Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

19

Юртимизда транспорт-логистикаси марказларига яратилган имкониятлар ҳамда улардан кутилаётган самарадорлик сарҳисоби


   Ҳозирги вақтда Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда маҳаллий маҳсулотни сотиш бозорларини кенгайтириш зарурияти ташқи савдо йўналишларини диверсификациялаш учун қулай шарт-шароитлар яратишни, Ўзбекистон Республикасининг экспорт маҳсулоти истиқболли халқаро бозорларга чиқишини таъминлайдиган максимал даражада самарали, муқобил транзит йўлакларини шакллантиришни тақазо қилмоқда. 
Айни пайтда республикамизнинг 10 минтақасида ташкил этилган 14 та эркин иқтисодий зоналарда юзага келадиган божхона, транспорт – экспедиторлик, омборхона ва информацион логистика соҳасида тўлиқ комплекс хизматларини кўрсатишга оид юзага келаётган талабларга нисбатан мутаносиб равишда транспорт-логистика марказлари (таклиф) ташкил этилмаган. Юртимизда фақат 5 та яъни “Навоий” халқаро интермодаль логистик маркази, “Ангрен”, “Тошкент”, “Термиз” ва “Поп” халқаро логистика марказлари ташкил этилиб, фаолият юритиб келмоқда. 
Юртимизда транспорт-логистика соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базаси яратилди. Жумладан, 6 та қонун, 7 та Ўзбекистон Респбликаси Президенти фармон ва қарорлари, 13 та Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва 9 тадан ортиқ халқаро конвенциялар қабул қилинган.
Ташқи савдо транспорт йўлакларини янада диверсификациялаш учун қўшимча қулай шарт-шароитларни яратиш, мамлакатимизнинг транзит салоҳиятини ошириш, шунингдек, маҳаллий транспорт-логистика компанияларини ривожлантириш ҳамда уларнинг ташқи ва ички бозорлардаги рақобатдошлигини юксалтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.12.2017 йилда “2018 — 2022 йилларда транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва юк ташишнинг ташқи савдо йўналишларини диверсификациялаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3422-сонли қарори қабул қилинган.
Ушбу қарорга асосан автомобилларда халқаро юк ташишни амалга ошираётган миллий автотранспорт корхоналари ва транспорт-логистика компанияларини ривожлантириш мақсадида уларга 2022 йилнинг 1 январига кадар бир қатор имтиёзлар тақдим этилган.
Бироқ, соҳада ўтказилган таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки, транспорт-логистика марказлари фаолиятини етарлича тўғри йўлга қўйиш ва соҳа фаолиятини тўлиқ қамраб оладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар баъзаси шакллантирилмаган.
Шунингдек, транспорт-логистика марказлари фаолиятини ислоҳ қилиш учун учун бир қатор муҳим ишларин амалга ошириш лозим.
Биринчидан, транспорт-логистикаси соҳасида “аниқ вақт” ва “эшикдан эшиккача” принцип асосида ишловчи, божхона, транспорт – экспедиторлик, омборхона ва информацион логистика соҳасида тўлиқ комплекс хизматларини кўрсатиш имкониятларига эга транспорт-логистика марказларини ташкил этишнинг аниқ ҳуқуқий механизми ва фаолиятни тўғридан тўғри тартибга солувчи қонун ёки қонуности ҳужжатларнинг ягона баъзаси шакллантириш;
Иккинчидан,  ҳозирги вақтда республикамиздаги транспорт-логистика соҳасидаги тарифларини пасайтириш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2017 йил 6 декабрь куни “Навоий” халқаро интермодал логистика маркази фаолиятини такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилишда,  логистика марказ йилига 100 минг тонна юк ўтказиш қувватининг 20 фоизидан ҳам камроғи ишга солинганлиги, ўтган саккиз йил давомида ушбу аэропорт орқали 300 минг тонна юк ташилганлиги қаттиқ танқид қилинган. “Навоий” логистика маркази фаолиятида юзага келаётган қатор тизимли муаммолардан бири яъни ҳаво транспортида юк ташишни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган асосий омиллардан бири бу тарифларнинг юқорилигидадир.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 11 январдаги 11-сон қарори билан тасдиқланган “Хорижий давлатлар оғир юкли ва катта ҳажмли транспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб юриши учун тўловлар тўғрисида”ги низомга асосан оғир юкли ва катта ҳажмли транспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикасининг умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйлаб юриб ўтганлиги учун транспорт воситасининг оғирлигидан келиб чиққан ҳолда ҳар км йўл босганлиги учун  00,4 АҚШ долларидан  2  АҚШ долларигача пул маблағи тўлаши белгиланган.
Хорижий давлатларда  халқаро юк ташувчиларнинг транзити учун бир қатор имтиёзлар берилган. Жумладан, Сингапур давлатида халқаро юк ташувчилар уч кун муддат ичида юкни божхона ҳудудидан олиб ўтганлиги учун тўлов ундирилмаслиги белгиланган. Агар уч  кундан ортиқ вақт давомида юкни божхона ҳудудидан олиб ўтилса, ҳар бир кун учун 12 АҚШ долларида тўлов амалга ошириши белгиланган.
Худди шу каби ҳолатлар Италия давлатида уч кундан кейин ҳар бир кун учун 20 АҚШ доллари, Германияда беш кундан кейин ҳар бир кун учун 47 АҚШ доллари, Франсияда беш кундан кейин ҳар бир кун учун 29 АҚШ доллари ҳамда Туркия давлатида ҳар бир кун учун 8 АҚШ долларида тўлов амалга оширилиши белигланган.
Европа ва Америка давлатлари тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ташқи савдо транспорт йўлакларини янада диверсификациялаш учун қўшимча қулай шарт-шароитларни яратишда, мамлакатнинг транзит салоҳиятини ошириш, шунингдек, маҳаллий хизмат кўрсатувчи компанияларини ривожлантириш ҳамда уларнинг ташқи ва ички бозорлардаги рақобатдошлигини юксалтиришда транспорт-логистика марказлари муҳим ўрни тутмоқда. Хусусан, Голландия давлатида транспорт комплекси хизматидан келадиган умумий фойданинг 40 фоизи транспорт логистика марказлари ҳисобига тўғри келмоқда. Ушбу кўрсаткич Францияда 31 фоизни, Германияда 25 фоизни, Марказий ва шарқий Европа давлатларида ўртача 30 фоизни ташкил этмоқда.
Бирлашган Араб Амирликларидаги “Дубай” халқаро аэропортида йилига 3 миллион тоннагача юк ўтказилиб, 26 миллиард долларга яқин даромад топилмоқда.
Учинчидан, республикамизда халқаро транспорт-логистика марказларни ташкил этишда хусусий секторларнинг улушини кескин ошириш.
Биргина Бирлашган Араб Амирликларидаги “Дубай” халқаро аэропортида жойлашган логистика маркази орқали  йилига 3 миллион тоннагача юк ўтказилиб, 26 миллиард долларга яқин даромад топмоқда.
Агарда транспорт-логистика марказларини ташкил этишда тўлиқ хусусий сектор вакилларнинг улуши ва роли оширилмас экан, ушбу соҳада ривожланиш ва рақобат муҳити шаклланмайди.
 Тўртинчидан, транспорт-логистика марказлари фаолиятини мувофиқлаштириб турувчи идоравий тузилмани яратиш лозим.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2017 йил 6 декабрь куни “Навоий” халқаро интермодал логистика маркази фаолиятини такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилишда ҳам транспорт компаниялари томонидан мувофиқлаштириш ишлари таъминланмагани сабабли “Навоий” халқаро интермодал логистика марказида ташиш ишлари ривожланмай қолганлиги таъкидланган.
Латвия давлатида транспорт-логистика соҳасида халқаро ва маҳаллий логистика корхоналари икки ассоциацияга бирлаштирилган. Жумладан, Латвия юк экспедиторлик ва логистика ассоциацияси ҳамда Латвия логистика ассоциациялари бутун мамлакатдаги барча логистика корхоналари фаолиятини ўз ичига қамраб олади.
Хусусан, Латвия юк экспедитори ва логистика ассоциацияси, 1994 йил 15 августда ташкил этилган бўлиб, ушбу бирлашма Латвиядаги юк экспедиторлари ва божхона омборларини бирлаштириб, уларнинг маҳаллий ва халқаро миқёсида манфаатларини ҳимоя қилишга асосланган.
Мазкур бирлашма “Халқаро юк экспедиторлик ассоциацияси федерацияси” (FIATA),  “Халқаро логистика ва омборхона ассоциацияси федерацияси” (IFWLA) аъзоси ҳисобланади. Ушбу ҳолатда Латвия транспорт-логистика тармоқлари халқаро тармоқлар ва бирлашмалар билан ўзаро интеграциялашганлигини кўриш мумкин.
Бешинчидан, юртимизда транспорт-логистика тармоқларини (марказлар) ривожлантиришга хусусий секторларни (аутсорсинг) ҳамда халқаро компанияларни жалб этиш учун миллий қонунчилигимизда транспорт-логистикаси соҳасидаги жозибадорлик даражасини ошириш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.12.2017 йилда “2018 — 2022 йилларда транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва юк ташишнинг ташқи савдо йўналишларини диверсификациялаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3422-сонли қарори қабул қилинган.
Ушбу қарорига асосан автомобилларда халқаро юк ташишни амалга ошираётган миллий автотранспорт корхоналари ва транспорт-логистика компанияларини ривожлантириш мақсадида уларга 2022 йилнинг 1 январига қадар бир қатор имтиёзлар тақдим этилган. Хусусан: қўшилган қиймат солиғи, мулк солиғи ҳамда ер солиғи тўлашдан озод қилиши, бунда бўшаган маблағлар ўзининг автотранспорт воситалари паркини кенгайтиришга, ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялашга, замонавий омборхона терминаллари барпо этишга ва банк кредитларини тўлашга йўналтирилиши;
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, транспорт-логистика хизматлари кўрсатишга мўлжалланган, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган омборхона ускуналари, юк ортиш-тушириш техникаси, агрегатлар, эҳтиёт қисмлар ва бошқа товарлар учун божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод қилинган.
Шунингдек, халқаро йўналишларда юк ташиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган автотранспорт корхоналарига шаҳарлараро йўналишларда юк ташишни амалга ошириш ҳуқуқи берилган.
Бундан ташқари, ишлаб чиқарилганига 3 йилдан кўп вақт ўтмаган юкларни, шунингдек, бошқа товарларни ташиш ва омборларда жойлаштириш, транспорт-логистика хизматлари кўрсатиш учун мўлжалланган транспорт воситалари, махсус техникани сотиб олишга имтиёзли даври 1 йилгача бўлган, фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлмаган кредитлар ажратиш ҳамда ишлаб чиқарилганига 3 йилдан кўп вақт ўтмаган юкларни ташиш ва омборларда жойлаштириш учун кредитга сотиб олинаётган транспорт воситалари ва махсус техника шартномада кўрсатилган 100 фоизли қиймати бўйича ушбу кредитнинг гаров таъминоти сифатида тижорат банклари томонидан қабул қилиниши мумкинлиги белгиланди.
Бу билан транспорт-логистика тармоқларини (марказлар) ривожлантиришга хусусий секторларни (аутсорсинг) ҳамда халқаро компанияларни жалб этиш учун қонунчиликдаги  жозибадорлик етарли даражада эмас.
Хорижий давлатлар Латвия, Россия, Беларусия ва Туркиянинг транспорт-логистика соҳасини ривожлантиришда тақдим этилган имтиёзлари соҳасида илғор тажрибалари ўрганилди.
Латвияда Европа иттифоқи давлатларидан импорт қилувчи логистик корхоналарга бир қатор қуйидаги имтиёзлар татбиқ этилган:
Биринчи, юк ташувчилар учун вақтни тежаш мақсадида олиб ўтиладиган товарлар учун юк хатини тўлдириш ва тақдим этиш тартиби бекор қилинган.
Иккинчидан,  импорт қилинадиган товарлар учун қўшимча қиймат солиғини тўлашни кечиктириш божхона режими жорий қилинган. Бу ҳолатда юк ташувчи импорт қилинадиган товарлар учун қўшимча қиймат солиғи тўламасдан сотиш ҳуқуқини беради.
Учинчидан, божхона омборига товарлар жойлаштиришда божхона кафиллик тартиби бекор қилинган.
Бироқ, бизнинг солиқ қонунчилигимиз бўйича - Солиқ кодекснинг   197-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан амалга оширилаётган солиқ солинадиган оборотлар ва товарларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилувчи юридик ва жисмоний шахслар қўшилган қиймат солиғи тўловчилар ҳисобланиши белгиланган.
Транспорт-логистикаси соҳасини ривожлантириш учун биринчи навбатда солиққа тортиш юкини либераллаштириш лозим.
Олтинчидан, республикамизда транспорт-экспедиторлик хизматларини кўп  томонлама ривожлантириш лозим.
Қонунчилигимизда маҳаллий ва халқаро тарзда юкларни ташишнинг ҳуқуқий баъзаси яратилган ва имтиёзлар берилган бўлса-да, интермодал логистика марказлари ва турли хизмат кўринишдаги терминалларнинг инфратузилмалари ривожланмаганлиги сабабли транспорт-экспедиторлик хизмати бир томонлама ривожланиб, интермодал логистика марказлари ва терминалларнинг иқтисодиётимизда ўзнинг мустаҳкам ўрнини топмаган.
Хусусан, “Навоий” халқаро интермодал логистика марказининг инфратузилма талаб даражасида ривожлантирилмаганлиги сабабли,  хорижий юк ташувчи субъектлар ва маҳаллий импортчилар ҳам ўз юкларини “Навоий” логистика маркази хизматларидан фойдаланиш ва юкларни қабул қилиб олишга қизиқиши деярли мавжуд эмас. Шу сабабли “Навоий” логистика маркази йилига 100 минг тонна юкни қабул қилиш ва жунатиш имкониятига мўлжалланган бўлса-да, охирги 8 йил давомида жами 300 минг тонна юк жўнатилган холос.
 Ваҳоланки, халқаро юк ташувчиларга бир қатор имкониятлар яратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил      1 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзитни амалга ошириш жараёнларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5366-сонли фармонига асосан 2018 йилнинг 1 мартидан бошлаб автомобиль ва темир йўл транспорти орқали алкоголь ва тамаки маҳсулотларини Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит йўли билан олиб ўтиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси рухсатномасини бериш тартиби шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини автомобиль ва темир йўл транспорти орқали транзит олиб ўтишда Ўзбекистон Республикаси божхона органлари депозит ҳисобрақамига юк ташувчи томонидан божхона тўловлари тўланганининг пуллик таъминоти суммасини киритиш тартиби бекор қилинди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, транспорт-локистика соҳасини ривожлантириш учун энг аввало логистика экпедиторлик хизматларини ҳамда мултимодал логистика марказларини ривожлантириш орқали ташқи савдо йўналишларини диверсификациялашга эришиш мумкин.


Самарқанд вилоят адлия бошқармаси
Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш
амалиётини ўрганиш бўлими бош маслаҳатчиси
Азимов Шаҳруз Салимович