Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

08

Ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари


1. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисидаги Қонун Президент томонидан имзоланди.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари қуйидагича тузилади:
Ўзбекистон номидан – давлатлараро шартномалар;
Ҳукумат номидан – ҳукуматлараро шартномалар;
Адлия вазирлиги халқаро шартнома лойиҳаси қонун ҳужжатларига мувофиқлиги борасида ҳуқуқий экспертизадан ўтказади.
Ўзбекистон номидан халқаро шартнома тузиш тўғрисидаги таклиф Президентга Ташқи ишлар вазирлиги томонидан киритилади. 
2. Банкротлик таомилларини янада соддалаштириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 июлдан:
қарзни ундириш имкони бўлмаганлиги туфайли ижро ҳужжати қайтарилган ҳолларда солиқ органлари 30 кундан кечиктирмасдан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилади;
банкротлик тўғрисидаги иш юридик шахснинг қарзи 60 млн сўмдан ошганда (илгари қарз 100 млндан кўп бўлиши лозим эди), якка тартибдаги тадбиркорнинг қарзи эса 4 млн сўмдан (илгари 6 млн сўмдан кўп) ошган ҳоллардагина қўзғатилади;
тугатишга доир иш юритиш муддати тўққиз ойдан ошмайди (илгари бу муддат бир йил бўлган);
банкрот бўлганларнинг мол-мулки “E-IJRO AUKSION”да электрон онлайн-аукцион орқали сотилади.
3. Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.
Қарор билан:
Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш бўйича “Йўл харитаси”;
2022 йилга келиб республиканинг 20-ўринга эришишини назарда тутувчи Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикаси рейтингини яхшилашнинг “Бизнес юритишни яхшилаш – 2022” мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
4. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди
Қарорга мувофиқ, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи ҳамда оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.
Қарор билан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тўғрисидаги низом, шунингдек 2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантириш дастури тасдиқланди.
5. Соғлиқни сақлаш тизими ислоҳотларига илғор хорижий тажрибани жорий этишга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.
Қарор билан соғлиқни сақлаш соҳасига илғор хорижий тажрибани жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш ва ислоҳотларни эксперт жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари лавозими жорий этилди.
Мазкур лавозимга соғлиқни сақлаш соҳасидаги юқори малакали хорижий мутахассис жалб этилади ҳамда у Президент томонидан тайинланади.
6. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш ҳамда узумчилик ва виночиликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ:
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги;
Молия вазирлиги ҳузурида Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ташкил этилди.
7. Ўзбекистон Республикаси ёқилғи-энергетика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди.
Фармон билан ёқилғи-энергетика тармоғини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланди ҳамда Энергетика вазирлиги ташкил этилди.
Вазирликнинг асосий вазифаси ёқилғи-энергетика тармоғида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш ҳисобланади.
8. Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистонда 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилади.
2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссияси тузилди.
Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш комиссиянинг асосий вазифаси ҳисобланади.
9. Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди
Фармон билан Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги  ташкил этилди.
Вазирлик автомобиль, темир йўл, ҳаво, дарё транспортлари, метрополитен, шунингдек, йўл хўжалигини ривожлантириш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича давлат бошқаруви органи ҳисобланади.
10. Ҳукумат қарори билан Ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришни давлат ижтимоий гранти асосида молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. 
Ҳамкорликдаги фильмни ишлаб чиқаришни молиялаштириш учун ариза берувчи тегишли ҳужжатларни “Ўзбекккино” Миллий агентлигига тақдим этади.
Ариза берувчи ушбу ҳужжатларни Агентликка бевосита бериши ёки почта орқали ёхуд электрон шаклда юбориши мумкин. 
Низомда, шунингдек ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришни молиялаштириш рад этиладиган ҳолатлар ҳам белгиланган.
11. Фуқароларнинг пенсияларни ҳисоблаш учун зарур бўлган ҳисобланган иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишни жорий этиш чора-тадбирлари ҳақидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, фуқароларнинг пенсияларини ҳисоблаш учун зарур бўлган ҳисобланган иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритиш махсус марказлаштирилган электрон реестр базаси асосида ташкил этилади. Яъни, мазкур электрон база ишга тушгандан кейин пенсияга чиқаётган шахс иш ҳақи ҳақидаги турли маълумотномаларни Пенсия жамғармасига топширишига ҳожат қолмайди.
Бундан ташқари, 2019 йил 1 мартдан бошлаб фуқароларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фуқароларнинг ҳисобланган иш ҳақи суммалари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш бўйича интерактив хизмати жорий этилади.
12. Давлат таълим муассасаларининг спорт иншоотларида пуллик хизмат кўрсатувчи спорт тўгараклари ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 февралдан бошлаб:
жисмоний тарбия соатларидан бўш вақтларида спорт иншоотларида тренерлар томонидан аҳолига, шу жумладан, ўқувчи-ёшлар ва талабаларга кўрсатиладиган жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт хизматлари пуллик асосда амалга оширилади;
давлат таълим муассасаларининг спорт иншоотларида тренерлар томонидан кўрсатилагн пуллик хизматлар учун тушган тўловнинг 20 фоизи коммунал хизматлар харажатларига йўналтирилади, қолган қисми давлат таълим муассасаси ва тренерлар ўртасида тенг миқдорда тақсимланади.
13. Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарор билан кўп квартирали уйларни бошқариш тизимига “Обод уй” электрон дастурини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Мазкур чора-тадбирлар режасига мувофиқ 2019 йил 1 майга қадар “Обод уй” электрон дастури ва унинг мобил иловаси жорий этилади.