Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

29

Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотишнинг соддалаштирилган тартиби


Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва инвестициялар жалб қилиш борасида қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, ушбу йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш мақсадида жорий йилнинг 11 сентябрида Президентимизнинг “Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.
Мазкур қарорнинг ижроси ҳудудлардаги бўш турган давлат мулки объектларини сотишга, ер участкаларини беришга ҳамда тадбиркорлик ва инвестиция лойиҳаларини фаол амалга оширишга тўсқинлик қилаётган ортиқча бюрократик талаблар
ва қийинчиликлар мавжудлигини кўрсатди.
Ушбу тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлар учун мавжуд шарт-шароитларни яхшилаш, фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорларга сотишни соддалаштириш мақсадида ўтган ҳафтада Давлатимиз раҳбарининг “Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Фармон асосида 2019 йилнинг 1 апрелига қадар давлат объектлари ва ерларга бўлган ҳуқуқларни сотиш тартибини соддалаштириш бўйича эксперимент ўтказилади.
I. Эксперимент доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоят ҳокимларига бир қатор қўшимча ҳуқуқлар берилди.
биринчидан, маълумки, кўп ҳолларда кўчмас мулк объектлари ўта қиммат нархда савдоларга чиқарилганлиги сабабли, тадбиркорлар бундай объектларни сотиб олишга қизиқмайди. Мисол учун, Сирдарё вилояти Ховос туманидаги қурилиши якунланмаган “Трансгазинженеринг” унитар корхонасининг 4 221 м2 биноси 4,4 млрд сўмга баҳоланганлиги сабабли, 2015 йилдан буён сотилгани йўқ. Маълумотларга кўра ҳозирги кунда ҳудудларда 50 мингдан ортиқ бўш турган объектларнинг 5 мингдан зиёди давлат мулки объектлари ҳисобланади. Эндиликда вилоят ҳокимлари бўш турган давлат кўчмас
мулк объектларини баҳоламай туриб 1 сўм қийматдаги бошланғич нархда “E-IJRO AUKSION” орқали инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда сотиш ваколатига эга бўлишди.
Бир нарсани таъкидлаб ўтиш лозим, бунда Президент, Вазирлар Маҳкамаси ёки ҳокимият қарорларига асосан аввал савдоларга чиқарилган давлат мулки объектлари ҳам муайян шарт қўйилиб, яъни инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда – 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нарх билан “E-IJRO AUKSION” орқали сотилади.
Қолган кўчмас мулк объектлари эса қайта баҳоланмайди, улар аукцион ўтказиш кунидаги нарх бўйича “E-IJRO AUKSION” орқали сотилади. Бу борада белгиланадиган мажбуриятларнинг тушунчаси бўйича савол туғилиши табиий. Инвестициявий мажбурият пул баҳосига эга бўлган ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган шаклларда амалга ошириладиган мажбуриятларни ўз ичига олади. Инвестициявий мажбуриятга мисол қилиб қуйидагиларни келтириш мумкин:
ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш учун хом ашё ва материаллар, асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар етказиб бериш;
таъмирлаш ва қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш;
ишлаб чиқаришни реконструкция қилиш;
сотиб олинган объектни давлат бюджети олдидаги қарзларини, кредитлар ва бошқа мажбуриятларини тўлиқ ёки қисман тўлаш;
маҳсулотлар, ишлар ва хизматларнинг муайян турини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ва ҳоказо.
Ижтимоий мажбуриятлар эса аксинча пул баҳосига эга бўлмаган ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган шаклларда амалга ошириладиган қуйидаги мажбуриятлардан иборат бўлиши мумкин:
ноу-хауни, интеллектуал мулкнинг бошқа турларини жорий этиш;
кадрлар тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлашга харажат қилиш;
ишлаб чиқариш объектининг аввалги фаолият соҳасини сақлаб қолиш ва ҳоказо.
Таъкидлаш лозимки, бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини баҳоламай туриб 1 сўм қийматдаги бошланғич нархда сотиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоят ҳокимлари:
бўш турган кўчмас мулк объектлари аниқлаш учун мунтазам тарзда уларни хатловдан ўтказиб бориши;
хатлов натижалари бўйича бўш турган кўчмас мулк объектлари рўйхатини шакллантириши;
қисқа муддат ичида шакллантирилган рўйхатдаги кўчмас
мулк объектларини “E-IJRO AUKSION” орқали савдога чиқариш чораларини кўриши талаб этилади.
Бундан ташқари, фармон билан Мажбурий ижро бюроси томонидан туман (шаҳар) ҳокимликларига суд қарорларига мувофиқ давлат тасарруфига ўтказилган бир қатор нотурар жойлар сотиш учун ўтказилиши белгиланди.
Шу сабабли, туман (шаҳар) ҳокимликлари Мажбурий ижро бюросидан бепул ўтказиб берилаётган нотурар жойларни Фармонда белгиланган тартибда савдога чиқарилиши талаб этилади.
иккинчидан, Фармонга кўра айрим шартлар асосида ер участкалари ва бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари аукционсиз ҳам берилиши мумкин бўлди. Бу масала бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоят ҳокимларига қўшимча ваколат берилди.
Унга кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоят ҳокимлари инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун аукцион ўтказмасдан, инвестор билан тўғридан-тўғри музокаралар орқали ер участкаларини бериш ва бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини сотиш тўғрисида қарорлар қабул қилади.
Бунда тадбиркор ўз зиммасига инвестициявий мажбурият, яъни камида 1 млн АҚШ долларлик инвестиция киритиш ҳамда бошқа ижтимоий мажбуриятни олиш керак бўлади.
Таъкидлаш лозимки, илгари, яъни ушбу Фармон қабул қилингунга қадар ҳар қандай тадбиркор унга ишлаш учун ер участкаси зарур бўлганда у “E-IJRO AUKSION” орқали ер участкасини сотиб олиши зарур бўлган, бунга тадбиркорнинг бир ойдан ортиқ вақти сарфланар эди. Тадбиркорлар учун эса, вақт бу пул демакдир. Қанча кўп вақт тежалса шунча кўп пул тежалади.
Эндиликда эса, тадбиркор тегишли ер участкасини тезкорлик билан сотиб олмоқчи бўлса ундан 1 млн АҚШ долларлик инвестиция киритиб, муайян ижтимоий мажбуриятни ўз зиммасига олиш кифоя қилади.
учинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоят ҳокимлари “E-IJRO AUKSION”да аукционга чиқариш учун ер участкаларининг жойлашган ҳудудидан келиб чиқиб, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва “Давергеодезкадастр” қўмитасининг ҳудудий бошқармалари тавсияларига асосан, ҳар бир туман бўйича бўш ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқининг
(0,01 га майдони учун) бошланғич баҳосини ҳар чоракда тасдиқлаш ваколатига эга бўлишди.
Олдинлари сотувга чиқариладиган ер майдонининг бошланғич баҳоси туман Давлат солиқ инспекциялари томонидан ер майдонининг жойлашган зонаси, ер бонитети ва бошқа параметрлар асосида ҳисоблаб чиқиладиган йиллик солиқ ставкасидан келиб чиқиб белгиланар эди. Оқибатда, ер майдонининг бошланғич баҳоси бозор нархидан анчайин паст нархни ташкил қилар эди.
Эндиликда бу муаммолар ҳам бартараф этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари қисқа муддат ичида ҳудудий молия, солиқ, ер ресурслари ва давлат кадастри органлари тавсияларига асосан
ҳар бир туман бўйича ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқининг бошланғич баҳосини аукционга чиқариш учун тасдиқлаши талаб қилинади.
тўртинчидан, ерларнинг сифати ва табиий ишлаб чиқариш унумдорлигини қиёсий баҳолаш (тупроқ бонитировкаси) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари буюртмаси асосида уч йилдан ортиқ муддат давомида тупроқ бонитировкаси олиб борилмаган 3 гектаргача майдонга эга ер участкаларида маҳаллий бюджет ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилди.
Тупроқ бонитировкасининг асосий вазифаларидан бири ерларни ноқишлоқ хўжалик мақсадлари учун (мисол учун тадбиркорлик,
уй-жой қуриш) ажратишни асослаш учун ўтказилади.
Ўтказилган таҳлиллар Республикамизда мавжуд 756 минг гектар лалми ерларда 17 йилдан буён тупроқ сифатини баҳолаш ишлари (бонитировка) ўтказилмаганлигини кўрсатди.
Бунинг асосий сабаби сифатида ушбу фаолиятнинг
етарли маблағ билан молиялаштирилмаганлиги ҳамда тупроқ бонитировкасини амалга оширишга ихтисослаштирилган Давергеодезкадастр қўмитаси “Тупроқ бонитировкаси” шўъба корхонасининг моддий ва техник имкониятларини чекланганлигини кўрсатиш мумкин.
Оқибатда, қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун яроқсиз, унумсиз бўлган ер майдонларини тадбиркорлик субъектларига бериш имконияти мавжуд эмас эди.
Фармон талабига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:
‒ Давергеодезкадастр қўмитасининг ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорликда бу борадаги ишларни йўлга қўйиши;
‒ паст тупроқ бонитировкасига эга ер участкаларини аниқлаб, уларни тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун белгиланган тартибда “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукционга чиқариш чоралари кўриши лозим бўлади;
бешинчидан, авваллари амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ер участкалари фақат ижарага, яъни фойдаланишга берилар эди.
Бу жараённинг энг катта камчиликларидан бири шаффофлик
ва холисликнинг мавжуд эмаслигида эди.
Эндиликда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан “E-IJRO AUKSION” орқали суғорилмайдиган ерлар тоифасига кирадиган ер участкаларидан вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун инвестициявий (камида 1 млн АҚШ доллари эквивалентида) ва ижтимоий мажбуриятлар белгилаган ҳолда 50 йил муддатга сотиш мумкин.
Бу ўринда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши
ва вилоятлар ҳокимликлари 50 йил муддатга сотиладиган суғорилмайдиган ерлар тоифасига кирадиган ер участкалари рўйхатини шакллантириши, уларнинг бошланғич нархини белгиланган ҳолда “E-IJRO AUKSION” орқали сотувга чиқариши талаб қилинади;
олтинчидан, Фармон билан яна бир янги тартиб белгиланди. Унга кўра халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларига туташ ҳудудлардаги барча тоифадаги ер участкалар намунавий лойиҳалар бўйича йўлбўйи ва туристик инфратузилма объектларини ташкил этиш учун “E-IJRO AUKSION” орқали сотилади.
Намунавий лойиҳалар Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши
ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади. Фақат, суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларини сотишда Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича комиссия билан келишиш лозим.
Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларига туташ ҳудудлардаги ер участкалари тоифаларга бўлган ҳолда рўйхати ва нархини шакллантириши ҳамда “E-IJRO AUKSION” чиқариш талаб қилинади.
еттинчидан, амалиётда кўпгина ҳудудларда савдо, кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектлари жамоат тартибини сақлаш нуқтаи назардан тунгги вақтларда фаолият юритишлари чекланар эди.
Эндиликда Фармонга мувофиқ махсус ҳудудлар белгиланади
ва у ерда тунги вақтда савдо-кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектларини ишлаши чекланмайди.
Бунинг учун, вилоят ҳокимлари сайёҳлар учун дам олишни ташкил этиш дастурларини тасдиқлайдилар ҳамда Нукус шаҳри, вилоятлар марказлари ва сайёҳлар ташриф буюрадиган бошқа жойларда савдо-кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектлари фаолиятини тунги вақтда чекланмайдиган ҳудудларни аниқлайди.
Ушбу ҳудудларда ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг жамоат тартибини сақлаш кучларининг 3 сменали режимдаги патруллари жамоат тартиби ва хавфсизлигини таминлайдилар.
II. Мавжуд тартиб-қоидалар соддалаштирилган (қисқартирилган) ҳолда инвесторлар учун қулайликлар яратилди.
Эксперимент даврида давлат кўчмас мулк объектлари учун хусусийлаштириш комиссияси ишининг умумий муддати
у ташкил этилган пайтдан бошлаб 20 кундан ошмайди. Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ мазкур муддат 2 ойни ташкил қилар эди.
Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра давлат кўчмас мулк объекти бўйича олди-сотди шартномаларини тузиш савдо натижалари (музокаралари) бўйича баённома имзолангандан сўнг 20 кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилиши белгиланган бўлса, ушбу муддат Фармонда 10 кунни ташкил қилади.
Фармонда белгиланган тартибга кўра мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордери эса сотиб олиш тўловлари ва пеня (юзага келган тақдирда) тўлиқ ҳажмда тушган кундан бошлаб 5 кун ичида берилади (амалда 10 кун).
Шунингдек, тасарруф этиш ҳуқуқи эса, харидорга инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар тўлиқ бажарилган (улар белгиланган тақдирда) деб топилган ва пеня (юзага келган тақдирда) тўлиқ ҳажмда тўланган кундан бошлаб берилади (амалда бир йилдан сўнг).
Балансда сақловчи олди-сотди шартномаси харидор
томонидан тақдим этилган кундан бошлаб 5 кун ичида қабул
қилиш-топшириш далолатномаси расмийлаштирилишини ва сотилган объектнинг харидорга топширилишини таъминлаши шарт
(амалда 1 ой).
Тадбиркорларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида эксперимент даврида давлат мулки объектларини хусусийлаштиришга буюртманома берганлик учун
ундириладиган энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари
миқдоридаги йиғим ҳамда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордерини берганлик учун давлат божини ундириш бекор
қилинди.
Фармонга кўра Президент, Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ҳокимларининг қарорларига асосан сотиладиган давлат мулки объектларига кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, шунингдек, Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш назорати инспекцияси томонидан давлат объектларини сотишга тайёрлашда хулосалар берилиши Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва тегишли маҳаллий бюджетлар ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб берилди.
Ҳудудларда ўрганишларда маълум бўлган асосий муаммоларнинг бири айрим ҳудудларнинг ҳозирга қадар бош лойиҳаларини мавжуд эмаслигидир.
Ўз ўзидан маълумки, ҳудуднинг бош лойиҳаси бўлмаса, у ерда тадбиркорлик фаолияти учун ер майдони ажратиш имконияти мавжуд эмас.
Шу сабабли, Фармонда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари бир ойлик муддатда, ҳудудий архитектура ва шаҳарсозлик кенгашлари билан келишган ҳолда, бош режа мавжуд бўлмаганда ҳар бир аҳоли пункти
кесимида  2018-2019 йилларда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун бериладиган ер участкаларини жойлаштириш схемаларини тасдиқлаб олиши ва уни кейинчалик тегишли бош режаларда акс эттириш учун Қурилиш вазирлигига тақдим этиши белгиланди.
III. Фойдаланиш учун берилган ер участкалари, бино-иншоотларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоят ҳокимларининг қарорига асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларнинг қишлоқ хўжалиги экин ерлари таркибига кирмайдиган, фойдаланилмасдан турган ер участкалари, уларнинг эгаларига кўчмас мулкдан самарасиз фойдаланилганлик ҳолатларини кўрсатган ҳолда, инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун ер майдони эгасининг розилигисиз олиб қўйилиши мумкин.
Бунда келгусида турли тушунмовчилик келиб чиқмаслиги учун ҳокимликлардан ер участкалари майдонларининг участкалари унинг розилигисиз ўзгартирилаётган фермерларга ушбу ўзгартиришнинг сабабини тўғри тушунтириши ва асослаб бериши талаб этилади.
Тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш учун ҳудудларда фаолият юритаётган ишчи гуруҳлар томонидан
вазирлик, идоралар ва хўжалик бошқарув органларига тегишли
1000 дан ортиқ бўш турган кўчмас мулк объектлари аниқланди.
Фармон билан мазкур ҳолат юзасидан қуйидагилар белгиланди:
бўш турган кўчмас мулк объектлари негизида қисқа муддатли
ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган объектлар рўйхатини тасдиқлаш;
фаолиятига мос бўлмаган ва фойдаланилмаётган бўш турган кўчмас мулк объектларини, зарурат бўлганда 10 йилгача муддатга бўлиб тўлаш имкониятини кўзда тутган ҳолда, савдоларга чиқариш;
фойдаланилмаётган ерлар ва фаолият кўрсатмаётган ишлаб чиқариш майдонларини уларнинг негизида кичик саноат зоналарини барпо этиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бериш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар ишлаб чиқиш.
IV. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши
ва вилоят ҳокимликлари томонидан инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни самарали механизми белгиланди.
Фармон билан вилоят ҳокимларига тегишли бюджетлар даромадлари прогнозининг ошириб бажарилган суммаларини Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасини йиллик икки фоизга камайтирилганига тенг фоиз ставкасида тижорат банкларига ресурслар ажратиш орқали инвестиция лойиҳаларни молиялаштиришга сарфлаш ҳуқуқи берилди.
Бунда кредит линиялари қуйидаги йўналишларда очилади:
меҳмонхоналар ва туристик инфратузилманинг бошқа объектларини қуриш;
тайёр маҳсулот ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқаришнинг, шунингдек, хизмат (иш) турларининг янги қувватларини ташкил қилиш;
маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш учун зарур шароитлар яратиш мақсадида муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилма объектларини, бошқа асосий фондларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш.
Хулоса қилиб айтганда, Фаол тадбиркорлик ва инновациялар йилида имзоланган ушбу Фармон юртимизда қулай инвестицион муҳит яратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим қадам бўлди.