Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

21

Ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари


1. Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Қонун Президент томонидан имзоланди.

Қонунга кўра, жиноят процесси иштирокчиларига нисбатан тегишли хавфсизликни таъминлаш чоралари кўрилади. Бунда, қўлланилаётган хавфсизлик чоралари ҳимоя қилинувчи ва бошқа шахсларнинг уй-жойга, меҳнатга, пенсияга оид ва бошқа ҳуқуқларини чекламаслиги керак.

2. Иқтисодий жиноятларга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун Президент томонидан имзоланди.

Қонун билан Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, валюта қимматликларини миқдоридан қатъи назар қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиши шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Илгари фақат анча миқдорда (энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача) ушбу ҳаракатларни амалга ошириш жиноят деб топилган.

3. Таълим сифатини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.

Олий таълим муассасалари фаолиятини ўрганиш ҳамда ушбу муассасаларда кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш юзасидан ҳар чоракда Президент Администрациясига таклифлар киритиб боришга масъул бўлган Давлат инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозими жорий этилди.

2019 йил 1 июнгача таълим сифатини таъминловчи ахборот тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.

4. Ёғ-мой тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ва соҳани бошқаришда бозор механизмларини жорий этиш тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.

Қарор билан Ёғ-мой саноати корхоналари уюшмаси ташкил этилди.

“Ўзёғмойсаноат” уюшмасининг асосий вазифаси ёғ-мой хом ашёларини қайта ишлаш ва ёғ-мой саноатини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ҳисобланади.

Шунингдек, ёғ-мой саноати тармоғи кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича илмий-амалий марказ ташкил этилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Давлат рақобат қўмитаси ҳамда “Давлат активларини бошқариш маркази” ДУКнинг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилди.

Агентлик ўз ваколатларини мустақил равишда олиб боради ҳамда ўз фаолиятида бевосита Бош вазир ва Президентга бўйсунади ва ҳисобот беради.

6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўп бўлган юридик шахслар ҳар йили 1 декабргача келгуси йилда жорий хўжалик фаолияти учун моддий-техник ресурслар рўйхатини давлат харидлари сайтида мажбурий эълон қилади.

2020 йил 1 январдан давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш учун жавобгарлик боршқарув органларига юкланади ҳамда давлат харидлари бўйича топшириқлар ва импорт контрактлари “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази”да экспертизадан ўтказилмайди.

7. Иқтисодий ривожланиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, Иқтисодиёт вазирлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги этиб қайта ташкил этилди.

Хусусий тадбиркорликни рағбатлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва “хуфёна” иқтисодиётни қисқартириш вазирликнинг асосий вазифаси этиб белгиланди.

8. Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, 2019 йил 1 мартдан Жиззах вилоятида “Илғор ҳудуд” синов лойиҳаси амалга оширилади.

Лойиҳада қуйидагилар назарда тутилади:

ҳудуд аҳолисининг яшаш шароитларини яхшилаш ва даромадларини ошириш;

“Бир қишлоқ – битта маҳсулот” тамойили бўйича талаб юқори бўлган товарларни ишлаб чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш;

Жиззах вилоятида ишлаб чиқариладиган маҳсулот ва хизматларнинг рақобатдошлигини ошириш.

9. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди

Фармон билан умумий қиймати 16,9 триллион сўм ва 8,1 миллиард АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” давлат дастури тасдиқланди.

10. Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармон билан қуйидагилар ташкил этилди:

Давлат активларини бошқариш агентлиги;

Монополияга қарши курашиш қўмитаси;

Капитал бозорни ривожлантириш агентлиги;

Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси.

Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази Савдо-саноат палатасига берилди.

11. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди. 

Фармонга мувофиқ, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг вазифа ва функциялари рақамли иқтисодиёт ва сифатли лойиҳа бошқарувини устувор ривожлантиришни ҳисобга олган ҳолда оптималлаштирилди. 

Агентлик қошида Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази ДУК ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгиланди. 

Фармон билан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази давлат муассасаси тугатилди.

12. Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармон билан мамлакатда урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгиланди.

Фармонга мувофиқ, 2019 йил 1 июлдан:

юридик шахслар бино ва иншоотлари, саноат инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқига эга;

хусусийлаштириш фақатгина кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлган ҳолда ҳамда Ҳукумат томонидан белгиланадиган миқдорларда пуллик асосда амалга оширилади.

13. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаби фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан Миллий гвардиянинг Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабига ўқувчи-спортчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом ҳамда ушбу спорт мактаби ўқувчилари учун зарур анжомлар, спорт экипировкаси ва формали кийим-бош билан таъминлаш нормативлари тасдиқланди.

Қарор билан тасдиқланган низомга кўра, спорт мактабида ўқувчи-спортчиларнинг контингенти, уларнинг вазн тоифаларини ҳисобга олган ҳолда,60 нафардан иборат бўлади ҳамда таълим олиш муддати ўқувчи-спортчи Ўзбекистон терма жамоасининг асосий (ёки захира) таркибида бўлган давр мобайнида давом этади.

14. Ҳукумат қарори билан Билет операцияларининг ягона электрон тизими тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 январгача Билет операциялари ягона электрон тизими яратилади.

Мазкур тизимда маданият ва санъат соҳасидаги, шу жумладан кинотеатрлар, театрлар, тадбирларнинг билетлари электрон сотилади.

15. Ҳукумат қарори билан Судьялар ва уларнинг оила аъзолари пенсия таъминоти шартлари, меъёрлари ҳамда тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, пенсия таъминоти Конституциявий суд, Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти томонидан амалга оширилади.

Пенсия тайинлашни сўраб пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб исталган вақтда, бирор муддат билан чекланмаган ҳолда мурожаат этиш мумкин.