Янгиликлар
“Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг моҳияти ва аҳамияти
Жорий йилнинг 15 октябрида “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди.
I. Қонуннинг мақсади
Қонуннинг мақсади шаҳарча, қишлоқ, овул, шунингдек шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги, овуллардаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
II. Қонуннинг моҳияти ва аҳамияти
Қонун билан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ўтказиш билан боғлиқ бир қатор янги қоидалар ўрнатилди.
Хусусан, эндиликда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) билан бир вақтда уларнинг МАСЛАҲАТЧИЛАРИНИ САЙЛАШ ТАРТИБИ БЕКОР ҚИЛИНДИ.
Яна бир муҳим жиҳат, ушбу сайловларнинг шаффоф ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида, Қонунда фуқаролар йиғини раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказиш, сайлов ўтказиладиган сана, вақт ва жой, фуқаролар
йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар тўғрисидаги ахборот Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашларнинг РАСМИЙ ВЕБ-САЙТЛАРИГА сайлов ўтказилишидан камида БЕШ КУН олдин жойлаштирилиши белгиланди.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида фуқароларнинг иштирок этиши ихтиёрий ҳамда эркиндир.
Фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлаш ҳуқуқига сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган ҳамда шаҳарча, қишлоқ, овул, шунингдек шаҳардаги, шаҳарчадаги, қишлоқдаги, овулдаги маҳалла ҳудудида доимий яшовчи фуқаролар эга.
Қонундаги муҳим ўзгаришлардан яна бири, бу фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг УЧ ЙИЛГА сайланиши бўлди. Муқаддам улар икки ярим йилга сайланар эди.
Шу билан бирга, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси таркибига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, давлат органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг, илмий ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари киритилиши мумкинлиги Қонунда акс этди.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш учун фуқаролар йиғини қарори билан ишчи гуруҳ тузилади.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар кўрсатиш тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикри инобатга олинган ҳолда ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади.
Ишчи гуруҳ фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларга доир ҳужжатларни тайёрлайди ва туман ёки шаҳар ҳокими билан келишиш учун тегишли комиссияга сайловдан камида ЎН КУН олдин тақдим этади.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ўтказиш учун фуқаролар йиғини чақирилади.
Сайловларда фуқароларнинг вакиллари бўлиш учун ташкилотчилик қобилиятига, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиш кераклиги қайд этилди. Эндиликда бу вакилларнинг сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида ЎН ИККИ ФОИЗИНИ ТАШКИЛ ЭТИШИ КЕРАК бўлади.
Фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) кун тартибига, қоида тариқасида, қуйидаги масалалар киритилади:
саноқ комиссиясини сайлаш;
фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлаш.
Муҳим ўзгаришлардан яна бири, эндиликда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловлари фақат ЯШИРИН ОВОЗ БЕРИШ орқали амалга оширилади. Илгари сайловлар очиқ ёки яширин овоз бериш орқали амалга оширилар эди.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови бўйича овоз бериш ўтказилаётганда фуқаролар йиғини иштирокчиларига сайлов бюллетенлари саноқ комиссияси томонидан берилади.
Бюллетень овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида тўлдирилади. Овоз берувчи бюллетеннинг ўнг томонида ўзи ёқлаб овоз бераётган фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзоднинг фамилияси қаршисида жойлашган бўш катакка “+”, “ü” ёхуд “х” белгисини қўяди.
Овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғининг овозини олган номзод фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига сайланган деб ҳисобланади.
Фуқаролар йиғини раисининг навбатдаги сайлови 2019 йил май ойида ўтказилади.
Шу муносабат билан фуқаролар йиғинлари амалдаги раисларининг (оқсоқолларининг) ва улар маслаҳатчиларининг ваколатлари муддати
2019 йил май ойига қадар узайтирилди.
Хулоса. Қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайлов жараёнининг очиқлигини таъминлайди, фуқаролар йиғинининг кадрлар салоҳиятини ва маҳалла институтининг самарадорлигини оширади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги