Бугунги кунга келиб, муайян мамлакатни забт этиш, бирор халқни бўйсиндириш воситалари тубдан ўзгармоқда. ХХ аср 2-яримигача ҳам бу мақсадларга эришиш учун қанчадан-қанча қурол-аслаҳалар, қимммат-баҳо техника, минглаб аскарлар, йиллар давомида ўзаро уруш қилиш, улкан йўқотиш оқибатида олдинга қуйилган мақсаду-муддаоларга эришилган. Ҳозирда эса ҳаракатнинг бевосита йўли билан эмас, билвосита йўлидан фойдаланиш иқтисодий ҳам ижтимоий жиҳатидан унумлигини вақт кўрсатди. Бирор мамлакат ёки халқни бўйсиндириш учун оммавий ахборот воситаларининг ўзи кифоя қилмоқда. Куч ишлатиш, мажбурлаш, зўравонлик ўз ўрнини ахборот орқали таъсир қилиш, одамларни бирор бир ғояга ишонтириш, онгни бошқариш усулларига бўшатмоқда. Куч орқали мақсадга эришиш инсоният томонидан бирдек қораланади, чунки бунда инсонга жисмоний оғриқ, шикаст, моддий зарар етказилади. Ишонтириш воситасида ҳаракат қилаётганларни эса бирор нарсада айблаш қийин, зеро, улар тарғиб қилаётган ғоялари ортида қандай манфаатлар яширинганини билиш осон эмас. Ваҳоланки, сўз, фикр, ахборот орқали инсон тафаккурини забт этиш ҳам халқ, мамлакат, ҳудудни босиб олишнинг бироз маданийлашган кўриниши ҳисобланади, бироқ бунда истилочининг ким экани номаълум бўлади, ҳатто аҳоли ўзини босиб олиш учун ким кураш олиб бораётганини англамайди ҳам. Оммавий маданиятнинг миллийлигимизга мутлақо ёт бўлган таъсирларига энг аввало хали онги, дунёқараши тўлиқ шаклланиб улгурмаган ёшларимиз тушиб қолишади. Бунинг оқибати эса кўпгина дилхираликларга, ҳаттоки фожиаларга ҳам сабаб бўлмокда.
Муқаддас Ислом динимизда ҳам инсон ҳаёти, ақли, дини, насли ва мол-мулкини муҳофаза этиш энг муҳим масала ҳисобланади.
“Оммавий маданият” бу глобаллашув жараёни билан боғлиқ бўлган оммавий ишлаб чиқариш, “кўнгил очиш индустрияси” томонидан яратилган, омма истеъмолига мўлжалланган маданиятнинг сийқалаштирилган намуналари кўринишидаги салбий ходиса сифатида намоён бўлмоқда ва уни амалда “оломон маданияти” деб таърифласак ҳам тўғри бўлади. “Оммавий маданият”нинг ёвузлиги шундаки, у одамзоднинг фикрлашига тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатади. Хўш бундан кўзланган мақсад нима? деб ўзимизга савол берсак.
Фикрсизлик оқибатида тобе бўлиш куч билан бўйсундирилгандан кўра минг чандон фожиалироқдир. “Оммавий маданият” Ғарб дунёсида ўтган асрнинг иккинчи ярмида шаклланди. Уни Ғарбда “популяр” ёки қисқартирилган ҳолда, “поп-культура” (яъни “оммавий маданият”) деб аташади. Гарчи “маданият” деб аталса-да, аслида, туб мазмун-маъносига, мақсад-ниятига кўра “оммавий маданият” чинакам маданиятнинг кушандасидир.
Ҳозирги кунда “оломонча маданият” томонидан амалга оширилмоқчи бўлган асосий иш буюк аждодларимизнинг асл маънавий қадриятларини эскилик сарқитига чиқариш ҳамда инсон ҳаёти, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбиясига путур етказишдан иборат. Дунёнинг турли минтақалараро ахборот алмашинуви, янгиликлардан тезда хабардор бўлиш, албатта, ижобий ҳолат. Лекин кириб келаётган ахборот оқимининг халқимиз учун нечоғлик фойдали экани, бу хабарлар маънавиятимизга етказиши мумкин бўлган зарарлар, уларнинг олдини олиш ҳақида ўйлаб кўришимиз шарт. Жамиятнинг маънавий юксалишига раҳна солаётган бундай таҳдидларга қарши кураш фақат юксак маънавият, огоҳлик, ҳушёрликка даъват билан амалга ошиши мумкин. Бу йўлда таълим-тарбия, маънавий-маърифий тарғибот, айниқса, оиланинг ўрни аҳамиятли. Зеро, тарбия оиладан бошланади.
“Оммавий маданият” ҳамда турли
ёт ғояларга қарши кураш самарадорлигини ошириш, ёшларнинг
“Оммавий маданият” элементларига кўр-кўрона тақлид қилишларининг олдини олиш, уларда маънавий-ахлоқий қадриятларга нисбатан ҳурмат ва садоқат туйғуларини шакллантириш учун “Оила, таълим муассасаси, маҳалла” тизимида ҳамкорликда иш олиб борилиши лозим. Бунда ота-оналар, ҳаётнинг паст-баландини тушунган кексалар, ўқитувчилар, маҳалла фаоллари билан биргаликда турли соҳа мутахассислари, жумладан, шифокорлар, руҳшунослар, ҳуқуқшуносларнинг ҳам кенг иштироки талаб этилади. Улар ўз соҳалари доирасида амалий фаолиятларидан келиб чикиб, ёшларга ёт ғояларга берилишнинг салбий оқибатлари, интернет орқали ёшларимиз онгига таъсир қилишга уринаётган ушбу бузғунчилик, ёвузлик ғоялари уларнинг келажак ҳаётларининг барбод бўлишига, энг муҳими ёшларнинг соғлиғига, руҳиятига салбий таъсир кўрсатишини тушунтиришлари лозим.
Албатта, бугунги кунда интернетнинг ҳаётимиздаги муҳим ўрнини таъкидлаб ўтмасдан хеч иложимиз йўқ. Аммо, аксарият ёшларимизнинг, ҳаттто айрим етук ёшдаги инсонларнинг ҳам асосан ушбу тармокдан кўнгилочар максадларда, турли беҳаёликни, вахшийликни тарғиб этувчи сайтлар учунгина фойдаланиши жуда ачинарли ҳол. Демак бу нафакат бир оила, маҳалла муаммоси, балки бутун халқимиз, давлатимиз учун аҳамият касб этган долзарб муаммодир.
Хулоса килиб айтганда, оммавий маданият жамиятни парчалайди, барча ишларни бузади ва инсоннинг ўзлигини йўқотишига сабаб бўлади. Ҳар қандай касалликнинг олдини олиш учун, аввало, одам танасида унга “иммунитет”, яъни “қарши курашувчанлик” ҳосил қилинади. Бунинг учун фарзандларимизни она - Ватанга муҳаббат, бой тарихимиз ва динимизга садоқат руҳида тарбиялаш керак. Улар қалби ва онгида соф эътиқод, яхши билан ёмон, ҳалол билан ҳаром тушунчасини кучайтириш зарур. Ёшларимизга, фарзандларимизга хеч качон эътиборсиз бўлмаслигимиз лозим. Улар ким билан дўст бўлишяпти, уларнинг фикрлари нималар билан банд, буларнинг барини назардан қочирмаслигимиз лозим. Ана шунда ёвуз ниятли кимсаларнинг инсон учун мутлақо зарар бўлган пуч ғоя ва даъволаридан жамиятимизнинг умидли келажаги бўлмиш ёшларимизни асраган бўламиз.
А.Норқулов Самарканд шахар 7-сон ДНИ нотариуси