Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

18

“Медиация тўғрисида”ги Қонун


      Ўзбекистон Республикасининг Президентининг 2018 йил 3 июль куни   ЎРҚ-482-сон “Медиация тўғрисида”ги Қонуни имзоланди.
Қонуннинг амал қилиши фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларга, якка меҳнат низоларига ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга татбиқ этилади.
      Қонунга кўра, медиация бу келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор яъни медиацияни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этиладиган шахс кўмагида ҳал қилиш усулидир.
Қонунга мувофиқ, медиаторнинг фаолияти профессионал яъни ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, шунингдек профессионал медиаторлар реестрига киритилган шахс ёки нопрофессионал асосда яъни фаолиятини йигирма беш ёшга тўлган ва медиатор вазифаларини бажаришга розилик берган шахс амалга ошириши мумкин.
      Махфийлик, ихтиёрийлик, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги медиация институтининг асосий принциплари этиб белгиланди.
Медиация тарафлари медиаторни ихтиёрий равишда танлайди ва ундан медиациянинг исталган босқичида этишдан воз кечиши мумкин.
Қонунга кўра, қуйидагилар медиатор бўлиши мумкин эмас:
давлат вазифаларини бажариш учун ваколат берилган ёки унга тенглаштирилган шахс;
муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлган шахс;
судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;
ўзига нисбатан жиноий таъқиб амалга оширилаётган шахс.
     Бундан ташқари қонун билан медиаторнинг фаолияти тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмаслиги белгиланди.
Профессионал асосдаги медиаторнинг фаолияти ҳақ эвазига ёки текин амалга оширилиши мумкин. Нопрофессионал асосдаги медиаторнинг фаолияти текин амалга оширилади.
     Медиация тарафларнинг хоҳиш-истаги асосида суддан ташқари тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида, суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага киргунига қадар, ҳакамлик судида кўриш жараёнида қўлланилиши ҳам мумкин.
Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижалари бўйича тарафлар келиб чиққан низо хусусида ўзаро мақбул қарорга эришган тақдирда, тарафлар ўртасида ёзма шаклда медиатив келишув тузилади.
     Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида давлат органининг бевосита аралашуви тақиқланади. Суд муҳокамаси жараёнида, низони ваколатли давлат органида кўриш жараёнида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида тарафлар томонидан эришилган медиатив келишув тегишли иш қайси суд ёки ваколатли давлат органининг иш юритувида турган бўлса, дарҳол ўша судга ёки ваколатли давлат органига юборилади. Низо медиатив келишув билан медиация тартибида ҳал қилинган тақдирда, тўланган давлат божи қайтарилиши лозим.