Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008
20.02.2023

2022 йил давомида амалга оширилган ишлар

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Нуриевнинг

2023 йил 17 февраль куни вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтадиган

халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгашининг

навбатдаги сессиясидаги

АХБОРОТИ

Ассалому алайкум,
Ҳурматли раислик этувчи ҳамда

Ҳурматли депутатлар !!!

Маълумки, Ўзбекистон Республикасида ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритиш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини мониторинг қилиш, ҳуқуқ ижодкорлиги, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил ва бир хилда таъминлаш бўйича чораларни амалга ошириш адлия органларининг асосий вазифа ва функцияларидан бири ҳисобланади.

Эндиликда, “Янги Ўзбекистон — халқчил ва инсонпарвар давлат” ғоясини рўёбга чиқариш мақсадида адлия органлари тизимида давлат хизматларини кўрсатиш ва интеллектуал мулкнинг ҳуқуқий ҳимояси соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишда тизим имкониятларидан оқилона фойдаланиш, ушбу соҳаларда мувофиқлашган фаолиятни таъминлаш ҳамда мавжуд маъмурий тузилмаларнинг яхлит вертикал бошқарувини ўз ичига олган маъмурий ислоҳотлар ўтказилди.

Юклатилган вазифа ва функциялардан келиб чиқиб,
2022 йил давомида норма ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш, давлат хизматлари кўрсатиш шунингдек, ҳуқуқий тарғибот соҳасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

I.            Норма ижодкорлиги соҳасида.

Вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан Самарқанд вилоят ҳамда туман (шаҳар) маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 555 та қарор лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди, шундан 455 тасига ижобий хулоса берилган бўлса, 100 та қарор лойиҳаси белгиланган талабларга риоя қилинмай тақдим қилинганлиги сабабли қайтарилди,455 та қарор лойиҳаси ОАВ ва веб-сайтларда эълон қилинди, 1637 та маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари давлат ҳисобига олинди.

Ҳурматли депутатлар,

Баъзан айрим маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан норматив тусдаги қарорлар лойиҳалари адлия органларига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун тақдим қилинмасдан, тўғридан-тўғри қабул қилинмоқда.

Натижада, белгиланган оддий тартибга амал қилинмаслиги қонунбузилиш ҳолатларининг ортишига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, ҳисобот даврида Нарпай туманида 12 та, Иштихон туманида 9 та ва Булунғур туманида 2 та норматив тусдаги қарорлар адлия бўлимлари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмасдан қабул қилинганлиги сабабли қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Мисол учун, Нарпай туман ҳокимининг 2022 йил
5 сентябрдаги “Нарпай тумани ҳудудида умумфойдаланувдаги автомобил йўллари, ички хўжалик йўллари ва марказий кўчаларда фуқаролар ва транспорт воситалари ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида Мустақиллик маҳалласида жойлашган 53-умумий ўрта таълим мактаби қаршисидан ўтувчи автомобил йўлига сунъий йўл нотекисликларини ўрнатиш тўғрисида”ги 306-7-98-Қ/22-сонли қарори туман адлия бўлими томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмасдан туриб қабул қилинган.

Ёки бўлмаса, Тойлоқ туман ҳокимининг 2022 йил
29 сентябрдаги туман адлия бўлими томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмасдан қабул қилинган 298-7-104-Қ/22-сон қарори билан тасдиқланган “Уй ва турар жойнинг инвентар йиғма жилдидан олинган маълумотлар айрим турларидан кўчирмалар ва нусхалар бериш тартиби”да Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 3 ноябрда 2725-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Кўчмас мулк обектларига кадастр йиғма жилдини тайёрлаш Қоидалари” асос сифатида келтирилган.

Ваҳоланки, Мазкур қоидалар 2021 йил 28 июлдан ўз кучини йўқотган.

Бу каби камчиликларни тизимли равишда содир этилишининг олдини олиш мақсадида туман (шаҳар) адлия бўлимлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан норматив тусдаги қарор қабул қилиш жараёнида зарур услубий ва амалий кўмак берилиб, қонунбузилиш ҳолати бартараф этилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 июндаги 390-сон қарори билан тасдиқланган “Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари ва фармойишларини “E-qaror” электрон тизими орқали вилоят ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан ҳисобот даврида жами 15 640 та қарор ва фармойишлар, жумладан 8 260 та (53 %) ҳоким қарорлари, 4 100 та (26 %) Кенгаш қарорлари ҳамда 3 280 та (21%) ҳоким фармойишлари қабул қилинган.

Туман (шаҳар) ҳокимликлари ва кенгашларининг “E-qaror” электрон тизими орқали қабул қилинаётган қарорлари ва фармойишлари адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан мониторинг қилиб бориш жараёнида 2022 йил январь-декабрь ойларида жами 171 та қонунчиликка мувофиқ бўлмаган қарорлар қабул қилинганлиги аниқланди.

Таққослаш учун, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан бу кўрсатгич 340 тани ташкил этган. (Ноқонуний ҳужжатлар қабул қилиниши қарийб
1 бараварга камайди.)

Шунингдек, туман (шаҳар) ҳокимликлари ва кенгашларининг қабул қилинаётган қарор ва фармойишларини қонунчиликка зид равишда қабул қилинишини тўлиқ бартараф этиш мақсадида барча қарор ва фармойишларни ҳудудий адлия бошқармалари ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тўғрисида таклифлар Адлия вазирлигига тақдим этилган.

II.          Юридик хизмат кўрсатиш соҳасида.

Бугунги кунда туман (шаҳар) Юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан жами 2334 та, жумладан 1262 та умумтаълим мактабларига, 743 та ДМТТларига, 54 та тиббиёт муассасаларига ва 275 та бошқа давлат органлар ва ташкитлотларига юридик хизмат кўрсатилиб келинмоқда.

Ҳисобот даврида мазкур Юридик хизмат кўрсатиш марказларига жами 304 265 та, жумладан 215 984 та буйруқлар ва 88 281 таси шартнома лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун келиб тушган бўлиб, мазкур ҳужжатларнинг 258 335 тасига
(84 %), хусусан 184 487 та буйруқлар ва 73 848 та шартномалар лойиҳаларига ижобий хулосалар берилиб, 45 930 тасига (16%)
(29 770 та буйруқлар ва 16 160 та шартномалар) белгиланган талабларга жавоб бермаганлиги сабабли салбий хулоса берилган ва рад этилган.

Таъкидлаш лозимки, Юридик хизмат кўрсатиш марказларига давлат органлари ва ташкилотлари томонидан юборилган 1181 та фуқаролик шартномалар лойиҳалари амалдаги қонунчиликка зид равишда тузилганлиги сабабли салбий хулоса берилиб, 8 млрд сўмдан ортиқ пул маблағларининг ноқонуний сарфланиши олди олинди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 апрелдаги ПҚ-208-сон қарорида бюджет тизими бюджетларидан асосий воситаларни харид қилиш ҳамда бино ва иншоотларни таъмирлаш билан боғлиқ харажатларни жорий йил якунига қадар тўхтатиш ва ушбу мақсадлар учун жорий йилда режалаштирилган маблағларни қисқартириш ёки 2023 йилга ўтказиш чораларини кўриш белгиланган.

Бироқ, Ургут туман Ободонлаштириш бошқармаси томонидан 653 200 000 сўмга автотранспорт воситалари сотиб олиш тўғрисида юборилган шартнома лойиҳаси мазкур қарорга зид равишда тузилганлиги сабабли салбий хулоса берилди.

Натижада, юридик хизмат кўрсатиладиган давлат органлари ва ташкилотларининг туман (шаҳар) тузилмаларида қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган қарор ва буйруқ қабул қилиниши камайишига эришилмоқда.

Бироқ, бу юридик хизмат кўрсатиш марказларининг ташкил этилишидан кўзланган мақсадга эришиш йўлида барча ишлар бажарилганлигини англатмайди.

Юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан юридик хизмат кўрстиладиган ташкилотларга ҳуқуқий хизмат кўрсатилишини сифат жиҳатдан яхшилаб бориш мақсадида мазкур марказларнинг фаолияти бошқарма томонидан доимий равишда назорат қилиниб борилмоқда.

III.        Ҳуқуқни қўллаш соҳасида

  

Ҳисобот даврида давлат органлари ва ташкилотларининг иш фаолиятида қонун ҳужжатларига риоя этилаётганлиги юзасидан
2121 та давлат органлари ва ташкилотларида 2499 марта назорат тадбирлари, хусусан 1395 та мониторинглар ва 1104 та ўрганиш ўтказилди. Ўтказилган ўрганиш ва мониторинг натижасида
446 мингдан (446 984 та) ортиқ қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.

        Мазкур қонунбузилиш ҳолатларининг 128 847 таси (29 %) пенсия ва нафақа, 69 885 таси (16 %) солиқ, 49 835 таси (11 %) таълим соҳасига, 31 610 таси (7 %) меҳнат ва бандлик соҳасига, 16 773 таси (4 %) соғлиқни сақлаш соҳасига, 7 437 таси (2 %) мурожаатларни кўриб чиқишда, 3 873 таси (1%) коммунал масалалар, 3 266 таси (1%) юридик хизмат кўрсатиш, 2 675 таси ер ва уй-жой масаласи, 1 857 таси имтиёзли преференцияларни қўлланилиши, 50 таси божхона ва банк соҳаси ва 130 894 таси (30 %)бошқа соҳаларга тегишли ҳисобланади.

        Қонун ҳужжатларининг нотўғри қўлланилиши билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатларининг 45 430 таси (10%) Ургут туманида,
41 746 (9%) таси Пастдарғом туманида, 30 082 таси (7%) Булунғур туманида аниқланган.

        Юқоридаги аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 4 389 та огоҳнома, 3 866 та тақдимнома, 3070 та жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларида судоарга аризалар, 1376 та маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан, 16 та жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан тегишли органларга таклифлар киритилган.

Натижада, жисмоний ва юридик шахсларга жами 102 млрд 969 млн 405 минг 864 сўм пул маблағлари ундириб берилди.

Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг 2099 нафар ходимларига нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди, шулардан 46 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинди, 1354 нафар шахс маъмурий жавобгарликка, 2 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилиб, 24 792 та ноқонуний ҳужжатлар бекор қилинди ва тўхтатилди.

Мисол учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги
911 сон қарори билан тасдиқланган “Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида Низом талаблари асосида вилоят адлия бошқармасининг аралашуви билан фуқароларга жами 6 млрд 138 млн сўм миқдоридаги компенсация маблағлари тўлаб бериши таъминланди.

Ёки бўлмаса, Ургут ЭИЗда фаолият юритувчи “Bekmiz carpet” МЧЖ нинг мурожаатига асосан вилоят адлия бошқармаси томонидан киритилган даъво ариза Самарқанд туманлараро маъмурий судининг
2022 йил 26 августдаги қарори билан қаноатлантирилиб, Солиқ бошқармасининг 2022 йил 13 июндаги 20/1-47304-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилди ва мазкур МЧЖга нисбатан 5 млрд сўмга яқин асоссиз ҳисобланган солиқ мажбурияти бекор қилинди.

IV.        Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида:

        Давлат хизматларининг ҳар бир тури бўйича “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойилига кўра давлат хизматлари кўрсатиш механизми, энг аввало, ортиқча тартиб-таомилларни бартараф этиш, ваколатли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар зарур ҳужжатлар ва ахборотларни бошқа тузилмалардан мустақил равишда олиши ҳисобига соддалаштиришга эътибор қаратилмоқда.

Натижада, давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларининг турлари кун сайин ошиб, бугунги кунда ҳам юридик, ҳам жисмоний шахсларга “ягона дарча” тамойили бўйича кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 250 дан ошди.

2022 йилда Марказлар орқали жисмоний ва юридик шасхларга жами 1 миллион 62 минг 897 та давлат хизматлари кўрсатилган бўлиб, шундан 20,1 фоизи, яъни 213 минг 899 тасини интернет тармоғи орқали онлайн тарзда кўрсатилган хизматлар ташкил этади.

Давлат хизматлари маркази томонидан 2022 йилга нисбатан (2022 йилда 780 минг 363 та) 282 минг 534 тага кўп хизматлар кўрсатилди.

Марказлар томонидан 2022 йилда жами 63 414 та тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди (юридик 10 808 та, ЯТТ 52 606 та).

Давлат хизматлари маркази томонидан 2021 йилга нисбатан (юридик 10833 та, ЯТТ 18 261 та) жами 34 320 тага кўп тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди.

2022 йилда 139 та фермер хўжаликлари, 2 та деҳқон хўжаликлари, 10 667 та бошқа турдаги юридик шахслар ҳамда
52 606 та юридик шахс бўлмаган тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди.

Вилоятдаги тадбиркорлик субъектлари тўғрисида:

Фаолият юритаётган:

1.

Юридик шахслар    

67 705 та

2.

Жисмоний шахслар  

68 830 та

3.

Қўшма корхона    

263 та

4.

Хорижий корхона    

126 та

Эътиборли жиҳати, жисмоний ва юридик шахслар давлат хизматлари марказларида фуқаролар доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан ва юридик шахслар почта манзилидан қатъи назар, давлат хизматларини экстерриториал тамойил бўйича олишга ҳақли эканлиги ҳисобланади.

Бундан ташқари, давлат хизматлари кўрсатишни, шу жумладан реал вақт режимида масофадан мониторинг қилиш ва жамоатчилик фикрини ўрганиш орқали назорат қилиш ва сифатини баҳолашнинг таъсирчан тизими орқали Бошқарма томонидан ўтган давр мобайнида 8 335 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланиб, масъул шахсларнинг жавобгарлик масаласи ҳал этилди.

Мазкур қонунбузилиш ҳолатлари идоралар кесимида таҳлил қилинганда:

Кадастр идоралари томонидан 2 222 та, газ таъминоти корхоналари томонидан 1 633 та, сув таъминоти корхоналари томонидан 725 та, электр таъминоти корхоналари томонидан
523 та, қурилиш идоралари томонидан 643 та, туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан 862 та, соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан 261 та, Давлат солиқ инспекциялари томонидан 383 тани ташкил этади.

V.          ФҲДЁ соҳасида:

Давлат хизматлари кўрсатиш ва ФҲДЁ соҳасида аҳолига яратилаётган қулайликлар бўйича алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман:

Биринчи, аҳолига янада қулайликлар яратиш мақсадида 16 та туман(шаҳар) ДХМ ларида ва банк кассалари мавжуд бўлмаган 8 та ФҲДЁ бўлимларида тўлов инфокиоскалари ўрнатилиб, мурожаатчилар тўловларни нақд пул ёки пластик карта ёрдамида бинодан чиқмаган холда амалга ошириш имконияти яратилди.

Иккинчи, 2022 йилнинг 1 июлидан бошлаб композит ўлим хизмати ишга туширилди.

Бунда тиббиёт муассасаси масъул ходими ўлим ҳолати тасдиқлангандан сўнг, вафот этган шахс ҳақидаги маълумотларни автоматлаштирилган ахборот тизимга киритиши натижасида ФҲДЁ бўлими далолатнома ёзувини қайд этади ва маълумотни тиббиёт муассасаси ва Пенсия жамғармасига электрон шаклда юборади. Тиббиёт муассасаси ходими – QR-код тасвири туширилган ўлим ҳақидаги маълумотномани ариза берувчиларга дарҳол икки нусхада чоп этиб беради.

Учинчи, фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик суюнчи пулини ФҲДЁ бўлими томонидан ота ёки онанинг пластик картасига ўтказиб бериш хизмати ишга туширилди, эндиликда фуқаролар суюнчи пулини олиш учун халқ банкига бориб навбат кутмасдан Туғилганлик гувоҳномасини олаётган вақтда пластик карталарига утказиб олишлари мумкин.

Ўтган давр мобайнида ФҲДЁ бўлимлари томонидан 112.655 та туғилганлик, 35.547 та никоҳ (шундан 146 та никоҳ чет эл фуқаролари билан, 105 та никоҳ МДҲ фуқаролари билан),

4904 та никоҳдан ажралганлик, 20218 та ўлим ҳақида далолатнома ёзувлари қайд этилди.

Таъкидлаш жоизки, 2021 йил 1 июндан бошлаб ФҲДЁ бўлимлари экстерриториал тамойил асосида хизмат кўрсатишни йўлга қўйган бўлиб, эндиликда фуқароларнинг доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар, туғилиш, никоҳ, ўлим ва никоҳдан ажратишни қайд этиш бўйича маълумотни исталган ФҲДЁ бўлимидан олиш мумкин.

Фуқаролик ҳолатлари муддатида қайд этилмаган вазиятларнинг келишини кутиб турмасдан, ФҲДЁ бўлимлари томонидан бевосита жойларда ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, ҳисобот даврида вилоятдаги ФҲДЁ бўлимлари томонидан маҳалалларда уйма-уй юриш ва ўтказилган сайёр қабуллар, тарғибот тадбирлари давомида 1425 нафар ўз вақтида туғилиши қайд этилмаган болалар аниқланиб, уларга туғилганлик ҳақида гувоҳнома берилиши таъминланди, шу жумладан Самарқанд шаҳридаги “Сарбадорлар”, “Фидойилар” ва “Шарқ” маҳаллаларидаги 368 нафар лўли миллати мансуб аҳоли фарзандларига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома берилди.

Шунингдек, вилоят ҳокимлиги топшириғига кўра, вафот этганлиги умуман қайд этилмаган, сайловчилар рўйхатида турган 2181 нафар марҳум шахсларнинг ўлим ҳолати ҳудуддаги тегишли ҳокимликлар билан ҳамкорликда қайд этиб борилмоқда.

“Аёллар дафтари”да киритилган аёллар муаммоларининг
55 таси ФҲДЁ билан боғлиқ бўлиб, мазкур муаммоларни ҳал этиш мақсадида 49 нафар болага туғилганлик ҳақида гувоҳнома,
29 нафар шахсларга никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳномалар берилиши таъминланди, 11 та оилада эрнинг биринчи никоҳи бекор бўлмаганлиги сабабли уларни никоҳини бекор қилиш масаласида судга мурожаат этиш тартиби тушунтирилди, 27 та
(4 таси ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар) ажрим ёқасидаги оилалар яраштирилди.

Масалан, Иштихон туман ФҲДЁ бўлимига никоҳдан ажрашиш учун ариза топширган “Янгикент” МФЙда яшовчи С.Холбеков ва М.Мардоноваларнинг оиласи ФҲДЁ бўлими томонидан яраштирилди.

Ёки бўлмаса, Пайариқ туман, Култусин маҳалласида яшовчи фуқаро Г.Шокасимованинг 2020 йилда туғилган фарзандининг уй шароитида туғилганлиги ҳақида тасдиқловчи ҳужжатлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли туғилганлиги қайд этилмасдан қолган бўлиб, тегишли ҳужжатларни тўплашда амалий ёрдам берилиб, фарзандига туғилганлик ҳақида гувоҳномалар берилди.

2022 йил давомида 4904 та никоҳдан ажралганлик ҳақида далолатнома ёзувлари расмийлаштирилган бўлиб, бу ҳолат 2021 йил давомида расмийлаштирилган 4177 та никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувлари 727 тага ошганлигини кўришимиз мумкин.

Бу борада ФХДЁ органларига никоҳдан ажратиш учун келиб тушган мурожаатлар кўриб чиқилиб, 29 та оилавий ажримларнинг олди олинди.

Шунингдек, барча ФҲДЁ бўлимларида “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари”да никоҳланувчи ёшлар учун ҳар ойда туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари, тиббиёт ходимлари, етакчи психологлар, ҳуқуқшунослар, жамиятшунослар, маърифатпарвар жамоатчилик ва дин вакиллари жалб этилган ҳолда махсус ўқув-тарбиявий курслари ўтказиш тизими йўлга қўйилди.

2022 йил давомида 15 660 нафарга яқин ёшлар иштирокида
381 та курслар ташкил этилди. Оилавий ажримларни олдини олиш мақсадида, “Маҳаллабай” ишлаш тизими асосида манзилли ва предметли тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда.

Бироқ, бу борада амалга оширилган ишлар етарли эмаслигини оилавий ажримлар сони кўрсатиб турганлигини таъкидлашимиз ҳам адолатдан бўлади.

VI. Ҳуқуқий тарғибот соҳасида

Самарқанд вилоятида адлия органлари томонидан 2022 йил
давомида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган жами 38 мингдан ортиқ
(38 973 та) тарғибот тадбирлари амалга оширилди.

Мазкур тарғибот тадбирларининг 16 514 таси ОАВ, шундан:

607 таси телевидение;

1 617 таси радио;

1 897 таси газета ва журналларда;

12 393 таси ижтимоий тармоқлар орқали;

20 679 таси оғзаки;

1 780 таси ёзма ва кўргазмали ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 16 майдаги ВМҚ-259-сон қарори билан тасдиқланган “2022-2023-йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастури”да белгиланган вазифалар ижросидан келиб чиқиб, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси ҳамда Нотариал палатанинг Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда “Маҳаллабай” асосида аҳолининг муаммоларини ўрганиш, уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида вилоятдаги маҳаллаларни адлия органлари ходимлари ҳамда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларга бириктириш тақсимоти” ишлаб чиқилди.

Мазкур тақсимот асосида вилоятдаги мавжуд 1 126 та маҳалла фуқаролар йиғинлари 344 нафар адлия тизимида фаолият юритувчи ходимлар ва хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларга бириктирилиб, бугунги кунда мазкур ходимлар томонидан ўзларига бириктирилган маҳаллаларда маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспекторлари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатган ҳолда фуқароларга, айниқса ижтимоий ҳимояга (асосан, ҳуқуқий ёрдамга) муҳтож, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турувчи фуқароларга ёрдам кўрсатиш мақсадида тарғибот тадбирлари амалга оширилди.

Жумладан, ўтган давр мобайнида адлия ходимлари томонидан 600 дан ортиқ маҳаллаларда, уйма-уй юрган ҳолда
4 460 нафар (шундан 2 338 нафари (53 %) хотин-қизлар) фуқаролар билан мулоқотда бўлиб, уларнинг ҳуқуқий муаммолари ўрганилди, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Хусусан,

581 та (16 %) – субсидия, пенсия ва нафақа бўйича;

408 та (11%) – уй-жой масаласи бўйича;

356 та (10 %) – меҳнат ва миграция масалалари бўйича;

346 та (9 %) – тадбиркорлик бўйича;

346 та (9 %) – ер қонунчилиги бўйича;

321 та (8 %) – оила ва никоҳ юзасидан;

308 та (7 %) – коммунал тўловлар;

257 та (6 %) – солиқ ва меҳнат қонунчилиги бўйича;

736 та (20 %) – бошқа масалалар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, 800 та мурожаатлар қабул қилинди.

Мазкур мурожаатларнинг 363 та (45 %) сини турли мазмундаги шикоятларни ташкил қилади.

Қабул қилинган мурожаатларнинг 689 таси (86 %) ижобий ечим топди. Аниқроқ айтганда, шу пайтга қадар фуқароларни қийнаб келган шунча мурожаат адлия ташаббуси билан аниқланиб, ҳал этилди. Қолган 101 та (14 %) мурожаат тегишлилиги бўйича бошқа ташкилотга йўналтирилган.

Мурожаатлар соҳалар кесимида таҳлил қилинганда,

156 таси (20 %) пенсия ва нафақа;

79 таси (10 %) ер масаласи;

46 таси (6 %) оила ва никоҳ;

106 таси (13 %) уй-жой;

74 таси (9 %) меҳнат ва бандлик;

38 таси (5 %) тадбиркорлик фаолиятини юритиш;

52 таси (7 %) коммунал;

46 таси (6 %) солиқ, меҳнат қонунчилиги бўйича имитиёзлар;

203 таси (25 %) бошқа соҳаларга тегишли ҳисобланади.

Бундан ташқари, ҳисобот даврида аҳолининг, шу жумладан хотин-қизларнинг, ижтимоий соҳа вакиларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган қуйидаги ҳуқуқий акциялари ўтказилди. Хусусан, 2022 йилнинг:

февраль-март ойларида “Хотин-қизлар учун долзарб икки ой” ҳуқуқий акцияси;

март-май ойларида “Соғлиқни сақлаш ва таълим тизими ходимларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” ҳуқуқий акцияси;

май-июнь ойларида “Қоидаларга йўл ҳам бўйсунади” шиори остида йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича ҳуқуқий саводхонлик акцияси;

август-сентябрь ойларида “Хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир” ҳуқуқий акцияси ўтказилди.

Биргина, “Хотин-қизлар учун долзарб икки ой” ҳуқуқий акциясида 400 нафардан ортиқ “Аёллар дафтари” да рўйхатда турган хотин-қизларга манзилли-предметли тарғибот тадбирлари ўтказилиб, уларга “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган хотин-қизларнинг ҳуқуқлари батафсил тушунтирилиб, айнан мазкур акция доирасида хотин-қизлардан келиб тушган 300 дан ортиқ мурожаатлар тўлиқ қаноатлантирилди.

Яна бир мисол, ҳисобот даврининг март-май ойларида ўтказилган “Соғлиқни сақлаш ва таълим тизими ходимларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” ҳуқуқий акцияси доирасида мазкур соҳа вакилларининг меҳнат қонунчилиги, ижтимоий таъминот, пенсия ва нафақа билан боғлиқ ҳуқуқий саводхонлигини оширилиши билан бир қаторда, ушбу соҳа вакилларининг бузитлган ҳуқуқлари ҳам адлия органлари томонидан ҳимоя қилиниши таъминланди.

Хусусан,мазкур акция доирасида соғлиқни сақлаш ҳамда таълим тизими ходимлари томонидан адлия органларига жами 368 та мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаатларнинг 284 таси таълим тизимига оид бўлса, 84 таси соғлиқни сақлаш тизимига тўғри келмоқда. Олиб борилган амалий чора-тадбирлар натижасида мурожаатларнинг 296 таси қаноатлантирилди.

Шунингдек, акция доирасида адлия органлари томонидан соғлиқни сақлаш ва таълим тизими ходимларининг манфаати юзасидан масъул ташкилотлар раҳбарларига 450 та тақдимнома, 480 та огоҳнома, 35 та маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар ҳамда судларга умумий қиймати 1 млрд. 411 млн. сўмлик 265 та даъво аризалари киритилди.   

Кўрилган чоралар натижасида 1 млрд 204 млн сўмдан ортиқ пул маблағлари (иш ҳақи, устама ва бошқа тўловлар) соҳа ходимларига ундирилиб берилишига эришилди.

Шу билан биргаликда, ноқонуний бўлган 190 та ҳужжат бекор қилиниб, 297 нафар шахс интизомий, 34 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиши таъминланди.

    Биргина мисол, Пахтачи тумани “Мирзо Улуғбек” маҳалласида яшовчи фуқаро Д.Нурманова Самарқанд вилоят Мактабгача таълим бошқармасининг 2020 йил 17 сентябрдаги
267-қ-сонли буйруғи билан тумандаги 44-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти директори лавозимига ишга тайинланган бўлса-да, унга 2020 йил октябрь ойидан 2022 йил январь ойига қадар ойлик иш ҳақлари тўлаб берилмаган.

Фуқаронинг ушбу мурожаати асосида туман адлия бўлими томонидан олиб борилган ўрганишларда ҳам бу ўз тасдиғини топган ва фуқаронинг 2020 йил октябрь ойидан 2022 йил январь ойига қадар тўланмаган жами 29 млн. 489 минг 528 сўм иш ҳақини ундириш бўйича фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судига киритилган ариза фуқаронинг фойдасига қаноатлантирилди.

VII.       Интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида

Ҳисобот даврида интеллектуал мулк ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижасида 3301 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқланиб, мазкур қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 170 дан ортиқ тақдимномалар киритилиб, 45 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Қўлланилган таъсир чоралари натижасида, 500 тадан ортиқ ҳужжатларнинг ижроси тўхтатилиб, 45 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.

Мисол учун, бошқарма томонидан Самарқанд давлат университети, Самарқанд чет тиллари университети, Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳамда А.С.Пушкин номидаги ахборот-кутубхона маркази ва унинг туман (шаҳар) марказларида “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонун талаблари риоя этилиши юзасидан мониторинг ўтказилди. Ушбу ўтказилган мониторинг натижасида 2000 дан ортиқ китобларнинг электрон нусхаларидан фойдаланишда муаллифлар билан ҳеч қандай шартнома тузмасдан ёки розилигини олмасдан расмий сайтлари орқали барчанинг эътиборига етказилганлиги аниқланди.

Аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш ҳамда ҳуқуқбузар шахсларга нисбатан 17 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, китобларнинг контрафакт нусхаларидан фойдаланишни тўхтатиш ва келгусида содир этилишини олдини олиш мақсадида 20 дан ортиқ тақдимомалар киритилди.   

Бундан ташқари, Интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларга риоя етилишини таъминлаш ва контрафакт маҳсулотлар реализациясининг олдини олиш мақсадида Самарқанд вилоятида жойлашган йирик бозорларнинг 39 тасида кузатув тадбирлари ўтказилиб, 200 дан ортиқ контрафакт маҳсулотлар католиги тайёрланиб сотувчиларга тарқатилди.

Эътиборингиз учун раҳмат!


Рўйҳатга қайтиш