Янгиликлар
Ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари
1. Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги Шартномани (Тошкент, 2018 йил 17 август) ратификация қилиш ҳақидаги Қонун Президент томонидан имзоланди.
Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги Шартнома ратификация қилинди.
Ҳужжатда давлатлараро муносабатларнинг ривожланиш истиқболлари, хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, сув-энергетика, экология, маданий-гуманитар, ҳарбий-техникавий ва бошқа соҳаларда икки томонлама манфаатли муносабатларнинг асосий принциплари ва устувор йўналишлари белгилаб берилган.
2. Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар томонидан қўшма аксилтеррор ўқув машғулотларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Битимни (Душанбе, 2008 йил 28 август) ратификация қилиш ҳақидаги Қонун Президент томонидан имзоланди.
Қонун билан Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар томонидан қўшма аксилтеррор ўқув машғулотларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Битим ратификация қилинди.
Битимга кўра, томонларнинг ҳудудларида террорчилик ҳаракатлари содир этилганида ёки шундай хавф-хатар пайдо бўлганида қўшма ҳаракатларни амалга ошириш учун махсус аксилтеррор тузилмаларни тайёрлаш ўқув машғулотларини ўтказишдан мақсад этиб белгиланган.
3. Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.
Қарор билан, 2019–2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш Концепцияси ҳамда Дастури тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ, ходимлар жамоасининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, уларнинг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш учун зарур шароитларни яратиш – давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларинингфаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири этиб белгиланди.
4. Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Маданият вазирлигининг Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси ҳамда унинг минтақалараро (минтақавий) давлат инспекциялари негизида Маданият вазирлиги ҳузурида Маданий мерос департаменти унинг ҳудудий бошқармалари ташкил этилди.
5. Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарор билан Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, Жамғарма маблағлари мактабгача таълим муассасаларини белгиланган тартибда қурилишларнинг манзилли рўйхатига киритиб, уларнинг тармоғини кенгайтиришга, таълим-тарбия жараёнига илғор педагогика ва ахборот технологияларини жорий этишга, шунингдек Вазирлик фаолиятини такомиллаштиришга йўналтирилган бошқа тадбирларга сарфланади.
6. Ҳукумат қарори билан Суриштирув, дастлабки тергов органлари ёки судга узрсиз сабабларга кўра келишдан бош тортган шахсларни мажбурий келтириш бўйича топшириқларни ижро этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, мажбурий келтириш учун суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори, жиноят, маъмурий ёки фуқаролик ишлари бўйича суднинг ажрими асос бўлади.
Фуқаролик ишлари бўйича суд мажлисига мажбурий келтириш вояга етмаганларга, ҳомиладор аёлларга, касаллиги, ёши ёки бошқа узрли сабабларга кўра кела олмайдиган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.
7. 2019–2020 йилларда сув таъминоти оғир бўлган ҳудудлардаги аҳоли томорқаларига сув етказиб бериш учун суғориш қудуқларини қазишга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарор билан 2019–2020 йилларда сув таъминоти оғир, истеъмолга яроқли сув захиралари етарли бўлган маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларидаги аҳоли томорқаларига сув етказиб бериш мақсадида суғориш қудуқларини қазиш дастури ва уни амалга ошириш учун Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига ажратиладиган имтиёзли кредит ресурслари тасдиқланди.
Дастур доирасида жами 85 та туманда 40 млрд. сўм миқдорида кредит ажратилиши назарда тутилган.
8. Ўзбекистон Республикасининг давлат ғазначилик мажбуриятлари ва облигацияларини муомалага чиқаришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Молия вазирлиги томонидан давлат ғазначилик мажбуриятлари ва облигациялари муомалага чиқарилади.
Шунингдек, қарор билан Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматли қоғозлари чиқарилишларининг жойлаштирилиши, муомалада бўлиши ва сўндирилиши тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
9. Ҳукумат қарори билан Истиқболли бошқарув кадрларини танлаш бўйича “Тараққиёт” республика танлови финали иштирокчилари орасидан бошқарув кадрлари захирасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, “Тараққиёт” республика танлови финали иштирокчилари фуқароларнинг бошқа тоифалари учун назарда тутилган кадрлар захирасига танлов тартиботларидан ўтмаган ҳолда давлат ташкилотининг кадрлар захирасига киритилиши лозим ва бошқарув ходимларининг танловдаги номинация соҳаларига мос келадиган бўш турган, қоида тариқасида, раҳбарлик лавозимига танловсиз қабул қилиниш (тайинланиш) ҳуқуқига эга.
10. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан тасдиқланган низомга кўра, мазкур кўкрак нишони билан Қуролли кучлар тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшган ҳарбий хизматчилар ва фуқаролар, шунингдек Ўзбекистон фуқаролари бўлмаган шахслар ҳам тақдирланади.
Кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти олади.
11. Ҳукумат қарори билан Фильмнинг оммавий намойишини амалга ошириш учун бир марталик рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, фильмнинг оммавий намойишини амалга ошириш учун бир марталик рухсатнома “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан берилади.
12. Ҳукумат қарори билан Енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Мазкур Низомга кўра енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш шартномаси 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга ёзма тарзда тузилади.
Қисқа муддатли ижара шартномасини нотариал расмийлаштириш ҳамда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ) органларидан рўйхатдан ўтказиш талаб этилмайди.