Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

30

Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолияти


   Мамлакатимизда янги иш ўринларини ташкил қилиш ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш йўли билан аҳоли фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, мамлакатнинг айрим ҳудудларида ижтимоий тангликнинг кучайиши, шу жумладан қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олишнинг давом этаётганлиги билан боғлиқ бўлган криминоген вазиятнинг ёмонлашиши кузатилмоқда.
Бунинг асосий сабаби миқдор ва сифат жиҳатидан саноат усулида қазиб олиш объекти ҳисобланмайдиган ер қаъри участкаларида қимматбаҳо металларни носаноат усулда қазиб олиш билан қонуний шуғулланиш имкониятининг мавжуд эмаслиги ҳисобланади.
Маълумки, амалдаги қонунчиликда, ер қаъри участкаларида қимматбаҳо металларни носаноат усулида қазиб олиш билан шуғулланишга рухсат этилмайди. Бироқ йўқ ердан даромад топиш мумкин бўлган жойда қонун бузилмаслигига ким кафолат беради?
Маълумотларга кўра, бугун Навоий, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ноқонуний равишда қимматбаҳо металларни қазиб олиш тизимли тус олган бўлиб, уларнинг яширинча айланиши ва чет элларга
олиб чиқиб кетилиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. 2015‒2018 йилларда 214 киши ноқонуний равишда олтин қазиб олганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Президентнинг 2018 йил 26 ноябрдаги ПҚ–4030-сон “Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида соҳадаги мавжуд ана шу муаммо ва камчиликларни бартараф этиш назарда тутилган бўлиб, унга кўра, 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини тадбиркорлик таваккалчилиги асосида амалга оширишга рухсат берилиши белгилаб қўйилди.
Айни шу фаолиятни тартибга солишга қаратилган жорий йилнинг март ойида қабул қилинган Ҳукумат қарори билан Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, эндиликда ҳар йили 1 фералгача Вазирлар Маҳкамаси қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш учун бериладиган ер қаъри участкалари рўйхатини тасдиқлайди. Ҳукуматнинг жорий йил мартда қабул қилган яна бир қарори билан эса Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш учун 2019 йилда фойдаланишга бериладиган ер қаъри участкаларининг рўйхати тасдиқланди. Мазкур рўйхатга асосан Навоий ва Самарқанд вилоятлари ҳудудида жами 405 та ер қаъри участкалари ҳақидаги маълумотлар белгилаб берилди. Қимматабҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш учун ЛИЦЕНЗИЯЛАР “E-IJRO AUKSION”даги савдо якунлари бўйича 3 ЙИЛ МУДДАТГА берилади.
Лицензиялар Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан тақдим этилади.
Лицензия муддати тугаганидан сўнг уч ойда ер участкаси фойдаланишга яроқли ҳолатга келтирилиб (рекультивация қилиниб) ҳокимиятга топширилиши лозим.
Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ўз навбатида Саноат хавфсизлиги ва Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмиталари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда ер қаъридан фойдаланувчиларнинг тегишли ер қаъри участкаларидан мақсадли ва белгиланган меъёрлар асосида фойдаланишини таъминлайди.
Маълумотларга кўра юртимиздаги Консой, Темирқобиқ, Каттаич, Соп, Кескан, Оқчобсой номли конларининг 590 гектардан ортиқ майдонларида 3 минг килограммдан зиёд олтин захиралари ҳисобга олинган.
Тадбиркорлик субъектларига Навоий ва Самарқанд ҳудудларида жойлашган Ауминзатов, Томди, Нурота, Зиёвуддин ва Малғузор тоғ чизмаларидаги тахминан 75 ярим минг гектар майдондаги ер қаъри участкалари, шу жумладан ўлчамлари 1 гектардан ортиқ бўлмаган сочма олтин конлари тақдим этиш режалаштирилмоқда.
Ушбу фаолият билан Ўзбекистон фуқароси бўлган жисмоний шахслар ва Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган юридик шахслар шуғулланиши мумкин.
Давлат геология қўмитаси ер қаъри участкаларининг рўйхати тасдиқланганидан сўнг 5 кунда аукционни ўтказиш учун маълумотларни тайёрлайди.
Маълумотлар тайёрланганидан сўнг 1 кунда аукцион ўтказиш бўйича қарор қабул қилинади.
Мазкур қарорда қуйидагилар кўрсатилади:
-ер участкасининг номи ва жойлашган жойи;
-ер участкаси жойлашган жойнинг фотосурати;
-ер участкаси майдони;
-аукционнинг бошланғич нархи;
-ер участкасидан фойдаланишни амалга ошириш муддати;
-ер участкасидан фойдаланиш шартлари.
Аукцион ўтказиш ҳақидаги хабар аукциондан 5 кун олдин эълон қилиниши лозим.
Аукционда иштирок этиш учун аризалар “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази”нинг веб-сайтида қабул қилинади.
Аризаларни қабул қилиш аукциондан икки кун олдин соат 13.00 да якунланади.
Аризачи веб-сайтдан иштирокчи сифатида рўйхатдан ўтади ва унга автоматик тарзда шахсий кабинет ва ҳисоб рақам очилади.
Аризачи ҳисоб рақамга ер участкасининг 5 ФОИЗИ МИҚДОРИДА ЗАКАЛАТ пулини жойлаштириши лозим.
Аукцион икки ёки ундан ортиқ иштирокчи бўлганида соат 9.00 дан 18.00 гача ўтказилади.
Ер участкасининг дастлабки нархи 7,5 МЛН. этиб белгиланади.
Аукцион мулкнинг нархини битта босқичга (бошланғич нархнинг
5 фоизига) оширилган нархда сотиб олиш бўйича таклифни тасдиқлашни сўрашдан бошланади.
Мазкур таклиф 10 дақиқада тасдиқланса кейинги таклиф учун яна
10 дақиқа берилади.
Агар охирги таклифдан сўнг 10 минутда оширилган нарх бўйича бирорта иштирокчи нархни тасдиқламаса аукцион баённомаси автоматик тузилади ҳамда нархни охирги тасдиқлаган иштирокчи аукцион ғолиби ҳисобланади.
Аукцион ғолиби 3 кунда ер участкасини пулини тўлаши керак.
Белгиланган муддатда пул тўланмаса аукцион натижаси бекор қилинади ҳамда ғолибдан кейин ер участкасининг нархи бўйича энг юқори ставкани қўйган аукцион иштирокчисига ер участкасини олиш ҳақида таклиф юборилади.
Аукцион баённомаси қуйидагилар учун асос бўлади:
Давлат геология қўмитасига – аукцион ғолибига лицензия расмийлаштириш учун;
туман ҳокимлигига – аукцион ғолибига ер участкасини ажратиш ҳақидаги қарорни қабул қилиш учун.
Давлат геология қўмитаси томонидан лицензия бериш билан бирга ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилади.
Қуйидаги ҳолларда лицензия қайта расмийлаштирилади:
юридик шахс қайта ташкил қилинганда ва номи ўзгарганда;
жисмоний шахснинг номи (Ф.И.Ш) ўзгарганда.
Лицензия қайта расмийлаштирилганда энг кам ойлик иш ҳақининг
2 баробари (405 минг 460 сўм) миқдорида йиғим ундирилади.
Қазиш ишлари бошланишидан аввал маҳаллий ҳокимият органлари, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси ЁЗМА ХАБАРДОР ҚИЛИНИШИ ШАРТ.
Тадбиркорлар ҳар йили 15 ФЕВРАЛГАЧА қуйидаги маълумотларни тақдим этиши лозим:
Кон-геология фаолиятини назорат қилиш бўйича ҳудудий инспекцияларга қимматбаҳо металларни захираларининг ҳаракатланиш ишлари тўғрисида йиллик ҳисобот;
Марказий банк ҳузуридаги қимматбаҳо металлар агентлигига металларни топширилган миқдори ҳақида ҳисобот.
Олтин изловчилар усулида қазиб олинган қимматбаҳо металларни реализация қилиш “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ ва “Навоий кон-металлургия комбинати” ДКга, шунингдек, заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган юридик шахсларга ва якка тадбиркорларга келишилган нархларда амалга оширилади.
Бунинг учун, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ ва “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси мамлакат ҳудудларида олтин изловчилар усулида қазиб олинган қимматбаҳо металларни сотиб олувчи ихтисослаштирилган қабул кассаларини очади.
Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолияти барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан озод этилади.