Янгиликлар
Ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари
1. Ўзбекистон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент қарори қабул қилинди.
Қарор билан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига республикада чўлланишнинг олдини олиш, ўрмонларни қайта тиклаш ва иҳота ўрмонларини кўпайтириш чора-тадбирларини амалга оширишга оид қўшимча функциялар юкланди.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси марказий аппарати тузилмасида Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бошқармаси ташкил этилди.
2. Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ўрнини мониторинг қилиш ва баҳолаш миллий тизими яратилади.
Бошқарув сифати ва сиёсатнинг самарадорлигини ўлчаш, мамлакатда юз бераётган ўзгаришлар жараёнини баҳолаш Миллий мониторинг тизимининг таркибий қисми ҳисобланади.
Миллий мониторинг тизимини ташкил этишнинг дастлабки босқичи сифатида тадқиқот институтларига халқаро рейтинглар бириктирилди.
Уларга халқаро рейтингларнинг методологик ва бошқа таркибий қисмларини аниқлаш, уларни амалдаги қонунчиликка имплементация қилиш, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги паст кўрсаткичларига сабаб бўлаётган асосий омилларни аниқлаш вазифаси юкланди.
Давлат хизматларининг сифатини яхшилаш мақсадида “давлат хизматларининг сирли мижози” институти жорий этилади.
2019 йил 1 апрелгача Интернет тармоғида “Ўзбекистон Республикаси халқаро рейтингларда” ягона портали яратилади.
Мазкур порталда халқаро рейтинглар бўйича йиллик ҳисоботлар, шунингдек, ҳисоботларни ўрганиш ва эълон қилиш муддатларини кўрсатган ҳолда тегишли йўналишлар бўйича ишлар аҳволини яхшилашга қаратилган халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг тавсиялари ёритилиб борилади.
3. Социологик тадқиқотлар ўтказишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди.
Фармон билан “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази этиб қайта номланиб, ҳар бир соҳа бўйича асосий вазифалари белгиланди.
Марказ томонидан ўтказилган социологик сўров натижалари Ҳукумат ва унинг Раёсати мажлисларида мунтазам муҳокама қилинади.
Марказда аҳоли ўртасида блиц-сўров ўтказиш учун call-марказ ташкил этилади.
2019/2020 ўқув йилидан тегишли олий таълим муассасаларида социология ва социологик тадқиқотлар кафедралари очилади.
Ўзбекистон социологлари ассоциацияси ташкил этилади.
4. Тошкент шаҳрида онлайн назорат-касса машиналарини қўллаш бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳрида онлайн назорат-касса машиналари (НКМ) тажриба лойиҳаси ишга туширилади.
Мазкур лойиҳа доирасида маҳсулотларни сотилган вақти ва жойини кўрсатган ҳолда маълумотларни солиқ органларига онлайн узатишни таъминловчи назорат-касса машиналари орқали тушумларни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини қўллаш режалаштирилмоқда.
5. Ҳукумат қарори билан Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, олтин медаль мактабларнинг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси бўлган, 10 ва 11-синфларда ёки академик лицейларнинг барча курсларида якуний, чораклик ва йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали битирувчиларга берилади.
Кумуш медаль мактабларнинг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси бўлган, 10 ва 11-синфларда ёки академик лицейларнинг барча курсларида йиллик баҳолари аъло бўлган намунали битирувчиларга берилади.
Намунали хулқ-атворга эга ҳамда жамоат ишларида фаол битирувчилар рўйхати ўқув йилининг якунида Педагогик кенгашга киритилади.
Педагогик кенгаш ҳар йили 14 июнгача битирувчиларни тақдирлаш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда 15 июнгача тақдирлаш маросими ўтказилади.
Тақдирланган битирувчилар рўйхати Халқ таълими вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
6. Ҳукумат қарори (163-сон, 23.02.2019 й.) билан Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, тадбиркорлар улгуржи савдо лицензиясига эга бўлмасдан мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳуқуқига эга ҳамда уларнинг тушумларига ягона солиқ тўлови қўлланилади.
Экспорт дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда контрактни суғурта полисисиз амалга оширилиши мумкин.
Экспорт қилувчилар мева-сабзавотларни кейинчалик экспорт қилиш учун жисмоний шахслардан сотиб олганда, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзлар сотилган маҳсулотлар уларга ёки уларнинг оила аъзоларига ажратилган ерларда етиштирилганини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилмасдан қўлланилади.
7. Ҳукумат қарори (167-сон, 25.02.2019 г.) билан Тадбиркорлик субъектларига ажратилган ер участкаларида мева-сабзавот маҳсулотларини бевосита уларни етиштириш жойларида суғориш, тайёрлаш ва сақлаш бўйича енгил конструкцияли инфратузилма объектларини қуриш учун ер участкаси ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, тадбиркорлар ерга енгил конструкцияли объектлар ҳамда иссиқхоналар қуриш учун аризани шахсан ёки почта орқали ҳокимиятларга беради.
Туман ҳокимлиги бир иш кунида аризани кўриб чиқиб, ҳужжатларни ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг туман филиалларига (ижрочига) юборади.
Ижрочи беш иш кунида енгил конструкцияли объектлар ҳамда иссиқхоналар қуриш учун ер участкаси ажратиш материалларини тайёрлайди ва уларни келишиш учун бир иш кунида ваколатли органларга юборади.
Ваколатли органлар уч иш кунида хулосани ижрочига тақдим этади ҳамда ижрочи уч иш кунида туман комиссиясининг далолатномасини, бир иш кунида ҳоким қарори лойиҳасини тайёрлайди.
8. Ҳукумат қарори (170-сон, 26.02.2019 й.) билан Давлат уй-жой фондидаги турар жойларни ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, турар жойни ижарага олиш шартномаси беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади.
Турар жойни ажратиш ҳақидаги қарор ва ажратилаётган жойга кўчиб киришга асос бўлган ордер асосида ўн кунда ижара шартномаси тузилади.
Давлат уй-жойидан фойдаланганлик учун ижара ҳақи турар жой майдонидан келиб чиқиб турар жойнинг 1 кв.м. учун Тошкент шаҳрида бир йилга энг кам ойлик иш ҳақининг 2 фоизи, бошқа вилоятларда 1 фоизи миқдорида белгиланади.
Ижара ҳақини тўлаш муддати шартномада кўрсатилмаган бўлса, у ҳар ойда тўланади.