Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

20

САМАРҚАНД ВИЛОЯТ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ТИЗИМИДАГИ МУОММОЛАР ЎРГАНИЛДИ.


Вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан Самарқанд вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унинг тизимига кирувчи тиббиёт муассасаларининг фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ўтказилди.
Ўрганиш давомида соғлиқни сақлаш тизимида бир қатор муоммолар аниқланди.
Жумладан, Соғлиқни сақлаш тизими фаолиятида фуқароларга бепул тиббий ёрдам кўрсатиш ва бепул даволаниши учун йўлланмалар (ордер) бериш тартиби ўрганилганда, ушбу соҳани тартибга солувчи иккита норматив ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганлиги, ушбу норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг амал қилиш соҳаси мазмунан бир бирини такрорлаб келганлиги ҳамда тартибга солиш соҳаси билан бир биридан кескин фарқ қилмаслиги аниқланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 8 июндаги 264-сонли қарори билан тасдиқланган “Имтиёзли тоифага кирувчи беморларга ордер бериш, уларни шифохонага жойлаштириш ва давлат бюджети маблағлари ҳисобига даволаш қийматини тўлаш” Тартиби фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2003 йил 26 февралда қабул қилинган ПФ–3214-сонли Фармонига мувофиқ ташкил этилган Марказларга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида” 19.09.2007 йил қабул қилинган ПФ–3923-сонли Фармонига мувофиқ ташкил этилган марказларга амал қилиши белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2017 йил 5 сентябрдаги 696-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг
2-бандида ушбу Низомнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига сақланадиган ёки имтиёзли шахслар тоифаси учун кўрсатилган тиббий ёрдам учун тўловлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган туман, вилоят ва республика миқёсидаги тиббиёт ташкилотларига татбиқ этилиши белгиланган.
Ўтказилган ўрганишлар давомида тиббиёт муассасаларида фуқароларга бепул даволаниши учун йўлланмалар бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 сентябрдаги 696-сонли қарори билан тасдиқланган низомга асосан тартибга солиб келинган. Бироқ, тиббиёт муассасаларида фуқароларга бепул даволаниши учун йўлланмалар беришда Вазирлар Маҳкамасининг 08.06.2004 йилда қабул қилинган 264-сонли қарори билан тасдиқланган Тартиб амалиётда 2017 йил сентябр ойидан бошлаб қўлланилмасдан келинган. Ваҳоланки, ушбу ҳужжат ўзни кучини йўқотмаган.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида ўзтказилган ўрганишларда йўлланмасиз келгин фуқароларга тиббий ёрдам пуллик асосида ёки бошқа вилоятдан келган фуқароларга ҳам тиббий ёрдам пуллик асосида хизмат кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил
26 февралда қабул қилинган ПФ-3214-сонли Фармони билан тасдиқланган “Барча республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиладиган имтиёзли тоифадаги шахслар” рўйхатининг 16-бандида Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича, онкология касалликларига чалинган шахсларига тиббий хизмат бепул давлатнинг бюджети ҳисобидан даволаниши белгиланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирилигининг 02.08.2016 йилдаги 340-сонли ва 15.01.2018 йилдаги
26-сонли буйруқларига асосан Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори томонидан 2018 йилда мижоз тиббий ёрдам олиш учун тегишли йўлланмасиз бевосита мурожаат этса, тиббий ёрдам белгиланган тартибда пуллик асосида хизмат кўрсатиш тўғрисида прейскурант тасдиқланган.
Ушбу прескурат асосида филиал томонидан 2018 йил давомида жами 4197 нафар беморларга пуллик тиббий хизматлар кўрсатилган бўлиб, шундан 49 нафарига стационар шароитда пуллик тиббий хизмат кўрсатилган.
Стационар шароитда кўрсатилган пуллик тиббий хизматлар кўпича бошқа вилоятдан келган беморларга татбиқ этилган. Ушбу онкология касаллиги имтиёзли бепул даволанадиган касалликлар тойифасига қирса-да, филиал томонидан кўрсатилган тиббий хизмат учун пул маблағи ундирилган.
Филиал томонидан йўлланмасиз келган фуқароларга тиббий хизмат пуллик асосида кўрсатилишига асос сифатида қуйидагиларни кўрсатилган:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил
5 сентябрдаги 696-сонли қарорига мувофиқ тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг
13-бандида агар мижоз тиббий ёрдам олиш учун тегишли йўлланмасиз (ордерсиз) тиббиёт ташкилотига бевосита мурожаат этса, тиббий ёрдам белгиланган тартибда пуллик асосда кўрсатилиши;
Юқорида келтирилган Низомнинг 6-бандида мижозларга тиббий ёрдам олиш учун йўналтириш тартиби қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникалари томонидан — туман тиббиёт бирлашмаларининг тегишли марказий кўп тармоқли поликлиникаларига, тиббиёт бирлашмаларининг тегишли марказий кўп тармоқли поликлиникалари томонидан — тиббиёт бирлашмаларининг тегишли стационар бўлинмаларига ёки вилоят даражасидаги тиббиёт ташкилотларига, вилоят даражасидаги тиббиёт ташкилотлари томонидан — республика даражасидаги тегишли тиббиёт ташкилотларига йўлланма бериш белгиланган.
Ваҳоланки, юқорида келтирилган Низомнинг 6-бандида мижозларга тиббий ёрдам олиш учун йўналтириш тартибида бир вилоятда яшовчи фуқаро бошқа вилоятда жойлашган тиббиёт муассасасида бепул даволанишига йўлланмалар беришда пул ундириш мажбурияти қайд этилмаган. Ушбу ҳолатда тиббиёт муассасасида бошқа вилоятдан келган фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатишда турли ҳил ёндашувларга олиб келмоқда.
Самарқанд вилояти бўйича шошилинч тиббий ёрдам бўйича койкалар сони 760 тани ташкил этиб, шундан Тойлоқ туманида 30 та, Ургут туманида 30 та, Пастдарғом туманида 30 та, Каттақўрғон туманида 30 тани ташкил этади.
Агарда аҳолига шошилинч стационар шароитда даволаш хизматини кўрсатиш учун ўрин жойларни таҳлил қилинганда, ҳар ўн минг аҳолига нисбатан 1.9 ўринни ташкил этмоқда. Ушбу кўрсаткич Республика бўйича 2.7 ўринни ташкил этади.
Республиканинг Сирдарё вилоятида 4,7 ўринни, Навоий вилоятида 3.9 ўринни, Джиззах вилоятида 3.4 ўринни ташкил этмоқда.
Республика бўйича вилоятларнинг мавжуд аҳолисига нисбатан койкалар сони таҳлил қилинганда энг паст кўрсаткич Самарқанд вилоятида қайд этмоқда.
Аҳолига шошилинч стационар шароитда тиббий ёрдам кўрсатиш учун аҳолига нисбатан койкалар миқдорини аниқлашнинг норматив асоси ёки стандарти белгиланмаган.
Масалан, Ургут туманида мавжуд 494 минг аҳолига шошилинч стационар шароитда тиббий ёрдам кўрсатиш учун 30 та койка ажратилган холос. Ушбу кўрсаткич Нуробод туманидаги 147 минг аҳолига 30 та койкани ташкил этди.
Туман тиббиёт бирлашмалари ва қишлоқ врачлик пунктларида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 сентябрдаги 696-сонли қарорига мувофиқ тасдиқланган Низомнинг 6-банди талаблари ўрганилганда мижозларга тиббий ёрдам олиш учун йўналтириш тартиби қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникалари томонидан — туман тиббиёт бирлашмаларининг тегишли марказий кўп тармоқли поликлиникаларига йўналтириш тартиби амалиётда лозим даражада ишламаслиги аниқланди.
Бунинг натижасида туман тиббиёт бирлашмаларининг тегишли марказий кўп тармоқли поликлиникаларига йўлламасиз келган беморларга тиббий хизмат пуллик асосида кўрсатишига сабаб бўлиб келган.
Соғлиқни сақлаш тизимида беморларга бепул тиббий даволаниши учун йўлланмаларини расмийлаштириш тартиби ўрганилганда беморларга бепул тиббий даволаниши учун йўлланмаларини беришда навбатга қўйиш тартиби жорий қилинганлиги ҳамда буни юритиш учун дафтарлар тутилганлиги маълум бўлди.
Бироқ, навбатга олиш дафтарини жорий этилиши бепул тиббий даволаниши учун йўлланмаларини тақдим этишда адолат ёки шаффофлик тизими жорий этилганлигини тўлиқ англатмайди.
Соғлиқни сақлаш тизимида ногиронлик кресло-аравачаларга мухтож ногиронлиги бўлган фуқароларга ногиронлик аравачалари бериш учун навбатни рўйхатга олиш дафтари юритилган бўлиб, ногиронлик кресло-аравачаларга мухтож ногиронлиги бўлган фуқароларга ногиронлик аравачалари навбат асосида тарқатилиб келинмоқда.
Бироқ, навбатга олиш дафтарини жорий этилиши ногиронлик аравачаларини тақдим этишда адолат ёки шаффофлик тизимини тўлиқ жорий этилганлигини англатмайди.
Вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан соғлиқни сақлаш тизимида ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган муоммоларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилиб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига берилди.
 
 
                          
Самарқанд вилоят адлия бошқармаси Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими катта маслахатчиси
М.Абдуғаниев