Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори моҳи
Жорий йилнинг 1 декабрида Ҳукуматнинг “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.
I. Қарорнинг мақсади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 11 июльдаги ПҚ–3127-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатларини ҳамда махсус мосламалардан фойдаланишини тартибга солиш қарорнинг асосий мақсади ҳисобланади.
II. Қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти.
Қарор билан Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ йўл-патруль хизмати (ЙПХ) ходими томонидан транспорт воситалари қуйидаги асосларга кўра тўхтатилиши мумкин:
йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши ВИЗУАЛ КУЗАТУВДА АНИҚЛАНГАНДА ёки махсус мосламада қайд қилинганда;
транспорт воситаси, ҳайдовчи ёки йўловчи қидирувда эканлиги, йўл транспорт ҳодисасига алоқадор эканлиги ҳақида маълумотлар бўлганида;
йўл транспорт ҳодисаси, ҳуқуқбузарлик содир этилганлигини кўрган ҳайдовчи ёки йўловчидан ҲОДИСАГА ОЙДИНЛИК КИРИТИШГА тўғри келганида;
ҲАРАКАТНИ ЧЕКЛАШ ЁКИ ТАҚИҚЛАШ бўйича кўрсатмаларни бажаришда;
транспортдан мажбурий тартибда фойдаланишга тўғри келганида;
МАХСУС ТАДБИРЛАРНИ ўтказиш жараёнида;
транспортдан фойдаланиш ва бошқариш ҳуқуқини берувчи, транспорт ва юкларга оид ҳужжатлар мавжудлигини текшириш учун.
БОШҚА АСОСЛАРГА кўра транспортнинг тўхтатилиши ТАҚИҚЛАНАДИ.
Транспорт ҳужжатларни текшириш учун тўхтатилганда, фақат ушбу ҳужжатларни текширишда аниқланган қоидалар бузилиши бўйича чора кўрилади.
Транспорт тўхтатилганда ҳайдовчи ЙПХ ходими тўхтатилган ҳудудда дислокацияга асосан хизмат ўтаётганлигини тасдиқловчи ДИСЛОКАЦИЯНИНГ КЎЧИРМАСИ билан танишиши мумкин.
ЙПХ ходими транспортни ва юкларни кўздан кечириш, транспортни таъқиб қилиш ёки кузатиш ҳуқуқига эга. Бунда йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли ҳаракатлар содир этилмаслиги лозим.
ЙПХ ходими қуйидаги ҳоллардагина ҳайдовчи ва йўловчилардан транспорт КАБИНАСИДАН ЧИҚИШИНИ талаб қилиши мумкин:
транспортдаги техник носозлик ва юк ташиш қоидаси бузилганлигини бартараф этиш учун;
ҳайдовчи транспортни маст ҳолда бошқараётганида;
транспортнинг двигатель ва агрегат қисмлари рақамлари билан ёзилган рақамлар ўртасида фарқ аниқланганда;
транспорт ёки юк ҳужжатлари мавжудлигини текшириш зарурати юзага келганда;
ҳайдовчи ёки йўловчи жиноят содир этишда гумон қилинаётганда;
ҳайдовчининг кабинада бўлиши йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга таҳдид солиши мумкин бўлганида.
ЙПХ ходими хизмат вазифасини амалга оширишда ҚУЙИДАГИЛАРГА МАЖБУР:
вазифаларини мобил видеокамерадан фойдаланиб олиб бориш ва бу ҳақида йўл ҳаракати қатнашчиларига маълум қилиш (2019 йил 1 июлдан);
йўл ҳаракати қатнашчиси тўхтатилганда унинг олдига бориш, ўзини таништириш, лавозими, унвони фамилияси ҳақида маълумот бериш ҳамда уларга “СИЗ” ДЕБ МУРОЖААТ ҚИЛИШ;
тиббий ёрдамга муҳтожларни белгиланган жойга олиб боришда фуқароларга ёрдам кўрсатиш;
ҳайдовчини тезликни оширгани ҳақидаги махсус мосламанинг кўрсаткичлари билан таништириш, талабига кўра мосламанинг қиёслаш сертификатини кўрсатиш;
Йўл ҳаракати қатнашчилари ҳужжатни мобиль видеокамерасиз олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик (2019 йил
1 июлдан), асоссиз тўхтатиб турилмаслигини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
ЙПХ ходими қоидани бузган йўл ҳаракати қатнашчисига нисбатан шахсий адоват туфайли шахснинг АҲВОЛИНИ ОҒИРЛАШТИРИШГА ҳаракат қилиши мумкин эмас.
Пиёдалар ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузганлигига эътироз билдирмаган, жарима миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг иккидан бир қисмидан ошмаган, жарима ўша жойнинг ўзида тўланган ҳолларда маъмурий баённома тузилмайди.
Тезликни ўлчаш мосламасини ўрнатишда унга юқори тезлик чекланган кўрсаткичга қўшимча БЕШ КИЛОМЕРТ ФАРҚИ БИЛАН маълумот киритилади.
ЙПХ ходими ўз хизмат вазифаларини белгиланган эпикровкада ошкора усулда амалга оширади ҳамда хизматни ЯШИРИН ОЛИБ БОРИШ ТАҚИҚЛАНАДИ.
ЙПХ ходими томонидан ўзининг дислокациясидан ташқарида расмийлаштирилган БАЁННОМАЛАР ЮРИДИК КУЧГА ЭГА БЎЛМАЙДИ.
Хулоса. Бир сўз билан айтганда, Ҳукуматнинг мазкур қарори йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқларига сўзсиз риоя этилишини, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишини, хизматни ўташ вақтида муомала маданияти ва одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилинишини таъминлаш, йўл-патрул хизмати ходимларининг хизмат вазифаларини лозим даражада бажариши устидан назоратни коррупция ва ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатларини истисно этадиган тарзда кучайтириш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг узвий давоми бўлди.