Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

26

ҚОНУННИНГ КУЧИ УНИНГ ИЖРОСИДА


  Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муқаддимасида Ўзбекистон халқи ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлагани қайд қилинган. Ҳуқуқий давлатнинг муҳим ва ажралмас белгиси - бу қонун устуворлиги ҳисобланади.
Қонун устуворлиги халқ ҳокимияти ва инсон ҳуқуқлари тушунчалари билан бевосита боғлиқ принципдир. Чунки халқ ҳокимияти деганда фуқароларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнида бевосита ёки билвосита иштирок этиш ҳуқуқи тушунилади. Шу маънода халқ иродасининг ифодаси бўлган, фуқароларнинг парламентга сайлаб қўйган вакиллари орқали ёки ўзлари томонидан бевосита референдум орқали қабул қилинган қонунлар халқ ҳокимиятчилигининг натижаси, мажозий қилиб айтганда, меваси ҳисобланади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунлар воситасида ҳаётга жорий этилади, аслида қонунларнинг пировард мақсади ҳам инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдан иборатдир. Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиеёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида “Қонунлар ҳалқчил ва таъсирчан бўлиши керак! Қонуннинг бирдан бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт. Ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан фикр ва таклифларни қуйидан – фуқаролардан, жойлардаги халқ депутатлари Кенгашларидан олиш тартибини кенг жорий этиш зарур. Қонунларни қабул қилиш жараёнида уларни аҳоли ўртасида ҳар томонлама муҳокама қилиш тизимидан самарали фойдаланишимиз керак” деган сўзларини айтиб ўтиш жоиз.
Халқаро ҳужжатларда қонун устуворлигининг асосий элементлари сифатида қонун ижодкорлигини шаффоф, ҳисобдорлик ва демократик жараённи қамраб олган қонунийликка асосланиши; ҳуқуқий аниқлиқ; ўзбошимчаликнинг тақиқланганлиги; мустақил ва холис одил судловнинг очиқлиги; шунингдек маъмурий ҳужжатлар устидан суд назоратининг ўрнатилганлиги; инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва камситмаслик ҳамда қонун олдида тенглик ҳисобланади.
Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашнинг зарур норматив-ҳуқуқий ва ташкилий институционал асослари шакллантирилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг III боби «Конституция ва қонуннинг устунлиги» деб номланиб, мазкур боб Конституциямизнинг Асосий принциплар бўлимида жойлашган. Назариядан маълумки, принцип деганда раҳбарий қоидалар назарда тутилади. Агар Конституциянинг бошқа бўлимлари ўртасида қандайдир тушунмовчилик келиб чиқадиган бўлса, масала назарияга кўра асосий принципларга таянилиб ҳал қилиниши керак. Шу маънода қонун устуворлигининг Асосий принциплар бўлимида жойлаштирилганлиги мамлакатимизда мазкур принципга алоҳида аҳамият берилганидан далолатдир.
Конституциянинг мазкур бобидаги ҳамда бошқа нормаларида мустаҳкамланган қоидаларни таҳлил қилиш қуйидаги фикрларни келтириб чиқаради: биринчидан, Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Иккинчидан, давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар. Учинчидан, бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас.
“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси олий юридик кучга эгалиги, қонуности ҳужжатлар қонун асосида ва уни ижро этиш учун қабул қилиниши, қонунлар энг муҳим ва барқарор ижтимоий муносабатларни тартибга солиши, норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзига нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши шартлиги, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут бўлган тақдирда, юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилиши кабилар белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари мамлакатимизда қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари ҳам яратилган. Авваламбор бу Ўзбекистон Республикасининг Президенти фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафили ҳисобланиши, қонунларнинг бажарилиши устидан парламент, жамоатчилик ва идоравий ҳамда адлия органларининг назорати ўрнатилганлиги, Конституциявий суд қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатлари Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўриши, суднинг фаолияти қонун устуворлигини таъминлашга қаратилганлиги, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланганлиги, қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан прокурорлик назорати мустаҳкамланганлиги, ташкилотларда юридик хизматлар фаолияти йўлга қўйилганлиги кабиларда бевосита намоён бўлади.
Қонунчилигимизда ҳуқуқий экспертиза, қонун ҳужжатларини таъсирини баҳолаш тизими, мониторинг, идоравий ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш каби ҳуқуқий воситалар ҳам белгиланган бўлиб, булар ҳам қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим элементларини ташкил этади.
Кўплаб қонунларда қонун устуворлиги, қонунийликни таъминлаш фаолиятнинг асосий принциплари, вазифалари сифатида кўрсатиб ўтилган. Масалан, Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомнинг 10-бандида қонун устуворлигини таъминлашга йўналтирилган жамият ва давлат қурилиши соҳасида ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритиш, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини ошириш, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси бўйича давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий раҳбарликни амалга ошириш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил ва бир хилда таъминлаш бўйича чораларни амалга ошириш,маъмурий тартиб-таомиллар ва давлат хизматларини кўрсатиш бўйича ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва услубий таъминлаш, ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, аҳолига қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини етказиш, аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигини йўқ қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги ишларини мувофиқлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича чораларни амалга ошириш вазирликнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларидан этиб белгилаб берилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2733-сонли Қарорининг 1-бандида давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматлари фаолиятининг асосий йўналишларидан бири этиб давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашни ташкил этиш белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги Қарорида давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари раҳбарларига ҳар йили кўрсатиб ўтилган органлар ва ташкилотлар фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш бўйича ишлар тўғрисида юридик хизматнинг ҳисоботини эшитиш бўйича шахсий жавобгарлик юкланган.
Қонун устуворлигини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар 2017 йил 7 февралдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-4947-сонли Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида муҳим масалалардан бири сифатида кўрсатиб ўтилган.
Қонун устуворлиги шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини монеъликсиз амалга ошириш, ўз ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари қонунан кафолатланганлиги туфайли тинч, осойишта, хотиржам, ҳеч қандай ташқи таъсирлардан, зўравонлик ва ўзбошимчаликдан қўрқмай яшаш имкониятини беради.
Қонун устуворлиги шунингдек шахсга унинг учун мажбурий бўлган мазкур ҳужжатларни қабул қилиш жараёнида унинг ўзи ёки сайлаб қўйган вакиллари орқали иштирок этиш, давлат бошқарувига таъсир ўтказиш, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқини таъминлайди.
Агар жамиятда қонун устуворлиги таъминланмаса одамларда нафақат бугунги, балки эртанги кунига ҳам ишонч йўқолади, адолат, тенглик, эркинликка риоя қилинмайди. Қонун устуворлиги таъминланмаган жамиятда иқтисод ҳам ривожланмайди, иқтисодий ислоҳотлар ҳам самара бермайди. Чунки ҳеч ким қонун ишламаган жойга ўз мулкини, сармоясини киритишни ҳохламайди.
Қонун устувор бўлган давлатда эркинлик, адолат, тенглик кафолатланади, ҳокимиятнинг шахсга таъсири чегараланади, инсон ҳуқуқлари ҳимояланади, мулк ҳуқуқига риоя қилинади, одил судлов мустақил бўлиб, самарали амалга оширилади.
Фуқароларнинг қонунларни билмаслиги, ҳуқуқий саводхонлик даражаси етарли эмаслиги айрим давлат органлари ва ташкилотларида қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросида суиистеъмолликлар, бюрократизм, коррупцион ҳолатлари келиб чиқишига сабаб бўлади.
Шу нуқтаи назардан қонунлар ижросини таъминланишида шахсларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан 2018 йилда барча вилоятларда ҳуқуқий ахборот кунлари(сайллари), флешмоб ва акциялар, жумладан, Республиканинг барча ҳудудларида “Ҳуқуқингни бил ва талаб қил” акцияси ўтказилди. “Фуқаролар давлат оарганларига эмас, давлат органлари фуқароларга хизмат қилши керак” шиори остида “Ҳуқуқий ахборот кунлари” (Адлия сайли) ўтказилди. “Ҳуқуқий билимлар куни” номи билан флешмоб кўринишида тадбирлар ўтказилди.
Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида” ПФ-5618-сон Фармони билан тасдиқланган “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш КОНЦЕПЦИЯСИ” ижроси юзасидан фуқароларнинг оддий масалалар бўйича турли идораларга мурожаат қилишини кескин камайтириш, кундалик ҳаётда дуч келиши мумкин бўлган турли муаммоли масаларларнинг қонуний ечимини топишга кўмак бериш мақсадида бепул ҳуқуқий маслаҳат берувчи, турли ҳаётий ҳолатлар бўйича ҳуқуқий ечим таклиф этиладиган ва давлат хизматлари кўрсатиш электрон тизими билан боғланадиган Аdvice.uz ҳуқуқий ахборот тизимини яратиш ва ишга тушириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Қонун устуворлигини таъминлашда ташкил этилган маъмурий судлар, қабул қилинган маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги қонунлар ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Хулоса қилиб айтганда, қонун устуворлиги жамиятда эркинлик, адолат, тенглик кафолатланишини, инсон ҳуқуқлари ҳимояланишини, мамлакат иқтисоди барқарор ўсиши учун тадбиркорларда, чет эллик инвесторларда мустаҳкам ишончни шаклланишининг мустаҳкам гаровидир.
Пахтачи туман адлия бўлими бошлиғи
Э.Давронов