Янгиликлар
Ҳафта давомида қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти тўғрисида
1. Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қўшимча
чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (ЎРҚ-531, 20.03.2019 й.) Қонун Президент томонидан имзоланди.
Қонун билан, солиқ хизмати органларига солиқ тўловчи қайд этилган манзилда бўлмаган, шунингдек солиқ ҳисоботи ва молиявий ҳисобот, камерал назорат натижалари бўйича тафовутларнинг асосларини белгиланган муддатларда тақдим этмаган ҳолларда банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ваколати берилди (илгари суд тартибида чоралар кўрилган).
Шунингдек, Қонун билан давлат органларига тадбиркорлардан ҳужжатларга муҳр босишни талаб қилиш ёки ҳужжатларни муҳр билан тасдиқлаш тўғрисида талаб қўйиш тақиқланди.
“Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонун, Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодексларига медиация институтини жорий этиш бўйича нормалар киритилди.
Масалан, Фуқаролик процессуал кодексига киритилган қўшимчага асосан даъво иши юритишда тарафлар биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунга қадар медиатив келишув тузиш орқали ишни тугаллашга ҳақли.
2. Эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори
(ПҚ-4242, 18.03.2019 й.) қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 июлдан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги таркибида Эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш диспетчерлик хизмати ташкил этилади.
Эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахслар, шунингдек уларнинг вакиллари томонидан техник воситалар (видео қўнғироқлар, матнли хабарлар, махсус дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда қўнғироқлар ва бошқалар) орқали бўладиган мурожаатларга шошилинч оператив хизматларнинг (101, 102, 103, 104, 1050) кеча-ю кундуз, тезкор жавоб беришларини таъминлаш диспетчерлик хизматининг асосий вазифаси ҳисобланади.
3. 2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2019 йилда 370 мингдан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилади.
Мавсумий ва вақтинчалик ишларда 182 мингдан ортиқ аҳолининг бандлиги таъминланади.
Давлат буюртмаси доирасида ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун эса 46 мингдан ортиқ иш ўринлари банд қилиб қўйилади.
4. Тошкент шаҳрида Вебстер университетининг таълим дастурларини амалга ошириш марказини ташкил этиш тўғрисидаги Президент қарори (ПҚ-4245, 20.03.2019 й.) қабул қилинди.
Қарор билан Тошкент шаҳрида Вебстер университетининг (АҚШ) таълим дастурларини амалга ошириш маркази ташкил этилди.
Марказнинг асосий вазифаси ахборот-коммуникация технологиялари, оммавий ахборот воситалари, тадбиркорлик, табиий фанлар ва педагогика соҳаларида халқаро стандартлар даражасида кадрлар тайёрлаш ҳисобланади.
Марказ олий таълим муассасаси бўлиб, бакалавриат, магистратура босқичларида, малака ошириш, қайта тайёрлаш, шунингдек илмий-педагогик кадрларни тайёрлашни амалга оширади.
Таълим кундузги шаклда, тўлов-контракт асосида, инглиз тилида амалга оширилади.
5. Ўзбекистон Республикасида боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди ҳамда унинг асосий вазифалари белгиланди.
Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди.
Жамғарма маблағлари жумладан, боғларда ва иссиқхоналарда ирригация тадбирларини ўтказиш, сув етказиб бериш, артезиан қудуқлари, қудуқлар ва резервуарлар барпо этиш, сув етказиб бериш учун насос ва қувурлар, сув сақлаш учун сиғимлар харид қилиш учун сарфланади.
6. Ҳукумат қарори (240-сон, 22.03.2019 й.) билан “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони тўғрисида низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, кўкрак нишони билан давлат органлари ходимлари аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишдаги хизматлари учун тақдирланади.
Давлат органлари ўз ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни ҳар йили 1 октябрга кадар адлия органларига тақдим этиши лозим.
Адлия вазирлигида номзодлар бўйича ҳужжатлар ўрганилиб, ҳар йили 20 ноябрга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса чиқарилади.
Кўкрак нишони Конституция куни арафасида адлия вазири томонидан тантанали равишда топширилади.
Кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти олади.
7. Ҳукумат қарори (244-сон, 25.03.2019 й.) билан Ўзбекистон Республикасига хорижий ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, иш берувчилар Ўзбекистонга хориждан ишчи кучини бир йиллик рухсатнома олиб жалб этиши мумкин.
Чет эл фуқаролари эса Ўзбекистон ҳудудида тасдиқнома олган ҳолда меҳнат қилади.
Рухсатнома ва тасдиқнома олиш учун иш берувчи Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки электрон рухсатнома учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталида ёки рухсатнома бериш учун мўлжалланган махсус онлайн-майдончада рўйхатдан ўтади.
8. Ҳукумат қарори (251-сон, 26.03.2019 й.) билан Профилактика (катта) инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда профилактика инспекторлари ёрдамчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам акс эттирилган бўлиб, улар фуқаролардан содир этилаётган ҳар қандай ҳуқуқбузарликларни тўхтатишни талаб қилиши мумкин.
Профилактика инспекторлари ёрдамчилари туман ички ишлар органлари бошлиқлари тавсиясига асосан Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ИИБ бошлиқлари томонидан лавозимга тайинланади.