Янгиликлар
Регистон майдонида “Ҳуқуқий билимлар куни” флешмоби ўтказилди
Жамиятда ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашда адлия идораларининг ўрни ва роли беқиёсдир.
Юртимизда яшаётган фуқароларнинг дарду ташвишини, уларни қийнаётган муаммоларни эшитиш ва ҳал этиш, улар билан ҳамнафас бўлиш, уларга қабул қилинаётган қонунларни ҳалқчил, оддий тилда тушунтириш, шунингдек, фуқароларнинг давлат органларидан рози бўлишлари учун бор имкониятлардан тўлалигича фойдаланиш мақсадида Адлия вазирлиги ташаббуси билан жорий йилнинг 11–12 октябрь кунлари соат 10.00 дан 16.00 га қадар бутун республика бўйлаб, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида “Ҳуқуқий билимлар куни” флешмоби ташкил этилди. Шу жумладан, Ўзбекистоннинг "ташриф қоғози"га айланган Самарқанддаги Регистон майдонида “Ҳуқуқий билимлар куни” ўтказилди.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Самарқанд вилоят адлия бошқармаси ўртасида
10 банддан иборат 07-07/333-сонли чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Ушбу тадбир Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси, Адвокатлар палатаси, Ёшлар иттифоқи ва бошқа давлат ҳамда нодавлат ташкилотлари ҳамда ОАВ вакиллари билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Тадбирда нафақат ёшлар балки чет элдан Германи, АҚШ, Франция давлатларидан келган меҳмонлар ҳам иштирок этишди.
Фуқароларга нотариат, давлат хизматлари, адвокатура ва бошқа масалалар бўйича тайёрланган 1000 тадан ортиқ буклет ва флаерлар, шунингдек ҳуқуқий маълумотларни тезкор етказишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланишни тарғиб қилувчи Адлия вазирлигининг “Telegram” мессенжеридаги “Huquqiy axborot” канали, “Facebook” саҳифаси, “LexUZ” сайти, “Test.adliya.uz” сайти ва бошқа ижтимоий тармоқлар тўғрисидаги 500 тадан ортиқ тарғибот материаллари, Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган 600 та ҳуқуқий қўлланма тарқатилди.
Давлат нотариал идоралари нотариуслари томонидан фуқароларга 100 тадан ортиқ бепул ҳуқуқий тушунтиришлар, Давлат хизматлари маркази томонидан 60 тадан ортиқ сайёр давлат хизматлари қўрсатилди ҳамда Адвокатлар томонидан фуқораларнинг муаммоли масалалари юзасидан тегишли 80 нафар фуқораларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Шунингдек, фуқароларни ҳуқуқий билимларга қизиқтириш ҳамда уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини рағбатлантириш учун турли танловлар ва викториналар ташкил этилди. Ҳуқуқий тест викторинасида 14 хил турдаги 100 дан ортиқ ҳуқуқий тест саволлари жамланган буклет ва флаерлар асосида 100 дан ортиқ ёшлар, фуқаролар иштирок этиб, унинг натижаси бўйича 85 та ғолибларга вилоят адлия бошқармаси томонидан эсдалик совғалар ҳамда Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган 100 дан ортиқ ҳуқуқий қўлланма тақдим этилди.
Тадбирга жалб қилинган барча идоралар ходимлари ўз фаолиятини тарғиб қилишга ҳамда аҳолини ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган кўргазмали материаллар билан иштирок этишди ҳамда аҳолининг бир қатор масалалари юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, уларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди. Амалдаги қонун ҳужжатлари ва уларда белгиланган имтиёзлар, шунингдек мажбуриятлар юзасидан тушунтиришлар берилди.
Ўзбекистон Республикаси 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги ПҚ-3271-сон қарори халқимиз, жумладан, ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, ижодкорлар ва китобхонлар ўртасидаги мулоқотни яхшилаш, китобга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплашдан иборат бўлиб, тадбир давомида адлия бошқармаси томонидан аҳолига жами 350 дан ортиқ янги чоп этилган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда бадиий китоблар тарқатилди.
Тадбир байрамона тусда миллий хунарманчилик кўргазмалари намойиши ҳамда иқтидорли ёш санъаткорлар гуруҳлари чиқишлари билан ўтказилди.
Шу каби тадбирлар аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ҳамда давлат идораларининг халққа янада яқин бўлишини таъминлашга хизмат қилади.