланиши лозим, гувоҳлар ўз фамиляси, исми, отасининг исмини ва доимий рўйхатга олинган манзилни кўрсатган холда хатжилдга имзо қўядилар. Гувоҳлар имзо қўйган хатжилд гувоҳлар ва нотариуснинг иштирокида бошқа хатжилдга солинади ва бу хатжилд ҳам елимланади, унга нотариус тасдиқловчи ёзувни ёзиб қўяди. Махфий васиятнома реестрда қайд этилиб, алифбо китобига киритилади ва васиятномалар турадиган йиғмажилдда сақланади.

Саволга

Каттақўрғон шаҳар

3-сон давлат нотариуси АДўстова жавоб берди


фОРС-МАЖОР ҲОЛАТЛАРИ

Савол: Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги шартномавий муносабатлар юзасидан форс-мажор ҳолатлари (енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари) қандай ҳал қилинади?

Д.Қаюмов

Ургут тумани

Жавоб: 2011 йил 30 июнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек, уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисидаги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қарори қабул қилинган. Шунга кўра томонлар келишмовчиликлар ва низоли масалаларни, қоидага кўра, ўзлари мустақил равишда ёки туман (шаҳар)лар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этиладиган Енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари (форс-мажор)ни тасдиқлаш бўйича комиссия иштирокида судгача ҳал этиш чора-тадбирларини кўриши белгиланган. Туман (шаҳар)лар ҳокимлари раҳбарлик қиладиган мазкур комиссия таркибига Қишлоқ ва сув хўжалиги, «Ергеодезкадастр» ҳамда Давлат статистика қўмиталари, Сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудий органлари, шунингдек, бошқа манфаатдор ташкилотларнинг вакиллари киради.

Комиссия низони кўриб чиқиш жараёнида ваколатли давлат органларининг маълумотлари асосида у ёки бу ҳолат юзасидан маҳсулотнинг сифати пасайтирилиши ёки бузилиши ҳоллари юзасидан хулоса, форс-мажор оқибатида мажбуриятлар бажарилмаганлиги учун хўжаликларни жавобгарликдан озод қилиш юзасидан хулоса беришлари мумкин.

Форс-мажор ҳолатларини аниқлашда шартнома тарафлари қатнашиши шарт.

Саволга Самарқанд вилоят адлия бошқармаси

бўлим бошлиғи Абдиваҳоб Орипов жавоб берди. 


Оилавий тадбиркорлик деганда нима тушунилади?

“Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонуннинг 1-моддасига мувофиқ оилавий тадбиркорлик оила аъзолари томонидан таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олиш мақсадида амалга ошириладиган ташаббускорлик фаолият бўлиб, ўз иштирокчиларининг ихтиёрийлигига асосланади. Оилавий тадбиркорлик юридик шахс ташкил этган ёки ташкил этмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Юридик шахс ташкил этган ҳолда амалга ошириладиган оилавий тадбиркорликнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли оилавий корхонадир.Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади

Оилавий корхона нима?

Оилавий корхона унинг иштирокчилари томонидан товарлар ишлаб чиқариш ва реализация қилиш учун ихтиёрий асосда, иштирокчиларнинг улушли ёки умумий мол-мулк, шунингдек иштирокчилардан ҳар бирининг мол-мулки негизида ташкил этиладиган кичик тадбиркорлик субъектидир. Оилавий корхона фаолияти унинг иштирокчиларининг шахсий меҳнатига асосланади. Оилавий корхона фаолиятни фақат юридик шахс сифатида фаолият кўрсатади.

Ушбу корхона иштирокчилари ва ёлланма ходимларининг умумий сони кичик тадбиркорлик субъектлари ходимларининг қонун ҳужжатларида белгиланган ўртача йиллик сонидан кўп бўлиши мумкин эмас. Бунда оилавий корхона иштирокчиларининг энг кам сони икки кишидан оз бўлмаслиги керак.

Оилавий корхона иштирокчилари бўлиб ким иштирок этиши мумкин?

Оила бошлиғи, унинг хотини (эри), болалари ва набиралари, ота-онаси, меҳнатга қобилиятли ёшга тўлган бошқа қариндошлари (болалари ва набираларининг эрлари (хотинлари), туғишган ҳамда ўгай ака-ука ва опа-сингиллари, уларнинг эрлари (хотинлари) ҳамда болалари, тоға ва амаки ҳамда амма ва холалари) оилавий корхона иштирокчилари бўлиши мумкин. Бундан ташқари, иштирокчиларнинг муомала лаёқати қонунга мувофиқ тартибда чекланган бўлмаслиги керак. Давлат органларининг мансабдор шахслари, шунингдек қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган бошқа шахслар оилавий корхона иш бўлиши мумкин эмас.

Бир оилавий корхона иштирокчиси бир вақтнинг ўзида бошқа оилавий корхона иштирокчиси бўла олмайди.

Оилавий корхонада устав фонди нима асосида шаклланади?

Оилавий корхонанинг устав фонди пул маблағлари, қимматли қоғозлар, бошқа мол-мулк, жумладан пул билан баҳоланадиган мулкий ҳуқуқлар ёки ўзга шахсга ўтказиладиган бошқа ҳуқуқлар ҳисобидан шакллантирилади. Ягона уй (квартира) оилавий корхонанинг устав фондига киритилиши мумкин эмас. Оилавий корхона иштирокчилари оилавий корхонанинг устав фондига корхона таъсис шартномасида назарда тутилган тартибда ўзлари киритадиган мол-мулкни мустақил равишда белгилайди.

Оилавий корхонанинг устав фонди корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатлар тақдим этиладиган санадаги қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдоридан кам бўлмаслиги керак.

Оилавий корхонанинг мол-мулки қайси маблағлардан таркиб топган?

Оилавий корхонанинг мол-мулки оилавий корхона иштирокчилари томонидан унинг устав фондига киритиладиган мол-мулкдан, қарз маблағлари ва кредитлар ҳисобига олинган мол-мулкдан, товарларни реализация қилишдан, ишлар бажаришдан, хизматлар кўрсатишдан олинган ва оилавий корхонани ривожлантиришга йўналтирилган даромадлардан, шунингдек бу даромадлар ҳисобига олинган мол-мулкдан, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлардан таркиб топади.

Оилавий корхона фаолиятини амалга ошириш шартлари нимадан иборат?

Оилавий корхона фаолиятнинг айрим турларини фақат махсус рухсатнома (лицензия) мавжуд бўлганда амалга ошириши мумкин.

Оилавий корхона акциз солиғи тўланадиган маҳсулотни ишлаб чиқаришни ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмалар кавлаб олишни, шунингдек юридик шахслар учун қатъий белгиланган солиқ ёки ягона ер солиғи тўлаш назарда тутилган фаолиятни амалга ошириши мумкин эмас.

Оилавий корхона фаолиятида заҳарли, радиоактив моддалар ва материаллардан, юқори босимли асбоб-ускуналардан ҳамда инсон ва атроф-муҳит учун катта хавф туғдирадиган бошқа асбоб-ускуналардан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Оилавий корхона фойдаланиши мумкин бўлмаган моддалар, материаллар ва асбоб-ускуналарнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 сентябрдаги 269-сонли қарори билан тасдиқланган.

Шунингдек, оилавий корхона томонидан саноат тусидаги фаолиятни кўп квартирали уйнинг турар жойларида амалга оширишга йўл қўйилмайди.

Оилавий корхонада ҳам ходимлар ижтимоий муҳофаза қилинадими?

Қонуннинг 22-моддасига биноан оилавий корхона:

- иштирокчилар ва ёлланма ходимларига хавфсиз меҳнат шароитларини, ижтимоий муҳофаза чораларини таъминлаши шарт ҳамда уларнинг ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зарар учун жавобгар бўлади;

- иштирокчилар ва ёлланма ходимлари учун қонун ҳужжатларида белгиланганига нисбатан имтиёзлироқ меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитларни мустақил равишда белгилашга ҳақли.

- иштирокчилар ва ёлланма ходимларнинг ишлаган вақти давлат ижтимоий суғуртаси бўйича бадаллар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ва қонун ҳужжатларидабелгиланган тартибда юритиладиган меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар асосида меҳнат стажига қўшилади;

- иштирокчилари ва ёлланма ходимлари ҳаётига ёки соғлиғига меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки улар ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши сабабли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича ўз фуқаролик жавобгарлигини иш берувчи сифатида қонун ҳужжатларида белгиланган шартлар ва тартиб асосида суғурталаши шарт.

Оилавий корхона фаолияти эркинлигининг кафолатлари нимадан иборат?

Давлат оилавий корхонанинг ҳуқуқларига риоя этилишини ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

Давлат органлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда:

фойдаланилмаётган яшаш учун мўлжалланмаган жойлар уларда товарлар ишлаб чиқаришни (ишлар бажаришни, хизматлар кўрсатишни) ташкил этиш учун оилавий корхонага ижарага берилишини;

ишлаб чиқариш майдонлари қуриш учун оилавий корхонага ер ажратилишини;

оилавий корхона ишлаб чиқариш объектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишини;

оилавий корхона томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотни реализация қилиш учун махсус жойлар берилишини таъминлайди.

Оилавий корхонанинг мол-мулки национализация, мусодара ва реквизиция қилинмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Оилавий корхона қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳар қандай фаолият тури билан шуғулланиши мумкин ҳамда битимлар тузишда эркиндир. Технологияларни, ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг ассортиментини танлашда, маҳсулот нархини ҳамда уни реализация қилиш йўналишларини белгилашда давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг аралашувига йўл қўйилмайди.

Оилавий корхона фаолияти ҳам текширишлар ўтказиладими?

Оилавий корхонанинг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар кўпи билан тўрт йилда бир марта амалга оширилади.Янги ташкил этилган оилавий корхонанинг молия-хўжалик фаолияти у давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан дастлабки уч йил мобайнида режали текширувлардан ўтказилмайди, бундан бюджет маблағларидан ва марказлаштирилган маблағлардан ҳамда ресурслардан мақсадли фойдаланиш билан боғлиқ текширишлар мустасно.

Оилавий корхонанинг коммунал инфратузилма объектларидан фойдаланиши қандай таъминланади?

Оилавий корхона турар жойдан унда истиқомат қилган ҳолда товарлар ишлаб чиқариш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, коммунал инфратузилма хизматлари (электр энергияси, сув таъминоти, канализация, газ таъминоти ва иссиқлик таъминоти) ҳақини аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида тўлайди.

Коммунал хизмат кўрсатиш, электр ва газ таъминоти корхоналари зарур коммуникация тармоқларининг оилавий корхона фаолияти амалга оширилаётган жойгача етказилишини ҳамда уланишини аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида таъминлайди.

Саволларга Адлия вазирлиги

Бош маслаҳатчиси

Г. Эргашева жавоб берди.


Савол: Менинг қишлоқдошим хорижий давлат ҳудудида вафот этган, уни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дафн этиш тартиби қандай бўлади?

Ж.Жамолов, Ургут тумани.

Жавоб: Хорижий давлат ҳудудида вафот этган шахсни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дафн этишда кўмаклашиш тартиби “Дафн этиш ва дафн тўғрисида”ги қонунда белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вафот этганда, ўлимни рўйхатга олиш консуллик округи ҳудудида марҳум яшаган ёки ўлим юз берган ҳудудида жойлашган консуллик муассасаси томонидан амалга оширилади. Ўлимни қайт этиш учун консуллик муассасасига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

1. Ҳорижий тиббий хулоса ёки ўлим ҳақидаги гувоҳнома;

2. Паспорт, йўл хужжати ёки вафот этганнинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат, ёҳут уларнинг нусхаси;

Паспорт ёки шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг мавжуд эмаслиги, ўлимни қайд этиш учун тўсиқ бўла олмайди. Бу ҳақда ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувининг “белгилар учун” графасида кўрсатилади.

Консул бирор объектив сабабларга кўра ўлимни ўз вақтида қайд эта олмаса, у Ўзбекистон Республикасига белгиланган тартибда легализация қилинган тиббий ҳулоса ёки ўлим ҳақида гувоҳномани таржимаси билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ФҲДЁ органлари томонидан ҳорижий тиббий хулоса асосида ўлим қайд этилиши лозим.

Фуқаронинг ўлими тўғрисидаги маълумот олиниши билан консуль вафот этганнинг шахсини аниқлаш бўйича тезкор чораларни кўради ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи Ишлар Вазирлигига содир бўлган ҳодиса ҳақида тезкор хабар юборади, унда марҳум ҳақидаги маълумотларни (Ф.И.О, туғилган йили, яшаш жойи), унинг ўлими сабаблари, тобут жўнатиладиган сана, рейс рақами, Ўзбекистон Республикасидаги вафот этган шахс яшаган манзил, қариндошларининг мавжудлиги ва улар билан боғланиш маълумотлари тўғрисида Ўзбекистон Республикасида дафн этиш учун жасатни ёки ҳокини юбориш билан боғлиқ ҳаражатлар тўғрисида маълумот қилади. Вафот этган шахсларни жасатларини ёки ҳокини транспортда ташишга тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикасига етказиш билан боғлиқ бўлган ҳаракатлар марҳумнинг қариндошлари ва яқинларининг маблағлари, шунингдек бўлиб турган мамлакатдаги диаспора вакилларининг ва бошқа ҳамдард бўлган шахсларнинг ихтиёрий хайр эҳсонлари ҳисобидан қопланади.

Н.Яхшиликова,

Ургут туман ФҲДЁ бўлими мудираси