Янгиликлар
14
Фуқаролик жамияти қуришдаги ислоҳотларнинг янги босқичи
Жорий йилнинг 4 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мамлакатни демократик янгиланиш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5430-сонли Фармони қабул қилиниб, унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида 42 нафар аъзолардан иборат бўлган Маслаҳат кенгаши ташкил этилди.
Кенгаш фуқаролик жамиятини ва кенг жамоатчиликни ташвишлантираётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш, шунингдек, мазкур секторнинг ҳолати ва ривожланиш тенденцияси ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентини мунтазам равишда хабардор қилиб боради.
Фуқаролик жамияти институтларига уларнинг халқаро ҳамкорлигини ривожлантиришда, илғор халқаро тажрибани ўрганишда ва ушбу тажрибани Ўзбекистон шароитида жорий этишда кўмаклашиш ҳам мазкур кенгашнинг вазифасига киради.
Шунингдек, мазкур фармон билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) Кенгашларига нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари масалалари бўйича доимий фаолият юритувчи комиссияларни ташкил этиш юклатилди. Мазкур комиссияга нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ривожлантиришга, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга доир масалалар юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг эшитувларини ташкил этишни амалиётга киритиш тавсия этилди.
Бундан ташқари, Фармон билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”ни ташкил этиш, ушбу “уй”ларни нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳудудий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, бўшаб ётган ва самарали фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари негизида ташкил этилиши, ҳамда мазкур биноларга янги ташкил этилган, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда ўз фаолиятини амалга ошираётган нодавлат нотижорат ташкилотларини ижара тўловининг “ноль” ставкасини қўллаган ҳолда жойлаштириш чораларини кўриш белгиланган.
Фармоннинг ижроси таъминлаш мақсадида вилоят Самарқанд шаҳри марказида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи” очилиб, унга ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда ўз фаолиятини амалга ошираётган ва ўз “макони”га эга бўлмаган ўн бешта нодавлат нотижорат ташкилотлари жойлаштирилди.