Янгиликлар
03
“Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони моҳияти ва аҳамияти
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрда “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
I. Фармонни қабул қилиш зарурати (муаммо ва камчиликлар).
Биринчидан, жойларда умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, умумтаълим муассасалари раҳбарларини танлаш ва жой-жойига қўйиш масалаларини ҳал этиш, идоравий мансуб ташкилотларнинг мулкидан самарали фойдаланишда халқ таълими бошқарув органлари ролининг етарли даражада эмаслиги;
Иккинчидан, раҳбарлар, ўқитувчилар ва умумтаълим муассасалари бошқа ходимларининг касбий фаолиятига асоссиз равишда аралашувдан ҳимоя қилиш механизмларининг самарасизлиги, назорат қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан мактабларни текшириш ҳаддан зиёд кўпайиб кетганлиги;
Учинчидан, таълим сифатини таъминлаш, ўқитувчиларнинг билим даражасини ва педагогик маҳоратини ошириш масалаларида умумтаълим муассасалари фаолиятидаги очиқлик ва шаффофлик даражасининг етарли даражада эмаслиги, ўқув-тарбия жараёни устидан самарали жамоатчилик назоратининг мавжуд эмаслиги.
II. Фармоннинг мақсади:
Ўқув-тарбия жараёнига бошқарувнинг янги механизмларини ва сифат стандартларини жорий этиш, жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, умумтаълим муассасаларининг моддий-техник ҳолатини яхшилаш орқали халқ таълими тизимини янада такомиллаштириш Фармоннинг мақсади ҳисобланади.
III. Фармоннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти:
Эндиликда, халқ таълими бошқармалари раҳбарлари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари, мактаб директорларини лавозимга тайинлаш
ва лавозимдан озод этиш масаласи ҲОКИМЛАР БИЛАН КЕЛИШИЛМАЙДИ.
2019 йил 1 январдан туманлар ва шаҳарлар кесимида танлаш асосида умумтаълим муассасалари фаолияти самарадорлиги бўйича рейтинги тузилади, шунингдек умумтаълим муассасалари ходимлари бўлган пенсионерларга ПЕНСИЯ ТЎЛИҚ МИҚДОРДА ТЎЛАНАДИ.
2019 йил 1 мартдан умумтаълим муассасаларига болаларни Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилиш тартиби жорий этилади.
Шунингдек Фармонда халқ таълими муассасаларини электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, зарур санитария-гигиена шароитлари ва бошқа коммунал хизматлар билан узлуксиз таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланди.
2018 йил 1 октябрдан бошлаб умумтаълим муассасаларининг ВАСИЙЛИК КЕНГАШЛАРИ ТУГАТИЛДИ.
Эндиликда, умумтаълим муассасаларининг КУЗАТУВ КЕНГАШЛАРИ ташкил этилди. Унинг таркибига муассаса фаолиятига жиддий ҳисса қўшишга қодир энг фаол ота-оналар, битирувчилар, ҳомийлар ва бошқа шахслар киритилади.
Умумтаълим муассасаси раҳбарини сайлаш, шунингдек, белгиланган тартибда уни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ҳақида таклифлар киритиш, ўқувчилар учун яратилган шароитлар устидан тизимли равишда мониторинг ўрнатиш кузатув кенгашининг асосий вазифалари этиб белгиланди.
2019 йил 1 январга қадар ўқитувчиларни кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби қайта кўриб чиқилади, бунда асосий мезон тегишли фанни ўқитиш бўйича билим ва кўникма даражаси ҳисобланади.
Бундан ташқари эндиликда умумтаълим муассасалари фаолиятини текширишга ваколатли органларнинг қатъий рўйхати, текширув тайинлаш ва ўтказиш мезонлари шакллантирилади.
“Замонавий мактаб” Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади, унда хусусан:
экологик жиҳатдан тоза материаллар ва энергиянинг муқобил манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган намунавий лойиҳалар асосида замонавий мактаблар қуриш;
мактабларни, шу жумладан, ўқув синфлари ичини янги қулай мебеллар, замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, дарсликлар ва ўқув-услубий материаллар, компьютер ва мультимедиа техникаси, видеокузатув тизимлари билан жиҳозлаш назарда тутилади.
Хулоса. Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг мазкур Фармони халқ таълими тизими бошқарувини ташкил этиш, давлат умумий ўрта таълим муассасаларининг фаолиятини амалий жиҳатдан мувофиқлаштириш, уларнинг моддий-техник ҳолатини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг изчил давоми бўлди.