Янгиликлар
Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратилмоқда.
Мамлакатимизда янги иш ўринларини ташкил қилиш ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш йўли билан аҳоли фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, мамлакатнинг айрим ҳудудларида ижтимоий тангликнинг кучайиши, шу жумладан қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олишнинг давом этаётганлиги билан боғлиқ бўлган криминоген вазиятнинг ёмонлашиши кузатилмоқда.
Бунинг асосий сабаби миқдор ва сифат жиҳатидан саноат усулида қазиб олиш объекти ҳисобланмайдиган ер қаъри участкаларида қимматбаҳо металларни носаноат усулда қазиб олиш билан қонуний шуғулланиш имкониятининг мавжуд эмаслиги ҳисобланади.
Айни шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 ноябрдаги “Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 мартдаги “Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорлари қабул қилинди.
Мазкур қарорларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига, шу жумладан тадбиркорлик субъектларига тушунтириш мақсадида, Адлия вазирлиги ташаббуси билан тузилган Адлия вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслари қўмитаси ва Давлат активларини бoшқapиш агентлиги масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан Самарқанд вилояти, Пахтачи тумани Зиёвиддин шаҳарчасида жойлашган Мусиқа мактаби биносида манфаатдор идора ва ташкилот вакиллари, тадбиркорлар ҳамда ушбу ҳудудда ноқонуний равишда қимматбаҳо металларни қазиб олиш билан шуғулланаётган фуқаролар иштирокида семинар ўтказилди.
Семинар давомида қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш ҳуқуқини берувчи лицензия олиш, аукцион ўтказиш ҳамда қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш тартиби, шунингдек, қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш тартиби ва шартларини бузганлик учун белгиланган жавобгарлик юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Тадбир давомида мутахассислар томонидан қонун-ҳужжатларининг мазмуни содда, тушунарли тилда инновацион усуллардан фойдаланган ҳолда тушунтирилиб, мавзуга оид тарқатма материаллар тарқатилди.
Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган айни шундай қарорлар аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, қолаверса, юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш учун хизмат қилади.