Янгиликлар
“Энг яхши корпоратив юридик хизмат” республика танловида иштирок этинг!
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг “Энг яхши корпоратив юридик хизмат” республика танловини ўтказиш тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинди.
Ушбу буйруққа асосан “Энг яхши корпоратив юридик хизмат” республика танлови ғолиблари “Tashkent Law Spring” халқаро юридик форумида тақдирланиши белгиланган бўлиб танлов ғолиблари Адлия вазирлиги томонидан:
биринчи ўринни эгаллаган танлов ғолибига – белгиланган намунадаги сертификат, 10 миллион сўм пул маблағлари ва эсдалик совға билан;
иккинчи ўринни эгаллаган танлов иштирокчиси – белгиланган намунадаги сертификат, 5 миллион сўм пул маблағлари ва эсдалик совға билан;
учинчи ўринни эгаллаган танлов иштирокчиси – белгиланган намунадаги сертификат, 3 миллион сўм пул маблағлари ва эсдалик совға билан тақдирланадилар.
Танловда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча тижорат ташкилотларининг олий юридик маълумотга эга бўлган юридик хизмат ходимлари иштирок этишлари мумкинлиги кўрсатилган.
Танловда иштирок этиш истагини билдирган юридик хизматлар ташкилот ва юридик хизмат ходимлари тўғрисидаги маълумотларни иловага мувофиқ белгиланган намунадаги анкетани тўлдирган ҳолда yurist@adliya.uz электрон почтасига юборишлари ёки вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилишлари мумкинлиги маълум қилинади.
“Энг яхши корпоратив юридик хизмат” республика танловини ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Мазкур Низом “Энг яхши корпоратив юридик хизмат” республика танловини (кейинги ўринларда танлов деб аталади) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.
2. Танловнинг ташкилий масалаларини ҳал қилишга масъул Адлия вазирлиги Юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси (кейинги ўринларда Ишчи орган) ҳисобланади.
3. Ҳакамлар ҳайъати таркиби 14 нафар аъзодан иборат бўлиб адлия вазири томонидан тасдиқланади. Бунда ҳакамлар ҳайъати таркибига адлия органлари ходимлари, юридик хизмат ходимлари, фуқаролик жамиятини шакллантириш институтлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари ҳам киритилиши мумкин. Ҳакамлар ҳайъати аъзоларнинг камида ярми иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.
Танловнинг мақсади юридик хизматнинг ташкилотдаги ўрнини кўрсатиш орқали республикадаги бошқа ташкилотларда профессионал юристлар жамоасини яратишга бўлган фикрни шакллантиришдан иборат.
2-боб. Танловни ўтказиш босқичлари ва муддатлари.
4. Танловни ўтказиш босқичларига қуйидагилар киради:
танлов иштирокчиларидан мазкур Низом иловасига мувофиқ белгиланган намунадаги анкеталарни қабул қилиш ва тўплаш;
тўпланган анкеталарни таҳлил қилиш ва натижасига кўра энг яхши 7 та юридик хизматни аниқлаш;
энг яхши 7 та юридик хизмат билан анкетада кўрсатилган маълумотлар ҳақида суҳбат ўтказиш;
суҳбат натижаларига кўра энг яхши юридик хизматни аниқлаш;
танлов натижаларини эълон қилиш.
5. Танлов иштирокчиларидан ҳужжатларни қабул қилиш 2019 йилнинг 15 январидан 15 февраль кунига қадар давом этади.
2019 йилнинг 20 февралидан 30 март кунига қадар танлов иштирокчиларининг ҳужжатлари кўриб чиқилиб ғолиблар аниқланади.
3-боб. Танлов иштирокчилари.
6. Танлов иштирокчилар сонига кўра очиқ бўлиб, танловда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар барча тижорат ташкилотларининг юридик хизматлари иштирок этишлари мумкин.
7. Танловда олий юридик маълумотга эга бўлган, иш стажи ва лавозимидан қатъи назар юридик хизмат ходимлари иштирок этишларига йўл қўйилади.
8. Танлов ўтказилиши тўғрисида Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида, шунингдек, “Telegram” ижтимоий тармоғидаги “Huquqiy axborot” каналида, “Facebook” ижтимоий тармоғида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълонлар берилади.
9. Танловда иштирок этиш истагини билдирган юридик хизматлар ташкилот ва юридик хизмат ходимлари тўғрисидаги маълумотларни мазкур Низом иловасига мувофиқ белгиланган намунадаги анкетани тўлдирган ҳолда yurist@adliya.uz электрон почтасига юборадилар.
Бунда танлов иштирокчилари томонидан юқорида кўрсатилган электрон почтага ўзлари ҳақидаги маълумотларнинг юборилиши мазкур маълумотлар босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқларда ошкор этилишига розиликларини билдиради.
10. Ишчи орган томонидан танлов иштирокчилари рўйхати шакллантирилади.
4-боб. Танловни ўтказиш ва унинг натижаларини баҳолаш тартиби
11. Танловни ўтказишда якунланган йил давомида юридик хизматлар томонидан амалга оширилган ишлар ҳисобга олинади.
12. Танловда иштирокчилар томонидан йил давомида амалга оширилган ишлар, шу жумладан бошқа аксарият юридик хизматлар томонидан хали жорий этилмаган анкетада кўрсатилган 10 та йўналишдаги ижобий амалиётлар инобатга олинади.
13. Танлов иштирокчилари анкетада кўрсатиб ўтилган 10 та йўналишнинг ҳар бири бўйича амалга оширилган ишларни yurist@adliya.uz электрон почтасига юборадилар.
14. Танлов иштирокчилари томонидан амалга оширилган ишларни баҳолаш ҳар бир йўналиш бўйича 10 – баллдан жами – 100 баллгача баҳоланади.
15. Ҳакамлар ҳайъати томонидан энг юқори балл тўплаган 7 та юридик хизмат кейинги босқичга ўтказилади.
16. Кейинги босқичга ўтган юридик хизмат раҳбарлари ҳакамлар ҳайъати томонидан суҳбатдан ўтказилиб энг яхши 3 та юридик хизмат аниқланади. Бунда 2 ва 3-ўринларга бир вақтнинг ўзида бир нечта юридик хизмат лойиқ топилиши мумкин.
17. Танлов натижаларини баҳолаш ва ғолибни аниқлаш баённома билан расмийлаштирилади. Бунда баённомани расмийлаштиришга Ишчи орган масъул бўлиб ҳисобланади. Баённома ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан имзоланади.
18. Танлов ғолиблари “Tashkent Law Spring” халқаро юридик форумида тақдирланадилар.
19. Танлов якунига кўра танлов ғолиблари Адлия вазирлиги томонидан:
биринчи ўринни эгаллаган танлов ғолибига – белгиланган намунадаги сертификат, 10 миллион сўм пул маблағлари ва эсдалик совға билан;
иккинчи ўринни эгаллаган танлов иштирокчиси – белгиланган намунадаги сертификат, 5 миллион сўм пул маблағлари ва эсдалик совға билан;
учинчи ўринни эгаллаган танлов иштирокчиси – белгиланган намунадаги сертификат, 3 миллион сўм пул маблағлари ва эсдалик совға билан тақдирланадилар.
5-боб. Якуний қоидалар
20. Танлов натижалари ва унинг ғолиблари ҳақидаги маълумот босма
ва электрон оммавий ахборот воситаларида ҳамда Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида, шунингдек, “Telegram” ижтимоий тармоғидаги “Huquqiy axborot” каналида эълон қилинишига йўл қўйилади.
Танлов ғолиби фаолияти ҳақида видео ролик ишлаб чиқилиши мумкин.
21. Танлов иштирокчилари томонидан танловда иштирок этиш учун тақдим этилган материаллар бўйича изоҳ ёки шарҳ берилмайди ва улар эгаларига қайтарилмайди.
22. Танловни ўтказиш ва ғолибларни тақдирлаш билан боғлиқ барча харажатлар ҳамкор ташкилотлар ҳамда ҳомийларнинг маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда қопланади.
“Энг яхши корпоратив юридик хизмат” республика танловини ўтказиш
тартиби тўғрисида низомга
илова
“Энг яхши корпоратив юридик хизмат” республика танлови иштирокчисининг
АНКЕТАСИ
1. Ташкилот номи ________________________________
2. Юридик хизматнинг номи (Юридик департамент, бошқарма, бўлим ...) ___
3. Юридик хизмат ходимларининг сони ______
4. Юридик хизмат раҳбарининг:
Фамилияси ________________________________
Исми _____________________________________
Отасининг исми ____________________________
Телефон рақами ____________________________
5. Ташкилот манзили __________________________
6. Ташкилот телефон рақами ___________________
Юридик хизмат томонидан жорий этилган ижобий амалиёт ва эришилган ютуқлар:
1) Юридик хизматнинг ташкилий тузилмаси ҳақида маълумот;
__________________________________________________________________
__________________________________________________________________
2) Юридик хизмат қандай тор ихтисосликларга бўлинганлиги ва ташкилот фаолиятини қанчалик қамраб олганлиги ҳақида маълумот;
__________________________________________________________________
__________________________________________________________________
3) Ташкилот тўғри ривожланиши учун юридик хизмат томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот;
__________________________________________________________________
__________________________________________________________________
4) Бизнес бошқарувини оптималлаштириш ва хавф-хатарларни олдини олиш юзасидан юридик хизмат томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот;
__________________________________________________________________
__________________________________________________________________
5) Низоларни судгача ҳал этиш юзасидан юридик хизмат томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот;
__________________________________________________________________
__________________________________________________________________
6) Судларга даъво аризаларини киритиш ва иштирок этиш юзасидан юридик хизмат томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот;
__________________________________________________________________
__________________________________________________________________
7) Шартномаларни экспертизадан ўтказиш ва контрагентларни ўрганиш юзасидан юридик хизмат томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот;
__________________________________________________________________
__________________________________________________________________
8) Ҳуқуқни қўллаш жараёнида қонунчиликдаги муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан юридик хизмат томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот;
__________________________________________________________________
__________________________________________________________________
9) Халқаро муносабатларда ташкилотни ҳуқуқий таъминлаш юзасидан юридик хизмат томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот;
__________________________________________________________________
__________________________________________________________________
10) Юридик хизмат томонидан жорий этилган ижобий амалиёт ва эришилган ютуқлар ҳақида маълумот;
__________________________________________________________________
__________________________________________________________________
*Ушбу анкета эркин тарзда тўлдирилади ҳамда унга тасдиқловчи ҳужжатлар (мавжуд бўлса) илова қилинади.
** Анкетада кўрсатилган маълумотлар иловаларни ҳисобга олмаганда 10 варақдан ошмаслиги лозим.
*** Анкетани тўлдирган шахслар мазкур маълумотларни босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқларда ошкор этилишига розиликларини билдиради.
______________________ _________ _________
(Юридик хизмат раҳбарининг (Имзо) (Тўлдирилган сана)
Ф.И.О.)