Янгиликлар
Ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари
1. Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат тўғрисидаги Қонун Президент томонидан имзоланди (2019 йил, ЎРҚ–532).
Қонунга мувофиқ, қуйидаги вояга етган шахсларга суд томонидан маъмурий назорат ўрнатилади:
ўта хавфли рецидивистлар;
оғир ёки ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун озодликдан маҳрум қилинган шахслар, шу жумладан бошқа давлатларда озодликдан маҳрум қилинганлар;
қасддан қилинган жиноятлари учун икки ёки ундан ортиқ озодликдан маҳрум қилинганлар.
Маъмурий назорат даврида қуйидаги чеклашлар белгиланиши мумкин:
яшаш жойидан ташқарида бўлишни тақиқлаш;
муайян жойларда бўлишни тақиқлаш;
суд белгилаган ҳудуддан ички ишлар органининг рухсатисиз чиқишни тақиқлаш;
рўйхатдан ўтиш учун ҳар ойда бир мартадан тўрт мартагача ички ишлар органига келиш;
алкоголли ичимликларни истеъмол қилишни такиклаш.
Маъмурий назорат олти ойдан бир йилгача муддатга ўрнатилади.
2. Ветеринария ва чорвачилик соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони (ПФ-5696, 28.03.2019 й.) қабул қилинди.
Фармон билан Давлат ветеринария қўмитаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилди ҳамда унинг асосий вазифалари белгилаб берилди.
Қуйидагилар Қўмита таркибига ўтказилди:
Самарқанд ветеринария медицинаси институти ва унинг академик лицейи;
Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти;
Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти;
Балиқчилик илмий-тадқиқот институти.
Қўмита ҳузурида Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармаси ҳамда “Ўзбекчорванасл” агентлиги ташкил этилди.
2020 йил 1 январдан 100 бошли чорва ва 100 минг парранда бўлган хўжаликларда ветеринария врачи ва зоотехник штати жорий этилади.
3. Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, мурожаатлар билан ишлаш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича “маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла” принципи асосида ҳамкорлик тизими жорий қилинади. Мазкур тизимнинг асосий йўналиши муаммоларни аниқлаш ва ҳамкорликда бартараф этиш чораларини кўриш, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳисобланади.
Фуқаролар йиғинлари органларида “замонавий менежмент” тизими жорий этилади. Фуқаролар йиғинлари, уларнинг ходимлари фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилади.
Фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котиблари ойлик иш ҳақи жорий йил 1 майдан 1,25 бараварга ва 1 октябрдан 1,2 бараварга оширилади.
2019 йил 1 июлгача фуқаролар йиғинлари юқори тезликдаги Интернет тармоғи миллий сегмент маълумотларини узатиш тармоғига уланади ҳамда улар учун имтиёзли тариф тасдиқланади. 2020 йил 1 январгача “Электрон ҳукумат” тизими доирасида “Маҳалла” электрон маълумотлар базаси ишга туширилади.
4. Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисидаги Президент қарори (ПҚ-4249, 27.03.2019 й.) қабул қилинди
Қарорга мувофиқ, “Ўзбекэнерго” АЖ қуйидагилар орқали қайта ташкил этилади:
иссиқлик электр станциялари ҳамда электр марказларни бошқарувчи “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти;
“Ўзэлектртармоқ” УК ва “Энергосотиш” филиали негизида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти;
электр энергияни якуний истеъмолчиларга тақсимловчи “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти.
Шунингдек, “Ўзбекэнерго” АЖ таркибига кирувчи 10 та хўжалик жамиятлари қайта ташкил этилади ва тугатилади.
Энергетика вазирлиги қошида Лойиҳа офиси ташкил этилди.
Лойиҳа офисига энергетика вазирининг электр энергетика тармоғини назорат қилувчи ўринбосари бошчилик қилади.
2019-2021 йилларда электр энергетика тармоғи рақамлаштирилади.
5. Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.
Қарор билан 2019-2030 йилларда кимё саноатини ривожлантириш дастури тасдиқланди.
Дастурнинг қиймати 1 миллиард АҚШ долларига тенг, шу жумладан, 1,7 миллиард АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобига 31 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш назарда тутилган.
Шунингдек дастур қуйидагиларни ўз ичига олади:
азотли, фосфорли, калийли ва мураккаб минерал ўғитлар ишлаб чиқаришни модернизация қилиш;
полимер маҳсулотлари, синтетик каучук, полиол маҳсулотларини чиқариш бўйича янги ишлаб чиқаришларни барпо этиш;
кимёвий маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқариш кластерларини ташкил этиш.
6. Ҳукумат қарори (257-сон, 28.03.2019 й.) билан Ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини узлуксиз таълим олишини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари ва маҳаллалар ҳар йили 1 июнгача идоралараро кенгашларга ёзма тавсия билан бирга тегишли ҳужжатларни тақдим этади.
Қўллаб-қувватлаш бўйича қарор ҳар йили 30 июнга қадар қабул қилинади.
Шунга кўра, ўқувчилар замонавий ягона мактаб формаси, асосий турдаги ўқув қуроллари, бадиий китоблар билан таъминланади. Бундан ташқари, ўқувчиларга газета ва журналларга обуна бўлишда амалий ёрдам кўрсатилади ҳамда уларнинг республика оромгоҳларида дам олиши ва саёҳатлар ташкил этилади.
7. 2019 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш ва маҳсулот етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди (2019 йил 29 март, 259-сон).
Қарорга мувофиқ, 2019 йилда республикада жами 13 млн 396 минг 437 тонна маҳсулот етиштирилади ва маҳсулотларнинг 1 млн 858 минг 789 тоннаси экспорт қилинади, 7 млн 784 минг 537 тоннаси ички истеъмол учун мўлжалланган.
Жами маҳсулотларнинг 1 млн 490 минг 660 тоннаси картошка бўлиб, унинг 1 млн 56 минг 903 тоннаси ички исътемол учун ажратилади.
8. Ҳукумат қарори билан Маданият марказлари тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, туман ва шаҳарларда биттадан марказий маданият марказлари, қишлоқ ва шаҳарларда ҳам аҳоли сони 7 мингдан ортиқ бўлганда маданият марказлари ташкил этилади.
Марказларнинг асосий вазифаси маданий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва аҳолининг бўш вақтларини мазмунли ўтишини таъминлашдан иборат.
Марказларда 33 йўналишда тўгараклар, 9 та студия, 6 та курс, 8 та қизиқувчилар клублари, 7 та бадиий ҳаваскорлик жамоалари ташкил этилади.