Янгиликлар
Нотариат тизиминидаги ислоҳотлар
Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилишда нотариат институтининг роли ва аҳамиятини ошириш, аҳолига кўрсатилаётган нотариал хизматларнинг сифатини яхшилашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 25 майдаги ПҚ-3741-сонли қарори қабул қилинди.
Ушбу қарорда асосий эътибор нотариуслар томонидан фуқароларга кўрсатилаётган хизматларни сифати, тезкорлиги ва шаффофлигини таъминлаш, ортиқча оворагарчилик, қоғозбозлик ва коррупция ҳолатларига чек қўйиш ва нотариат соҳасини янги кўринишга – яъни фаол моделга ўтишига қаратилди.
Мазкур қарор фуқаролар ўртасида келиб чиқиши мумкин бўлган иқтисодий, оилавий, мерос, уй-жой, меҳнат ва бошқа низоларни олдини олишда нотариатнинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга туртки бўлди десак ҳам бўлади.
Қарорга кўра 2019 йил 1 январидан бошлаб:
1. Уй-жой (квартира) ва бошқа кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномаларини нотариусда тасдиқлаш шарт эмас.
Фуқорлар ўзаро оддий ёзма шартнома тузишади ва солиқ идорасига шартномани ҳисобга олдириб қўйишади, бунда ортиқча ҳужжатлар тақдим этилмайди ва ҳеч қандан тўловлар тўланмайди.
2. Кўчмас мулк билан боғлиқ шартномалар оддий қоғозда чиқарилар эди, уларни соҳталаштириш осон бўлганлиги боис тергов ва судларда бундай ҳолатлар бўйича ишлар жуда кўп кўриб чиқилган.
Эндиликда бундай шартномалар махсус гербли бланкларда расмийлаштирилади.
3. Мерос ва васиятномалар масаласида кўпчилик фуқароларимиз анча қийинчиликларга дуч келаётгани ҳаммамизга маълум.
Қанчалик қўпол эшитилмасин, меросхўрлар ўзаро мерос талашиши ва судларда васиятномани отаси ёки онасининг имзо қўймаганлиги, соҳта имзо эканлиги важлари келтирилиши кузатилмоқда.
Эндиликда бундай ҳолатларни олдини олиш мақсадида, васиятнома ва бундан ташқари, фуқаронинг жисмоний нуқсони, касаллиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра нотариал ҳужжатни унинг топшириғига кўра унинг ўзи ва нотариус ҳозирлигида бошқа фуқаро томонидан имзолашини жараёни аудио ва видеотасмага туширилади ва булар келажакда низо чиқса далил сифатида ишлатилади.
4. Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахсларнинг шахсини аниқлаш бармоқ изларини сканер қилиш ва уларни паспортдаги биометрик маълумотлар билан солиштириш орқали амалга оширилади ҳамда нотариал ҳаракатлар бажарганлигини тасдиқлаш фақат имзо қўйиш эмас, балки махсус мосламаларда бармоқ изларини сканер қилиш йўли билан амалга оширилади.
Бу билан, нотариусни алдаб, паспортдаги одам ўрнига бошқа ўхшаш одамни олиб келиб, имзо қуйишни ва нотариал ҳаракат расмийлаштиришни олди олинади.
5. Нотариуслар етишмаслиги муаммоси ҳам ўз ечимини топди. Бунга сабаб нотариусликка стажировка ўташ муддати икки йилдан бир йилга қисқартирилди. Судьялик лавозимида камида беш йил ишлаган ёки нотариал фаолиятга раҳбарлик ва назорат қилувчи лавозимларда камида уч йил ишлаган шахслар стажировка ўташдан озод этилдилар.
6. Қарор билан фуқароларга яна бир енгиллик яратилди. Нотариус ҳузурига борилганда, фуқаролар ўнлаб турли хил ташкилотлардан маълумотнома йиғиб келишлари керак. Уларни эса тўплашга анчагина сарсонгарчилик ва вақт талаб қилинади. Эндиликда 2019 йил 1 январь кунидан бошлаб барча керакли маълумотларни нотариуслар томонидан тизими орқали компьютердан текшириб олинади.
Айрим ташкилотларда ҳозир компьютер тизими орқали маълумотномалар олиш имкони йўқлиги туфайли, нотариусларга “курьер” – яъни ҳужжат йиғувчи ходим берилади, улар керакли ташкилотга бориб фуқароларнинг ўрнига справкаларни олиб келишади.
Бунинг аҳамиятли томони шундаки, масъул ташкилотлар нотариус курьерига справкаларни узоғи билан бир соат ичида бериши шарт.
7. Нотариуслар фуқаролар билан ҳуш муомала бўлиши, стресс ҳолатларини ҳал этиш, келишмовчиликларни тўғри бартараф этишлар лозим. Бунинг учун нотариуслар ва нотариал идоранинг бошқа ходимлари қайта тайёрланиш ва малака ошириш жараёнида алоҳида ўқитилади, уларга иш вақтини самарали ташкил этиш бўйича ҳам ўқув дарслар ўтилади.
8. Нотариал идораларга навбат тизимини яратиш мақсадида махсус мосламалар ўрнатилади. Бу мослама ҳар бир келган фуқарога тегишли тугмани босиш орқали навбат рақами кўрсатилган қоғоз чиқариб беради.
Нотариат соҳасидаги барча қилинаётган ислоҳотлар фуқароларга қулайликлар яратиш, шароитларни яхшилаш, замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда ортиқча оворагарчилик ва пул сарфлашларни олдини олиш ва низоли ҳолатларда ҳимоя қилишга қаратилган.
Самарқанд вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Анвар Холмуродов