Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги
Юртимизда уй-жойни сотиб олиш ва қуришнинг қонуний механизмлари мавжуд бўлишига қарамай, узоқ йиллар давомида минглаб фуқаро ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида ноқонуний шахсий турар-жойларни қад ростлашган. Ўз-ўзидан аёнки, бундай ҳолатлар биринчи навбатда жойлардаги маҳаллий ижро, шу жумладан, ер кадастри, архитектура ва қурилиш соҳасидаги ваколатли органларнинг лоқайдлиги сабаб юзага келади. Қолаверса, фуқароларга шахсий турар-жой қуриш учун ноқонуний равишда ер участкаларини муайян тўлов эвазига бериш бўйича фермер ва деҳқон хўжаликларининг тил бириктириш фактлари мавжуд. Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш, шунингдек, фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида хайрли ишларга киришилмоқда.
Президентимиз томонидан 2018 йил 20 апрелда қабул қилинган Фармон ана шу нуқтаи назардан устувор аҳамият касб этади. Ушбу фармонда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш назарда тутилган бўлиб, мазкур акция 2019 йил 1 майга қадар давом этади. Мулк ҳуқуқини эътироф этиш ва кадастр ҳужжатларини бериш учун 2 та шарт қўйилади:
– ушбу ер участкаси (участканинг бир қисми) унга қонун ҳужжатларига мувофиқ турар жой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ер майдонида жойлашмаган бўлса;
– ўзбошимчалик билан қурилган иморат шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларини бузмаётган бўлса, шунингдек, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаса ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаса.
2018 йил 21 июнда мазкур фармон ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилиниб, белгиланган акция доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби тўғрисида Низом тасдиқланди.
Мазкур Низом турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида жисмоний шахсларнинг қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан (яъни ўзбошимчалик билан) қурилган якка тартибдаги уй-жойига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартибини белгилайди.
Бироқ қарор талаблари кўп қаватли уйларга ва уларга туташиб кетган ер участкаларига ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга, нотурар жойларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Низомда белгилаб қўйилганидек, кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича республика ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) комиссиялари тузилади. Комиссиялар иши “республика – вилоят – туман (шаҳар)” уч поғонали принцип бўйича амалга оширилади. Жараённи республика комиссияси тегишли тартибда мувофиқлаштириб, назорат қилиб боради. Комиссия аъзолари ўртасида ахборот алмашиниш идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали йўлга қўйилади.
Ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш тартиби қандай амалга оширилади?
Аввало, жисмоний шахс (унинг қонуний вакили) бу ҳуқуқни олиш учун иморат жойлашган ҳудуддаги Давлат хизматлари маркази орқали туман (шаҳар) ҳокимининг номига ариза билан мурожаат қилади.
Аризага мурожаат этувчининг паспорти нусхаси; оила аъзолари ҳақида ҳамда ер участкасига эгалик қилган муддатлари ва иморат қурилган вақт тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномалари илова қилинади. Мурожаат этувчидан бундан бошқа маълумот ва ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади. Мурожаат этувчи аризани ўз имзоси билан тасдиқлайди.
Аризани кўриб чиқиш учун Давлат хизматлари маркази томонидан йиғим ундирилмайди, бир марталик акция доирасида тўланадиган бир марталик йиғим бундан мустасно.
Мурожаат этувчи томонидан тақдим этилган ёлғон маълумотлар ёхуд унга илова қилинадиган ҳужжатларнинг тўлиқ эмаслиги аризани қабул қилмаслик (рад этиш) учун асос ҳисобланади ва аризани бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.
Ариза рўйхатдан ўтказилгандан кейин Давлат хизматлари маркази ходими мурожаат этувчига ариза олингани тўғрисида тилхат беради ёки рўйхатдан ўтказган рақамини кўрсатган ҳолда, ариза нусхасида унинг қабул қилингани тўғрисида тегишли ёзувни қайд этади.
Мурожаат этувчи томонидан тақдим этилган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар Давлат хизматлари маркази ходими томонидан сканерланади ва бир соат мобайнида тизим орқали Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналарининг туман (шаҳар) филиалларига юборилади.
Шу тариқа комиссия ишчи органи ариза келиб тушгандан сўнг 3 иш куни мобайнида мурожаат этувчининг аризасида кўрсатилган жойга чиққан ҳолда, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни ўрганиб, унинг техник планини шакллантиради. Сўнгра ушбу техник планни комиссия аъзоларига ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар билан бирга электрон ҳамкорлик тизими орқали тақдим этади.
Комиссия аъзолари эса келиб тушган ариза бўйича ишни 5 кун мобайнида жойида ўрганиб, ўрганиш натижаларига кўра кўчмас мулк объекти бўйича ўз хулосаларини комиссия ишчи органига электрон тимиз орқали етказади.
Комиссия аъзоларининг маълумотномаларида туман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи, туман (шаҳар) қурилиш бўлими бошлиғи, туман (шаҳар) экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи, туман (шаҳар) давлат бош санитария врачининг, шунингдек, туман (шаҳар) ички ишлар бўлими, туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциясининг ҳамда туман (шаҳар) ёнғин хавфсизлиги инспекторининг хулосалари аниқ манбалар ва қонун ҳужжатлари билан асослантирилган ҳолда келтирилади.
Ўзбошимчалик билан қурилган иморат магистрал қувурлар, темир йўл ва автомобиль йўллари, электр қуввати узатиш ва алоқа линиялари қўриқланадиган муҳофаза зоналари, сув муҳофазаси ва санитария-ҳимоя зоналарида, шунингдек, аэродром ҳамда чиқиндилар ва бошқа заҳарли моддаларни кўмиш жойлари яқинида жойлашганда комиссия аъзолари тегишли режимли ҳудудлар ва иншоотлардан фойдаланувчи ташкилотлардан қўшимча маълумотлар (хулосалар)ни сўровнома юбориш орқали олишлари шарт. Бунда сўровномага жавоб у келиб тушган кундан бошлаб 3 календарь куни мобайнида тақдим этилиши шарт.
Ўрганиш натижалари бўйича аниқлик киритилиши лозим бўлган ҳолатлар мавжуд бўлса, улар комиссиянинг умумий йиғилишида узил-кесил ҳал қилинади. Бунда туман (шаҳар) адлия бўлими бошлиғининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш бўйича хулосаси ҳисобга олинади.
Фуқаролар ўртасидаги мулкий низоларни ҳал қилиш комиссия ваколатига кирмайди, бундай низолар қонун ҳужжатларида белгилангна тартибда ҳал этилади. Ўзбошимчалик билан қурилган иморат эгаси мулкий низолар ҳал қилингандан сўнггина бир марталик акция муддати тугагунга қадар мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Комиссия ишчи органи томонидан 3 календарь куни мобайнида комиссия аъзоларининг хулосаларига асосан кўчмас мулк объектини ўрганиш бўйича далолатнома расмийлаштирилади. Унда комиссия аъзоларининг хулосалари акс эттирилади ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкин ёки мумкин эмаслиги, шу жумладан, иморат жойлашган ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилиши мумкин ёки мумкин эмаслиги кўрсатилади.
Мурожаат этувчининг ўзбошимчалик билан қурилган иморатига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкин деб топилганда, у ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган тўлов (энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдоридаги бир марталик йиғим)ни амалга оширади. Мазкур бир марталик йиғим белгиланган муддатда тўланмаган тақдирда, унинг ўзбошимчалик билан қурилган иморатига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш ишлари тўхтатиб турилади. Борди-ю, ушбу тўлов акция муддати тугагунга қадар амалга оширилмаса, табиийки, мулк ҳуқуқи эътироф этилмайди.
Бир марталик йиғим тўлангач, Комиссия ишчи органи 2 календарь куни мобайнида Комиссия раиси томонидан тасдиқланган далолатнома асосида мурожаат этувчининг ўзбошимчалик билан қурилган иморатига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида туман (шаҳар) ҳокимининг қарори лойиҳасини тайёрлаб, тасдиқлаш учун туман (шаҳар) ҳокимига тақдим этади. Мурожаат этувчи ўзбошимчалик билан қурилган иморатига мулк ҳуқуқини шу асосда қўлга киритади.
Хуллас, фуқароларни бу каби ижтимоий қўллаб-қувватлаш эл ичра фаровон яшашни таъминлаш баробарида, кишининг эртанги кунга ишончини оширади.