Мустақиллик ҳуқуқ ва эркинлик кафолати демакдир

Бу ёруғ оламда инсон учун яратилган неъматлар жуда кўп. Аммо тинчлик, хотиржамлик ва истиқлол неъматидек ноёб бойлик, азиз нарсалар йўқ. Халқимизнинг узоқ йиллик қарамликдан кейинги эришган озодлиги, мустақиллиги бунга мисолдир.

Мамлакатимиз миллий истиқлолга эришгач халқимизнинг деярли уч минг йиллик давлатчилик тарихида мисли кўрилмаган ютуқ ва муваффақиятларга эришилди. Энг аввало сўнгги 130 йил мобайнида узилиб қолган давлатчилик анъаналари тикланди. Дунё харитасида Ўзбекистон деб аталган ўттиз асрлик бошқарув анъаналарини ўзида мужассамлаштирган мазмунан ва шаклан янги давлат тузилди.

Мустақиллик бизга энг аввало ўзлигимизни қайтариб берди. Ким эканимизни, қандай буюк зотлар авлоди эканимизни, ҳеч кимдан кам эмаслигимизни ва ҳеч қачон кам бўлмаслигимизни англаб, ўтган 25 йиллик тарихан қисқа даврда дунё ҳамжамиятида ўз ўрнимизга, ўз сўзимизга эга бўлдик.

Бугун биз тарихан қисқа бўлган 25 мустақиллик йилларини ғурур ва ифтихор билан эслаймиз. Чунки, бугун мустабид тузум исканжасидан халос бўлиб, ким эдигу, ким бўлганимизни англаб, ўз қадр-қимматимиз, қадриятларимизни қайта тиклаб, иймон-эътиқодимизга суяниб, ягона халқ ва миллат бўлиб, тинч ва осойишта яшамоқдамиз. Чунки озод Ўзбекистон бугун жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб мақомига эга. Азиз она-юртимиз кучли ўзбек давлати ва очиқ демократик жамият қуриш йўлида олиб бораётган самарали ислоҳотлари билан, ўзининг мустақил ички ва ташқи сиёсати ҳамда эзгулик йўлидаги кенг қамровли бунёдкорлик ишлари билан дунё халқларининг ҳурмат-эътиборини, ҳавасини ўзига тортди.

Истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб амалга оширилган ислоҳатлар замирида янги давлатнинг барқарорлиги ва абадийлигини таъминлаш учун унинг мустаҳкам пойдеворига асос солинди. Ана шу пойдевор асрлар оша нураб кетмайдиган, асло эскирмайдиган восита – юксак маънавият асосига қурилди.

Ҳозирда, мустақиллик инъом этган имкониятлар туфайли халқимиз фидокорона меҳнати билан ўзининг буюк келажагини қурмоқда, Ўзбекистон демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишда салмоқли натижаларга эришмоқда. Айниқса, миллий ўзликни англашда тарихий хотира ва маънавиятнинг беқиёс ўрнига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, истиқлол йилларида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қарши каби шаҳарларни, Имом Бухорий, Мотрудий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари буюк аллома ва мутафаккирларнинг юбилейлари халқаро миқёсда нишоланганлиги халқимиз, айниқса ёшларимиз қалбида ғурур уйғотди. Бундан кўзланган асосий мақсад, халқимиз тарихий меросини ҳаққоний ўрганиш ва уни миллатмиз маънавий дунёсини ажралмас қисмига айлантиришдан иборатдир.

Қувонарлиси “Ким эдигу ким бўлдик?”, “Эртага қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?” - деган фикрлар оғушида яшаётган ўзбек халқи қисқа муддат ичида жаҳон оммаси орасида ўз ўрнини топди.

25 йил. Ўтган бу қисқа муддатда кўп миллатли ўзбек халқининг юрак қўри, кўз нури, қўлининг тафти билан катта-кичик шаҳар ва қишлоқларимизда бунёд этилган, ойнаванд деворларида нурлар жилоланган сирли кошинларда гуллар афсонавий товланган, осмонўпар муҳташам бинолар, юртимиз бағрида қад кўтараётган ўнлаб қудратли иншоотлар, буюк аждодларимизнинг улуғвор сиймосини кўксида ардоқлаган фавворали майдонлар миннатдор юртдошларимиз томонидан Мустақиллик деб аталган улуғ иқбол шарафига тикланаётган ҳайкаллардир.

О.Маматқулов, Жомбой туман ДНИ нотариуси 


Рўйҳатга қайтиш