Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

22

Ҳафта давомида қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти тўғрисида


1. 2019-2021 йилларда Республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони (ПФ–5707, 10.04.2019) қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг “O`zmedimpeks” Давлат унитар корхонаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ўтказилди.
Эндиликда дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш ва уларнинг улгуржи савдоси устидан назорат қилиш ҳамда фармацевтика фаолиятини лицензиялаш Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилади. Илгари бу функциялар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилган.
Шунингдек, Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси дори воситалари ва тиббиёт буюмлари миллий ишлаб чиқарувчиларига кредитлар бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача, аммо 10 миллиард сўмдан ошмайдиган маблағга кафиллик беради.
2. Қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди (ПФ–5708, 17.04.2019 й.)
Фармон билан Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланди.
Унга мувофиқ, Вазирлик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади.
Қуйидагилар Вазирликка ўтказилди:
Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий ишлаб чиқариш маркази (Фанлар академиясидан);
Қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологияларини сертификатлаш ва синаш маркази (Ҳукумат тасарруфидан);
Уруғчиликни ривожлантириш маркази (Инновацион ривожланиш вазирлигидан).
Шунингдек, Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиаллари ҳам Вазирлик тасарруфига берилди.
3. Ёғоч қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Ҳукумат қарори (297-сон, 11.04.2019) қабул қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида 88 минг 123 гектар қамишзор майдони бўлиб, 475 минг 864 тонна қамиш етиштирилади.
Қарорга мувофиқ, мазкур ҳудудлардаги кичик саноат зоналарида ёғоч қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил этилади.
Қарорга кўра республикада 2019 йилда 60 минг куб.м, 2020 йилда 190 минг куб.м ҳамда 2021 йилда 330 минг куб.м ёғоч қириндили плиталар (ДСП) ва уларнинг муқобил турлари ишлаб чиқарилади.
4. Ҳукумат қарори (303-сон, 12.04.2019 й.) билан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали чарм ва мўйна хомашёсини олиб чиқишни мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Қонунчиликка мувофиқ, чарм ва мўйна хомашёсини экспорт қилиш Президент ва Ҳукумат қарорлари билан амалга оширилади.
Низомга мувофиқ, чарм ва мўйна хомашёсининг экспорти Президент ва Ҳукумат қарорларида белгиланган ҳажмларга мувофиқлиги юзасидан “Ўзчармсаноат” уюшмаси томонидан экспорт контрактлари мониторингдан ўтказилади.
Экспорт контрактлари белгиланган ҳажмларга мувофиқ бўлса Уюшма уч иш кунида Давлат божхона қўмитасига маълумотнома беради. Контракт белгиланган ҳажмларга мувофиқ бўлмаганида икки иш кунида Уюшма томонидан экспортчи ташкилотга камчиликларни кўрсатган ҳолда қайтарилади.
Чарм ва мўйна экспортининг божхона назорати Давлат божхона қўмитасига тақдим этилган маълумотнома асосида ўтказилади.
Мазкур қарор 2019 йил 1 майдан кучга киради.
Ҳукумат қарори (309-сон, 13.04.2019 й.) билан Сув таъминоти ва канализация хизматлари учун тартибга солинадиган нархларни (тарифларни) шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 июлгача барча истеъмолчиларнинг совуқ ва иссиқ сув сарфини ҳисоблаш приборлари (счётчик) хатловдан ўтказилади.
2019 йил 1 августгача Совуқ ва иссиқ сувни ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш дастури ишлаб чиқилади.
Ҳокимлар 2019 йил 1 июлгача аҳолининг ичимлик сувни истеъмол қилиш нормативларини қайта кўриб чиқиши лозим.
Ҳукумат қарори (310-сон, 13.04.2019 й.) билан 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси электр энергия тармоғидаги тариф сиёсатининг асосий йўналишлари тасдиқланди.
Ҳужжат билан, тариф сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланди. Истеъмолчиларнинг электр энергиясидан асосланган ва рақобатли тарифлар бўйича фойдаланишини таъминлаш шулар жумласидандир.
Тарифларни белгилашда аҳолининг кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож қатламлари ижтимоий ҳимоя қилинади.
2023 йилгача тарифларни шакллантириш методикасига босқичма-босқич ўтилади.
2023 йилдан бошлаб электр энергияси учун тарифлар камида 3 йил муддатга амал қилади.
Ҳужжат билан тарифларни шакллантиришнинг принциплари белгиланди.
Жумладан, тарифларни шакллантиришда камситмайдиган ёндашув жорий этилади, тарифларни белгилаш асосланмаган сиёсий таъсирга дучор этилмайди.
Ҳукумат қарори (321-сон, 17.04.2019 й.) билан Таълим муассасаларида уни битириб, юксак ютуқларга эришган номдор шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобига шакллантириладиган битирувчилар жамғармаси ташкил этилди ҳамда Жамғарма низоми тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, Жамғарма таълим муассасаларида унинг раҳбари буйруғи билан ташкил этилиши мумкин.
Таълим муассасаларида Жамғармани ташкил этиш мажбурий эмас.
Жамғарма маблағлари қуйидагилар учун йўналтирилади:
зарур ўқув ва илмий адабиётлар ҳамда жиҳозларни харид қилиш;
иқтидорли ўқувчи ва талабаларни шунингдек, кам таъминланган оила фарзандларини моддий қўллаб-қувватлаш ва мукофотлаш;
профессор-ўқитувчилар ҳамда ходимларни рағбатлантириш ва бошқалар.
Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси таълим муассасаларининг расмий сайтларида эълон қилиб борилади.
Озодликдан маҳрум этилган шахслар учун умумий таълим ва касб-ҳунарга ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди (318-сон, 16.04.2019 й.)
Қарорга мувофиқ, Тошкент вилояти ИИБ Пробация ва жазоларни ижро этиш бўлими Тарбия колониясининг 5-мактаби Зангиота тумани 35-мактаби билан бирлаштирилди. Ҳамда Пробация ва жазоларни ижро этиш бўлими Тарбия колониясида мазкур мактабнинг филиали ташкил этилди.
Шунингдек, Касб-ҳунар таълими марказининг жазони ижро этиш муассасалари ҳудудидаги 4 та касб-ҳунар таълими муассасалари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтказилиб касб-ҳунарга ўргатиш марказларига айлантирилди.
Марказлар маҳкумларга сифатли билим беради ва меҳнат бозорида талаб этиладиган касбларга тайёрлайди.
Ҳукумат қарори (319-сон, 17.04.2019 й.) билан Тренерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсат бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг регламенти тасдиқланди.
Регламентга мувофиқ, мазкур давлат хизмати Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали Тренерлик фаолияти билан шуғулланиш юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича республика комиссияси томонидан аттестация ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
Ариза Давлат хизматлари марказига ўзи келиб ёки ЯИДХП орқали тегишли спорт турини танлаган ҳолда тўлдирилади.
Давлат хизматларини кўрсатганлик учун қуйидаги йиғимлар ундирилади:
аризани кўриб чиққанлик учун – энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида (20 минг 273 сўм);
аттестациядан ўтказиш учун – энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида (202 минг 730 сўм).